Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Сергей Есенин


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Рус тилидан Феруз Неъматуллаев таржимаси

Тўйиб кетдим дилдош ўлкадан,
Умидларни ғамларга йўғриб.
Бошим олиб бу харобадан
Кетгум бўлиб дарбадар ўғри.

Тентирайман чароғон ҳар кун,
Жой излайман қўнимга бир дам.
Энг севимли дўстим мен учун
Ханжарини сақлар қўйнида.

Кузги қуёш нуридан ўтлоқ
Хазонларга кўмган йўлларни.
Исмин дилга ўйган ҳурлиқо
Остонадан қувлади мани.

Ота уйга келурман яна,
Ўзга бахтдан овунганим чоғ.
Оқшом чўккан пайти ойнадан
Томоғимга солурман сиртмоқ.

Девор узра оқарган толлар,
Бошларини силкитар маҳтал.
Ювиқсизлигимча кўмарлар
Дайди итлар улиган маҳал.

Вақт қайиғи ошиқиб ўтар,
Эшкаклари кўлга тутиб юз.
Йиғлаб, кулиб девор ортида
Доимгидек яшайверар Русъ.

*** *** ***
Менга қолди фақат бир эрмак:
Лабим босиб чалурман хуштак.
Ёмон хабар тарқалди уйқаш,
Атадилар мени жанжалкаш.

Оҳ! Қандай кулгили йўқотиш!
Йўқотишлар кулгили чиндан.
Уятдаман Ҳаққа туйиб ишқ,
Аламдаман Худосизликдан.

Олис олтин далалар, ахир!
Турмуш дилга ўт куйар бутун.
Жанжалкашга айландим охир,
Қуёш каби порламоқ учун.

Билсанг шоир истеъдоди - бу,
Чиндан севмоқ, севилмоқдир гоҳ.
Мен фақат атиргул баргини
Қора ерга айладим никоҳ.

Зангор кунги ўйларим бугун,
Майли, қила олмадим удда.
Лек, дилларга уя қурди у - 
Фаришталар тин олди унда.

Ҳазилларим сабабли шундай,
Бу ўлкадан кетар бўлдим жим.
Сўнгги дақиқада сўрайман,
Менинг билан бирга бўлса ким -

Яратганнинг марҳаматига
Ишончим ва гуноҳим учун,
Этинг мени русь кўйлагида
Бутлар* ичра ўлимга маҳкум.

*- Иконалар назарда тутилмоқда.

*** *** ***
Ачинмайсан, севмайсан сира,
Ё ҳуснимдан топдингми бир гард?
Тўлғонасан эҳтирос ила
Қўлларингни ташлаб елкамга.

На дағал, на эдим меҳрибон,
Вужудинг ёш, кўнглинг нозик таб.
Илинтирдинг қанчасин, жонон?
Лабларингни танир қанча лаб?

Билдим, улар соя сингари
Илғашмади сендаги ўтни.
Қучоғимга олганим каби,
Тафтинг билан ёндирдинг кўпни.

Киприкларинг титраб, энтикиб,
Мен сендан совуган бир вақтда.
Узун йўлга нигоҳинг тикиб,
Ўйлар эдинг ўзгалар ҳақда.

Тақдир дея кўрма буни, оҳ!
Енгил хаёл яратган бўшлиқ -
Учрашгандик Сен билан ногоҳ,
Бўлар энди ногоҳ айрилиқ.

Ўз йўлингдан кетарсан сен ҳам,
Ўтган бахтсиз кунларни эслаб.
Фақат пок дилларда ёқма шам,
Ўтсизларга очма сира қалб.

Ўзга билан чиқиб, сайрда
Сотганингча ишқдан сафсата,
Балки ўтиб мен ўша йўлдан
Тўқнаш келар нигоҳлар қайта.

Секин назар ташлаб мен томон,
Бироз таъзим айлаган онинг
Сўз очасан: "Хайрли оқшом!"
Сўз қотаман: "Сизга ҳам, хоним!".

Ҳеч не дилни емирмас зинҳор,
Ғам устига ёғилмайди ғам - 
Чиндан севган севолмас такрор,
Ўтни ёқиб бўлмас қайтадан.

*** *** ***
Оҳ, қандай тун. Уйқу бегона.
Тўлишган ой. Кўнгилда ғашлик.
Уйғонади соҳилда яна
Қачонлардир тарк этган ёшлик.

Ўтмишимда қолган парирўй,
Ўйинни ишқ атама зинҳор.
Ой нуридан таралган виқор
Бошим узра кўкка чўзар бўй.

Енгил-елпи ҳаракатларинг
Ҳислатларинг этар намоён - 
Мени ташлаб кета олмадинг
Сева олмагандек ҳеч қачон.

