Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Туш


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Болалигимни эсласам негадир тарғил сигиримнинг шохлари кўз олдимга келаверади. Аслида унинг эгри шохларини тушимда кўрганман. Қандай қилиб дейсизми?
Қишлоқнинг четидан, кенг пахта даласининг шундоқ ёнидан ер олиб, у ерга иморат тиклаб кўчиб ўтдик. Дадам менга эрмак бўлади деб бир она-бола сигир олиб берди. Ҳар куни тушдан кейин ўртокларим Қобил, Нодир ва Салим билан биргаликда далага чиқамиз. Ҳаммамизнинг бир-иккитадан сигир-бузоғимиз бор. Ўйнаб-кулиб, дала ёнбағридан ўтган каттакон зовур ёқасида уларни ўтлатамиз. Баъзан ўт-ўланнинг қалин жойини танлаб, ўртасига қозиқ қоқамиз-да, говмишимизни узун арқон билан боғлаб қўямиз. Ўзимиз эса майсалар устига ёнбошлаб, осмонни томоша қиламиз. Оёқларимизни чалиштириб, оғзимизга ажриқнинг ингичка бандини солиб  тилимиз билан айлантирганча, шундан ҳам ўзига хос бир таъм туйгандек бўламиз. Салим катталарга тақлид қилиб ажриқ шохчасини сигарадек лабига қўндиради.
- Қобил, сен катта бўлсанг ким бўласан? – дейди у кўзларини юмиб олган Қобилга.
- Нима эди? – терговчининг саволига жавоб бераётгандек ёқинқирамай гапиради Қобил.
- Катта бўлганда ким бўлишингни билсанг, ўшанга қараб ҳаракат қиласан-да. 
- Мен прокурор бўлишни хоҳлайман. Болғачасини «тақ» этказиб столга бир урса, бутун зал жим бўлиб қолади. Елкасига ёпиниб оладиган қора кийимлари ҳам даҳшатли.
- Ол-а… - кулиб юборди Салим, - Сен прокурор бўласанми? Иннайкейин, болғачани прокурор эмас, судя тақиллатади.
Қобил ҳам бўш келмади:
- Ишқилиб прокурорми, судями, адвокатми, бирортаси бўламан-да. Ўшанда мана шунақанги далада сигир боқиб юрган пайтларим тушга ўхшаб қолади.
- Прокурор бўлиш учун кўп китоб ўқишинг, дадангни пулиям кўп бўлиши керак, танишларинг бўлмаса лавозиминг кўтарилмайди, - деди Салим чуқур бир хўрсиниб олиб, - Биздек дала болаларига йўл бўлсин. Фақат орзу қилиш мумкин.
Қобил осмонга узоқ тикилиб, бир пас индамай қолди. Менимча, унинг орзуси жуда олис-олисдаги қўл етмас юлдуздек туюлиб кетди шекилли.
Салим эса оғзидагини туфлаб нарига улоқтирди, ўрнидан туриб қулочини ёйди. Ботаётган қуёшга қараб қўлларини силкиди ва бақира бошлади: 
- Ҳе-ҳе-ҳей!!! Ҳе-е-ей! Ола-а-а-м! Мени эшитяпсанми-и-и?!!! 
Бирданига ҳаммамиз ўрнимиздан туриб кетдик.
- Нега бақирасан? Сигирларни чўчитиб юбординг, - деди боядан бери жимгина ётган Нодир.
Салим унга парво қилмай овозининг борича бақиришда давом этди:
- Мен кино юлдуз бўлама-а-а-н!!! 
Биз кула бошладик. Кино юлдуз ҳозирдан ўзини танитмоқчи оламга.

Ўша куни ҳамма ўз орзусини айтди. Нодир каттакон фирманинг директори бўлишни хоҳлар экан. Аммо мен айтмадим қандай орзуим борлигини. Чунки айтсам болалар устимдан кулиши мумкин. Тўғри-да, мен ҳеч качон прокурор бўлиш ҳақида ўйлаб кўрмаганман, кино юлдуз бўлишни-ку хаёлимга келтирмабман, директор бўлиш учун қандай фирма очиш кераклигиниям билмайман. Менинг орзуим ҳеч кимникига ўхшамайди. Бунақа орзуни хали бирорта синфдошим оғзидан эшитганим йўқ. 
