Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Садоқат


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

– Ишингиз ҳам бор бўлсин, Мурод ака, юраверар экансиз-да иш деб. Бир кун уйдасиз, ўн кун ишда. Бадиҳангиз бугун атак-чечак қилиб тўрт қадам ташлади. Бирам  қувондим-ки. Шуларни кўрмай қолдингиз. Кетганингизгаям йигирма кундан ошди.
– Кўп валақлама, ўйнаб юрибманми? Ишдаман.  Шу боламни деб, сени деб юрибман. Кейинги ҳафталарга ўрнимизга бошқалар келишади, ўшанда бораман. Қизалоғимнинг қадам ташлашини ўз кўзим билан кўраман.  
– Хўп, Мурод ака. Ўзингизга қаранг.
– Майли, қизимни ўпиб қўй. Яхши ўтиринглар. Ҳадеб телефон қилаверма, ишда бўламан. Чиққач, ўзим телефон қиламан.
–  … 
– Пиқиллама, урушда юрибманми, ё бошқаларга ўхшаб йиллаб мардикорликка кетдимми? Ишлаяпман. Рўзғорда камчилик бўлса, укам Мардондан олиб ишлатиб тур. Айтиб қўйганман. Бўпти, яхши ўтиринглар.
   Телефондан  қисқа-қисқа сигнал овози кела бошлади. Садоқат телефонни стол устига қўйди. Ошхонага ўтиб,  музлаткичдан сув олиб ичди. Жисми бироз ором топгандай бўлди. Кўзларидаги намни қўли билан сидирди.  Эри олдинги гаплашганларида ҳам худди шу гапларини такрорлаганди. Ўзим қўнғироқ қиламан, деганига ҳам ўн икки кундан ошди. Хотинига, қизига қайғурадими ўзи бу одам, – ўйлади Садоқат. Қайғуради, қайғурмаса ҳафталаб иш деб йўқолиб кетадими?! Ахир, эркак киши кўчани одами-да. Оилам, бола-чақам деб елиб-югуради.  Онасининг шундай мазмундаги доимий гапларини эслаб тинчланди. Ётоқхонага кирди. Бадиҳанинг устидан адёл сирғалиб кета бошлаганини кўрди-ю, уни қизининг устига қайта ташлаб ётоқхонадан чиқди. Телевизор пултини излади. Қизининг ўйинчоқлари орасидан бурчагида Бадиҳанинг тиш излари қолган пултни топди. Телевизорни ёқди. Ўша эски мултфилм: “Соҳибжамол ва маҳлуқ”. Бироз томоша қилгандай бўлди. Мултфилмдан зерикди чоғи,  бошқа каналга олди. 
– Айтингчи, “Бахт” қиссангиздаги  қаҳрамонлар хаёлат маҳсулими ёки уларга ўхшаш инсонларни ҳаётда учратганмисиз?, – саволи янгради бошловчининг.
– Биласизми, ёзувчи қайсидир маънода ҳаётни битади. У йўқ нарсани ёзмайди. Ўзи кўрган, билган, эшитган нарсаларини таҳлил қилади, тўплайди, улардан образ яратади. Ана шу образ эса асарга олиб кирилади. Бу саволингизга аниқ жавоб беришим қийин. “Бахт”дагиларни ҳаётда айнан прототипи мавжуд инсонлар дейишим мушкул, лекин улардаги характерларни, сифатларни, фазилат-у камчиликларни турли одамларда, турли жойларда кузатганман, улар билан суҳбатлашганман, – дея жавоб берди бошловчи қаршисида оддий кийинган, пешонаси кенг, жуссаси кичикроқ, қорачадан келган,  кўзларида маъноли ифода сезилиб турган ўттиз ёшларни чамалаб қолган йигит.
– Айтингчи, умуман олганда Қаландар Тўраев учун бахт ўзи нима? У бахтни нималарда кўради?
