Жаҳонгир Ғойибов шеърлари



Гуноҳ

Кўзларимга тун сепар хотиралар, 
Куним эслаш билан ўтади дилгир. 
Нураб бораётган соатга қараб, 
Бугун ҳам йўқликка сингади кимдир. 

Кинотасмасидек миямда бари, 
Нотаниш юзлардан ҳиссиз хотира. 
Сизни соғинибман излаган сари, 
Чиқиб келаверар сизсиз хотира. 

Чироқни ёқаман, зулмат ёрилар, 
Хира хотирларни оламан ёдга. 
Сўнгги дам йўқликнинг қонли дорида, 
Ўн саккиз, йигирмам осар соатлар. 

Ненидир эсимга солади шамол, 
Йўқотдим узвийлик чегарасини. 
Эсла, деб тушимга кирасиз, аммо, 
Ўйламоқ гуноҳдир ўзга ҳасмини. 

*** *** ***
Сизни ўйлаганда ёришар олам, 
Узоқроқ кетсангиз оғрир қовурғам.
Сочингиз қўлимга туташган маҳал, 
Ғам шаҳид бўлади бармоқларимда.

Сизни мен ўйласам чекинади вақт, 
Сукунатни ёриб ўтади севги.
Кўзимнинг остига бекинади бахт, 
Ва ўзин билдириб беради белги.

Гарчи мен исёнкор кўнгил наслидан, 
Сиздан узоқлашсам жоним дордаман.
Вужудим титраса ўлим сасидан, 
Сизни ўйлаганда сокин тортаман .

Сиз менинг кўклардан топган малагим, 
Сизни ўйлаганда ёришар олам.
Аллоҳим амр этган ишқнинг ҳурмати, 
Қўрқаман қачондир ўйламасликдан.

*** *** ***
Қадим жимликларни титишга қодир, 
Қаламга суяниб, сурув боқган ким. 
Ўзин шеър бўлишин кутган асотир, 
Қўйнинг тўйишини кузатади жим. 

Кўксингга абадий гирдобни қамаб, 
Қиблага тикилиб ҳис этганингни
Қумлар тушунди-ю, бобо не сабаб?, 
Мен ҳануз кўрмадим шеър битганингни. 

Балки сен аъшорни муқаддас билиб, 
Дилданда покиза шамолга битдинг. 
Мен эса ўзимни шоир ҳис қилиб, 
Кибрга бурканган ҳаёлни титдим. 

Балки оҳуларнинг кўзига кўмиб
қўйгандирсан, бир дунё илоҳий сатр. 
Улар ҳам мастона кўзини юмиб, 
Тоабад шеърингни қўриқлаётир. 

Мен ахир билмайман чўл қумликлари, 
Неча бир пахлавон бошини еган?. 
Балки биёбоннинг ўр шумликлари, 
"Қум- жаллод" шеърингни яшириб келган. 

Бобо, мен ана шу ғариб ҳолимда, 
Шеър ёздим нима-ю, ёзмадим нима. 
Титроқ бегонадир ёзсам қўлимга, 
Ёзмасам ҳеч нима. 

Шамоллар кўпчиса айни шу замон, 
Топган тутганимни сувга итқитар. 
Лекин шеър истакда оёғин боғлаб, 
Бўронлар пойингга ўзин йиқитар. 

Кечир бобо, қаламтаёғим билан, 
Сени англамоққа етмас фурсатим. 
Ва лек шеър не деса кўксингни силаб, 
Шоир ким десалар сени кўрсатгум. 

*** *** ***
Бу севги... 

Бу севги руҳимда кўзин ўйнатиб, 
Ночор ҳолатимга чархлайди тиғин. 
Ҳижрон юрагимга кўзмунчоқ тақиб, 
Азадор аёлдай бошлайди йиғи. 

Бу севги кўклардан пастга туширар, 
Гўё шабнам бўлиб ўрайди илкис. 
Еллар оғушида атай чучкирар, 
Шабнам қўниб турган япроқни силкиб. 

