Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Қора ва сариқ


Ҳар гал хонага ундан аввал қайноқ копучино иси кириб келар эди.

Хонам узра ёйилиб ётган бир уюм қоғоз,  столимнинг устидаги алмисоқдан қолган ёзув машинаси ва унинг зулфидаги ажи-бужи ёзувларга қизиқиши баланд бўлганлиги учун ҳам, у менга сахарлабдан тетиклаштирувчи ичимлик олиб келишни ҳеч қачон канда қилмаган. Унинг бу одатлари кундалик ҳаётимнинг ажралмас бир қисмига айланиб улгурди. Столимнинг мана бу еридаги елим идишнинг юмалоқ изи, тун бўйи қўлёзмаларимни қанча бетартиб қилишга уринган бўлсам-да, бир соатга қолмай ҳаммаси тахланиши ва дераза ёнидаги стулга ўтириб кеча тун бўйи ёзиб чиққанларимни паст овозда мутолаа қилиши… Буларнинг барчаси изма-из такрорланаверарди. Мен бўлсам димоғимга урилаётган исдан ўзимни тийиб туролмай, кўзларимни очаман. Столдан бошимни кўтармай аввал кафтимнинг ташқи томони билан стаканга тегиниб, кейин уни меъёрга келишини пойлайман.

Бу ис қачон менга қадрдон бўлиб қолди?

Унинг уйимга яқинлаша бошлашидан то мана шу стол устига келгунига қадар димоғимни қитиқлаши, наҳотки хеч қачон меъдамга тегмаса — ҳайрон бўламан.

Дераза олдидаги пиқир-пиқир кулгу садолари, ойна ташқарисидаги оламга чиқиб улгурмаган хаёлларимни узиб, унга қаратди:

— Нега куласиз Аврора?

Унинг масхаромус нигоҳи кўринмаслиги учун кўзларимни қўлимдаги идишга қарата сўрадим.

— Оҳ, Освалдо, Освалдо, -қизиқарли ва ёқимли оҳангда давом этди. — Туппа-тузук қизиқчи экансиз-ку, билмай юрган эканман. Мен сизни тушкун ҳислар ва дардли туйғулар ифодачисидек таниганман. Ажабо, бугун сизни қайта кашф этдим, шекилли.

Унинг юзларидаги ҳайрат лаҳза бўлса-да тин олай демасди. Лекин менинг ҳавотирим унинг ёзган нарсаларимни тушунмай кулаётганидан эмас, балки кулишдан тўхтамаётганлигида эди.

Гарчи ғазабим келаётган бўлсада ҳулоса чиқаришга шошмадим. Аксинча Авроранинг беғубор кулгусини завқ билан томоша қилишни афзалроқ деб ўйладим. Қорамағиз қизларнинг ҳам баданлари қуёш шуъласини қайтара олишини нохос илғагандай, унинг бўйнидан кўзларимни олиб қочдим. Бахтимга у буни пайқаб улгурмасдан телефон сим қоқди.

— Ҳа, хоним. Ўғлингизни янги ҳикоясини ўқиб ўтирган эдим. Айтсам ишонмайсиз ҳикоянинг мазмуни… Ммм… ҳа, аллақачон барчасини бажариб қўйганман. Хўп. Хўп, етказиб қўяман.

У гўшакни қўйди.

— Онангиз экан. Сизни мана бу ёзишларингизга мутлақо қарши бўляптилар. Яна… Ўзингизни ортиқча уринтирмас экансиз.

Ҳайратини онамга етказмоқчи бўлиб, ҳафсаласи пир бўлган Аврора менга тўнғиллагандек туюла кетди. Бироз ўтмай токчадаги ичишим керак бўлган аччиқ дориларни ҳозирлай бошлади. Этим уюшди, энди ёриша бошлаган нигоҳимни мендан тортиб олгандай қовоқ уйдим. Копучинодан қолган елим идишни ғижимлаб хона четидаги саватга улоқтирдим. Идиш учиб бориб ўзининг кечаги шеригига қўшилди. Бу ҳол менингча — ҳали кўп давом этадигандай эди.

— Хайронман, умрингиз бўйи ўз уйингиздан бир қадам ҳам ташқарига чиқа  олмагансиз-у, яна бу ерларга ёд бўлган денгиз шукуҳи ҳақида ажойиб нарсаларни ёзиб ўтирсангиз-а? Худди-ки у ерга боргандай, у ерда бутун умр яшаётгандек тасвирлагансиз. Соҳибжамол Марго ким? — сув билан дориларни узатаркан гап орасида қўққисдан савол билан юзланди.