 – Нима десам экан? Аниқ-тиниқ жавоб бериш мушкул савол бу. Бахт мен учун нисбий тушунча. Уни ҳар ким ҳар хил кўради, тасаввур қилади, ўз хаёлотидаги бахтга интилади.  Аниқ бир ҳолатни, вазиятни, ютуқни “Мана бахт” деб кўрсатиш амри маҳол. Ва ёки аксинча. Масалан, бир фақирнинг бугун топган нони эртага ейишгаям ортиб қолса, бу ўша фақир учун бахт. Айтайлик, бир савдогарнинг  юз миллион сўмлик маҳсулотидан  топган фойдаси  бу сафар олдингидай ўн миллион эмас беш миллион бўлди. Бу ўша савдогар наздида бахтсизлик. Фарзандсиз инсон учун аёлининг бошқоронғилиги аён бўлгани – бахт. Ёлғиз қария учун фарзанди йўқлагани – бахт. Чақалоқ учун қорни сутга тўйгани – бахт. Бедаво дардга чалинган инсон учун йўл бўйида бош кўтарган бойчечакни бу йил ҳам кўргани – бахт. Аслида, ҳаётимизни ўзимиз мураккаблаштирамиз, атрофимиз эса бахтларга бисёр. Биз эса бунга бепарво тарзда ҳар кунни  ишда,  кўчада муруввати буралган соатдай бир зайлда ўтказамиз. Ўзимизга ўзимиз телбалигимиз ортидан яратган ва ёки шунчаки ўйлаб топган ташвишлар билан кунни кеч қиламиз. Бир куни бош кўтариб атрофга аланглаймиз. Лекин энди ҳаммаси ортда қолган, биз эса марра остонасида турган бўламиз.
– Афсуски, ҳурматли томошабинлар, эфир вақтимиз чегараланган. Қаландар, сиз билан ҳали яна ушбу студияда қайта кўришамиз деб умид қилиб қоламиз. Мароқли суҳбат учун катта раҳмат сизга. Мана, азиз томошабинлар, бугун биз ёш бўлишига қарамай бир қанча ютуқларга эришган, ўз ижоди билан минглаб инсонларнинг дилларидан жой олишга улгурган Қаландар Тўраев билан суҳбатлашдик. Кейинги кўрсатувларимизда учрашгунча. Гўзал кечалар, бахтли эрталар учун ўзингизни ва яқинларингизни асранг.   
Садоқат кўкрагига нам тегаётганини энди пайқади. Қараса ўзининг кўзёшлари, юзларини ювиб тушаётган, унсин чиққан кўзёшлар экан.  Кўзларидан дув-дув ёшлар оқаётганини энди сезди. Сезди-ю, тўхташни истамади. Ёнбошидаги ёстиққа бошини буркади-ю, энди хўнграб йиғлай бошлади.

Садоқат гўзал қиз эди. Чиройлилигини ўзи ҳам биларди. Кўпчилик қизлар қатори ошиқлари кўплигидан маст эди. Институтда ўқишарди. Нимадир сабаб бўлди-ю, Қаландарнинг ўзига яқинроқ бўлишига имкон берди. Қаландарни ёқтириб қолганмиди, йўқмиди, буни ўзиям билмасди. Лекин Қаландар қалбидаги Садоқатга бўлган ишқини шеърларида куйлашдан бўшамасди. Шу зайлда кунлар ўтди. Уларни севишган аташ мушкул, бу ёлғиз Худога аён эди. Садоқат билан Қаландар бир қушнинг икки қанотидай эдилар. Институтда бирга ёнма-ён ўтиришарди. Кутубхонага бирга киришар, китоб дўконларини айланишар, театрга тушишар, бир гал музқаймоққа, яна бир гал овқатланишга, ҳатто бир-бирига кийим танлашга бирга боришарди. Ҳар гал қаерга боришмасин, йўлни қадрдон анҳор томон буришар, ўша ердан юришни яхши кўришарди. Олдин айтилганидек, Садоқат ўзидаги Қаландарни севаманми, деган саволга аниқ жавоб беролмасди. Лекин уни бошқалардан кўра кўнглига яқин оларди. У билан гаплашгиси, муаммоларини у билан баҳам кўргиси келарди. Қаландарнинг меҳрибончилигидан айрилишни  истамасди. Бир кун (у кунни унутиб бўлармиди?!) бир-бирининг суҳбатига андармон бўлган бу иккиси қайтиш йўлини яна анҳор томонга буришди.  Аста қадамлар билан суҳбатлашиб кетаверишди. Офтоб уфққа бош қўйиб, ғира-шира қоронғу туша бошлагач, анҳор бўйига ўрнатилган чироқлар ёнди. Уларнинг акси сувда маржондай тизилди. Садоқат қадам босишни тўхтатди. Сувда аксланаётган “маржон”ларга тикилиб қолди. Шу вақтда орқасидан Қаландар келди-ю, елкасига қўлини қўйди. Садоқат бир сесканди-ю, индамади. Ожизроқ одамни бемалол домига тортиб кета оладиган оқимдан, ундаги жимирлашдан тўхтамаётган “маржонлар”дан  кўзини узмади. 