Бу севги қуш бўлиб кўксимни чўқир, 
Гоҳо қалдирғочдай уни ямайди. 
Ҳар кеч тушларимда кўзи йўқ сўқир, 
Тўрт минг томонимга чуқур кавлайди. 

Аввал ўлдиради, кейин яшатиб, 
Умримни чизади ўсмаларида. 
Кипригим қоқтирмас ва энг дахшати, 
Райҳон ҳиди келар бўсаларидан. 

*** *** ***
Биринчи ишқ 

Тупроққа ҳамоҳанг фитратим, 
Қориштир магарки йиғлолсанг. 
Қуш каъби кўзингда титрадим, 
Қанийди кўксингга қўнолсам. 

Бу мавжудлик эмас, йўқлик ҳам, 
Синган кўзгу қалбидек хира. 
Бахтсиз сувдай чўлга йўлиққан, 
Қумларга сўрилган хотира. 

Қийнайсан, танига тўймаган
Аросатда изғиган руҳсан. 
Ёрни қучиб уни ўйлаган, 
Биринчи ишқ, балки макруҳсан?. 

Йўқ, сен менинг доғсиз ҳуркагим. 
Тонггим каъби ўнггимдасан, лек. 
О, бунчалар ҳиссиз юрагинг, 
Чумолини босган оёқдек. 

Териб ол заминдан қалбимни, 
Туфроққа ҳамоҳанг фитратим. 
Тўкилиб боряпман ҳар куни, 
Мен сени ўйласам, титрадим. 

*** *** ***
Чўл қувончи

Кетмонин елкага ташлайди деҳқон, 
Набира эргашар хивичга миниб. 
Бугун осмон ранги бироз ҳафақон, 
Оҳ, қани чақмоқлар қўйса тегиниб. 

Сув сўраб ялинар эгат лаблари, 
Кафтига ўхшайди қақраган дала. 
Буғдой илдизлари томчи ахтариб, 
Қуп-қуруқ тупроқнинг шўрини ялар. 

Пешин чоғ сарғайган чўлдан уялиб, 
Таяммум этади тупроққа деҳқон. 
Обдаста сувини қуяр қийналиб, 
Энг бахтли буғдойнинг тагига беҳол. 

Бир пайтлар кўлидан чўлга адашган
Сувилон , ҳафтада пўст ташлайвериб, 
Хивичдан ингичка қолган танаси, 
Қовуннинг қоқидай қўйилган сериб. 

Шу пайт гумбурлайди момақалдироқ, 
Замин-у, башарга бегона тилда. 
Баралла йиғлайди булутлар титраб, 
Жавоб қайтаргандай қабариқ қўлга. 

Бўридай ўлжасин бўйнидан олар, 
Чайнамай ютади томчини илдиз. 
Умумошхонанинг шовқинин солар, 
Буғдой найчалари-тўла симиргич. 

Чимилдиқ қувончин ҳис этар дала, 
Димоқни хуш этар, намиққан тупроқ. 
Чўп отин суғормоқ истайди бола, 
Негадир ичишни хоҳламас бироқ. 

*** *** ***
Ёруғлик қинини итқитди тонгда, 
Улкан ўркачларни ёриб ўтди нур. 
Фалак-у, ер аро муваққат жангдан, 
Нафис капалаклар топмоқда ҳузур. 

Султоний рутбада сезасан ўзни, 
Совуган елкангни уқалар қуёш. 
Ва кейин сенинг-ча ярми кўк кузни, 
Осондай туюлар нур ила бўяш. 

Ёмғирлар хазонни ўқир хижжалаб, 
Чак-чак томчиларда туғилар ғазал. 
Қабарган қўлларнинг терисичалик, 
Руҳингда пинҳоний оғриқлар кезар. 

Намиққан майсага ўтсанг туртиниб, 
Эркинлик беролсанг шуурингга шу дам. 
Шабнам томчисидек баргга урилиб, 
Сочиб ташласайди руҳинг шабада. 

О, сўнг талашсалар қуёш ва замин, 
Кўкка парвоз айла офтоб тафтидан. 
Ёки ерга сингин, тушиб қолмасдан, 
Номаҳрам қўлларнинг иссиқ кафтига. 

