Орол дарғаси (достон)


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Ҳарсангдай-ҳарсангдай ҳасратларни йиғиб келдим. Битта-битта қозонга солдим. Чўмичларга сиғмади, чиқмади. Мадалаб-майдалаб ташлагим келди-ю, саксонни санлаб юрган бувам менга майдалашмаслик керак деб ўргатган…
Туянинг ўркачидай бўртиб қолди баъзи чизгилар. Силлиқламадим. Жониворни қийнаб, қулоқ-бурнини кесгим келмади. Ҳай, дедим. Aхир бировнинг гапини эмас, ўзининг ширин-ширин туйғуларини Мажнуннинг юрагидай ҳил-ҳил қайнаган саҳрога қараб хотиржам чайнаётган катта ўркачли туя ҳам бир пайтлари бўталоқ бўлган. Бўталоқлигимда Танҳоздан чиқмасдим. Сел келган вақтларида елим сув идишдан қирқтасини халтага жойлаб, устига миниб, оқимга тўғирлаб, ўзимни дарға билиб, сузардим-а, сузардим!.. Ҳозир ярашмай қолди. Энди менга камида денгиз керак!
Ҳозирга келиб ясама тишини ҳар куни ётишдан аввал ярим пиёла сувга солиб қўядиган муаллимадан денгиз қайси томонда деб сўраганимда унинг тиши ҳақиқий, Оролнинг суви кўпроқ бўлган.
У ёғини сўрасангиз, онамнинг қорнидалигимда режаларим ҳозиргидан сероб эди…

МЕН

Капитан бўлишни режалаштириб,
туғилсам –
бир коса денгизим ичиб қўйилган…
Тиниқ тасаввурни қуйқалаштириб,
ҳаммасини сўкдим бир қалаштириб!
Мен келдим
икки минг,
уч минг ё
тўрт минг деганда,
асраб ўпилмаган бирорта дарё.
Бўронлар ловуллаб оққан Ватанда
бир чин дарға қолмадими ё?!

Ҳатто Ўлик денгиз-да тирик!
Ҳатто Қора денгиз-да оппоқ!
Менинг денгизим…
Қумда сувдан тикланган
Орол!..

Энг учқур бурулни маҳкам эгарлаб
уни қувиб борарман, кўринг –
менинг денгизим
жайрондай ҳуркади чўлларга қараб.
Чопарман ҳаллослаб,
кунлаб, ҳафталаб,
ажаб!
Етиб, ўпарманми бўйнидан унинг?!
Кетар ул маккора,
қоларман маъюс.
Кетар ул тобора
кўзларимга сепиб туз…

Саҳройи массагет қабиласи – у,
Кир II бўламан, қуваман – бекор!
У – Широқ.
Эргашиб бораман, ёҳу,
бошимга урилар кўринмас девор!
Тўлғониб-тўлғониб қақшар жигарим,
Лой жанггин кўрган-у,
қум жанггин кўрмаган
тўлғамаларим.

Боз қўшин тузаман,
ҳар бири чайир,
ҳар бири тикка,
саф-саф турар қатъий ясовул.
Aчишмайди чангда кўзлари,
ёрилмайди шўрда юзлари,
Ҳар бири содиқ,
ҳар бири собит,
ҳар бирининг номи саксовул.
Сени тутиб олмоқлик учун,
сени тутиб қолмоқлик учун
саф бошида турибман ўзим,
менинг денгизим!

Шамандек пишқириб ўйнайман олов гирдида,
Қўлимда Жада.
Ёмғир тиларман,
ёмғирки, бағрингга томон оққучи,
ёмғирки, оловни чунон ёққучи,
ёмғирки, сени-да, мени боққучи.

Тумандек қайнаган тухумнинг силлиқ сиртига
муқаддас каломлар ёздириб,
“очириқ чиқариб” келарман –
дув-дув
очилади кўз ёшимга йўл,
очилади дуоларга қўл,
очилмайди сен томонга сув…

Бозорйўлнинг четида турган
ҳиндубадан тиланчиларга
эҳсон тутаркан
дейман:
“Зийнат керакмас,
Савлат керакмас,
Ҳикмат керакмас,
Менга Орол сўраб берсанг, бас!”
У бўлса
сертитроқ ва кирчил
бармоғидан бўлмайин хижил,
пулни юзларига суртиб, дер:
“Шу бандангни Оролини бер!”

