Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Август 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Зулхумор Орифжонова шеърлари



Мен эплай олмадим, 
ёмғирдек тўкилмоқликни, 
Ёлкангга бош қўйиб, 
сўнгра дардлар аро йиқилмоқликни. 
Эплаганим фақат тунлар алаҳсиб, 
тонглар учганимми самосиз қушдай?
Сендан кетавердим кунлар адашиб, 
Сенга элтаверди поёнсиз тушлар... 
Олислаб бораман, 
йўқотиб - келганим йўллар тархини. 
Унутиб қўяман умримдаги бир, 
муҳаббат ҳаққини, 
ишқнинг ҳаққини. . . 
Дарахтлар мунғаяр феврал қошида, 
кўклам ҳануз узоқ. 
Ортимга боқсам
Кимгадир оғири тушмасмикан,  о
кўнглим боғларни ёқиб юборсам...

*** *** ***
Мен йўлнинг бошида, 
кафтимда
бўғизланган гулнинг япроқлари жонсиз. 
Дунё ҳам бу кеча афтидан, 
уфқларга қадар томонсиз. 

Тўхтаган хаттоки қўлимда соат, 
на юлдузга қараб, на ойга ёлвориб, 
билолмам нечани кўрсатмоқда вақт. 

Боғларда эгила бошлайди шохлар, 
Мен эса
тортилган дорлардан, узундан узун, 
йиғаман танасиз ўзимни ўзим. 

Ўнгимни тушимда сойларга айтиб
Қайтсам...  дарёга айланиб -
ўзанларга солмоқ кимнинг истаги?
О, йўлим томонсиз, бори имкон деб, 
Минг йилки ўзимга қанот изладим. 

Изладим, 
Топмоқлик илинжи билан, 
Оҳанглар оқизиб кетган йўлларни. 
Таскиним, ўшанда руҳимни ҳеч йўқ, 
тутиб қололмасди сенинг қўлларинг... 

*** *** ***
Эсимда, 
бу фаслнинг кўп эди туҳфаси, 
Қўлларимга хатто осмонни тутди, 
Аммо уфқларнинг қошида туриб, 
ненидир унутдим... 

Эсимда, 
боғларнинг шивирларидан
ўзимни
йиқилган япроқлар бағрига отдим. 
Шу тоб умримдаги ҳеч ким сезмаган, 
ненидир йўқотдим... 

Соябонсиз эдим, 
бизни билмасга
ноаёнмиз дедим, 
кўнглим кўнмади. 
О, фаслим, сен кетгач боғларда қайта, 
яшиллик унмади. 

Мовий туманларда қолдим адашиб, 
Фақат билганим шу -
тушларим кемтик. 
Ва энди ҳар кеча, ҳар тун қошида, 
суратин чизаман қанотсиз эркнинг... 

ненидир унутдим... 

*** *** ***
(хиргойи)

Минг йилдирки, 
мен тушда яшадим. 
Денгизлар елкамдан тошиб ўтдилар, 
Кунларим тунимга қочиб ўтдилар. . . 

Ва туйқус уйғондим -
(асли кўзларимга инмаган уйқу)
О, тилсиз уйғондим, 
Кимнингдир юзида ўйнади кулгу. 

... сенинг изларингдан эргашганим рост, 
Рангларни атадим сен кўрган хилда. 
Аммо йилдан йилга, кунлардан кунга, 
бу умрим бироз, 
оғирдай. . 

Ахир айт, 
ким эдинг?
Мен сендан кеча олмадим, 
Ва ё кетолмадим,  енгдими қўрқув?
О, нега қошимда турибсан мағрур
Хатто бўғзимгача тўлганида сув?

Суув... 
қара,  пешонамни ювди тўлқинлар, 
Мен эса ўйлардим, тупроқ майдалаб: 
умримнинг ўтови бу кўча, бу уй, 
сен эса тинмайсан
уйғонган тушларим аллалаб... 

Тағин мен ожиздек, 
тағин сен улкан
елкангни тутганча келсанг, жим эдим, 
Қайтадан яшасам тушларимда, айт, 
Ким эдим, 
ким эдим, 
ким эдим?

*** *** ***

Борсам, 
кўзларимга ботган кечанинг, 
охирига етмай тонгнинг қошига. 
Субҳлар сўроқлаб ўтсалар тағин, 
- Сен кимнинг ошиғи?
Осмон ҳувиллайди, 
киприк қоқсаму, 
қулаб тушадиган каби кўксимга. 
Ортимдаги қолган йиллар бирма бир
саволдек тортилса уфқнинг бўғзига -
Сен қайси томондан берасан хабар?
Мен қай йўл бошида турибман мулзам?
Қачондир ўнг келган тушларим санаб, 
қошингда бошимни кўтариб турсам -
шунда ўз вақтида келадими тонг?
шунда дарахтлар ҳам кўтариб қаддин, 
кўкламни келтирган еллар олдида
гулласа, 
тан олиб бор ҳақиқатни, 

борсам...