– Чиройли-а?! , – деди бир вақт Садоқат.
– Чиройли!
– Қаландар, шу сувга ҳозир ўзимни ташласам нима қилган бўлардинг?
– Мен ҳам ташлардим.
– Ия, жинни экансан-ку, қутқармайсанми?
– Сен нима бўлса мен ҳам сен билан бўламан. Қутқаришга ҳаракат қиламан. Қўлимдан келса олиб чиқаман, бирга чиқамиз. Олиб чиқолмасам бирга чўкамиз.
– Ғирт тентаксан-а?!...
Қаландар индамади. Садоқатнинг елкасидан тутиб ўзига қаратди. Бир-бирларига жим тикилиб қолдилар. Садоқат кўзларини олиб қочмоқчи бўлди-ю, ундан маъқулроқ кўринган ишни қилди. Шарт кўзларини юмиб олди. Бир маҳал юзларига иссиқ нафас урилганини сезди. Лабларига нимадир тегди. Садоқат бир лаҳза ўзини йўқотди, нима қилишини билмай қолди. Бу вақтда лабларини қайноқ нимадир куйдирарди. Садоқат кўзларини очди. Қаландар ҳам кўзларини юмиб олганини кўрди. Ва … Бирдан, Қаландарни ўзидан итариб юборди. Қаландар орқага тисарилганча, сўзсиз қотди. Садоқатнинг эса кўзларидан дув этиб томчилар думалай бошлади. Қаландар олдин довдираб қолгандай бўлди. Кейин эса ўзини қўлга олиб, Садоқатнинг олдига келди-ю уни бағрига олди. 
Гўё уларнинг муҳаббат қиссаси шу нуқтада бошлангандай эди. Садоқатнинг эркаланишлари, Қаландарнинг меҳрибонлиги миллион ҳисса ошгандай бўлди шу кундан кейин бир-бирларининг наздида. Лекин Садоқатнинг ичидаги саволи ҳамон жавобсиз эди. Энг охирги ёзма имтиҳонда ёнма-ён ўтиришди. 
– Садоқат…
– Нима дейсан?
– Гапим бор.
– Домла кўриб қолади ҳозир…
– Домлани қўй, уйдагиларни жўнатмоқчиман.
– Қаерга?
– Сеникига.
– Хўш…
– Совчиликка.
– Шуни ҳозир гаплашиш шартми?
– Нима қилибди, қачон гаплашганда нима?! Барибир борадилар.
– Уфф, ёзсангчи.
– Бораверсинларми?
– …
– Тўраев, институтни жуда севасиз чоғи. Янаги йилга курсда қолиб ўқиш ниятингиз бор шекилли,– залда акс-садо берган овози келди  кузатувчи домланинг.
  -…
– Бораверишсинми?
– Уфф, жонимга тегдинг. Жуда боргилари келаётган бўлса бораверишсин. Лекин ота-онамга шу йигитга турмушга чиқаман деб айтмайман.
– Ия…
– Иямас. Ахир мен қиз боламан. Нима деб айтаман жиннимисан? Ўзлари нима деса жавобларини эшитиб қайтишади.
Қаландар бироз ҳайрон қолди. Кейин ўйлаб кўрди-ю, ўзини босди. Тўгри айтади, қиз бола нима ҳам десин?! Мен шу йигитга эрга тегаман, десинми, э хомкалла. 