Кечқурун овқатдан кейин ўзимнинг хонамга кирдим. Жавондан севимли китобларимдан бири «Минг бир ҳадис»ни қўлимга олиб, диванга ўтирдим. Бир куни дарсда муаллимамиз «Кимда ким қирқ ҳадисни ёддан билса, жаннати бўлар экан», деганди. Ўша кундан бери ҳадис ёдлаш учун шу китобни ўқиётгандим. Бунгача уйимиздаги қанча-қанча китобларни ўқиб чиққанман. Аммо уларнинг ҳеч бири бунга ўхшамас экан. Ҳадис – пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бизга айтган муборак гаплари бўлиб, кўнглимга жуда ёқарди. Шу-шу ҳар куни кечқурун ҳеч бўлмаса битта ҳадисни ўқиб, кейин ухлайдиган бўлдим. 
Ёзги таътил бошланди. Еттинчи синфни тугатдик. Энди мол боқишдан ташқари кўча чангитиб футбол ўйнаш, велосипед миниш,  қишлоқ четидаги каттакон анҳорда чўмилишга ҳам вақтимиз бўларди. 
Шундай кунларнинг бирида томорқага ўтиб кетаётсам, сигирим бир аҳволда менга қараб югуриб қолса бўладими? Кутилмаганда унинг бунақа важоҳатини кўриб қўрқиб кетдим. Аслида ундан ҳеч қачон қўрқмаганман. Бемалол бошини силаб, арқонидан ушлайман, ўзим ечиб, ўзим боғлайман. Дадамга кап-катта ёрдамчи бўлиб қолгандим. Унга нима бўлди экан? Наҳотки мени – ўз эгасини танимаса? 
Жон ҳолатда:
- Хўш! Хўш!!! – дедим. Иккала   қўлимни ҳам олдинга чўзиб, ўзим орқага тисарилдим. Қочмоқчи бўлдим, лекин негадир югуролмадим. Оёқларим ўзимга бўйсунмас, худди ерга ёпишиб қолгандек қимир этмасди. 
Сигир мен томонга  югуриб келди-да, тўғри қорнимга сузмоқчи бўлди. Ҳайрият, эпчиллик қилиб унинг иккала шохидан тутиб олдим. Малларанг боши шундоқ қорнимга тиралганча тўхтаб қолди. Мен бор кучимни йиғиб уни орқага итара бошладим. Нигоҳим эгри шохларининг ўртасига қадалган, жоним ва ҳаётим қил устида эди. Мана шу ҳолатда узоқ вақт туриб қолдим. Сигир ҳам, мен ҳам бир-биримизни  қаттиқ итариб турардик. Орқам деворга қапишиб кетди. Бақирай десам оғзим елимлангандек очилмайди. 
Бир пайт ғалати ахволга тушиб қолдим. қўлларимни ҳамон олдинга чўзганча бор кучим билан орқамга тираляпман-у, ҳеч қанақа сигир йўқ. Ие, сигир қаёққа кетди? Ҳозиргина шохларини тутиб тургандим-ку… 
Бир пас ўзимга келолмай алахладим. Ҳаммаси туш экан. Ҳайрият… Совуқ терга ботиб кетибман, тилим эса танглайимга ёпишиб оғзим қуриб қолибди.

Қизиқ… нега бунақа туш кўрдим? Сигирим жойида турибдимикан? 
Ўзимга келгач, ташқарига чиқдим. Уйда ҳеч ким йўқ, ҳовлимиз иссиқдан дим бўлиб кетган. Муздек сувга юзимни ювдим. Кейин томорқага, тушимда мени қўрқитган сигиримнинг ёнига бордим. У қулоғини ликиллатиб чивинларни ҳайдаганча ўт чайнар эди. Шарпамни сезиб охурдан бошини кўтарди. Яқинроқ бориб унга яхшилаб қарадим. 
- Мени роса қўрқитдинг-а, жонивор. Юрагимни ёрдинг.