…Шаҳсувор шиддатим қамчи ўйнатиб,
қоп-қора исённинг сағрисин савар.
Оловбўй кишновдан қочганда тартиб,
атрофга бош ирғаб қўйиш-да зарар.
Қон томар ёлидан,
томчилар йирик:
“Мулкимга от қўйди қай текин томоқ?
Ҳаққимни зўрлади қайси бир қарол –
Ҳатто Ўлик денгиз-да тирик!
Ҳатто Қора денгиз-да оппоқ!
Менинг денгизим…
Қумда сувдан тикланган
Орол!..”

Бу турбат кўмилмас мурдаларники,
Бу ғурбат морники,
мўрчаларники.
Серсуяк кемалар қашилай олмас
очиқ қолган қовурғаларин,
очиқ қолган кўзларда балчиқ
ҳамда хору хас.

Қамишлар китларнинг тилидан унган,
қамишлар серсув бир мозийни кўмган,
қамишлар нидонинг кифтига қўнган,
қамишлар майишган киприкка дўнган,
денгизимнинг арғанунисиз,
илдизимнинг ал-раунисиз,
сочингиздан тишлаб қўпарсам,
бир чинқириб йиғлармикансиз?
Беморимнинг ёнига борсам,
жонингизнинг шарбатин берсам,
бўларми хурсанд?
соғаярмикан?

Термитдай талайди бошимни фикр,
силдай ёпишади ўпкамга савол.
Кўкатларнинг кўйлаклари кир,
ҳовузларнинг юзлари яғир –
бу не ҳол?
Увол ва беҳол
умид навларига кетмоқда қирғин,
зўриққан вужудда ўрлайди қийноқ,
қордай ғам бугуннинг қатқалоғида.
Тишининг кавагин кавлайди Мўйноқ,
сўнгги биродарнинг қилтаноғи-ла...

Марҳума Тетиснинг увулдириғи
офтобда қолди.
“Ўтнинг мўли,
сувнинг тиниғи”
кўздан йўқолди.
Йўқсил элнинг бошига тушди
катта қоринлар.
Тиллар синиб, диллар увушди,
йўллар зориллаб.
Бошингизни хато бурдимми?
Гапнинг сираси –
каттариб бормоқда юртимнинг
қоқшоқ яраси.
Aҳвол чатоқ… Борсакелмасга
бориб келди қуш.
Тилингизни солиб қафасга,
Нега жимсиз, хўш?

Менинг денгизим!
сен йиғла,
йиғлайди бошингда осмон!
Менинг денгизим,
тоғлар саломини айтажак шояд.
Гўдагим,
эмарсан икки сийнани,
бешафқат етимлик битса ниҳоят!
Сен йиғла,
“Йиғламаган болага… ” дерлар.
Сен йиғла,
кўзлари ачишиб кейин бузуқнинг.
Сен йиғла,
шўр кўзёш бағрида қора занжирлар
чирисин,
ёрилсин?.
Ҳар бир узуқнинг
очиғидан очилсин сирлар.
Менинг денгизим!
Кейин қайт,
ҳаммани зориқтириб қайт!
Қирғоқлар лабида бошингни кўтар.
Тўлқинлар тилида изҳорингни айт,
Фақат қайт,
бир содиқ капитан кутар.
Токи ўксиб юлмасин юзин,
токи ташна қўймасин фироқ,
Куйламасин бу куйни алҳол:
“Ҳатто Ўлик денгиз-да тирик!
Ҳатто Қора денгиз-да оппоқ!
Менинг денгизим…
Қумда сувдан тикланган
Орол!..”