Мен бўлсам худди кеча тасвирлаганимдек давом этдим:

— Соҳил бўйида ундан гўзалроқ қиз йўқ эди. Атрофдан келган барча одамлар унинг латофатига тан бериб, эс-ҳушларини йўқотиб қўйишарди. Бу малласоч гўзалнинг дурдак оппоқ тишлари ва ўзига ярашган назокат ила жилмайишлари эҳтиросларни жунбушга келтирмоғи тайин иш. Аммо унинг қалби денгиз бўйидаги тунги тўлин ой каби шаффоф эди. Ҳа, кўкка тўлин ой кўтарилган кеча унинг сувдан қирғоққа кўтарилишини кузатсангиз, танаси узра милтиллаётган шуълалардан кўзларингиз яйраб кетарди. Мен бўлсам қирғоқда остимдаги қумга жон бериб ўтирардим. Ахир атрофда янграётган ҳуштакбозликлар ва Марго томон отилаётган нағмалар юзларимни ана шу тупроққа ҳам қилиб қўйган бўлса нима қилай? Одамларнинг бу қилиқлари қачон менга қизиқ туюлди? Ўша кунларни эслаб ачина бошладим. Ўйларимга чувалашиб қолган фикрларимни Маргонинг томоқ қириб мурожаат қилгани, хаёл исканжасидан қутқаргандек нажотли эшитилди.

«Кечирасиз, жаноб.»

Кўзларим олдида аввал унинг оёқлари жо бўлди. Унинг эҳтиросларни жунбушга келтирадиган ва кўзларни яйратадиган оёқлари. Сўнг ҳангу-манг бўлиб қолганимни сезиб, мен бу ёқдаман дегандек гапида давом этди.

«Ҳой жаноб, менинг исму-шарифим Маргарита Берарди. Майлими, сизнинг олдингизда ўтириб суҳбатдошингиз бўлсам.»

«Майлингиз», ўзимга хос бўлмаган илтифот билан жавоб қайтардим…

Авроранинг бояги тиниб қолган кулгуси ўлароқ яна юзларига табассум инди. Ҳайрат ила қайта саволга тута бошлади.

— Азизим, Освалдо, ахир сиз, ахир қандай қилиб?

Унинг бу қизиқиши ортса ортиб борар эдики, энди фақатгина барчасини айтиб қутилишимни англаб етдим.

— Аврора, мен ҳар доим ҳам бундай ҳолатда бўлмаганман.

Унинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Гўё мени бутун умр шундай таниган, эслаб қолган одам, энди мени танимаётгандай эди.

Мана бу оёқларим ҳар доим ҳам шол бўлмаган, мана бу тана туғма ногирон эмас. Сизга айтсам, сизга айтсам…

Бугун оқсочим Аврора менга қулоқ бериб ўтирар ва катта қизиқиш билан  тингларди. Чунки у бутун умр онасига юк бўлиб мана бу тўрт девор ичида тўшакка михланиб ётган одамни, ҳар доим ҳам бундай аҳволда бўлмаганлигини, йигитлик даврида  кўрган-кечирганларини муаллифнинг ўзидан билиш завқини дилига тугиб ўтирарди…

— Ўша куни биз Марго билан қирғоқда бирга ёнма-ён ўтирдик. Узоқ гаплашдик, самимий ва қизиқарли гуринг бўлганди ўзиям. Ундан сўнг…

— Шу суҳбатдан сўнг сизлар бир-бирингизга ёқиб қолдингизлар, — ҳикоямнинг мазмунини аввалдан англагандек хитоб қилди Аврора.

— Ҳа, бизлар бир-биримизни ёқтириб қолдик, -унинг тахминини тўғрилаб қўйдим.

Марго билан ўтказган бир кечамнинг таассуротларини, афсуски Аврорага юзхотир бўлмай деб тўлиғича айтиб беролмас эдим. Хонамдаги шифтга термилган кўйи ўтмиш ёқалаб кетган хаёлимни суриб ўтирганимнинг ўзи унга етарли бўлса ажаб эмас. Ҳозир мени бу хотиралар билан ёлғиз қолдириш кераклигини у аллақачон англаб етган эди. Аврора онам томонидан менинг хизматимни қилиш учун ёлланган оқсоч, гарчи олти йилдан бери хизматимни қилиб кўнглимдан жой эгаллаб улгурган бўлса-да, у яна жуда фаросатли аёлдир. Бежизга ҳаётимнинг ажралмас қисми деб ўйламайман уни. Лекин ҳозир у нақадар ҳимматли ва жозибали туюлмасин, менинг онгимда фақат ва фақат Маргонинг сўзлари айланаётган эди.

«Азизим Освалд, мен сиз билан бирга ўтказган ушбу онларимни бутун умр ҳотирамда сақлайман. Сиз менга қалбингизни кўрсатдингиз. Мен учун сизнинг бу сахийлигингиз бутун умр юрагимга муҳрлангай. Қалбимни сизга ишониб топширганимга ҳеч қачон афсус чекмайман. Кун келиб қайта учрашишни соғиниб қоламан. Алвидо Освалд, алвидо».

— Ўша куни Марго ушбу сўзларни айтар экан, мени ҳали уйғонмади деб ўйлаганди. Чайлани тарк этар чоғи эса мен томон сўнгги бор нигоҳ ташлади. Сўнг у билан қайтиб учрашмадик.