Икки бора севмас ҳеч одам,
Шу сабаб сен қалбга етти ёт.
Пойимиздан тутиб, беҳуда,
Оғушига чорлар пуч ҳаёт.

Ажралишиб, этдик бошпана - 
Мен ўзга, сен ўзга қўйнини.
Бефарқ ўйнамоқдамиз яна
Қиймати йўқ севги ўйнини.

Лек, барибир қайнасин билак
Туйиб аййор ўпичлар таъмин.
Ва ҳамиша ҳис қилсин юрак
Мен бир умр суйган нарсани.

*** *** ***
Балки вақт бор, балки энди кеч,
Ўйлаб йиллар бошни қилди хам.
Мен шамолдек тўхтамадим ҳеч,
Қувиб ўтдим Дон-Жуанни ҳам.

Бағримда ҳар кун ҳар хил аёл.
Қай балога йўлиқдим, ахир?
Хиёнатлар қилдим бемалол,
Тобора тош бўлмоқда бағир.

Хоҳлардимки ҳақиқий, содда
Туйғуларни ҳис этса юрак.
Не изладим бу аёллардан - 
Сохта, ёлғончи ва енгилтак.

Шом рангига беланган қалбим,
Чор атрофим тумонат туман.
Тўлови бор ҳур туйғуларнинг,
Чорловни қабул қил, Дон-Жуан.

У чорловни қилганда қабул,
Менга бир йўл қоладир мутлоқ:
Баҳор каби ёришиб кўнгил,
Бош оғриқни ишқ деб атамоқ.

Шундай бир дард кўксимни тилди,
Ҳар кун ўзга аёлдан карахт.
Ҳеч ўйланмай хиёнат қилдим
Боқий кулиб боқсин дея бахт.

*** *** ***
Ёдимдадир, севгилим, ҳамон,
Сочларингнинг жилоси ёрқин.
На бахт сездим, на бўлди осон
Сени ташлаб кетаётган кун.

Ёдимдадир у кузги тунлар:
Қайин... Кўлка... Шарпалар... Чирой... –
Қисқа эди ўшанда кунлар,
Узоқ порлар эди кўкда ой.
Ёдимдадир айтганларинг: "Ул
Мовий йиллар ўтар бетиним,
Унутарсан сен мени буткул
Ўзга билан бўлиб, севгилим."

Эсга келди ҳислар ярқ этиб
Бугун жўка чарақлаган дам:
Қандай майин силаган эдим
Жингалак гул сочларни тарам.

Юрак ўти сўнмоқда нари,
Ғам-ла суйиб бошқасин, ҳайҳот,
Гўё у бир қисса сингари
Этар экан ўзга билан ёд.

*** *** ***
Куйла лаънати гитарада,
Бармоқларинг ўйнасин шаҳдам.
Қолиб кетар шу машмашада
Наҳот, ёлғиз, дилкаш дўстгинам.

Елкасида зар кокиллари - 
Қолма сира термулиб узоқ.
Бу аёлдан қувонч аҳтариб,
Бахтсизликка йўлиқдим кўпроқ.

Билмас эдим, муҳаббат - гина,
Билмас эдим, муҳаббат - вабо.
Айёрона кўзлари билан 
Айлантирди бошим ҳурлиқо.

Куйла дўстим. Хотирла такрор,
Қўзға бизнинг эски ярани.
Ёш, чиройли бу бевафо ғар
Ўпаверсин, майли бошқани.

Оҳ, тўхтагин. Уришмам уни.
Оҳ, тўхтагин. Қарғамасман ҳеч.
Кел, ўйнатиб чолғу торини
Куйлаб берай ўзимдан бу кеч.

Оқиб борар зангор кунларим,
Олтин бошим чўкадир мукка.
Кўп қизларни тутди қўлларим,
Кўп аёлни қисдим бурчакка.

Ҳа! Ҳақиқат бор дунёда чин,
Болаларча боқдим енгилтак:
Бир урғочи чанқоқ ит учун
Навбат турар уч-тўртта кўппак.

Менга нечун уни рашк этмоқ.
Менга нечун оғримоқ бунда.
Бизнинг ҳаёт - тўшакли ётоқ - 
Қолмоқ икки лаб гирдобида.

Куйла! Бармоқларини ўйнар дам
Қўлларинг ҳар черткида инъом.
Мен тупурдим, дўстим, уларга,
Ўлим йўқдир менга ҳеч қачон!

