Зарнигорхон Абдуолимова шеърлари



ХАЙР ДЕМА

Қайдан кўчди зулматга бу ранг, 
Тун кўксига юлдузлар инсин. 
Тонгларимнинг қуёши қочган, 
Хайр дема, хайрингни берсин. 

Энг ўтли сўз сукунатники-
Овоз пардаларга сиғмаган. 
Сен жим туриб сўзлагин, майли
Ва жим туриб тинглайман мен ҳам. 

Ярим бахтдан бутун дард яхши, 
Тўкисликни этасан-да ҳис. 
Аммо ярим йўлда қолдирмоқ... 
Пушаймонга бериб қўйма тиз. 

Йўқ, мумкинмас бундайин якун, 
Ташрифингни сўнгги-дард билан?! 
Муҳаббатдан буюкроқ сўз топ, 
Кетолмайсан тўртта харф билан! 

Хайр дема, хайрингни берсин.  

*** *** ***
ОЙМОМОГА

Қанча зимистонга бурканса оқшом, 
Қорачиқ сачратган зулмат урса бонг
Шу қадар муштоқда кутилар экан, 
Шу қадар эъзозда отар экан тонг. 

Аммо сен кўксига қадалиб олиб
Оқшомдан бир нафас кетма олислаб. 
Ахир бунда У бор, нигоҳларига
Қоронғу инмасин ошиён излаб. 

Туманлар юқмасин киприкларига, 
Тонг ўткинчи, дея ўйламасин ҳеч. 
Майлига  билмасин, ёлғиз у учун
Мен енгиб ўтаман зулматни ҳар кеч. 

Ёритиб тур мудом юрагигача, 
Билмасин қуёшнинг ботишини ҳам. 
Сезмай ўтса майли,  розиман ҳатто
Унинг тонгги бўлиб отишимни ҳам. 

*** *** ***
ЮПАНЧ

Лаҳзадек ютқазиб қўйдим умримни, 
Йўқотдим ўз уним суронлар аро. 
Ва сингиб кетганга ўхшарди очун
Хуфтоннинг бағрига бир мотамсаро. 

Руҳим қатим нурнинг эҳтиёжманди, 
Сендан кўп нолидим, кечиргин, о шом! 
Айт, менсиз кечмишинг кечилмасмиди, 
Хуфтонранг умримдан ранг олган оқшом?! 

Ёп-ёруғ зулматнинг қоқ юрагида
Қоп-қора нурларга тўйинди кўзим. 
Энди ҳис қиляпман иликимгача
Сингиб кетган экан саросим. 

Бахт энди туш сенга, дейди тушкунлик, 
Кўнглин кўчасимиш кезмоқчи бўлсам?
Насия бахтлардан йироқ тут мени, 
Нақд дард бер дилимни эзмоқчи бўлсанг! 

Аммо йиғлашимни кутмагин ортиқ, 
Тўккан кўзёшимдан таҳорат олгум. 
(Бахт энди туш сенга, дейди тушкунлик! )
Тушимдан Раҳмоний башорат олдим!!! 

Бедаво дард бермас бандага Роббий
Қатра умид ҳаққин тутмоққа шайман. 
Энг узун хуфтоннинг ортида турган
Энг гўзал бомдодни кутиб яшайман. 

*** *** ***
ОЛОВҚАЛБГА

Нетай, давогарсан оловқалбликка! 
Беаёв чорлайди қаҳраболаринг. 
Интилсам юрагим тафтлашмоқ учун
Қаршимда ястанар қаҳратонларинг. 

Бир қатим тасалли етмагач, ёҳу
Қаттиқроқ сингади тундлик қўйнимга. 
Кўйингда зорлигим ҳаққи, ҳеч қурса
Онийлик лаҳзада яшат ўйингда. 

Шунда узлатлардан чекинар руҳим, 
Музаффар орзулар келади ғолиб. 
Мен- Икар қаноти, манзилим- ҳур ишқ, 
Нигоҳинг ўтидан кетаман ёниб. 

Бир қармоқ ташлайман кўз уммонингга, 
Толеим - парвоинг илиниб чиқса. 
Зулматларни ютар қорачиқларим, 
Зора, оқлик бўлиб пойингга инсам... 

Ҳижрат қил, лайливаш самовотимга, 
Раддиялар этма, бурма қаддингни. 
Кўнглимдан тўкилган маржонтомчилар
Сўндириб қўймасин оловқалбингни.. 

*** *** ***
ОНА ЗАМИНГА. . . 

Осмоний ўйларга чулғанаман гоҳ, 
Гоҳ ўзиб кетаман ўйи саминдан. 
Юксакроқ оҳангни излайман, шунда
Бир садо келади рўйи заминдан. 

Мен эса парвойи фалакман, фалак, 
Юрибман самодан муҳаббат тилаб
Ва қанча талпинсам кўкка, шунчалар
Товоним бағрингга қаттиқроқ тираб! 

У бўлса, қисматин боғлаб ўзингга, 
Бир қадам жойидан жилмайди, токи
Топтамайин дейди сени, о замин! 
Топталмасин дейди ўтганлар ҳоки.. 

Бир умрлик кучин сарф этар фақат
Бир умр бир ерда туришга. 
Аҳдим етмадими ва ёки бахтим
Шу бир майсангчалик бўлишга! 

Сендан олисланиб кетибман, афв эт, 
Асра, шафқатингдан тенгсиз қолишдан. 
Қўрқаман кун келиб сенинг бағрингда
Сенсиз қолишдан!!!
  • Яндекс.Метрика