Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Башорат Отажонова таржималари (назм)


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

УЗУК

Недир тилла узукнинг сири? 
Табассум-ла сўради ул қиз:
Бармоғимни ўраб-чирмаган
Тилла узук сирин биласиз?

Недир тилла узукнинг сири,
Юзи нурдан порлагай мудом?
«Хушбахтлик ва умр узуги!»
Ҳайратланиб сўз қотди одам.

Қутладилар: «Ў, қуллуқ бўлсин!"
Қиз хўрсинди: Нақадар мубҳам,
Бу узукнинг моҳиятига
Юрагимда бордир шак-шубҳа.

Йиллар кечди.
Бир кеча ногоҳ
Термулди ул узукка аёл
Ялтираган нақшларида
Бори умри бўлганди увол.

Аёл ғамгин, нола қилди: «Вой...»
Ҳалқаланди кўзида ҳузун.
«Юзи нурдан порламай ўлсин»
Қулликдир, оҳ, қулликдир узук.

***
Қизил гул
Қизил гул
Қизил гул

Ул мени қизил гул боғига элтди,
Тўзғиган сочимга тақди қизил гул
зулмат қучоғида...
Гул япроғида 
мен билан ётди...

Эй, шол кабутарлар!
Эй,  гўл оғочлар -
ўсишдан тўхтаган - бокира ҳануз.
Эй, кўр деразалар!
Кўксим остида 
бир гул улғаймоқда 
дақиқа сайин.

Ва бош кўтармоқда ул қирмизи гул
ичимда қип-қизил байроқ сингари.

Оҳ, мен oғироёқ,
Оғироёқман!

***
кўнглимга қил сиғмас
кўнглимга қил сиғмас

айвонга чиқаман
бармоқларим-ла
силайман кечанинг
таранг вужудин

алоқа нурлари порламас
алоқа нурлари порламас

мени қуёш билан
таништирмаслар
элтмаслар
чумчуқлар зиёфатига

парвозни эслаб қол
қуш эса ўлар

Муаллиф: Фўруғ Фаррухзод

*** *** ***

Ўтмагил тушларим йўлагидан ҳам
ва яна ёдимга солма ўзингни.
Ўтмишда қолгансан:
орқа кўчада 
отамдан беркиниб чеккан сигорнинг
лаззати каби.
Вақт орқага қайтмас.
Агар қайтса ҳам
на у шаҳар бордир,
на кўча, отам...

***
Умид — яхши нарса
cўнгги чақа каби,
cўнгги чипта каби,
cўнгги ўқ каби,
cўнгги кема каби.
Сўнгги чақа ғурурингнинг синишига йўл қўймас.
Қўналғадан қайтсанг, умидсиз қўймас сўнгги чипта.
Сўнгги ўқ аскарнинг асир тушишига қолдирмас имкон.
Умидвор фақат камбағал эмас…
Ҳамиша бир нарса ёдимдан чиқар —
бу гал ҳам унутдим сўнгги кема ҳақда айтишни:
Сўнгги кема ўзи келмаса ҳам
унутишга қўймас денгизнинг номин.

***
Сен ҳаммадан кўпроқ 
ойни севасан
У сени ёдимга солар
ҳар оқшом.
Унутмоқ истайман.
Аммо бу Ойни
артиб бўлмас 
ҳеч бир дастрўмол билан
деразалардан. 

***
Мен ханда отмасман бугундан бошлаб,
Ортиқ сўзламасман баланд овозда.
Ҳатто тингламасман
шамолнинг,
дарёнинг, 
қушнинг
ва Паваротти* овозин.
Оёғим учида юраман
Ва яшай бошлайман шовқин кўтармай...
Сен менда уйқуга кетгансан...

*Лучано Паваротти — италиялик опера қўшиқчиси.

Муаллиф: Расул Юнон

*** *** ***

ЯШИЛДАН ЯШИЛГА

Мен бу зимистонда
Бир ойдин қўзичоқ ҳақда ўйлайман:
келиб, чарчоғимнинг майсасин есин.

Мен бу зимистонда
узалган билакларимни
ёмғирнинг остида кўраман:
башарнинг илк дуолари
ҳўл бўлган.

Мен бу зимистонда
эшик очдим кўҳна чаманзорларга,
тилларангларга -
деворида асотирлар томоша қилдик.

Мен бу зимистонда
илдизлар кўрдим:
ўлим буталарига англатдим сувнинг маъносин.

***
Мовий тортар осмон.
Мовий тортар сув.
Мен айвонда, 
Раъно эса ҳовуз бошида.

Кир ювмоқда Раъно.
Япроқлар тўкилар.
Бир тонг онам айтди: 
«Бу - ҳазин мавсуму».
Унга жавоб бердим: 
«Ҳаёт - олма,
пўсти билан тишламак лозим!»
Қўшни аёл уйин деразасида
тўр тўқир,
шеър ўқир.
Мен «Веда» ўқийман.
Гоҳ чизаман тошнинг,
қушнинг,
булутнинг расмин.
Бир ҳовуч Қуёш. 
Чуғурчуқлар учиб келишган.
Лодангуллар эндигина кўриниш берган.
Анор доналаркан,
Мен қалбимга бераман дакки:
Кўриш мумкин бўлса
одамлар қалбининг доналарин ҳам -
қандай соз бўларди.
Анор суви сачрар кўзимга,
Кўзим ёшланади.
Онам кулар,
Раъно ҳам.

Муаллиф: Суҳроб Сипеҳрий