Паризода Рўзибоева шеърлари


Куздан бошланади сизни соғиниш,
Баҳорга элтмайди умид учқуни.
Кўзимда кўнглимнинг кўйи аксланар,
Сизсиз оғу каби ҳар бир ютумим.

Бунда сариқ чойшаб ёпинган йўллар,
Дарахтлар шохлари бўсалардан маст.
Куз сизни солади яна ёдимга,
Сентабр қўшиғи тинмоқни билмас.

Қадамлаб бораман ноталар аро,
Сол, ми, сол,
сўнг дориллайди до.
Босган қадамимда хазонлар рақси,
Кўнглингиз кўнглимни чорлайди гўё.

Кузланиб боради, шаҳар, йўл, ўлка,
Соғинчдан хазонлар бу дам ўт олар.
Тобора тезлашар соғинч ёмғири 
Ивиб кетар кўксимдаги ноталар.

Сизни соғинишдан бошланади куз...

*** *** ***
"Кетгин!",-дейман ҳайқириб, "келгин",-дейман яшириб,
Кипригим-ла дил тилиб, тун йиғлайман бош уриб,
Кўзларингга боқсам о, қолар кўзда ёш қуриб,
Тўкилганман ерпарчин, хазонлар аъзойимдир

Кўнглим мисли қадахдир, май ҳўпладинг дарз кетди,
Сочим  тўзғитди шамол, мен Худога арз этдим,
Хатлар юбордим сўнгсиз, бой эт, сени қарз этдим,
Ёзсанг тириклик-байроқ, ёзмасанг -қазойимдир.
 
Дил синиғин тераман, хазон-у хас оралаб,
Ёзган мактубларингга босаман юз бора лаб,
Қалам-гул, қўлим-тикан ишқим оққа қоралаб-
Ўй сураман,дил йўлинг кўз тиккан фазойимдир.

Кетмоқлигинг аён-у, қайтмоқлигинг гумондир,
Соғинчим сузар-кема, илинжларим уммондир,
Мавҳумлик мавжудликмас, ёмондан-да ёмондир,
Келганинг мукофотдир, ҳам менинг жазойимдир!

*** *** ***
Ўрик гули мисол тўкилсам
Териб олсанг нигоҳларимни.
Ўйчан ойга боқиб ўтирсам
Еслатмаса гуноҳларимни

Учмасайди бўғзимдан қушлар
Тўкилмаса эди томчилар
Сенга элтар фақат шу тушлар
Ашким ой кўксимга томчилаб...

Сочларимни тараб кетади
Киприкларинг эркалаб майин.
Турмоқликка бардош етади
Дейман... 
яна ишқ қилар майиб

Уйғонмайин, астагина кул
Ой кўшкидан чопганим сенсан.
Кетма, энди мени ҳам тушун
Тушларимдан топганим сенсан!

Тушун...

*** *** ***
Бегим, бизни бу тақдир синовларга ташлади
Ўтқичи соғинч бўлган оловларга ташлади
Томирда мавж урди ишқ, орзу майини ичдик
Ёндирмади бу олов, самандар бўлиб чиқдик

Бизни айро этсалар икки дунё бир дедик
Биз бу сирли дунёда жумбоқ эдик, сир эдик.
Биз ғолибмиз ишқ ичра насибасин ололган
Яратган ёзуғига ким ҳам қарши боролган?!

Буюк жангга киришдик, енгилмадик, енгдик биз
Билдим тенгсиз дунёда танҳо, лойиқ тенглик бизлн
Бошим урза ишқтанга сочилади бойман-ай
Тангримнинг сизни ёзган ёзуғидан айланай

Бегим!
       
*** *** ***
ҚИСМАТ

Ҳар кеча оромим ўгирлар,
Китобга сиғмаган туйғулар.
Олисда қайғурар мен ҳақда ,
Мен учун аталган кулгулар.

Тўкилар ҳар тонгда киприклар,
Мен дея: сабабли,сабабсиз.
Олислик...гумонни елдирар,
Поёни йўқ унинг-сарҳадсиз!

Неча гул гулдонда сўлиди,
Нечаси узилмоқ кутади.
Ишқ-майдон  ва унда ҳамиша
Жонини койитмас ютади.

Сиз каби, биз каби куйганлар,
Куйсак ҳам пуфламай ичамиз.
Ножўя сўз айтсак гоҳида,
Тун бўйи ухламай чиқамиз.

Биз энди соғинчнинг асири,
Бизгамас шер каби ўкирмоқ,
Соғинган туҳфаси-бедорлик,
Киприклар қисмати-тўкилмоқ.

*** *** ***
Ҳаммаси тугади,
Ешикни ёпдим,
Қайтмоқ ўлим дедим,кошонангизга.
Тангрим кипригимни эккани каби,
"Алвидо"лар экдим остонангизга.

Фақат оёғингиз оҳиста босинг,
Янчиб қўйманг базўр кўтарган бошин.
Йўқса туфлингизга сочилар андуҳ
Ахир уни сувмас,суғорган ёшим.

Беркитиб қўйилган хатларим ёқинг,
Мени эслатгучи ҳеч не қолмасин.
Айтганча синдиринг,езғиланг,отинг,
Кулгумнинг тўкилиб кетган донасин.

Ёдламоқлик азоб иккимизга ҳам ,
Шунчаки эсламанг,шунчаки жиминг.
Раҳмингиз келмасин,кўзига боқманг,
Нур улашиб нурсиз қолган бахтимнинг.

Ҳеч қачон ҳеч бири бўлган эмас ,йўқ,
Кулгулари ёлғон, ёмон эди денг.
Ҳеч бири ҳеч қачон бошланган эмас,
Аммо тириклигим тамом энди,денг.

Ҳаммаси тугади,
Ешикни ёпдим...

*** *** ***
Ёр кетармуш,кетса нима,  қуламаймиз,
Соғинчларни илинжларга уламаймиз
Бизга бахтлар ярашади юраккинам,
Қулочинг ёз,рақс тушамиз,йиғламаймиз.

Гул тутамиз,озорини тутганларга,
Туйғуларин бозорини кутганларга,
Менинг дилим,мендан содда менинг дилим,
Ёлғон дунё ёлғонларин илғамаймиз.

Бир алдаса,алдабди-да,ўзармонлар,
Ишқ уйини битириб сўнг бузармонлар,
Пештахтага териб қўйин соф ҳисларни
Улашамиз, бўйнига қарз илмагаймиз.

Хуш борсин ёр манзилига,хуш борсин-а,
Орқасидан пушмон деган қуш борсин-а,
Кетса нима, биз бахт учун яралганмиз
Қулочинг ёз,рақс тушамиз,йиғламаймиз,
Менинг дилим!
  • Яндекс.Метрика