Садоқат онасига курсдошлари орасида Қаландар исмли йигит борлигини, яхши шеърлар ёзишини, бошқалардан ажралиб туришини, у билан яқин дўст эканлигини, чап оёғи ўнгидан игна бўйи калта эканлигини айтганди. Онаси хўп, деб эътибор бермаганди. Бир сафар қизининг кийимларини йиғиштираётиб Садоқатнинг  Қаландар билан ёнма-ён тушган расмини кўрди-ю, кўнглида аввал гумонга, сўнг ҳадикка ўхшаш нимадир оралади. Қизи шу чўлоққа тегаман, деб туриб олса-я! Кейин нима бўлади? Дадаси нима дейди? Кўчадаги хотинларга гап топилмайдими? Фароғат қизини шунча ушлаб ўтириб бергани бир чўлоқ бўлибди-да. Танлаб танлаб тозисига учрабди, дейишмайдими? Бу қиз эсини еган. Дадасичи, у қандай бош кўтариб юради?
Совчилар кўп куттирмади. Суҳбатнинг эртасига Садоқатларнинг уйида Қаландарнинг элчилари ўтиришарди. Фароғат ая гумонларининг тасдиғи шу эканлигини тушунди. Совчиларга: “Дадамиз узоққа бермайман, қизимиз кўз олдимизда бўлади, деб юргандилар. Мен ҳам қизимни ёнимда бўлишини истайман, бошқа келманглар, қизимизни ўзимизда узоққа беролмаймиз, дадамизнинг ҳам менинг ҳам ниятимиз шу” деган жавобни бериб ортига қайтарди. Кейин қизининг олдига кирди.
– Сен қиз ақлингни едингми? Нималар қилиб юрибсан? Мени, дадангни шарманда қилмоқчимисан?
– Ахир ая, нимаси…
– Яна гапиради-я бу уятсиз. Йиғиштир ҳаммасини. Йўқот анавини ҳаётингданам, хаёлингданам. Уни исминиям эшитмай бошқа. 
Фароғат ая чиқиб кетди. Садоқат сўзсиз қотди. Нима қилишини билмади.  Уни икки ўт орасида дейиш қийин эди. У Қаландарнинг меҳридан ажралишни истамасди. Шу билан бирга Қаландарсиз ҳаётни фожиа деб қабул қилишдан ҳам йироқ эди. У шунчаки ўзини-да тушунмас аросатда эди. Ўша кечанинг ўзидаёқ бу аросатдан уни уйига бир неча бор совчи юборган, Фароғат ая ва эридан хўп жавобини-да,  йўқ жавобини-да ололмай мужмал гаплар билан элчилари қайтаётган  Мурод олиб чиқди.  Телефонда илк бор суҳбатлашишди. Муроднинг самимийлиги Қаландардан минг чандон устундай туюлди ўша кеча Садоқатга. Муродга нисбатан кўнглига илиқлик югурди. Қаландарни эса эсламади ҳам. Ўша кечадан бошлаб Қаландарнинг қўнғироқлари жавобсиз қола бошлади. Энди Садоқат Муроднинг ширин сўзларига асира бўлиб улгурганди. Ҳа, мен Муродни севаман, дерди ичида. Орадан бир неча ҳафта ўтди. Бир сафар Мурод билан гаплашаётганида қайта-қайта сим қоқаётган Қаландарга “Нима гапинг бўлсаям, чидаб тур” деб хабар жўнатди. Қаландар сим қоқишни тўхтатди.
Eртасига ишга кетган дадаси  Садоқатга  телефон қилди. 
– Эшитаман дада.
– Қаландар дегани анави онанг айтган чўлоқ курсдошингми?
– Ҳмм…
– Нима ҳмм? Ўшами деяпман?
– Ўша, дада. 
– Олдимга тоғасини бошлаб келибди. Бугуноқ  гаплаш. Айт, агар яна бир марта исмини эшитгудек бўлсам умуман юролмайдиган қилиб қўяман. Тушундингми? 
– Тушундим, дада.