У эса гўё гапимни тушунгандек менга қараб чайналишда давом этди. Пешонасига қўниб олган каттакон пашшани бош силкиб ҳайдади, думини шапиллатиб у ёқ-бу ёғига урди. Ва яна охурга бошини тиқди. 
Мен эса худди тушимда кўрган амалларни такрорлаб кўргим келди. Унинг эгри шохларидан ушладим. Сигирга бу ёқмади. Мен эса қўйиб юбормай, янаям қаттиқроқ ушладим. «Худди шундай бўлди, мана шундай ушлагандим», дедим ўзимга ўзим пичирлаб. Жудаям ғалати, нега бундай бўлди?
Унга яхшилаб қарадим. Қарадим-у, бир нарсадан этим жунжикиб кетди. «Ё Худо!» деб юбордим бирдан. Шохларни қандай қўйиб юборганимни билмайман. У ҳамон боши охурда, пишиллаб ўт ер эди. Мен эса кўрган нарсамдан сесканиб орқага тисландим.
Одатда итларни бўйнидан боғлашади, отларни тумшуғидан, сигирларни эса кўпинча шохидан. Шуниси қулай бўлса керак-да. Мен ҳам маллавойнинг шохларига арқон солгандим. Нотўғри боғлаган эканман, ҳар тортганимда у қисилиб-қисилиб, бечоранинг шохларини қирқа бошлабди. Анча азоб чекибди шўрлик, арқон бошининг деярли ярмига келиб қолибди. Секин ушлаб уни ечиб олмоқчи бўлдим. Қаёқда дейсиз, битиб кетибди, арқонни қўзғатиб бўлмади. 
Нима қилсам экан? Шунинг учун тушимга кирибди-да?! Бечора… Тили бўлмаса унинг оғрияпти дегани… 
Кўнглим бузилиб, оёғим шалвираб уйдан чиқдим. Тоғамнинг ёнига бордим. У ҳайвонлар тилини яхши билади. Тоғамга вазиятни тушунтирдим. 
- Майли, сен боравер, мен у-бу нарсаларимни олай, орқангдан етиб бораман, - деди тоғам
Мен яна сигиримнинг ёнига қайтдим. Пешонасини силаб унга ўзимча алланималар дея гапира бошладим. Ҳаял ўтмай тоғам ҳам етиб келди. 
- Вой бў-ў. Тоза азоб берибсизлар-ку бечорага!
Мен индамай ерга қарадим.
- Ким боғлаганди?
- Мен.
-Йўғонроқ арқон йўқмиди, сигирниям шунақа ип билан боғлайдими? Хаҳ, сизлар…
Тоғам унинг пешонасидан ушлади. 
- Пичоқ олиб кел, - деди менга. 
Мен пичоқнинг номини эшитиб этим музлади. Тоғам буни сезиб кулди:
- Қўрқма, арқонни кесишамиз, сигирни эмас.
Мен «Ҳозир», дедим-у, пичок келтирдим. Қолганини томоша қилишга тоқатим етмайди. Ортимга бурилиб дарвоза ёнига келиб ўтирдим. Худди менинг бошим ичидан арқон суғуриб олинаётгандек оғриқни ҳис қилиб жоним қийналарди. Бир оздан кейин тоғамнинг  чақирганини эшитдим.
Тоғам  қўлида конга бўялган бир парча ингичка арқонни менга узатиб турарди: 
- Буни қара, нима қилгансан?!
Серрайиб туриб колдим. Сигиримнинг боши ўнг томонидан ярмигача арралангандек, шохларининг ости кўндалангига очиқ. Юнглари қонталаш бўлиб ётари. 

Бу воқеага анча йиллар бўлиб кетди. Дўстим Қобил ҳақиқатан прокурор бўлди, Салим кино юлдуз бўлмаса ҳам, ҳарқалай Тошкентдаги катта бир театрда ишлайди. Мен бўлсам … ўшанда авлиё бўлишни орзу қилардим. Шу кунгача кўплаб туш кўрдим ва уларнинг ҳаммаси ўнгидан келди. Мен тушларга ишонаман.