*** *** ***
Кузнинг охирида қорланди замин, 
Иссиқ палтоларнинг рахи бузилди. 
Қасоскор маҳбусдек кезди изғирин, 
Жонсарак хазонлар тубдан узилди. 

Тутун гуркиратди кашанда уйлар, 
Кўлмаклар бетини қоплади ойна. 
Қалбингнинг қаърига чўккан туйғулар, 
Мудроқ хотирани тутади чайнаб. 

Сумалаклар ошкор пойлар ўлжасин, 
Бошқа бир ёрқинроқ рангга мухтождек. 
Бу ҳолат деҳқонни этар муттасир, 
Йиғилмаган ҳосил ортиқча бождек. 

Қуёш милтиғининг намиққан ўқи, 
Узоқ болаликни кўчага чорлар. 
Мурғак хотиралар юрагинг чўқир, 
(қор ўйнашга ҳақли, этиги борлар). 

Боқасан деразанг сувратларига, 
Ҳали қуримаган гулга ачиниб. 
Юпун кийим билан ҳув ташқарида, 
Кечириб бўлмайди, қишни кечириб. 

*** *** ***
Бегона

Мен ёш эдим, қўлимдаги таёғим ҳам, 
Ватан эди кўзларимга сиғган қирлар. 
Учар эди дул-дул мисол, оёғимни
Қулунимнинг биқинига қўйсам тираб. 

Осмон эди тумшуғимга кесишган жой, 
Қаро кўзлар мўлтирайди менга маъраб. 
Тассаруфим бешта қир-у, еттита сой, 
Ва оловтан юлдузларим турган фалак. 

Тенгдошларим сув ўйнаган даврларда, 
Оёқларим ўйнар эди яйраб қумлар. 
Учрар кўнгилда аёвсиз таҳқирларга, 
Болалигим тиёлмаган ғўр туйғулар. 

Йиллар ўтди таёғимни йўниб ҳасдай, 
Йўлларимда қанча қўйлар жон бердилар. 
Ой ўтказмай ё Самарқанд ёки Тошкан, 
Мени одам бўлсин, дея гўшт ердилар. 

Йиллар ўтди деразамни чертиб аста, 
Унутилган гўдак мисол дардни ташлаб. 
Кетдим яна ҳайқирмоққа гўё мастдай, 
Умр берган дардни ташлаб келай даштга. 

Аё, ҳиссиз вужудимда қолдими ор?, 
Қум- барханлар боқар энди бегонадай. 
Ҳатто менда янтоқларнинг алами бор, 
Чақиб-чақиб олар энди бахонада. 

Номаҳрамдай қарар энди виззилдоқлар, 
Фалак энди юлдузларга ҳижоб тортар. 
Мезон сувин ичирмайди тирамоҳлар, 
Болам, дея тўкилган ёш таъми ортар. 

Таёғимга суяндим-у, тикилдим оҳ, 
Ватан, дедим кўзларимга тўлди йиллар. 
Оқ қилгандай таъна қилди Аллоҳ гувоҳ, 
Сиғдирмади, 
Сиғдирмади, 
Мени қирлар. 

*** *** ***
Баҳор келди

Авжида узилар феврал қўшиғи, 
Сўнгги кунларига зотилжам теккан. 
Аямажиз тонггида унга қўшилиб, 
Бўш кўнглимни бироз қотирсаммикан?. 

Товланар биллурдек музлар, муваққат. 
Чак-чак томчиларни этади ҳосил. 
Илк баҳор булути кўпикга ўхшар, 
Ғуборни кеткизсанг кўксингни босиб. 

Куртаклар керишар қуёш ахтариб, 
Митти қўлчаларин нурга узатар. 
Чиранма қаҳратон-феврал сохталик, 
Чекин орқаликка, келди узлатинг. 

Пинҳон мўралайман, томоша майли, 
Чўчитиб қўймасам бўлди баҳорни. 
Негалир кўкликга ишонишмайди, 
Пишқириб оқишин кутар анҳорни. 

