Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Онам учун атиргуллар


Ҳовлимизнинг қоқ ўртасида қуёшга бўй чўзиб, ял-ял товланиб турган бир дона қип-қизил бахмал атиргул қалбимдаги барча ғуборларни ёзиб юборди. Яқинроқ бораманда,  унинг ифоридан баҳра оламан, нозик гулбаргларини силайман. Ёнидаги очилишга тайёр турган  икки ғунчаларнининг қулоқларига аста пичирлайман: “Икки кунда очилинглар”. Меҳр билан бир челак сув олиб келиб тагига қуяман.

Нонуштани апил-тапил қилиб ишга шошаман. Машинамни ўт олдириб атиргулимга қайрилиб  боқаман. Жуда ҳам гўзал. Тўполон билан хонасидан югуриб чиқиб келиб, менга кичкина қўлчаларини  силтаб “Хайр, амаки”-деб қолган кичкинагина Нурбекка сигнал чалиб дарвозадан чиқиб кетаман.

Ишхонамга етишим билан биринчи қилар ишим-Гулрухсорга қўнғироқ қиламан. У ҳам энди ўқув биносига кириб кетаётганини айтади.  Бугунги кун омадли ўтишини тилаб , у билан хайрлашаман. Куни бўйи севгилимни , унинг уйга қайтиш кунига оз қолаётганини ўйлаб энтикаман. Гулрухсор  атиргулларни жуда ҳам яхши кўради. Биринчи учрашувим ёдимга тушади. Мен уни  қўлларида айнан  атиргуллар тутганча кетаётганида учратиб қолганман. Бир даста атигулни қучоғида эркалаб кетаётган қизга беихтиёр гап отаман: “Бунча гулларингиз чиройли, яхши қиз!”. У менга жилмайиб боқади. Унинг лаблари қучоғидаги атиргулнинг ғунчасидек, юзлари  ҳам қирмизи, келишган  қадди гулдай нозик. Мен уни кўриб ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир қизга, бир атиргулларга қараб хушомад қила бошладим.
—Сизга атиргуллар ёқадими?
—Ҳа, жуда ҳам!
—Лекин ўзингиз атиргулдан ҳам чиройли экансиз!
—Рахмат.
—Гулларни сизга совға қилишдими ?
—Аксинча, совға учун   олдим. Бугун дугонамнинг туғилган куни. 
Гул тутган қизни дугонасиникигача кузатиб қўйдим.Баҳонада у билан яқинроқ танишиб олдим. Шу кундан бошлаб оромим, тинчим йўқолгандай бўлди. Доимо уни ўйлайдиган бўлиб қолдим. Қиз олийгоҳда ўқир эди. Энди унинг ҳар хафта уйига  келишини интизор кутадиган бўлдим. Муносабатларимиз анча чуқурлашиб   борди. Энди гул тутган қиз билан кунда бир маротаба телефонда гаплашиб турадиган бўлдим. У ҳам менга бефарқ эмасди. Қачон у қиз билан учрашсам гуллар ҳақида сухбатлашар эдик, чунки  у чинакам гул шайдоси эди. Уйларида юзлаб хона гулларини парвариш қилишини , гуллар ҳаётининг мазмуни эканини ёниб гапирарди. Қизга махлиё бўлганимдан буён мен ҳам  гулларга бефарқ бўлмай қолдим. Қаерда гулларни кўрсам уларга қайрилиб боқадиган бўлдим, шунай гуллар Гулрухсорда ҳам бормикан дея ўйлардим.  
Икки кундан кейин Гулрухсорни туғилган куни. Ҳовлимиздаги гул ҳам худди унинг учун очилгандай эди, назаримда. Ишхонада ўтириб фақат Гулрухсор ва унинг учун очилаётган  гул хақида ўйлардим. 

