Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Автобус


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Қисқа Йўл қишлоғига фақатгина автобус қатнайди, таксиларга ҳожат йўқ ҳам аслида. Шаҳардан қишлоққа, қишлоқдан шаҳарга борадиганлар учун шу битта автобус етиб ортади. 
Умрқул билан хотини ҳам шу автобусга чиқишди. Жой муаммоси бўлмади, одам кам бўлгани учун ҳамма бемалол ўриндиқларда ўтирибди. Умрқул хотини билан ўнг тарафдаги қўш ўриндиққа чукди. Хотини дераза ёнига ўтирмоқчи эди, мен ўтираман, деб унинг ўзи ўтиб олди. У бу ерга ташқарини томоша қилиш учун эмас, аслида, деразага суяниб ухлаб кетиш учун ўтирди. Хотини эса, "Эркак бўла туриб хотинингизни бегона одамлар тарафга ўтқазиб қўйдингизми, ўргулдим..." дегандек эрига танали қараб қўйиб, сумкасини иккаласининг ўртасига зарда билан қўйди.
Йўл олис, нақ уч соат юришади ҳали. Бундай пайтда албатта, бирорта суҳбатдош бўлмаса одам зерикиб қолади. Бир томондан Зайнабнинг бу тарафга жойлашгани ҳам яхши бўлибди, бошига шарф - рўмол ўраб олиб, сочини орқасига ташлаб олган ёшгина келинчак билан гурунглашиб борди. 
- Сиз шаҳарга келин бўлганмисиз-а?
- Ҳа, шаҳарга... Ўзингизчи? Сиз лекин бу тарафларнинг кишисига ўхшамайсиз.
- Менинг ҳужайним шу тарафданлар - "Қисқа Йўл"дан. Туман марказидан келин бўлиб тушганман ўзим.
- Бизнинг қишлоқ "Қисқа Йўл"дан сал бирироқда, Ўрта Тоғдан ўтгандан кейин.
- Тўғриси-и, бу ерларни яхши билмайман, келин бўлганимга икки йил бўлган бўлса, икки мартагина келганман, мана буниси учинчиси бўлади. - Зайнаб бу гапни айтганига бироз афсусланди. Чунки келин бўлиб туриб икки мартагина келган экан, меҳр - оқибати йўқ экан, деб ўйламасмикан деган хаёлга борди. Лекин ҳамсуҳбат келинчак бу нарсаларга эътибор бермади, шекилли, суҳбатни самимийгина уёқ - буёқдан давом эттирди... Кондуктор бола баланд овозда гапириб қолди.
- Акалар, опалар, тушадиган жойларингизни келган пайтда айтинглар. Ўтиб кетиб яна...  - деди. Умрқул пардани тортиб, қўлини қовуштирар экан хотинига:
- Қишлоққа етганда айт, ўтиб кетмайлик тағин. - деб қўйди.
- Қишлоқ менинг эсимда қолибдими? Бу кишининг ухлашини, қаерда уйқудан қолган экан. Мен билмайман, ўзингиз қараб кетинг. 
Йўл олис... Умрқул деразага суяниб ухларди, Зайнаб эса йўловчи хотинлар билан гурунглашиб борарди. Автобусдан манзилига етган йўловчилар тушиб қолишарди. Баъзилари " Йўлингиз бехатар бўлсин, оқ йўл!" деб тушиб кетса, баъзилар кондуктор болага пулни бериб индамай тушиб кетарди, яна кимлар йўл кирага тортишиб қолади. Унақаларга кондуктор бола билан ҳайдовчи ойна тепасига илинган ҳар бир бекат, масофа учун ёзилган нархларни хўноби ошиб кўрсатишарди. 
Кимнингдир боласи йиғлади. Бола овози автобусдаги бошқа одамларнинг чуғур-чуғур овозидан баланд бўлмаса-да Умрқулни сергаклантиб уйғотди. Бундай пайтда кишининг кўзини очиши жуда қийин бўлади, шунинг учун у кўзини очмай ётаверди. Бола овози тинди. Орага қанақадир камдан кам бўладиган сукут чукди. Умрқул қаерга келишганига қизиқди. Шу пайт кимдир сукутни бузди.