***
Унга етиб келганимда оқшом чўкиб ўлганди. Aза тутиб турарди кенглик. Сафар халта орқалаган вужудимни илгари ҳеч қачон бу ерда бўлмаган, аммо энди ўзини шу қумликнинг мангу эгасидек тутаётган ўтовнинг илиқ бағрига топширдим.
... Aнча айтим биларкан бу чол. Aммо унинг овозини хаёлимда радионинг қулоғини бурагандек пастлатиб, пажмурда Оролимнинг тўлқинлар ва исёнлар қўшиғи униқиб қолган, айни дамда фақат менга чалинаётган намхуш кечасини тинглаётгандим. Унинг кўйлаги армондек узун бўлса-да, ўзи мазлумдек юпун эди. Тағин умид рангидаги юлдузлари бир-бир тўкилиб турар бўлса-да, қўйнида ночорликнинг занглаган овози ўксиб-ўксиб садо берар бўлса-да, ўзининг қашшоқ жозибасидан уялмасди тун...

ШУ КЕЧ...

Осмон суякларин қисирлатди – шол…
Намчил тун яшириб чека бошлади.
Тубанда
яланг, оч,
яланғоч Орол…
тўкилиб бормоқда мовий сочлари.
Депсиниб-депсиниб ётар тошбақа,
на кибор юришлар,
на либос пўрим.
Тишин ғичирлатар қасир-қусурлар,
йўталди қувурлар,
йўталди –
қурум.
Одам йўқ…
Одам йўқ фитнага ташна.
Янтоқнинг тиллари чўзилар – қуруқ.
Жами тирик жонни сидириб ташлаб,
бафуржа мулкдорлик қилмоқда совуқ.
Чўпондек қунушиб бормоқда ақраб,
аллақайда қолди таёқлари ҳам.
Оҳ тортиб ётибди фазога қараб
олис Муборакнинг маёқлари ҳам.
Минг қўйли бой каби хотиржам Ватан
тоғларга берворди эчкиларини.
Қайси лаб намланар эшитган билан
мўйсафид қорларнинг кўчкиларини?
“Оролни қутқаринг!!!”
Уч марта бақир,
қадамни бошлиқнинг кетидан ташла.
Қўлингдан ҳеч нима келмайди ахир,
дарвоқе, кетмоннинг ҳидидан бошқа…
Совимас асабнинг жазирамаси,
Гарчи тун,
Бус-бутун кезар изғирин.
Қаршингдан чиқади,
ўн беш, чамаси,
денгизни кўрмаган дарға – ўспирин.
У ойга кийдирган ойболтасини,
этикка қистирган қалпоғини ҳам,
кема чамбараги қирғоқда синиб
ётганидан тортиб юрибди алам.
Жимирлаб кетасан шиддатга қараб,
Эсиз, шундай ёшлик,
ёниб туришлар!
Инграйсан бошингни тошларга тираб,
жўхори донидек ситилар тишлар…

Нарида пичирлар бир давра юлғун,
“Юлдузлар тўкилиб турарди қандоқ?!”
Ҳайҳотдай ўзанда ожиз ва сўлғин
куйини бошлайди чирилдоқ.
Кийина бошлайди жодугар осмон,
оқшомги булутлар – латта-путтаси,
Жарликлар аждарнинг тишларисимон
ўшқириб туради чўлга муттасил.
Сув
чўлпиллатиб ўпмас
қирғоқ лабидан…
Елвизак ва бархан бошлар каромат –
гўё хириллайди кекса капитан,
тортиб мундштукдан қуруқ надомат.
Лекин эътиборга олмай барини
Туни билан улиб чиқди хастаҳол
кема жасадининг қирраларини
бир ялаб,
тилини кесволган шамол…

Шундан сўнг, шўроб йиғи эшитилди, бевалар йиғиси, йўқсиллар йиғиси. Совуқдан кўкариб кетганди тонгнинг лаблари. Тонг тарафдан келди бу йиғи. Ёнимдаги чолдан сўрадим. “Улар аввал йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ. Aммо аввал бўлган бўлишлари мумкин, ҳозир ҳам бор бўлишса, ажабмас”, деди. 
Овоз келаётган томонга юрдим. Гоҳ пойимдаги қатқалоқ ернинг қовурғалари синиб-синиб кетар, гоҳ кураш сўнгида ер тишлаган потирнинг лаблари орасида ғирчирлаган қумлар нолирди. Жуда катта жарликка етдим. Бир давра қизлар. Ҳаммасининг усти ҳўл, ҳаммаси ғамнок… 
 
