Ирода Мухамеджанова шеърлари



Кузги япроқ

Рангги хазон ёзуғлигим - кузги япроқ,
Наҳот, алам бўлса сенда, мендан кўпроқ.
Менку – осий банда эдим, айблидирман...
Қай гуноҳинг қилди сени бахтдан йироқ?
Рангги хазон ёзуғлигим - кузги япроқ.

Соя бердим, деб ўйлама яшилликдан, 
Савоб қайтса ҳар ким қилган яхшиликдан,
Хазон бўлмас эди балки баҳор умринг ?
Ёзмас эди толеингга ҳижрон-фироқ,
Рангги хазон ёзуғлигим – кузги япроқ.
 
Гул яшнаган баҳорингдан нишон қани?
Тақдир дема, рўкач қилма “пешона”ни .
Кимлар учун қиймаганда жисму-жонинг,
Умринг созроқ бўлармиди, кўнглинг яйроқ,
Рангги хазон ёзуғлигим - кузги япроқ.

Доғ бўлса ҳам дилгинангда ғубор-чангдан,
Сенга таъриф беришадир олов рангдан. 
Лек, биларман, ярим кўнгил кечмишини –
Паришондай ул кунларки, оқшом – мудроқ,
Рангги хазон ёзуғлигим - кузги япроқ.
 
Ёмғирлардан элчи кутиб яшаганим,
Орзуларни поёндоздай тўшаганим,
Кел, иккимиз дўст бўлайлик, қор ёққунча
Кўнглим туси ўзингдан-да сарғимтирроқ,
Рангги хазон ёзуғлигим - кузги япроқ.

*** *** ***
Жаннат йўлин очайлик бир-бир

Эр келганда қаршилаб кутиб,
Юкин олиб, сочиқ, сув тутиб,
Уйин-жойин покиза этиб,
Тилдан қўймай тавозе, “узр”,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

Ёнбошига ҳозирлаб болиш,
Куйлаб ҳатто хиргойи-хониш,
Чой тутганда қилмайлик нолиш,
Урилмасдан қозон ва капгир,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

Жаҳли чиқса кетиб нарига,
Шукур қилиб топган барига,
Мақтаб-мақтаб болаларига,
Кўча-кўйга ошкор этмай сир,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

Турмуш қизиқ  - бу тирикчилик.  
Гоҳи шодлик, гоҳи кўргилик,
Вақти келса қилиб жўгилик,
Бошимизни асрасин сабр,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

“Отанг, онанг” демай юзига,
Бепардоз хеч тушмай кўзига,
Дуо қилинг босган изига,
Бахтимизга етказмай путур,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

Эл ичида ёруғ юзингиз, 
Меъёрида гар нон- тузингиз,
Кўриб ўсар буни қизингиз.
Пойимиздан кетказмай хизр,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

Санқимасин кечда дарбадар,
Ёт ҳужрага солмасин назар,
Кўнгилларга келмасин ҳазар.
Имкон топиб хар чора-тадбир, 
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.

Турмуш тахтдир – биз бекасимиз,
Эпласак уй - ғор эгасимиз,
Фариштаси хам эркасимиз,
“Бисмиллоҳ” деб йўлатмай таҳқир,
Жаннат йўлин очайлик бир-бир.      

*** *** ***
Сени излаб

Сени излаб дунёларни ҳарчанд кездим,
Тополмасдан қўрқув босди юрагимни.
Ҳам ўзимнинг, ҳам ўзганинг бағрин эздим,
Дунё, қайга қўйдинг менинг керагимни?
 
Сени излаб йиллар ғариб, сарсон ўтди,
Бир лаҳза тин олиб, кўнгил хушласайдим.
Неча давр, неча гулгун даврон ўтди,
Харсангларга бошим қўйиб ухласайдим.