- Шофёр ака, бу қанақа тоғ?! - Шофёрнинг жавоб беришига қолдирмай бир одам жавоб берди.
- Бу-у Ўрта Тоғ бўлади.
Умрқул кўзини очиб атрофга қараш фикридан қайтди, чунки бу ерларни жуда яхши билади. Чап тарафда тоғ, ўнг тараф эса кенг даштлик. Бу даштлик на чўлга ўхшайди, на адирга. Учратадиган ҳайвонингиз ҳам фақатгина юмронқозиқ билан калтакесак, ҳар замонда оч қолган тулкилар айланиб туради. У бу жойлардан гўзаллик тополмаган. Балки, кўзини очганда даштлик бир йил ичида қанчалар ўзгариб кетганини кўрармиди. Ҳозир кенгликнинг бир тарафида бошоғи хамирга тўла бўғдой, бир тарафида ҳали ёш бўлгани учун мева тугмаган бўлса-да кўзга ташланиб қолган боғ. Бу жойларни обод қилиш учун оз - мунча ҳаракат бўлдими. Қарийб ўн беш километр масофадан ариқ тортиб келишди. Умрқул эса буларни кўрмади.
Автобусга бир - икки бекат масофага борадиган йўловчилар чиқиб, тушиб туришарди. Йўл четидаги кичкинагина бир бекатдан қари отахон чиқди. Ўрта ёшли бир киши шарт ўрнидан туриб отага жой берди.
- Келинг бува, ўтиринг. - деб жилмайиб қўйди. Отахон ҳам раҳмат айтиб, жой берган кишига ўзгача меҳр, иззат билан бироз қараб турди-да ёнидаги кишилар билан суҳбатлаша кетди. Икки бекатдан кейин қари киши тушиб қолди.
- Келинг, жойингизга ўтиринг энди. - деди отахонга жой берган одамга йўловчилардан бири. Қари одамни ҳурмат қилиб жой берган одам ҳам жилмайиб қўйди-да ўз жойига ўтирди. 
Йўл олис... Шафақ қизариб кун бота бошлади. Шу маҳалда одамлар нимагадир жим, сокин бўлиб қолишади. Автобусдаги одамлар ҳам шундай бўлиб қолишди.
Умрқул эринибгина зўрға кўзини очди, атрофга қаради. " Ия, ўтиб кетибмиз, шекилли. Бу қишлоқни олдин ҳеч кўрмагандим" деб ўйлади. Кондуктор боланинг овози эшитилди.
- Мана етиб келдик. Қани эди тушамиз, йўл кирани қўлингизга тайёрлаб келинг. 
Умрқул нима қилишини билмай жойида ўтирганича атрофга қарарди. Хотини ҳам ўтиб кетишганини сезиб, эрига қўрқиб ҳам, бир чора истаб ҳам боқарди. Охири Умрқул хотинига бақирди.
- Мен сенга айтдим, ўзбек. Ўтиб кетмайлик дедим, қараб тур дедим...
- Нима, энди мен айбдор бўлдимми?! Билмайман қишлоқни дедим-ку сизга. - Зайнабнинг кўзида ёш айланди.
Эр - хотин бир - бирига зарда билан автобусдан тушди. Кун кеч бўлганди, осмонда яккаш бўлиб бир - иккита юлдуз чиқа бошлаган. Зайнаб йўл тўсиғининг ёнига бориб турди, Умрқул эса шофёр олдига бориб йўл - йўриқ сўрарди. У нималарнидир куйиниб гапирарди, шофёр эса бошини сарак - сарак қилиб, ортга қайтишнинг иложи йўқлигини, кеч бўлганда бунақа йўлдан ҳеч қандай улов юрмаслигини тушунтирарди. Етмаганига бугун шанба эртага шаҳар тарафга автобус ҳам, енгил машина ҳам бормайди. 
Қор ёғиб бошлади. Зайнаб автобусчи билан гаплашаётган эрига берироқда қараб турар экан, эрининг сочига анча - мунча қор қуниб қолганини кўрди.