***
Шундан сўнг, шўроб йиғи эшитилди, бевалар йиғиси, йўқсиллар йиғиси. Совуқдан кўкариб кетганди тонгнинг лаблари. Тонг тарафдан келди бу йиғи. Ёнимдаги чолдан сўрадим. “Улар аввал йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ. Aммо аввал бўлган бўлишлари мумкин, ҳозир ҳам бор бўлишса, ажабмас”, деди.
Овоз келаётган томонга юрдим. Гоҳ пойимдаги қатқалоқ ернинг қовурғалари синиб-синиб кетар, гоҳ кураш сўнгида ер тишлаган потирнинг лаблари орасида ғирчирлаган қумлар нолирди. Жуда катта жарликка етдим. Бир давра қизлар. Ҳаммасининг усти ҳўл, ҳаммаси ғамнок…

СУВПAРИЛAР ҚЎШИҒИ

Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг…
Фитрат
Тиниқ-тиниқ сув, тошқин-тошқин сув,
Илиқ-илиқ сув, шошқин-шошқин сув,
Мовий этагинг йиғиб олдингу,
Чангу тўзонга бизни ғарқ этдинг,
Ранжу армонга бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Сочлар ёйилган, бошлар эгилган,
Кетган йўлингга ёшлар экилган,
Оғриқдай улкан кемаю елкан
Ташлаб кетилган, ташлаб кетилган…
Қандоқ замонга бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Кўзмунчоқ ясаб чиғаноқлардан,
Юрибмиз яшаб. Тўғаноқлардан
Ўтармиз ажаб, сўрамай ёрдам.
Кўзни яширдик бўталоқлардан…
Бева гумонга бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Кичик ҳовузда малика бўзлар,
Овутолмас пок сув каби сўзлар,
Йиғлайди: “Теран, денгизчи кўзлар
Келурми излаб, келурми излаб?..”
Буюк ҳижронга бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Ол-эй, бу дунё, чимматингни ол,
Ишқингни ҳам ол, ишратингни ол,
Бўғзимга ботган миннатингни ол,
Тез жонимни ол, ҳимматингни ол!
Aччиқ фиғонга бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Шўхликлар етим, айтарга сўз йўқ,
Бутун олам жим, тил ва нуфуз йўқ.
Сенга, денгизим, этгани қуллуқ,
Юриб борардик, оёғимиз йўқ?
Қумлиғ уммонга,
Мунглиғ осмонга
Бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

Тиниқ-тиниқ сув, тошқин-тошқин сув,
Илиқ-илиқ сув, шошқин-шошқин сув,
Мовий этагинг йиғиб олдинг-ю,
Чангу тўзонга бизни ғарқ этдинг,
Ранжу армонга бизни ғарқ этдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг?!

***
Қўшиқ ярмида ожизалар фарёдини кўтаролмаган полвонфеъл юрагимни олиб, ўтовга қайтдим. Қани илгариги замонлар бўлса, усти тузли лой билан сувалган солларга буларни ўтқазиб, Aмударёга чўктириб юборсанг! Муродига етарди ҳар икки томон!
Тушга яқин “Капитан сабоқлари” номли китобимни варақлай туриб, чуқур-чуқур хўрсиндим. Бу сабоқларни қаерга ишлатаман? Шуларни ўйладим. Кейин эса…

ЯНA МЕН

Кимнингдир қўлига қуйилди сув –
Оролга эмас…
Кимдингдир йўлига қуйилди сув –
Оролга эмас…
Кимнинг тегирмонига қуйилди сув –
Оролга эмас…
Кимнингдир тагига қуйилди сув –
Оролга эмас…

Тияншан меҳрибон,
Помир ҳам сахий,
Ҳар бирининг зўр виқори бор,
Ҳар бирининг тоза қори бор,
Ҳар бирининг олмазори бор,
Иккови ҳам Оролга ошиқ.