Кеча тунда ёзган ушбу ҳикоямнинг энди қаери кулгули эканлигини ўйлаб энсам қотди. Аврора нега кулди? Қанча уринмай бу саволга жавоб топа олмадим. Сўзсиз, у яхши китобхон. Балки ёзганларимнинг камчилигига кулгандир деб қўявердим.

— Жаноб Освалдо, — мурожаат қилди ўз ишларини тугатиб уйига отланган Аврора.

Мен бўлсам у томон қайрилиб қарадим. Қизиқ, ҳали ҳеч қачон уни уйимни тарк этаётганида кузатиб қўймаган эканман, ичимдан ўй ўтди эшик олдида бошмоқларини кияётган оқсочимни кўриб.

Аврора мен томон нигоҳ ташлади. Ногаҳон қараб ўтирганимни кўриб, бир зум жойида қотиб қолди. Ана шундай тарзда бир-биримизга тикилиб турдик то ўртамизда ноқулайлик пайдо бўлмагунича. Ушбу ноқулайликни йўқотиш учун сўз бошладим.

— Майли, борақол энди.

— Кўришгунча, жаноб.

— Кўришгунча…

Тун бўйи яшаб ўтган умрим хақда эслашга арзигулик барча хотираларни титкилаб чиқдим. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, Марго билан ўтказган бир кечам ва Аврора билан олти йиллик ҳаёт тарзини. Беқарор ўйлар орасида бир қарорга келишим амримаҳол эди. Бироқ эртага Аврорага севги изҳор қилишим кераклигини яхши англардим. Ич-ичимдан у ҳам мени севиши мумкинлигини пайқаган бўлсам-да, унга дил изҳор қилсам, буткул кетиб қолишидан ҳавотирда эдим. Йўқ, агар бундай эҳтимол бўлганда у аллақачон кетиб юборарди. Ҳар ҳолда олти йилдан бери, бир кун ҳам келмай қўйгани йўқ. Шубҳасиз, у бунга лойиқ. Эртага, ҳа эртага айтаман, албатта айтаман…

Копучино иси. Кўзларимни очмай қўлимнинг таши билан идишга тегиниб кўрдим. Ҳарорат меъёрида. Лекин дераза олдида ҳеч ким йўқ. Қоғозлар ҳам хонам узра ёйилиб ётарди. Ошхонада эса бегона қиз. Арава ғилдиракларини у томон итардим.

— А, ўрнингиздан турдингизми?

Кўринишидан Аврорага ўхшаб кетадиган бу қиз тахминан ўн олти ёшларда эди. Нега энди у келмади? Нега келмади? Бу ўйлар тинимсиз онгимда айланаверди.

— Ҳа, Аврора… -сўрамоқчи бўлдим қаршимда турган қизалоқдан. Бироқ у зийраклик қилиб гапимни илиб кетди.

— Мен Авроранинг қизиман, жаноб. Ойим сизга мана буларни бериб юбордилар ва энди қайтиб келолмасликларини етказиб қўйишимни сўраган эдилар. Онангизга қўнғироқ қилиб барчасини етказдик, эртадан бошқа ишчи ёллашади.

Унинг гаплари қулоқларимга чалинди-ю, юрагим ўртаниб кетди. Ҳудди менингча ўтмишим салом йўллаётгандай воқеалар такроран рўй берар эди. Аврора менга қолдирган биргина мактуб ва қоғозга ўралган китоб…

«Азизим, Освалдо. Мени кечиринг, сизни севишимни ортиқ яшира олмаганлигим сабаб, ишдан кетдим. Кеча кетишим олдидан менга қараб турганингизни кўриб, сиз ҳам мени севиб қолаётганингизни англадим. Аввалига анча қувондим. Ахир олти йилдан бери шу кунни кутиб яшадим. Лекин ёзган сўнгги ҳикоянгизни ўқигач, бу нарсаларнинг барчаси нотўғри эканлигини тушуниб етдим. Мен аҳмоқ бўлса барчасини кўра-била туриб кўз юмиб қўёлмадим. Ҳикоянгизни ўқиб росса кулганим эсингиздами? Ўшанда асли йиғлаётган эдим. Маргони ҳали ҳам севишингизни билганимдан сўнг ўзимни тутиб туролмадим. Олдимга яқинлашган чоғингиз эса ўзимни кулганга солдим…

Нима учун ортиқ сиз билан кўриша олмаслигимнинг сабабини совғани очиб кўрганингизда тушуниб етасиз. Бу туғилган кунингизга энг яхши совға бўлади деб ўйлайман. Яхши кунларда кўришкунча, дея Аврора.»

Кўзларимни ичида шашқатор ёшлар тўпланиб турар эди-ю, уларни тўкиб юборишга жураътим етмади. Совға китоб эканлиги аниқ эди. Лекин қандай китобки, ҳозирги вазиятни енгиллаштириши мумкин бўлса? Жаҳл билан унинг устки қопламасини йирта бошладим.

Китобнинг муқовасидан эса «Освалд» деган сарлавҳа чиқди. Муаллиф: Маргарита Берарди.