Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Ёмғир йиғламайди


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Собир ўзи болаликдан камгап, тортинчоқ эди. Табиат товушларини эшитишга иштиёқи баланд, гоҳи ўзи билан ўзи сўзлашар, гоҳи қушлар суҳбатини тингларди. Қалби меҳр-шавқат, эзгуликка лиммо-лим ўсди.
Бироқ ҳақиқий ҳаёт бироз ўзгача. У вақти келса, раҳм қилмайди, оч йиртқич каби суйган нарсаларингга чанг солади... Энди бора-бора Собирнинг ҳамма нарсадан кўнгли совиб бормоқда. Ҳар гал ёға бошлаганида дераза тагига ўриндиқ қўйиб олиб, томоша қиладигани – ёмғирни ёмон кўриб қолган. Ёмғирнинг дераза кўзларини ёшлаб, чак-чак товуш чиқарганида юракни эзиб сел қилиб юборадиган ҳазин қўшиғини тинглашга энди тоқати йўқ. Осмон қовоғини уюб, булутлар тўп-тўп бўлиб, лашкар тортиб келаётган душман каби юришни бошладими, диққинафас хонасига киради-да, кўрпани бошигача ўраб олади. Дунёни сув босса, менга нима ғам, бутун олам билан мени нима ишим бор, деяётгандек. Ёмғир эса ўз ҳолига қўймайди, гўёки, аразлашиб қолганида, эшикдан қувиб солса, деразадан тақиллатиб келадиган болаликдаги ўртоғи Тоҳирга ўхшайди. “Тук тук тук тук...” 
Деразани кимдир чертдими? 
– Собиржон, овқатга чиқ, – дераза ортидан онасининг алам ва ўкинчга тўла, хафақон овози эшитилди. 
“Онаси ундан росмана ранжиган. Буни овқатга мажбурликдан, зўрма зўраки чақираётганидан ҳам билса бўлади. Ўйлаб қарасанг, у бечорага ҳам қийин. Нима қилсин, ахир? Собир ёлғиз ўғил, ота онасининг кўрар кўзи, оқи қораси... Ўғли бу дунёдан зурриёд қолдирмай ўтиб кетса, ортида бир из қолмаса... қай она чидайди? Лекин, Худо бераридан қисган бўлса ёмон экан...
Неча кунки, Собирнинг боши қотган. Нима қилишини билмай ҳайрон. Яна бир бечоранинг умрини хазон этишга қўли бормайди. Ким билсин, балки айб ўзидадир. Доктор айтганидек, ҳаммаси Худодан, кутишдан бошқа илож йўқ. Эҳтимол, бу қайсидир хатоси учун берилган синов! Қайси бир гуноҳи учун жазо!” Чўзиб уффлади...  Зора енгил тортса, йўқ бўлмади. Кўрпани улоқтиргач, туриб ўтирди. 

Ёмғир майдалаб ёғарди, шиғалаб ёғарди, кечалари унсиз йиғлаб чиқадиган хотини Фаридага ўхшарди бу ёмғир дегани. Кўзлари жиқ тўла ёшу, табассум қилмоқчи бўлади, ўзи йиғлаб туриб далда беради. Собир унга қараб, баттар эзилиб кетади, унинг қоп-қора, чақнаб тургувчи кўзларида сира ёш кўргиси келмайди... Аламиданми, ғазабиданми, унга қўшиб ёмғирни ҳам сўкади. 
– Бунча йиғлайсан? Онасини эмсин...
У яна ҳиқиллайди. Собир уффлайди, сўнг кўрпани бошигача ўраб олади. 

Собир ташқариладию ошхона томон айвон чети бўйлаб юриб кетди. Бироқ барибир, ёмғирдан пана бўлолмади, сочларига ёғди, юз-кўзларига томчилади. Кафти билан ёмғир томчиларини сидириб ташлади, юз-кўзини тезгина артиб олди. 
Ёмғир остида сайр қилишнинг бир яхши томони бор. Ёмғир юз-кўзларингни ювиб, йиғлаётган бўлсанг агар, билинмайди. Собир болаликдан ўзи шунақа кўнгли бўш. 

Ошхонага киргач, сўрига кўтарилиб, хонтахта ёнига чўкди. Отаси овқатланиб ўтирарди. 
– Гаплашдингми? Қачон олиб келасан? – сўради илҳақ.
– Билмасам..., – деди Собир ланжлик билан.
– Нимани билмайсан? Эртагаёқ бориб олиб кел, – деди отаси шу билан масалага нуқта қўйгандек. 
Собир онасига қаради. Эҳтимол, унинг фикрини ҳам билмоқчи бўлди. Онасининг қовоғи солиқ, жим ўтирарди. Бир сўз демаса-да, туришидан маълум, “яна қанча кутамиз? Бўлди-да, сабрнинг ҳам чегараси бор” деяётгандек хўмраяди. Собир овқатни иштаҳасизлик билан чайнаркан, аро йўлда қолган одамдек тоқатсизланарди. 

