Насиба Бошмонова шеърлари



Бахт
(Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланади)

Шеър ёзиш бор экан бу тақдиримда, 
Ҳур тақдир учун ҳам Аллоҳ, минг раҳмат. 
Ўзбекистонимда - жаннат ўлкамда
Қўлимда қалам-ла яшайман ҳар вақт. 

Меҳрибон одамлар орасидаман
Меҳрни дунёга билгувчи устун. 
Ҳатто, кўзимга ёш қалқиб келади, 
Фахр туйғуси-ла қувончдан бу кун. 

Халқим таърифини қиламан достон, 
Шеъримнинг ҳар байти, ҳар бандида ман. 
Юртимдир - Зулфия, Ҳамид Олимжон, 
Муҳаммад Юсуфлар туғилган чаман. 

Дилим қувонади, жўшади қалбим, 
Буларнинг барчаси менинг бахтим-да. 
Шу бахтни куйламоқ ифтихор эрур, 
Буюк Ватаним доим мадҳимда!!! 

*** *** ***
Туйғулар - кўнглимга кўмилган бойлик, 
Дилим - оғриқларга қурилган макон. 
Ҳаммаси борича аниқ, аниқ, лек, 
Аниқлик ичра ҳам мавҳумман ҳамон. 

Мавҳумман мавҳум бу ҳисларим билан, 
Ўзимни ҳали ҳеч англаганим йўқ. 
Тақдирнинг тиғлари руҳимни тилар, 
Бироқки сезмайман. Жоним мисли чўғ. 

Сабрим ҳам синалар синганим сари, 
Музлаб кетаябман олов ичида. 
Бардошим айтади: "Ўтади бари, 
Барчаси ўтади. Сен фақат чида!"

Қалбимнинг асири бу ожиз танам, 
Ҳаётим безайди турфа ёлғонлар. 
Қасамлар умримга бўлмоқда ҳашам, 
Юрагим емирар ўтли тўфонлар. 

Мавҳумман мавҳум бу ҳисларим билан, 
Аниқлик ичра ҳам мавҳумман ҳамон... 

*** *** ***
Вақт ўтгач

Ҳали кўп кўзёш-ла эслайсан мени, 
Вақтга ҳам вақт бериш керак-ку ахир. 
Мендан айрилишинг кутганинг каби 
Бир бора қайтишим кутасан охир.  

Лек ўша кунларда мен йўқ бўламан
Балки ҳаётингда, балки ҳаётда. 
Излайсан, излайсан... Топа олмайсан
Абадий йўқолган ўша баётдан. 

Жонингга теккан у ҳазилларимни
Соғиниб,  соғинчда ёнасан куйиб.  
Эҳ, аммо йўқлигим бу юрагингни, 
Қалбингни тилади тиғ мисол ўйиб. 

Қоламан кўнглингда бир армон бўлиб, 
Эслаб қол,  кўнглингда ёнингда эмас. 
ўшанда надомат ила йиғлайсан, 
Ҳозир бу сўзимга ишонгинг келмас. 

Ҳали кўп афсусда эслайсан мени, 
Вақтга ҳам вақт бериш керак-ку ахир. 
Ишончим устидан кулганинг каби
Сенинг ҳам устингдан кулади тақдир. 

Вақтга ҳам вақт бериш керак-ку ахир... 

*** *** ***
Ҳаётимдан номинг ўчириб алам, 
Мавҳум умидимни топа олсайдим. 
Қалбимда армоннинг эшигини ҳам
Ҳали очилмасдан ёпа олсайдим. 

Кўнгилдан дардларни отсам эди оҳ, 
Юрагимга севинч,  қувонч тўлдириб. 
Ўтмишдан дилимга ўқ тегса ногоҳ, 
Табассум қилсайдим бу ҳолни кўриб. 

Дилимда саҳифа очиб янгидан, 
Бахтнинг нигоҳи-ла боқиб оламга, 
Ғолибга айланиб ҳаёт жангида, 
Шодликдан дарс берсам эди бу ғамга. 

Андуҳни пойимга чўктирганча тиз
Қайғу қаторига қўйсайдим нуқта. 
Ҳаракат қилсам-да Оллоҳ измисиз
Орзу рўёбининг иложи йўқ-да! 

*** *** ***
Баъзан... 

Баъзан узоқларга кетгим келади, 
Барчасин унутиб, борин унутиб. 
Борса-келмас жойга етгим келади, 
У ерда хаёллар олмасди тутиб. 

Баъзан соғинч сатрин ўчиргим келар, 
Ғурур деб аталган ўчирғич билан. 
Қалбимга қасамлар ичиргим келар, 
"Бевафо бўл!" дея ноҳақ куч билан. 

Кўнглимга мустаҳкам қулф осгим келар, 
Калитин минг йиллар қаърига отиб. 
Бечора юракка бир ўқ санчилар, 
Шу ўқни синдиргим келар вақт ўтиб. 

Баъзан бу юракни ақл измига
Ташлаб қўйгим келар қилмасдан раҳм. 
Сўроқлар қийнайди:  "Не учун?" "Нега???"
Жавобларин топгим келар Оллоҳим! 

Баъзан узооооқларга кетгим келади... 
  • Яндекс.Метрика