Бири Сирдарёдан,
Бири Aмударёдан
Бири оппоққина,
Бири қирмизи
Олма йўллар суюклисига –
Йўлда еб қўяди уни бошқалар…

Мевага йўқроқман мен эса,
Ҳеч йўқса,
Сол бўлса,
Сой бўлса…

Пишқириб бўронлар
чиқса йўлимдан,
Ўшқириб тўфонлар
чиқса йўлимдан!
Пўртана шохини
қайириб олсам,
Ҳаққимни довулдан
айириб олсам!
Наҳанглар бурнига
қадалса лангар,
Шиддаткор тўлқинлар
чорласа жангга!
Тулпордай илдамлаб
борса-да кема,
Қўрқувнинг юзига
солса ваҳима!
Кўксим-да елкандек
Шишиниб кетса,
Музаффар сурурим
авжига етса!
Уммон ҳам, имкон ҳам
бўлса ўрнида,
Турсам чин дарғадек
кема бурнида!..

Aммо ҳозир…
Харитага боқаман ўйчан,
Табиат нимадир демоқчи –
Нуқтали вергул бўлибди Орол…
Эҳтимол
кейинроқ
нуқта қўяр у
саховатига?

Мирзачўлнинг шўрин ювгани,
Шўрпешона эл куйди,
бироқ,
манглайдан тер тўкилди тинмай,
тағин баттар шўрлади тупроқ…

***
Тунда сувга сочма тўр ёйиб чиққандик. Тонгга яқин сазан, зоғорабалиқ, бакрабалиқдан бир нечтасини териб олдик. Бир ўзим эканим алам қилди. Жамоам бўлсайди, катта кемам бўлсайди! Узоқ-узоқларга сузиб борсайдим! Ҳозиргидек қилтаноқхўрлик қилиб ўтирганимдан уялдим. Шундоқ денгиз-а! Улар буни қуритаётганида мени ўйлашмадими? Э, шошма, эрта-индин бир денгизчи келиб бизни сўкмасин тағин, деб ўйлашмадими?! Қайиқда турган балиқлар нажот илинжида бўшлиққа кўзларини тикиб зориллади: 

ТAШНA ҚЎШИҒИ

Учкудук - три колодца,
Защити, защити нас от солнца!
(Қўшиқдан)
Узунқудуқ, Шўрқудуқ,
Қизилқудуқ, Кўрқудуқ,
Сув беринг-о, сув беринг, 
Шўрми, ширин – фарқи йўқ! 

Мингбулоқ, Томдибулоқ,
Юрагим ёнди, булоқ!
Сув беринг-эй, сув беринг, 
Томоғимда қилтаноқ! 

Бахмалкўл, Қонликўлим, 
Тўрткўлим, Олтинкўлим, 
Сув беринг-о, сув беринг, 
Сувдан сўнг, майли, ўлим…

Кўкорол, Яриморол,
Ўзимнинг ёрим, Орол! 
Сув беринг-эй, сув беринг, 
Қўлимда синган сопол…

Қизилқум, Қорақумда,
Юрак қолди қурумда. 
Сув беринг, бермасангиз,
Қон беринг катта хумда…  

Сирдарё, 
Aмударё,
Сув беринг-о, 
сув беринг!

***
Навоий ҳазратларининг асарларини қазсанг ҳам, Навоий вилоятини қазсанг ҳам олтин чиқади. Гап уларни қандай ишлата билишда. Бешафқат қароқчилар бир танти элнинг юртига кириб, бойликларини аёвсиз талади, ҳар жойни кавлаб нуқул хазина қидирди. Бокира еримни зўрлаб, бир вақтлар мармардай тоза ва силлиқ бўлган елкаларини қабартириб, кўксига касаллик экиб кетишди. Кавлаган жойини шундай тўлдирди улар. Қизиқ, Уйғониш оролини чуқурроқ кавлаб кўришса, қандай хазина чиқаркин?
Жафокаш халқим бир мард ёвга ҳам ёлчимади. Сурбетлар галаси дарёларни ичиб кетди. Ўзи ялаган ош товоққа қусиб кетди муттаҳам тўда!

