Оқ ёмғир

Юксак тоғ қояларидан эсаётган муздек шамол қоронғи даралар ичидан куч билан отилиб чиқиб, тоғ этакларига равона бўларди. Пастда овул уйқуга чўмган.
Атроф жимжит, деразалардан кўриниб турган чироқлар секин ўча бошлади. Қиров қоплаб, эндигина очилай деб турган баҳор куртаклари, ой шуъласида ғира-шира кумушдек товланиб турарди. Фақат шамолнинг томга ёпилган қамишларни шитирлатган товуши билан уйқу аралаш улиган ит овози эшитиларди. Узоқлардан эса тоғ дарёсининг шовуллаши ва моторларнинг гувиллаши аранг қулоққа чалинарди...