Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Сокин қўшиқ


Унинг биринчи марта қишлоққа кириб келгани ёдимда: ўша куни шаррос ёмғир қуйган, арзон-гаров уст-бошлари жиққа ҳўл эди. Мен кўчага, тарновларнинг тагига идиш қўйиш учун чиққанимда, у кўримсизгина мактабимизга шошилиб кириб кетаётганди.
Эртасига мактабда шаҳардан мусиқа ўқитувчиси келгани ҳақида гап айланди. Барча болалар уни кўриш учун қоровулхонага тўпланиб олган, мен эса бир чеккада кеча янги устозни қандай аҳволда кўрганим тўғрисида гапириб мақтанардим.
Унинг шу қишлоқда турадиган эски оғайниси бор экан, уй топгунича ўша ерда яшаб турадиган бўлди. Хуллас, у бизга бир неча кундан сўнг дарсга кирди. Устознинг дароз бўйи унга салобат бағишлаб турар, шунинг учунми ҳайбати босиб, жимгина ўтирардик. Салом-аликдан сўнг хона четидаги эски пианино ёнига борди. Ғилофини очиб, бир неча клавишларини босиб кўрди. 
-Оббо, нотадан чиқиб кетибди,-деди бизга.-Мен ҳозир, созлаб олай...
 Бир неча куйларни чалди, у ёқ-бу ёғини айланиб кўрди... Салдан сўнг оёғи синиқ пианиномиз бинойидай куй тарата бошлади. 
-Майли, бир куй чалиб берай-а, - деди ва хотиржам стулга ўтириб олиб, бармоқларини клавишлар узра юргиза бошлади.
Аввал шўх, сўнг енгил, бир оз ўтиб оғир куй тарала бошлади оқсоқ пианиномиздан. Биз сеҳрлангандек, оғзимизни очганча тинглардик. 
Устозимиз ўзи билан ўзи бўлиб қолдими ёки оҳангни дилдан туйиб, бизни унутдими... ҳарқалай, куйлай бошлади.
Хайр-у хўш демайин кетдинг,
Нетай ғамхонада қолдим. 
Қоронғу кечада бўзлаб
Бузуқ вайронада қолдим... 
Унинг овози... ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган даражада ширали ва ғамгин эди. Биз оҳангга мос равишда тебранардик. 
Шундай қилиб, у бизга сабоқ берар, биз эса устоздан "Қаён кетдинг" ни сўраб ҳоли-жонига қўймасдик. Қўшиқда биз учун қизиқ нимадир бор эди, балки устознинг дардли ҳонишидир... 
Бир неча кундан сўнг ўқитувчилар хонасига журнал қўйгани кирдим. Ҳеч ким йўқ, фақат ичкаридаги директор хонасидан ғўнғир-ғўнғир овоз эшитиларди. Беихтиёр қулоқ тутдим. 
-Энди, ҳаёт – синов дейдилар, ҳамма қийинчиликларга сабр қилиб борилади, - деди доим босиқ оҳангда гапирадиган директоримиз. - Менимча таклифларини қабул қилишингиз керак. Тўғри, бизда ҳам мусиқа ўқитувчиси йўқ (қулоғим динг бўлди), аммо ўқувчиларимиз математикага қизиқишади, ҳали биронтаси мусиқачи бўламан дегани йўқ. Бу ердан кўра ўша ерда кўпроқ кераксиз. 
-Лекин айтганимдек... оилам... -"Мусиқа"нинг овози титраб эшитилди. - Ахир уйдаги ҳар бир нарса уни эслатади. Шунинг учун бош олиб шу ёққа келдим... 
-Мен сизни ҳайдаётганим йўқ, лекин, ўйлаб кўринг... Ҳали яна бафуржа гаплашамиз. 
-Хўп. 
Мен эшик томон юрдим. Кетиб қолса-я, деган ўй миямда чарх урарди. Ўзимча ниманидир тушунган эдим. 
Бир неча кундан сўнг унинг кетиши тўғрисида гап чиқди. Болалар бири олиб, бири қўйиб гапиришарди. 
-Нега кетади? 
-Чунки бу ернинг ойлиги кам. Уни ишга таклиф қилишаётган жой – мусиқа мактаби. Дарс кўп, демакки ойлиги ҳам. Устозни ҳам хотини, бола-чақаси бордир, уларни боқиши керак... 
-Уларни боқиш шарт эмас! - дедим мен. 
Шу пайт устоз кириб келди... 
... Бу дарс ҳозир ҳам ёдимда. Болалар унга ёпишиб олган, "кетманг" деб ҳиқиллашарди. У ҳадеб ютинар, кўзлари йилтилларди. Мен эса, бир чеккада индамай турардим... 
Ўзининг хоҳишига қарши бўлса-да, у кетди... 
Яна мусиқа хонамизга қулф осиб қўйишди. Бироқ ҳозир ҳам мактабга йўлим тушиб, шу хона ёнидан ўтиб қолсам, сокин қўшиқ қулоғимга чалинаверади. Дард-у ҳасрат, фироқ-у нолага тўла қўшиқ... 
Хона томон яқинлашаман ва қулоғимни эшикка босаман. Ичкаридан мунгли товуш эшитилади:
Қаён кетдинг, гўзал ёрим! 
Мени бағримни қон айлаб. 
Бу дунёни менга, эй воҳ, 
Қоронғу қаҳратон айлаб...