Аслида бошидан хато қилди. Барисига ўзи сабабчи. Биринчи турмушига онаси қарши бўлмаганди. Қўшниларга суюнчиларкан, “Анчадан бери яхши кўришиб юрар экан, ...”, деб қўярди. Эҳтимол, аччиқ устида уйланаётганини онаси чиндан сезмагандир...
Ўшанда, қадрдони, дўсти деб юргани Тоҳир номардлик қилди. У Собирнинг Севарани яхши кўришини биларди. Гоҳи урушиб қолганларида маслаҳат сўраган, дўст бўлиб йўл-йўриқ кўрсатган. Бироқ кейин нега айниб қолди экан? Ҳар гал ёдига тушганида, шу савол қийнайди... Бошқа биров шундай қилганида, эҳтимол, бу қадар таъсир этмасди, бу қадар азобламасди... 
Аблаҳ дўст душмандан ёмон, не ҳийла билса, ишлатар осон. Бежиз айтилмаган. Яна ўша кун, Тоҳирнинг ўзи тан олди-я. 
– Онам кўриб ёқтириб қолибди, менга айтмабди...
Наҳот бунинг ёлғонлигини Собир билмаса... Тоҳир онасининг эркатойи, онаси ҳар қадамини у билан бамаслаҳат қилади... Онасини Севараларникига юборган ҳам ўзи-ку...
Тоҳирнинг отаси савдогар, онаси тиллафуруш. Отаси “институтга кирсанг, машина, уй олиб бераман, шаҳарда яшайсан”, деган. Битирув оқшомида ҳам атай Севаранинг олдида отасининг гапларини такрорлаганди...
Аслида, Севаранинг ота-онаси тўғри қилишди. Қизим қишлоқда мол боқиб юрмайди, дейишди. Собирга тегиб, нима кўрарди? Ҳар куни чангга ботиб кўча супурарди, қўллари шилиниб ўт юларди, товони ёрилиб далада ишларди... Хуллас, шу қишлоқда номи чиқмай ўтиб кетарди. Ахир, журналист бўлай деса, районда тузукроқ газета бўлмаса... 

