Икки соҳил

Кечки овқатдан сўнг бир дастурхон атрофида ўтиришган оила аъзолари бирин-кетин тарқалиша бошлади. Қайнона неварасини қўлига олди, хушрўйгина келин идиш-товоқларни кўтариб, ошхонага ўтиб кетди. Сочларига оқ тушган, баланд бўйли, қориндор, йиллар заҳмати ва бедор ўтган тунлардаги мутолаалар натижаси ўлароқ, қорамтир юзига ажин тушиб, эти бироз салқиган, ойнак таққан кўзларида ҳорғинлик билан шижоат уйғунлашиб, аллақандай мунгли ва синовчан боқувчи Маҳкам Муродович диванга ўтиб, бироз ястаниб ўтирди-да, телевизор пултини олиб, бир-икки каналларни текшириб кўрди. Аксариятида кўнгил очар дастурлар: табрик ва эълонлар, контсерт, кечки телесериаллар...