Сени излаб тикон эзди товонларим
Ўзинг келгин, энди қадам босмам сира.
Сен етгунча ҳолдан кетса забонларим,
Алла айтгин, тўзғиб кетган сочим силаб.

Шу саҳрода тикланса гар тошдан қаср,
Янграр ҳар бир пештоқидан алёр-нола.
Сабр тилаб келса кимлар минг-минг аср,
Дунё менинг уволим сенга ҳавола.

Сени излаб...

*** *** ***
Лофчи баҳор, келдингми яна

Лофчи баҳор,
Келдингми яна...


“Ҳар баҳорда ғунчалар такрор,
Ҳар баҳорда шундай ўтади...”,
Баҳор ҳар гал бахтим ўғирлаб,
Олисларга олиб кетади...

Билмам қачон шодлик-тантана ?
Менга ағёр ҳар ўтган сана,
Кўз очгунча қуруқ қўл билан
Лофчи баҳор, келдингми яна.

Алдамагин, назминг ёқмас ҳеч,
Анҳорларинг ортга оқмас ҳеч.
Жамбил, лола, қизғалдоқларинг
Қил сиғмаган қалбга ботмас ҳеч.

Хазин куздан садо топмадим,
Қор ҳам кетди, даво топмадим.
Кунлар санаб, сени соғиниб,
Ўзингдан ҳам раво топмадим.

Шивирлайсан, не сўз қиласан,
Ўзлигингни кўз-кўз қиласан.
Бирга-бирга ўйнаб ўсгандик,
Энди нега менга куласан?

Фурсат кутмас, кўкрагинг керма,
Ёлғон-ёлғон ваъдалар берма.
Келгусида балки йўқдурман,
Энди келсанг, мен учун келма...

*** *** ***
Ўзбек қизиман

Мен ўзбек қизиман, ўзбек аёли!
Момо Ҳаво рухида жаннатни кўрган,
Жисмимга суқ қилиб, иримлар қилиб
Малаклар қирқинчи кокилим ўрган...

Мен ўзбек қизиман Хизр отамдан, 
Қуруқ қозонимга сумалак инган.
Етти кўча қизин орини асраб,
Ўзганинг боласин ўз болам билган. 

Мен ўзбек қизиман, гулларга қиёс
Бўлсамда тоғларга тенгдир бардошим.
Тўмарис онамдан қирқта жон мерос,
Синов қаршисида тошдандир бошим.

Мен ўзбек қизиман, ўзбекнинг қизи
Ўзлигим бир дунё, борлиғим хилқат.
Нодира, Увайсий онам эмасми,
Жисмим –ўт, исмим–ишқ, дардим – шеърият.

Мен ўзбек қизиман, дунёни тутган -
Темурнинг суянчи, Мажнуннинг ишқи.
Асрлар қўлимдан гўзаллик кутган,
Каштагул бешиги, зар ипак кўшки.

Мен Ўзбек қизиман, Бобуржон учун,
Умрим садқа қилдим ёғийга, армон!
Мадҳимдан мақбара қурилди нечун?
Исмим тахқир сўзлар билан ёнма-ён.

Мен ўзбек қизиман, қоши ўсмали,
Қони ҳам, руҳи ҳам атласида жам.
Юзда паранжисин соялари бор,
Рўмолида қирқ хосият мужассам.

Мен ўзбек қизиман, нозик қаддимда 
Кумушнинг қонидан битта томчи бор.
Чанг солмоқ бўлса ҳам ўткинчи кимса,
Зарра вужудимга қўнмайди ғубор...

Мен ўзбек қизиман, эрни эр қилмоқ
Солиха аёлнинг бурчи деб билган.
Турмуш тарозисин кўксида тутиб, 
Тош келса кемирган, сувни симирган.

Мен ўзбек қизиман, ўзбек қизининг 
Камоли Барчиной она изидан.
Маъбудага қиёс этардим ўзни,
Тафт олсам Гавҳаршод онам юзидан.
  • Яндекс.Метрика