Муродга нисбатан ҳислар ғужғон ўйнаётган Садоқатнинг юрагида ва ё хаёлида Қаландарнинг кўнглига тегишим мумкин, деган ўйлар йўқ эди. Шу сабабли, отасинг гапларини оқизмай-томизмай етказди. Қаландар жим қолди. Қалтираган қўллари телефоннинг қизил тугмачасини босди. Алоқа узилди. Алоқалар узилди… Кўксини болишга бериб неча ҳафталар ётди. Ахийри, ўзига юпанч бўла оладиган қарорга келди. Янги муҳит, янги одамлар олиб чиқа олади уни бу гирдобдан. Нарсаларини йиғиштирди-ю, ота-онасига ўқишини яна давом эттириш истагидалигини айтиб, оқ фотиҳа олганча вокзалга жўнади. Бошкентга йўл оладиган поездга чиқди. Дераза ёнига ўтирганча олис уфққа жим тикилганча кетаверди. Садоқат билан ўтган кунларини эслади. Иккаласига қадрдон бўлиб қолган жойларга хаёлида қайта борди, ҳар бири билан видолашди. 
– Ўғлим, соат неча бўлди?
– Ааа?, – Қаландар қалтироқ овози билан хаёлларини бўлиб юборган қаршисида ўтирган кампирга қараб аланглади.
– Бунча хаёлинг паришон болам, соатни сўрадим.
– Ассалому алайкум, хола. Узр, эшитмай қолибман. Соат беш ярим бўлди. 
– Раҳмат, болам. Бугун ойни қайси санаси?
– Ўн иккинчи.
Шундай деди-ю, ўйланиб қолди. Ахир бугун Садоқатнинг туғилган куни. Бирга ўқиб юрган  вақтларида нишонлаган туғилган кунларни эслаб кетди. Қаландар Садоқатга гул совға қилишни яхши кўрарди. Узилган, бир неча кунгина чирой очиб сўлиб қоладиган гулларнимас, тувакда чирой очиб турадиган, ҳар кун меҳр беришингни, жилмайиб қарашингни интизор кутадиган гулларни совға қиларди. Ҳар сафар янги тувакдаги гулни қўлига олган Садоқатни, юзидаги қувончни, жилмайишни, ёш боладай хурсанд бўлишини қайта-қайта кўргиси келарди. 
Поезд қумликлар орасида ўзининг ёлғиз оҳангдаги тарақа-туруқ қўшиғини айтиб борар, қуёшнинг куни билан нур сочиб силласи қуриган, уфққа бош қўйишга шошиларди. Осмонда жимитдек булут кўринмайди, худди ер устига кўм-кўм катта косани тўнкариб қўйгандек.
Бу вақтда эса Садоқат Мурод боягина туғилган куни билан табриклаб бериб кетган узукни бармоғига тақиб томоша қилиш билан банд эди.

Садоқат хўл бўлиб кетган ёстиқдан бошини кўтарди. Бироз шу алфозда қолди. Кейин ўзига ўзи пичирлади: “Ўзингни тут, ўзинг  шу йўлни танладинг, энди йиғлашга ҳаққинг йўқ!” Ўрнидан турди. Бориб юзини ювди. Ётоқхонага кириб қизининг ёнига чўзилди. Ёстиққа бошини қўйиши билан кўзи илинибди. 
Туш кўрди. Ўша анҳормиш. Ўша йўлак. Ҳатто ёнида Қаландар ҳам бор. Иккови бир-бирига тикилиб туришибди. Садоқатнинг юраги ҳапқирди. Кўзларини чирт юмди-ю, Қаландарнинг кўксига бошини қўйди. Шу кўйи қимирламай тураверди. Қаландарнинг кўзларига қайта тикилишни истади. Кўкрагидан бошини олиб кўзини очса, олдида Қаландар эмас, унга тикилиб Мурод турибди. “Бери кел” деганча Садоқатнинг чап қўлидан ушлади. Садоқат жони оғриётганини сезди. “Дод” дейишга, “Оғрияпти” дейишга қанча ҳаракат қилиб оғиз жуфтлади, лекин овози чиқмади. Мурод қўлини маҳкамроқ сиқди. Садоқатнинг жони яна-да қаттиқроқ оғриди. 
Бирдан сесканиб уйғонди. Чап қўли симиллаб оғриётганини сезди. Қараса, Бадиҳанинг тиззаси бир неча ой аввал чиққан,  унга анча азоб берган бармоғи устида турибди. Бадиҳани уйғотмаслик учун қўлини  қизининг тиззаси остидан авайлаб чиқариб олди. 