Ҳолбуки бу ёқда феврал ечинар, 
Шаффоф кўйлагини тўшайди нурга. 
Тутун бурқситади ҳануз печкалар, 
Ҳануз юраксизлар ётади мудраб. 

*** *** ***
Кичкина пашшалар ёмон чақади, 
Ҳайиқмас баркашдек катта қўлингдан. 
Ахир қонинг ичмоқ олий мақсади, 
Шу сабаб қўрқмайди ҳатто ўлимдан. 

Кичкина пашшалар безабон чақар, 
Авжланар юздаги бепарволикдан. 
Сезиб турсанг-да, жим ётишинг ёқар, 
Лабинг қимтинса ҳам лаҳза оғриқдан. 

Сўрилган қонларнинг рангидан чўчиб, 
Парқанот бургут деб, бўламиз банди. 
Ҳар замон юракда исёнлар кўпчир, 
Камбағал, ночорнинг орзуси каъби. 

На-ки ғурур билан томиримизда, 
Буюк боболарнинг қони бор деймиз. 
Билмам қай буюклик қолади биздан?, 
Пашшанинг қорнида қони бор элмиз.

*** *** ***
Қирқ беш йил чўпонлик қилган Ғойиб бобомга.

Заранг таёғингда кирланган терлар, 
Униққан телпакка қапишган чидам.
Аста эрий бошлар музлаган ерлар, 
Бир ховур чиқади бобо, кўксингдан.

Олис-олислардан бир овоз келар, 
Танга ором берар воҳ, ғувак-ғувак.
Қурбақа ботқоқнинг булбули дерлар, 
Ўпични интизор кутган сулувдак.

Тонг отар, қўлингда илоҳий таёқ, 
Улкан яйловларга бошлайсан ҳужум.
Сипоҳий қўйларга тўлган ҳаммаёқ, 
Жангдан сўнг елкангни уқалар гужум.

Яйловлар бокира кўнглига ўхшар, 
Ёмонлик кўрмаган виждондек тоза.
О, шундай яйловда кафанинг тўшаб, 
Ёмғирга чўмилиб этсанг-ми қазо.

Ай, савод нелигин билмаган бобом, 
Дўмбира чертасан қир адирларда.
Сочини қатиққа ювганмиш момом, 
"Ух" тортар юрагинг ўша дилбарда.

Дулдуллар сиғинган азим тарлонинг, 
Сувлиғи қон бўлиб кишнайди чунон.
Қирқ ўрим кокилли ўшал барнонинг, 
Ёнига яшиндек элтади тулпор.

Йўқ, сен пойламайсан қўрқоқ ошиқдек, 
Тут-у, чинорларнинг паналаридан. 
Дераза мўлжаллаб авжли қўшиқдек, 
Отасан гилоснинг доналаридан. 

Яна қанча сўз бор, сиғмас қолипга, 
Тоза сўз топмадим тарихинг қадар. 
Бобо, набирангдек ўнта олифта, 
Арзимас ёқангнинг яғирига ҳам. 

Заранг таёғингда кирланган терлар, 
Униққан телпакка қапишган чидам. 
Кўксингга қамалган енгилмас шердан, 
қочган тулкиларнинг бари кўксимда. 

Ғуруринг қадди тик қашқирдек тоза, 
Юрагинг ложувард осмон қадар кенг. 
Бир кун мендайлардан кечамиз деса, 
Мана шу олифтанинг бобосиман денг. 

*** *** ***
Намозшом қуёшнинг сочидан тортиб, 
Кўҳна қитъаларнинг қўлида тароқ. 
Бу кеча гулқизнинг ғамли титроғи, 
Ширин уйқуларни этурмиш талоқ. 

Ёрқин кечаларда кўча кезаман, 
Ой эса юзимга юзин босади. 
Инчунун лабимда таъмин сезаман, 
Шабнамдек япроққа томган бўсани. 

Не бўлар бир кеча кўзларин юмса?, 
Не бўлар киприклар қовушса тағин?, 
Не бўлар бир кеча мени унутса?, 
Бир кеча оқ қолса ҳижрон варағи?. 

