Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Мандаринлар


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Муаллиф: Рюноскэ Акутагава
Рус тилидан Одинахон Абдураҳимова таржимаси


Қахратон қишнинг тунд оқшоми эди. Мен Екосука-Токио йўналишидаги поезднинг иккинчи синф вагони бурчагида унинг жўнашини кутиб паришон ўтирардим. Вагонларда аллақачон электр чироқлар ёқилган, бироқ нима учундир мендан бошқа йўловчи йўқ. Ташқарида, ним қоронғу платформада ҳам бугун негадир ҳеч ким, ҳатто кузатувчилар ҳам кўринмас, фақат аҳён-аҳёнда қафасдаги кучук аянчли акиллаб қўярди. Буларнинг барчаси ажабтовур тарзда менинг айни дамдаги кайфиятим билан уйғунлашиб кетган. Шууримда ҳудди қовоқ уйган қорли осмондек таърифлаб бўлмас хорғинлик ва ғам-ғуссанинг хира кўланкаси кезарди. Мен қўлларимни палтоим чўнтагига тиқиб, ундан чиқиб турган кечки газетани ўқишни ҳам истамай, жим ўтирардим. 
Ниҳоят, гудок чалинди. Мен бир оз енгил тортиб, бошимни ойна ромига суяганча, вокзалнинг кўз ўнгимда аста-секин ортга чекинишини кутдим. Лекин шу пайт платформадаги турникет томондан гэтанинг қаттиқ тарақлаши эшитилди ва ортидан кондукторнинг ғазабнок бақириғи янгради; мен ўтирган вагон эшиги тарақлаб очилиб, ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги бир қиз халлослаб кириб келди. Ва шу сонияда поезд бир силкинди-ю, аста жойидан қўзғолди. Далаларни бирин-кетин бўлаклаётган платформа симёғочлари, кимдир ташлаб кетган-у, унутиб қолдирган сув бочкали  арава, поезддаги кимгадир эгилиб таъзим қилаётган аравакаш – буларнинг барчаси паға-паға бўлиб ойнани қоплаётган тутун орасида истар-истамай ортда қоларди. Ниҳоят, эркин нафас олиб, тамаки чека бошладим ва шундагина осилган қовоқларимни кўтариб, рўпарамда ўтирган қизча юзига назар солдим. 
У чинакам қишлоқ қизи эди: мойланмаган*, қуруқ, ола-була сочлари оддий япон турмаги билан йиғилган, ёрилиб кетган юзлари сополдек қип-қизил, кишида ёқимсиз таассурот уйғотарди. Тиззасида тугун, исқирт, зангори жун шарф пала-партиш осилиб ётар,  музлаб қолган қўллари билан учинчи синф вагонига тегишли бўлган қизил чиптани авайлаб ушлаб олганди. Менга бу қизнинг қишлоқи қиёфаси сира ёқмади. Бундан ташқари, унинг яғир кийимлари таъбимни хира қилди, иккинчи синф билан учинчи синф вагонлари орасидаги фарқни англолмайдиган даражада ахмоқ эканлиги эса асабимни бузди. Шунинг учун тамакимни тутатганча унинг борлиги ҳақида унутишга қарор қилиб, ноилож газетага юз бурдим. Баногоҳ, ойнадан таралаётган ёруғлик газета саҳифаларига тўкилар экан, электр нурларига айланиб, ундаги беҳисоб белгилар равшан кўрина бошлади. Чамамда, поезд Екосука линиясининг кўплаб ер ости йўлларидан биринчисига кирди чоғи. 
Бироқ ёрқин саҳифаларга қанчалик кўз югуртирмай, дунёда содир бўлаётган барча воқеалар сийқаси чиққан оддий сафсаталардек менинг ғуссамни аритмасди. Тинчлик масалалари, янги турмуш қурганлар, яна янги турмуш қурганлар, мансабдор шахсларнинг порахўрлиги, ўлим ҳақидаги эълонлар... Ғалати хаёллар оғушига чўмдим, туннелга кирган поезд бирдан тескари ҳаракатланаётгандек туюлди ва мен ўзим сезмаган ҳолда нигоҳимни бир белгидан бошқасига кўчира бошладим. Аммо бу вақт давомида қаршимда ўтирган тирик одамзоднинг чиркин вакили бўлган мана бу қизчани бирор дақиқа бўлса-да, хаёлимдан қуволмадим.  Ер остидаги поезд, қишлоқи қиз ва бир чақага қиммат мақолалар билан тўлиб-тошган ушбу газета – нима булар, тушунарсиз, разил, зерикарли инсоният ҳаёти белгилари эмасми? Охиригача ўқиб тамомламаган газетани улоқтириб, менга маънисиз кўринган барча нарсадан кўз юмдим ва бошимни ойнага тираган кўйи жонсиздек ўзимни уйқуга солдим.