Мурод бир сафар ичиб келганида Садоқат унга ичманг, нима фойда беради шу, нимага ичасиз,  деган гаплар айтганида тарсаки еди. Ўша куни қизини қўлига олди-ю уйига қараб йўлга чиқди. Аясига Муроднинг тез-тез ичиб келишини,  деярли эътибор бермай қўйганини, меҳрсизлигини айтиб йиғлади.
– Вой қизимей, эркак дегани кўчани одами-да. Чарчаб келади. Ҳа ҳориган бўлса чарчоғини чиқариш учун ичгандир. Сен ҳам эрингни тергама-да. Эркак кишига хотинга ҳисоб бериш ёқади деб ўйлайсанми?! Еганинг олдингда, емаганинг орқангда. Устинг бут, қорнинг тўқ. Мана фарзандинг бор. Худо хоҳласа кейингиси албатта ўғил бўлади. Ундай қилма қизим, сен айтган нарсалар билан ҳаётда қорин тўйдириб бўладими? Эринг кўчада юрса бировларни деб юрибдими? Сени, қизингни деб юрибди. Бир тарсакига аразлайверадигандан хотин чиқмайди. Бор қизим уйингга, эринг, боланг билан ўтир.
– Ахир, ая…
– Ахири йўқ, қани тур. Ўзингни уйингга бор.
– Йўқ ая. Бормайман қайтиб. Уйим шу.
– Бу сени уйингмас. Қани тур.
– Аяа…
– Тур деяпман сенга. Ҳадеб югуриб келаверма. Уйинг, рўзғоринг билан бўл. Тур.
Садоқат қўзғалди. Эшикдан кириб келганида Муроднинг кайфи тарқамаган эди. Ётоқхонага кириб қизини беланчакка қўйган эди, ҳозир кирганида болахонада сигарет  тутаётган Мурод ортида пайдо бўлди.
– Ҳа, қайтибдилар-да. Нима бўлди? Дарвозанг ёпиқ эканми? 
– Қочинг.
– Бери кел.   Шундай деди-ю, Садоқатнинг чап қўлидан  маҳкам ушлади. Садоқатнинг жони чиққудай бўлди. Эрининг  қўлидан чиқиб кетиш учун силтаниб ўзини орқага ташлади. Эри эса уни қўйиб юбормаслик учун қўлидан янада маҳкамроқ ушлаб, кескин силтаб ўзига тортди-да, сочларига  чанг солди.
– Менга қара. Агар яна бир марта ақллилик қилиб мени сўроққа тутадиган бўлсанг…
Шу гапларни айтди-ю, хотинининг сочини ҳам қўлини ҳам қўйиб юборди.
Салдан кейин Мурод донг қотиб ухлаб қолди. Садоқатнинг эса чап қўли эрталабгача азоб бериб чиқди. Қимирлатолмай қолди. Эрталаб ўзига келиб уйғонган Мурод нима бўлганини эслолмади. Лекин шишиб кетган қўлини кўриб, хотинининг аҳволи ёмонлигини тушунди. Қўлингга нима қилди, деган саволга жавоб олмади. Сўнг, бу ўзининг иши эканлигини англагандай бўлди. Минг ҳижолат, минг кечирим билан хотинини шифохонага элтди. Кеча Мурод силтаб тортганида хотинининг жимжилоғи чиққан экан. Дўхтирлар бир нималар қилди-ю, Садоқатнинг қўлини боғлаб жўнатишди.

 Садоқат қизининг тиззаси тагидан қўлини тортиб олгач, қалинроқ рўмоли билан иссиқроқ қилиб ўраб қўйди. Соатга кўз ташлади: ярим тун. Кўзларида уйқуга мойиллик йўқлигини сезиб турарди. Телефонини қўлига олиб дарддоши, дугонаси Гулмиранинг рақамини терди.
Гулмира  ётган ерида ёстиқнинг  остидаги телефонни қўлига олиб қаради: Садоқатнинг рақами. “Шу пайтда-я”, – деди юзини буруштирганча, ўзига ўзи пичирлаб. Лекин қўнғироққа жавоб бермади. Қонғироқ иккинчи марта  такрорланганида Гулмира телефонини овозсиз режимга қўйиб, яна ёстиқ остига тиқди.
– Ким экан, – оғир дўриллаган овоз эшитилди. 
– Хотинжонингиз…