Фақат ғамлар қолар, фақат ғуссалар, 
Аламга бурканиб ўтмоқда Ҳамал. 
Не қилай?, батамом умид узсам ҳам, 
Ёдимда олчаранг кўйлаги қолар. 

*** *** ***
Фикри жанубимда ўзингсан дилбар, 
Лаҳжам каби яқинсан, сўзимдай узоқ. 
Лутфи чиройингда нигоҳим синган, 
Ишқ қуй кулгичингга, жом қилиб узат. 

Маст бўлай бўйингдан, кетай дарбадар, 
Сочинг занжир каби йўлим бойласин. 
Тийиқсиз руҳимга кипригинг қадаб, 
Қамал эт, жазойим ўтай алаҳсиб. 

Дорларим ингичка соч толасидек, 
Неча бор узилди, кўксингга келдим. 
Балки юрагингга сиғмаганман, лек
Сени юрагимга сиққанча севдим. 

Сенинг дудоғингсиз бахтни чизолмам, 
Мен қанча ишқ демай дилбарим, бироқ
Оҳир эриб битар шамдай висолдан, 
Ўтдай ёниб турган ҳижрон тотлироқ. 

*** *** ***
Чилла

Ёз куйин чалади қурбақа сойда, 
Мусаввирлик қилар тўлишган ҳилол. 
Пўрсиллар лаблари далалар яйдоқ, 
Ҳизрдек кўринар сув кечган мироб. 

Тамшаниб қўяди қир-у, адирлар, 
Қовжирар майсалар Хиросимадек. 
Ой нури остида булут ялтирар, 
Оқ сутга лиммо-лим тўлган сийнадек. 

Лек қисир сигирдек қорни қаппайиб, 
Сароб каби сузар ёғмайди сира. 
Майсалар: 
-ҳеч қурса баргимиз чайиб
олайлик, булутжон бир бора чиран. 

Аммо табиатнинг синоати шу, 
Сап-сариқ олтинга айланар чўллар. 
Қуриган адирга оёқлар сурув, 
Туршак чайнагандай чайналар қўйлар. 

Тун чоғи чўлиқлар қирга кўз илиб, 
Чақирар адашган оқ биясини. 
Баттол қурбақалар сувга ёзилиб, 
Куйлайди майсалар симфониясини. 

*** *** ***
Кеча бошқа эди биз юрган йўллар, 
Кўнгилга тугилган мақсадимиз ҳам. 
Ё Аллоҳ, ё отам, ё акам қўллаб, 
Ботирлик қуярди жасадимизга. 

Азал башоратни кўтарган манглай, 
Девору тошларга урилди бугун. 
Тушмуқлар ер искаб, кўкни танимай, 
Кўтаролмай қолдик ҳурликнинг юкин. 

Аслида қулликнинг таомили шу, 
Эгилган бошларнинг фарёди бўлак. 
Қондошинг қошида муте туриш-у, 
Қонинга умрбод жойлашган ўлат. 

Ҳабибим, қанийди яшасанг қўрқмай, 
Ватан деганингда кўзда ёш қалқса. 
Шиддатли бўлсайдинг отилган ўқдай, 
Қанийди отганнинг ўзига қайтсанг. 

*** *** ***
Умид

Бош оғган томонга кетмоқчи эдик, 
Бошимиз оғмади нечун азизам?. 
Ва ёхуд ўшал хуш мевани едик, 
Муҳаббат боғидан қувилдик биз ҳам. 

Қувилдим кўзларинг зиндонларидан, 
Висол эшигида кўчди тирноғинг. 
Иккимиз икки ён, ҳижрон заҳрига
Бўктириб қўйилган алам сиртмоғи. 

Ҳеч қачон қайтмадик, юрган йўлимиз, 
Гарчи туташса-да, тескари кетдик. 
Лойқага бурканди бизнинг кўнглимиз, 
Кимларнинг кўнглини мунаввар этдик. 

Қутулсак тақдирнинг жиловларидан, 
Бир куни Азроил жомига тўлсак. 
Ё Роббим, бандайи бировларинга, 
Бизларни жаннатга қувилган кўрсат. 
  • Яндекс.Метрика