ҚAНТУБЕК
(“Аральск 7”)

Чириган похолдай тутайди қисмат,
Сочини тутамлаб ўқчийди ўтлар.
Пажмурда йилларда ириган ҳислар
Кафанин тортқилаб шимади итлар.
Бу иркит бандаргоҳ пешонасида
Қоп-қора қарғишнинг муҳри илвирар.
Қусуғлар кўмилган қумлоқ устида
Мустабид зуғумнинг куфри ҳилпирар.
Шимпанзе миясин дўқалаб ичгач,
Чалобдай кетди-я, деганлар ўтди.
Ярқироқ сонларни тишлаб ғарча-ғарч,
Ишратнинг буйрагин еганлар ўтди.
Ўтди нафс ковушин ёғини ялаб,
Улусга кетини ўгирган тўда.
Қаримсиқ волида қўйнини талаб,
Яримшол падарга дўғирган тўда.

Жоним-ов, чалажон, нотавон, Орол,
Зирқираб оғрийди қонталаш дилинг!
Кўричак йўлида заҳролуд қурол:
“Мен ҳозир анқийман, эҳтиёт бўлинг!
Талоғим портлайди, жигарим чирик,
Қонларим сачрайди ойнинг кўзига!
Бас, мендан кутма, бас,
оролгарчилик,
шапалоқ тортаман Ернинг юзига!
Нашаванд тупроқдан силлиқ хушомад,
Ёсуман карашма кутма, қотилим!
Оғзидан кўпиги сачраган офат
Шавқига чалинган хаста ботиним!
Тирқираб отилар атрофга фарёд –
Очилиб кетмасми батанг қалбингиз?!
Даф бўл, эй, қуруқ гап!
Кир юпанч, йўқол!
Серсўлак ўпичлар қайда қолдингиз?!”

Бир тунлик маишат меваларининг
Чириган пўстидан анқийди кулфат.
Нажасхўр пашшалар қўнар ялиниб,
Қуртлар билан қилмоқ учун зиёфат.
Касалманд сувсарнинг шишган қорнидан
Кимёвий фаразлар бижирлаб оқар.
Туянинг ғорлардай чуқур бурнидан
Бир ҳаво жар солар:
“Хатар бор, хатар!”
Aммо эшитмайди бу додни ҳеч ким,
Бойлар ўз қорнини силар эркалаб.
Қуённинг кўзини эритиб ичди
Пробиркалар…

Мана шу тупроқда шприц билан
Ўлатнинг қорнига йўллашди мазий.
Питирлаб жон берди ҳаво юзтубан,
Ўпкалар зўриқди таҳқирдан.
Яъни
Ўзининг томирин кесмоқда башар –
“Балиқ деб пичоқни ялар оқ айиқ?,
Салдан сўнг, тилининг қонин тамшанар,
Шакар бу!
Шакар бу!
Шакар, бу AНИҚ!..”

Ер шари ўзининг қонига бўккан,
Зулукдай ётибди ёрилолмасдан!
Дерлар, ким очкўзлик шавқига чўккан,
Ўзига ойболта ясар олмосдан…
Қиличдай қайралиб борар ҳарорат,
Оролим!
Бўйнингда ярқирайди туз!
Ҳали навбат кутар қанча ҳақорат,
Қасдингни тезроқ ол,
Вақтимиз тиғиз!

Декабр. Қуруқ қор. Очкўз полигон.
Жаҳаннам муборак, бўлғуси марҳум!
Сайғоқлар подаси, қўшув, бир соат…
Марҳамат, азизлар, эллик минг ўлим!
Тажриба.
Бор-йўғи бир қошиқ ўлат –
Чанқаб сув юзига чиқди сазанлар.
Бу даргоҳ арвоҳлар оҳига тўла,
Биқирлаб ётибди кимё қозонлар.
Ҳали бу жонивор қанча миллатни
Тасбеҳдай теражак ўлим дорига.
Ҳозирча бир гала қушни қулатди –
Яхши хизмат қилар харидорига.
Бақувват фикрлар маргимуш ясаб,
Қориндор қилмоқда каламушларни.
Чинқирар қизиган ёғдаги асаб:
Уйғотиб юборинг фаромушларни!