– Ўғлим, балки, ўйлаб кўрарсан? – деди онаси отаси хонадан чиқиши биланоқ Собир томон сурилиб оларкан. – Даданг айтаверади, ҳаёт сеники, ахир сен тенгилар иккитадан болали бўлишди... – шундай деркан онасининг кўзидан ёшлар маржондек думалаб тушди. У йиғидан ўзини аранг тутиб турарди. 
– Ойи, мени қийнаманг, – Собир бошқа ҳеч нима демади.  
“Одамлар нима дейди? Хотин олиб хотин қўядиган лўттибоз демайдими?” кўнглидан ўтказган бу гапларини ўлақолса онасига айтолмайди. Бироқ онаси ҳам анойи эмас, Собир нима демоқчи эканини, шу бир оғиз жумладаноқ тушунади. 
Собир ўрнидан туриб ташқариларкан, онасининг ортидан ғамгин боқиб қолганини сездию, юраги эзилиб кетди. Рости, онасига раҳми келди. Бу ёқда ёмғир шивалайди. Гўё у ҳам Собирнинг пешонасидаги шўрини ювмоқчи бўлаётгандек. Эҳтимол, шу чоғда Севара ҳам ёмғирдан нафратланаётгандир... 
Бир пайтлар ёмғирни яхши кўрарди. Пахта теримидан қайтаётганларида ёмғир бошланиб қолиб, ҳамма уйига югурган, дала йўлида ёлғиз Севара иккиси қолганди. Ёмғир остида суҳбатлашиб боришаркан, ёмғир устиларидан челаклаб қуяр, бироқ иккиси ҳам парво қилмас, ёмғирни яхши кўришлари ҳақида гапиришарди. 
Ўшанда Севара шамоллаб қолиб, уч кун мактабга келмаганида Собир ўзини айбдор санаб шунча кун овқат емаганди. Севараларнинг кўчаси бошида кун ўтказаркан, ҳатто кучукларни ўзидан бахтлироқ санаган, қушлар ўрнида бўлиб қолгиси келганди. Кейин Севара иккиси нигоҳлари билан сўзлашадиган бўлди. Собир биринчи севги мактубини ўнинчи синфда ёзган, бироқ Севарага бермаганди. У билан ҳануз дўстдек муомала қилар, гоҳо уришиб, гоҳо талашишарди. Бироқ Собир Севарани яхши кўришини Тоҳирга айтиб бекор қилганини кейин тушунди. 
Севарадан айрилгач, қасдма-қасд дугонасига уйланиб нима қиларди? Шуниси хато бўлди. Тўғри, тўй ташвишлари билан овунди, сўнг оила давраси озроқ таскин берди. Бироқ қуш уяси каби омонат қурилган бу турмуш узоққа бормади. Замира ишчан қиз эди, куни бўйи тиним билмасди, бироқ қўрс, қайсар эди. Онаси билан чиқишолмади. Аниқроғи, иккисининг табиати бир-бирига  мос келмади. 
Собир Замиранинг алоҳида яшаб кўриш ҳақидаги таклифини рад этди. Ахир ёлғиз ўғил, ота-онасини якка қолдириб қандай кетади? Одамлар нима дейди? Қолаверса, қорача, хунуккина қиз – Замирада кўнгли йўқ эди. Севаранинг яқин дугонаси бўлгани бахти, эҳтимол бахтсизлиги эди..? 
Агар фарзанд бўлганида, бир ришта каби орадаги муносабатлар мустаҳкамланарди. Бироқ, ҳаёт синовларга тўла экан. Бир йил ўтса ҳамки, ҳамон тирноққа зор эдилар. Онаси келинини қўлидан тутиб, кўрсатмаган доктори қолмади, табибма табиб судради. Ҳаммаси Худодан, дейишди... 
Шифокорлар тасаллисига овуниб, яна бир йил шамолга учди. Бу орада Замира ўнгланмади, борган сари жиззаки, сиркаси сув кўтармас бўлиб борарди. Бу ёқда онаси... ниҳоясиз жанжаллар... дўзаҳ азоби каби ўтган бир йил... Охири онаси чидолмади, Замиранинг уйидагиларини чақиртирди. “Эҳтимол ёшларнинг юлдузи юлдузига тўғри келмагандир. Иккиси ҳам ҳаётини бошқаси билан боғлаб кўргани маъқулдир...” Замира тақдирга тан берганди. 
Шу орада Тоҳирнинг хотинбоз экани ошкор бўлиб, қишлоқда дув-дув гап оралади. Севара чақалоғи билан қайтиб келганмиш. Собир рости Севарадан умид қилди, “болаликдаги Севара”га ишониб ажримга рози бўлди. 
Бироқ... Эҳҳ... Бу ёмғир дегани бунча изиллайди... Собир деразани чертаётган ёмғирга чалғиб, яна ўша эски ҳаёллар дераза оша кириб келганини пайқамай қолганди. Ўйламай илож қанча...
“Севара нега рози бўлмади экан?” 
Ўша болаликдагидек қўшни болачадан хат киритди. 
“Севара, дўстинг келди. Гаплашиб оламизми?” 
У чиқмади, “Севара ўлган, уни унутсин”, деди. 
Орадан ойлар ўтарди. Қўшни аёллардан тортинибми, негадир Севара кўчага ҳам чиқмасди. Кейин эса қайси бир кун ўша хотинбоз эри келиб олиб кетди. 
Шу орада Собирни онаси қўшни қишлоқдан Фариданинг дарагини топди. Фарида очиқ юз, киришимли, чиройли қиз эди. Юзларида болаларча беғуборлик акс этар, булоқ суви каби масъум нигоҳлари кишини бефарқ қолдирмасди. Собир энди уйланмайман, деб қарор берганди. Бироқ, Фарида билан кўришдию қарорини унутди. Қолаверса, бу дунёда одам ҳатто ўз ҳаётига ўзи эгалик қилолмас экан... 
Фарида янги оиласига тез кўникди. Энг муҳими, қайнона-келин тил топишиб кетишди. У ширин гапирарди... Собир ҳам эҳтимол, соатлаб унинг ширин сўзларини тинглаб ўтиришни яхши кўрарди. Балки, ҳақиқий муҳаббатини энди топгандир, бироқ... Фариданинг она бўлгиси келиб, гоҳи маюс тортиб қолади. Собир эса эндигина топган бахтини йўқотиб қўйишдан қўрқади.

Оғир сукунатни бузиб телефон жиринглади. 
“Оббо” Собир озорланиб, сал нарида, стол устида турган телефонга қўл чўзди. 
– Алло? 
– Ассалому алайкум. Шодлик мед клиникасидан, анализ жавоблари чиқди. Келиб олиб кетасизми?
Ўтган ҳафта Фаридани олиб шаҳарга, анализ топширишга борганди. Манзилдан адашишмаганида, Тоҳирга телефон қилиб ўтирмасди ҳам... Тоҳир кеч қолсанг, бизникига ўтавер, деди, бироқ Собирнинг оёғи тортмади. Қолаверса, Севара билан юзлашишдан тортинди...
 – Натижани билмоқчи эдим. Телефонда айтаоласизми?
– Ҳеч қандай касаллик аломати йўқ. Иккингизда ҳам бир ҳил натижа.
“Унда нега фарзандли бўлолмаяпмиз?” Бу саволнинг жавоби аниқ. “Худодан. Сабр қилинг, дейди.”
“Йўқ, бунақаси кетмайди. Бугуноқ бориб олиб келаман.” Собир ўрнидан турдию илдам ташқарилади. Ёмғир тинган, бироқ ҳали ҳамон қоп-қора булутлар тарқамаган, осмоннинг қовоғи солиқ эди. Ёмғир яна ёғиб қолса-чи? Соябон олмабману”, ўйладию  бироқ ортига қайтмади. Қуёш булутлар ортидан чиқишига умид қилди.
Йўл-йўлакай ўз хаёллари билан кетиб бораркан, Севараларнинг дарвозаси олдида тўхтаб турган таксига эътибор қилмади. Севара ҳам Собир томон қарамади, кўкарган юзини рўмолининг бир чети билан тўсганча, боласини етаклаб кириб кетди.