*** *** ***
Кел, ёнимга ўлтир, дилрабо,
Кўзлар тўқнашувга мунтазир.
Бўрон куйин нигоҳлар аро
Тингламоқни истайман, ахир.

Куз фаслининг олтин ранглари,
Оқарган ҳар сочлари тарам -
Қутқарувга яралган каби
Бир ўйноқи юракка ҳамдам.

Ўлкам анча йироқда қолди,
Пичанлар тонг нурига тўлиб...
Ўзим истагандек ном олдим,
Шаҳарлик бир олифта бўлиб.

Ёз иссиғин сочган боғларда
Қурбақалар қўшиғин тинглаб,
Мен илк бор шеър ёзган чоғларни 
Ёдга олса бу девона қалб.

Деразадан жўка ва заранг
Буталари тинтир хонамни -
Ахтаради ўз юртин аранг
Эслай билган бирор одамни.

Ундайларни топмассиз излаб,
Борлари ҳам тупроққа дўнган.
Хочлари нур ила ялтираб
Гўё бизни чорлар меҳмонга.

Биз борамиз тутиб қўллардан,
Уйқуга кўз юмамиз бир-бир.
Фақат эркин, эгри йўлларда
Тириклар чин қувончга асир.

Кўзларингни кутар кўзларим,
Кел, ёнимда ўлтир, дилрабо.
Истаганим, бўрон куйларин
Тингламоқлик нигоҳлар аро.

*** *** ***
Мен ким? Улуғ орзу шайдоси,
Бахтсиз қўшиқ куйлагучи тор,
Ҳаёт йўлим ўтарман босиб,
Ўзгалардек бирма-бир, дилдор.

Бўса олмоқ эски одатим,
Лабларимни танир кўп жонон,
Ва, гўёки бир гулхан ёқиб,
Муҳаббатдан сўзлайман шодон:

"Бутун умр", "иккимиз", "жоним",
Туйғуларга узатсанг гар қўл,
Чин кўнгилдан севган инсонни,
Ҳақиқатни топмоқлик мушкул.

Оғир олмас буни юрагим,
Ўз ўтида куйдирмайди ғам,
Сен мен учун яралган қайин,
Тегишлисан ўзгаларга ҳам.

Ўзим учун излаб елкадош,
Чин оғриққа талпинганим он,
Жазманлардан қилмагайман рашк,
Қарғамасман сени ҳеч қачон.

Мен ким? Фақатгина орзуманд,
Бахтли қўшиқ излагучи тор,
Севган эдим, ахир, сени ҳам,
Ўзгаларни севгандек, дилдор.

*** *** ***
Порла, менинг юлдузим, юксак,
Совуқ нурлар таратиб кўкдан.
Қабр панжараси ортидан
Садо бермас ҳеч тирик юрак.

Август туни товланиб, жавдар,
Ҳам тўлдириб дала бағрини.
Учиб кетолмаган турналар
Чеккан оҳи ила оғриниб.

Бошгинамни тутганда баланд,
Дарахтларга, қирларга боқиб,
Ҳаёлимни бир куй этар банд
Ватан соғинчини уйғотиб.

Якунига умр эртагин,
Кўнгил сезар, қолди жуда кам.
Қабристон бағридан эртага
Жой топилиб қолар менга ҳам.

Сўнг юлдузим сўнар умрбод,
Юрак бўлар нимкала, ярим.
Қувноқ сўзлар билан этиб ёд,
Қабртоши қўяр дўстларим.

Лек, ўзимни таърифлаб дердим
Тобутим-ла тўлар бўлса гўр:
Ўз юртини у севган эди
Майхонани севгандек майхўр.

*** *** ***
Сенга боқиб дард туйар кўнгил,
Қандай оғриқ, қандай изтироб.
Сарғайган тол шох-шаббаси, бил,
Иккимиз-чун қилмоқда хитоб.

Олиб кетар бегона лаблар
Танинг узра чатнаган ўтни.
Шундан гўё юракка қадар
Ўлик ҳислар томчилаб ўтди.

Нима бўпти! Қўрқувдан нари,
Қўнди ўзга бахт қуши бошга.
Ахир, ортиқ ҳеч не қолмади
Кузги ҳазонрезгидан бошқа.

Қувонч сари узатмоққа қўл,
Аямадим ўзимни ҳатто.
Ҳаддан зиёд босиб ўтдик йўл,
Ҳар қадами лиқ тўла хато.

Ҳаёт тартибсиз ва беадоғ,
Шундай бўлар бундан кейин ҳам.
Қабрлар қад кўтарган бир боғ,
Қайинзор сингари муҳташам.

Шу боғ узра дод солиб, гуллаб,
Сўладирмиз эртами ё кеч.
Қиш фаслида унмайди гуллар,
Қайғурмагин улар учун ҳеч.