Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Фотограф


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Муаллиф:Баҳром Содиқий (Эрон)
Башорат Отажонова таржимаси


- Худди шундай. Бошингизни бироз кўтаринг. Қошларингизни чимирманг. Кўзларингизни камерадан олманг. Учгача санайман. Диққат! Қимирламанг, йўқса расмингиз яхши чиқмайди. Қани! Бир, икки, уч... 
У икки кундан сўнг фотостудиядан расмларни олиш учун зиналардан кўтарилди. Кафтида фотограф берган чекни сиқимлаб олганди. У икки кун аввал фотограф билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни эслади:
– Оғо, исмингиз?
У исмини айтди.
– Қандай бўлиши керак расм?
–  Хужжат учун.
– Эртадан кейин кечқурун тайёр бўлади. Соат саккизда...
Эшикни очишдан олдин соатга қаради: саккиздан ўтибди. Ўзига ўзи минғирлади: Аллақачон тайёр бўлган! 
Столда ўтирган фотографнинг шогирди уни кўриб ўрнидан турди, саломига алик оларкан фотографнинг жойига ишора қилди:
– Ўзлари йўқ, шекилли?
–  Ҳа... Йўқ, йўқ... Шу ерда эди.
– Бу чек...
Чўнтагидан чиқариб стол устига қўйди. Шогирд чекни ўқиди ва боши билан тасдиқ ишорасини қилди:
– Ҳа, оғо, бугунга... бироқ бироз кутишингизга тўғри келади... Хозир келиб қолади.
“Бизнинг ҳам ишимиз бор” деб жавоб бермоқчи бўлди, бироқ шунчаки: “ишимиз” деди холос. Сўнг стулга чўкди. Шогирд унинг ишларини ташлаб расмларни олиш учун келганини, бироқ расмлар тайёр бўлмагани учун норози бўлаётганини сезиб турарди, бироқ нима ҳам қила оларди? Бошқа иш билан машғул бўлишни афзал кўрди. Бир альбомни варақлай бошлади. У такрор сўради:
– Келмайдими?
– Нега келмас экан?
У деворга илинган расмларни томоша қила бошлади. Фотограф ўн беш дақиқаларда келди. Келар-келмас гапга тушиб кетди:
– Оғо, хуш келибсиз!
Шогирдига қараб:
– Оғомнинг келганига кўп бўлдими?
У ўрнидан туриб, столнинг ёнига келди. Икки қўлини столга тиради. Фотограф расмларни келтирди. “Қарайлик-чи, мана шуми? Ҳа, ҳудди ўзингиз!”
У қўлини чўзиб расмларни олди. Бир муддат қараб тургач:
– Булар эмас. Янглишяпсиз, – деди.
– Қанақасига? Нима дедингиз?
– Янглишяпсиз, – дедим. – Менинг мўйловим йўқ. Расмдаги одамда эса мўйлов бор.... яна мен шапка киймайман!
Фотограф шошилиб расмларни олди. Бир расмга, бир унга синчиклаб қаради:
– Ғалати... Лекин сизга жуда ўхшайди.
– Ўхшайди? Билмадим, қаери ўхшайди? Тушунмаяпман.
Фотограф нима қилишини билмай қолди. Шогирди бироз аввал ташқарига чиққанди (аслида у ҳам нима қилишини билмай жуфтакни ростламоқчи бўлиб турганди).