Бир неча дақиқа ўтди. Бехос нимадандир чўчиб кетиб, норози ўгирилсам, қиз сездирмасдан жойини тарк этган, қаршисидаги ўриндиққа ўтиб, ёнимга туриб олган ва ойнани зўр бериб очишга тиришаётган экан. Маҳкам беркитилган ойна роми эса қилт этмасди. Унинг тўрлашган юзлари янаям қизариб  кетган, ойна олдида типирчилаб, энтикиб нафас олаётгани ва гоҳ-гоҳ бурнини тортаётганини эшитдим. Лекин унинг бу ҳатти-ҳаракати менда ачиниш ҳиссини уйғотмади. Ҳар икки томондаги ойналардан қовжираган майсалар қоплаган қир-адирларнинг оқшом шуъласида йилтираб ўтаётганини кўриб поезднинг яна туннелга кираётганини осонгина англаш мумкин эди. Қизча эса нимага ойнани очишга ҳаракат қиляпти – тушунмадим ва буни фақат инжиқликка йўйдим. Шунинг учун қалбим тубидаги қаҳри қаттиқлик ила унга совуқ нигоҳ ташлаб, ойнани тимдалаётган муз қўлларини синдиргим келди. Унинг уринишлари омадсиз якунланишини истадим. Шу пайт поезд даҳшатли гумбурлаб туннелга ўзини урди ва шу заҳоти қизча бўшатишга интилаётган ойна роми ҳам тарақлаб очилиб кетди. Тўғри бурчакли ёриқдан қоп-қора, қуюқ, нафасни бўғадиган қурумли тутун ичкарига ёпирилиб, вагонни бурқсита бошлади. Мен ҳатто рўмолча билан юзимни ёпиб олишга ҳам улгурмай, тутунли тўлқин устимга сепилгандек, кўпдан буён қийнаб келаётган томоғим ғиппа бўғилиб қолди ва нафас ололмай йўталдим. Қиз эса менинг бу ҳолимга заррача ҳам эътибор бермай деразадан бошини чиқарди, сочларини тортқилаётган шамолга тутиб, олдинга – поезд йўлига боқди. Мен тутун аралаш электр ёғдусига бурканган қизга қарадим, агар шу лаҳзада ойна орти бирдан ёришиб, у ёқдан тоза тупроқ иси, пичан ва сув  ҳиди юзимга урилмаганда, ва ниҳоят, йўталим тўхтамаганда, шубҳасиз, бу нотаниш қизчанинг ушбу қилмиши учун қаттиқ дакки берган, ойнани эса яна ёпиб қўйган бўлардим. 
Поезд туннелдан равон сирғалиб чиқиб, ҳар икки томондан ён-бағирлари қуруқ ўт-ўланлар билан қопланган тоғлар бўғиб турувчи ғариб бир посёлкани кесиб ўта бошлади. Атроф-жавониб ифлос, бир-бирига уланиб кетган тиқилинч черепица ва похол томлар ҳамда шом қоронғусида янаям оқариб хилпираётган байроқчасини маъюс силкитиб қўйиши керак бўлган стрелкачи. Поезд туннелдан чиқиши билан шлагбаум ортидаги бўм-бўш ўтиш жойида ёнма-ён турган қизил юзли учта болакайга кўзим тушди. Уччовиям булутли осмон босиб қолгандек пак-пакана, эгнидаги кийимлари ҳам мана шу бадбин посёлка турқида эди. Улар ўтиб кетаётган поезддан кўз узмай,  бирданига баравар қўл кўтардилар ва қандайдир тушуниксиз ишоралар билан саломлашдилар. Шу дамда ғаройиб ҳодиса юз берди: белига довур ойнага тиралиб турган қиз музлаб қолган қўлларини чўзиб ўнга-чапга силкиди ва тўсатдан болаларга бир нечта олтин мандаринларни улоқтирди, шунда офтоб ярқ этиб, илиқ нур сочиб юборгандек юрагим орзиқиб кетди. Мен беихтиёр энтикиб юбордим. Ва шу ондаёқ ҳамасини тушундим. У, яъни мана бу қизча,  афтидан, ишга кетган, уни кутиб олиш учун поезд йўлига чиққан укаларига миннатдорлик тариқасида қўйнига яшириб олган мандаринларни ойнадан ташлаганди. 
Шом қўйнига ғарқ бўлаётган посёлкада қушлар каби қичқираётган уччала болакайлар, мандаринларда жилоланган ёғду  - буларнинг барчаси ойна ортида бир лаҳзагина ялт этди. Лекин бу манзара қалбимда уқубат ёлқини бўлиб абадий муҳрланиб қолди. Ҳамда мени яна қандайдир илиқ бир туйғу қамраб олганини ҳис этдим. Бундан тўлқинланиб бошимни кўтардим ва қизга қарадим. У рўпарамдаги жойига келиб ўтираркан, ёрилган ёноқларини яна аввалгидек зангори жун шарфи билан яшириб, катта тугунини қучоқлаб, қизил рангли учинчи синф чиптасини маҳкам қисди...
Шундагина мени одамзот ҳаётининг зерикарли, тубан, тушунуксиз ва дилхун чарчоқлари вақтинча бўлса-да тарк этди.


* япон турмаклари талабига кўра аёллар сочига махсус мой суртилиши керак