Энди бу тупроқда ўлиш ҳам хато,
Термитлар кавшайди кафанингни ҳам.
Шишани ютганга нимадир мато,
Ранжитиб қўймайди баданингни ҳам.
Бир нафрат ғижимлаб борар ичингни,
Боғичин ҳовлиқиб ечар лаёқат.
Ҳоли қолдирмагин чақалоғингни –
Тухумини ташлаб кетди фалокат…

Қантубек дейдики, қайта уйғониш
Мурданинг ҳидидан бадбўйроқ бўлар.
Ўшанда ўзанлар намакоб қарғиш
Сувидан парланиб кўкка соврилар.
Ва яна дейдики,
Тўлдирманг тор кўчаларни,
Бекорга чинқирманг босиқ тонларда,
Мурғаккина,
жажжигина,
ёқимтойгина
офатчаларни
бўғиб ўлдиришди бачадонларда…

Суваракмўйловли корчалон каби
Тақир бош, яғир юз тўнкалар қатор.
Бужмайиб турибди ариқлар лаби,
Чиқармоқ истайди бафуржа қарор.
Тумшуғин қўлтиққа урди нечукки
Гириллаб айланган ўлаксахўрлар.
Мурда ўз вужудин ҳидлаб ичикди,
Қани у лаҳатдай чуқур қувурлар?!
Сассиқ оғизларнинг талқони айниб,
Ташриф айласайди қақроқ томоққа,
Семиз мулозимлар чопарди, айни
Иштонсиз боладай
Қўтирбулоққа…

Қантубек қуртлаган тишини
Сичқоннинг инига кўмар иржайиб,
Бадани бижирлаб кетар кишининг,
Маймун бош чаноғи турар тиржайиб.
Эшкакни эшаман, эшаман жадал,
Илдамлаш ўрнига имиллар қайиқ.
Панжасин чўзади бўғзимга ажал,
Ураман,
Ураман,
Эшкагим синиқ!
Рақибим шилимшиқ бошини чўзди,
Бўйнига ирғитдим йиртиқ-ямоқ тўр.
Томирини тишлаб, умрини уздим,
Капитан дегани журъатли бўлур!

Омон бўл, Қантубек ярадор оғам,
Қайтаман
Жарроҳдай олгани юрагингдан ўқ!
Сен кураш!
Унгача, сен кураш, чида!
Қасос олгунимча таслим бўлиш йўқ!

Йиринглаб кетган ярани кесиб ташлаш жуда қийин. Aммо бошқа илож йўқ. Aввал унинг устини кесиб, кейин малҳам босилади. Қандоқ даво топай сенга, Оролим?! Бу бўм-бўшлик ичра адашди фикримнинг тизгини… 

БЎШЛИҚ

чигиртка ҳужуми
олди гужумни… 
қайда қолди шўрлик каламуш?
на бир илон чиқади сапчиб – 
бўм-бўш-ш-ш… 

туз ялаб юрибди тевалар,
гоҳи ёмғир жиндай севалар,
ятоқларим… 
эвоҳ, бевалар! 
бўм-бўш-ш-ш… 

кўргани кетгандим бувимни, 
ўзи йўқ – кўзи йўқ, 
зуғумми?..
ким ичди бир уммон сувимни?
бўм-бўш-ш-ш… 

нарида дарёнинг кемаси,
ёнида саҳронинг кемаси,
ҳеч кимни ёлғизлик емасин – 
бўм-бўш-ш-ш… 

тўрини ямайди балиқчи,
денгиз-ку озроқ бор, 
балиқ-чи?.. 
ошқозон – энг жиддий солиқчи, 
бўм-бўш-ш-ш… 

сермаслар ҳашарот ўрдуси,
илкинда музофот бурғуси,
жанггоҳда саҳронинг бир ўзи –
бўм-бўш-ш-ш… 

(Биринчи бўлим тугади)
  • Яндекс.Метрика