Ичкарига, устахонага кириб бир даста расм олиб чиқиб столга қўйди. Уларни кўздан кечираркан эшитилар-эшитилмас:
– Булар эмас... - деди.
Бу бир қизнинг расми эди.
– Бу ҳам эмас...
Аёлнинг расмини кўрсатди.
– Бу ҳам...
Бу бир боланинг расми эди.
– Ие, буниси сизга жуда ўхшайди. Шапкаси йўқ, бироқ мўйлови бор экан.
У расмга эгилди.
– Кўрай-чи?  Шапкаси ҳам йўқ...– давом этди у. – Бироқ, бу сизга ўхшайди, деганингиз нимаси? Мен қаердан биламан бу мен эканимни? Ахир мен расмимни кўрмаганман-ку! 
Қандайлигим ҳам эсимда йўқ. Устахонангиздаги расмлар адашиб кетмаслиги учун уларни рақамламайсизми? 
– Ҳа, ҳа-а... Рақамлаймиз, тартиблаймиз. Бироқ ҳар хил одам бор. Шогирдим ҳаммасини аралаш-қуралаш қилиб юборибди. Қаранг, мана, уч гуруҳ расм бор. Ҳаммасининг устида сизнинг квитанциянгизнинг рақами бор. Келиб-келиб, қариганимизда шогирд олганимизни қаранг... Ҳеч бир ишни илиб ололмайди. 
– Хўп, яхши, бизнинг ишимиз нима бўлади? Оғо, қачонгача кутишим керак?
Фотограф расмларни яна кўздан кечира бошлади.
– Бу ҳам эмас!
Тарихий бинонинг расми эди.
– Ҳа, мана, худди шу сизнинг расмиингиз!
У фотографга шу заҳоти бақириб кетди:
– Қанақасига мен бу? Менга ҳеч ўхшаш жойи йўқ. Менинг нимчам бошқача бичимда-ку?!
Фотограф ўтирди. Эси чиқиб кетай деди. Тилга кирди:
– Буниси мени қизиқтирмайди. Балки ўша куни шунақадир, бугун бошқа нимча кийгандирсиз?
– Бўлиши мумкин эмас.
Фотограф яна ўрнидан турди. Елкаларини керди. 
– Бу ерда бошқа расм йўқ. Шулардан бири бўлиши керак!
У тишларини сиқди. Сўнгра бироз шаштидан тушиб:
– Булар менинг расмим эмас. Олти дона ҳужжатга, бир дона конверт катталигида... Пулиниям олдингиз... Расмларни эса бермаяпсиз, – деди.
Фотограф уч даста расмни унинг ёнига сурди. 
– Ҳаммаси сизга... Совға... Асабийлашишингизга арзимайди. Худо хаққи, ишонинг, мен ҳам тушунмаяпман. Ҳар учаласи ҳам сизга ўхшайди. Сизнинг расмингиз булар. Биттаси мўйловли ва шапкали, биттаси мўйловли, лекин шапкасиз... Яна бири эса ҳам мўйловсиз, ҳам шапкасиз. Қайси бирига юрагингиз жиз этса, олинг.
– Юрагим жиз этганини? Истаганимни олай? Истаганимними? Жаноб! Муҳтарам фотограф ҳазратлари! Ёки сенинг ақлинг ноқис ёки мен билан жанжаллашмоқчисан. Дунёнинг қаерида кўргансан бир одам расмга тушиб, уни олишга келганида уч хил расмни кўрсатиб, қайси бири ёқди, танланг, деганини?
– Аввалги кун расмга олганингда кўрмидинг, ука! Кўрмадингми? На мўйловим бор эди, на шапкам, на-да нимчам бу бичимда эди.
Фотографнинг ҳам сабри тошиш арафасида эди. Қўлларини қовуштирди. Ўзини ҳимоя қилишга ўтди. Ҳурмат билан сўзларни дона-дона қилиб гапира бошлади:
– Буларнинг барчаси мантиқли гаплар... Мен ҳам қабул қиламан... Ишонинг, буларнинг барчаси менинг аҳмоқ, мияси айниган шогирдим туфайли... расмларни чалкаш-чулкаш қилиб юборибди.

Акс ҳолда келган заҳотингиз  суратларингизни қўлингизга тутқазардим. Шунча овора бўлмасдик, асабларимиз ҳам бузилмасди. Бироқ мени ҳайрон қолдираётгани қандай қилиб учала расмнинг ҳам сизга ўхшаши. Булар сизми ёки сизга шу қадар ўхшаш бировми? Билмадим. Ҳақиқий расмингиз қаерга кетганига ҳам ақлим етмаяпти. Сиз хам ўз қиёфангизни танимаяпсиз-да?!
- Сиз танимасангиз мен қаердан таний?
- Нега танимайман? Қани, менинг расмларимдан бирини кўрсатинг, қачон туширилган бўлсаям, шу заҳоти бу менми-менмасми, айтаман.  Ғалати гапларни гапирасиз-ей... Ҳайрон қолдиряпсиз одамни.
- Ҳайрон бўляпсанми? Дунёнинг қаерида инсонлар ўз суратларини таниши шарт деган қонун бор? Сен фотографсан, ишинг шу. Қайси товуқ ўз тухумини таний олади? Халқни қандай алдамоқда булар... Уч- тўрт кун куттиришади, топган гаплари эса маълум.

Фотограф йиғламоқдан бери ҳолда эди. Чўнтагидан кўзгу чиқариб, унга узатди. «Мана, қаранг. Шундай қилган маъқул, тўғрими?»
У ойнага қаради. Сўнг қўлида ойна билан стулга ўтириб қолди. Лабларида аччиқ табассум ўйнади: "Оҳ, ўзимни кўрмаганимга йиллар бўлди... Қариб кетибман. Сочларим ҳам оқарибди. Аввалги менга ҳеч ўхшамаяпман. Пешанамга қачон бунча ажин тушиб улгурди? Қара, қара! 
Кўзгуни фотографга узатди. Бошини қўллари орасига олди. Чарчаб, ҳолдан тойган фотограф сўради:
- Ана, кўрдингизми?
У ўрнидан турди. Расмларни олиб, фотографнинг қўлига тутқазди. Фотограф:
- Ўтирсангиз бу суратларнинг эгалари келади. Қиёфадошларингиз билан танишиб қўйсангиз ёмон бўлмас... - деди.
У эшикка қараб юрди. «Буларнинг ҳеч қайсиси менинг суратим эмас. Суратимга нима бўлгани ҳам аниқ эмас. Балки расмга туширмагандирсиз?! 
У хонадан чиқар-чиқмас фотограф у ёқдан- бу ёққа юра бошлади: "Тавба, жинни бўлиб қоламан. Одам қанақасига ўзини танимаслиги мумкин? Бу расмларнинг ҳаммаси унга ўхшаш бўлса... Нақ деразадан ўзимни ташлайман-а...
Ичкарига кирган шогирд деди:
- Суратларини берводингизми? У рўпарадаги расмхонага кириб кетди.