Кечки пайт қиз уйига қайтишини бекатда у ёқтирган қип-қизил атиргулларни тутганча кутишимни ўйлаб энтикиб кетдим. Унга севги изҳор қилишга ҳам айни пайт. Иш вақтим тугаб машинамга минаман. Йўл-йўлакай дўконлардан қиз учун ширинлик ,  эсдалик совға ҳам харид қиламан ва машинамнинг олди қутичасига-ҳеч ким кўрмайдиган жойга беркитаман. Ширин ҳаёллар билан уйга етиб келганимни билмай қоламан.Энди ховлидаги мени интиқ бўлиб очилиб турган атиргулларни узиб олсам бўлгани. Машинамни дарвоза олдига қўйиб ховлига югураман. Бирдан кўзим гулзорга тушади-ю, дахшатдан қотаман. Мен эрталаб эркалаб авайлаган гўзал гуллар ўрнида йўқ эди. Ичкари уйдан жияним қўлида менинг гулларимни кўтариб чиқиб келди. Уни кўрдиму, жаҳлим чиққанидан тепа сочим тикка бўлиб кетгандай бўлди. Ёнимга “амакижон” деб югуриб келган жиянимнинг бошига зарб билан мушт туширганимни билмай қолибман. Бечора жияним муштим зарбидан учиб кетди. Шу тобда у нима бўлаётганини тушунмай мултираб турарди. Майда ёш думалаган кўзларини яширишга уринган жиянимни сўроққа тутаман: 
—Гулларни нега уздинг?
—Ойим амакинг келса бувингни олдига борамиз дегандилар.
—Қайси бувингни олдига борамиз?
—Эсингиздан чиқдими, бугун бувимнинг туғилган кунлари –ку?!
—Қанақасига? 
—Ойим айтдилар, агар бувим тирик бўлганларида олтмишга кирган бўларканлар.
—Ҳа-я, бугун бувингни туғилган кунлари. Ташвишлар билан бўлиб унутаёзибман.
—Машинангизда олиб борасизми олдиларига?
—Албатта олиб бораман!

Хижолатдан ўзимни қўярга жой тополмайман. Кичкина Нурбекнинг бошларини силаб, кечирим сўрагандай бўламан.Шукр-ки, беғуборгина жиянимнинг  кичик юрагида кек сақлаш, адоват деган туйғулар ўрин олиб улгурмаган. У дарров мен нодон амакисини  кечириб бўйнимдан қучади. Шунинг учун ҳам уни жуда яхши кўраман.

Хонамга кириб чуқур хўрсинаман. Ётоғимга ўзимни ташлайман. Менинг меҳрибон онажоним ўтганларига ҳам олти  йил бўлибди. Мўнисим, ғамгусоримни жуда –жуда соғинганимни ҳис қиламан. Аммо нима учун шу кунларда ҳатто туғилган кунларини ҳам унутиб қўйдим? Наҳотки ўз кўнглим билан овора бўлиб,  мени дунёга келтирган,  мени кўзининг қарочиғида ардоғлаган, мени қийналиб  ўқитиб, камолимни кутган, дунёдаги ёлғиз ягонамни унутган бўлсам? Ҳовлимизни безаб турган ана шу атиргулларни ҳам онажоним эккандилар. Улар шифохонада хамшира бўлиб ишлардилар. Қўллари жуда енгил, ширин сўз аёл эдилар. Онамнинг бир одатлари бор эди, қаерга борсалар ўзлари билан гул олиб келардилар. Мана шу гулларни  бир пайтлар мени олийгоҳга хужат топширгани олиб борганларида Фарғона шаҳридан олиб келгандилар. “Фарғонадан эсдалик гуллар. Бу гуллар менга доимо сенинг талабалигингни эслатиб туради “-дердилар кўпинча уларни парваришлаб. Онам ҳақидаги хотиралар миямда чарх ура бошлайди. Онажонимни  бир пайтлар кичкинагина  ховлимизнинг четига турли –туман хона гулларини экиб, парваришлаб, кўпайтириб мактабларга етказиб берганлари , уйимизга доимо ўқувчи ва ўқитувчилар гул сўраб келишлари , онам эринмай ҳар бирининг номини айтишлари, уларни қандай шароитда кўпайишини тушунтиришларини эслаб кўзимга ёш келади. Эх, менинг гулга шайдо онажоним. Бугун мен нотавон ўғлингиз ўзингиз парваришлаб катта қилган гулларга  ҳам парво қилмай қўйибман. Аҳир доимо гулдай нозик кўнглингиз ила шу гулларга меҳр берардингиз. Кўпинча эса “гулларим яшнаб турса менинг қалбим яшнаб туради “дердингиз. Бугун ховлимизни безаб , сизнинг жаннатларда яшнаб турган қалбингиздан дарак бериб турган гулларингизга мен аҳмоқ ўғлингиз  парво қилмай қўйибман. Фақатгина бир қизнинг кўнглини  олиш  баҳона яна шу  гулларга шайдо бўлибман. Аслида у қизнинг ҳам кўнгли сизникидай нозик беғубор экан. Балки шу гулларнинг очилиши менинг бахтимни тилаб, сизнинг рухингиз шод бўлаётганидан далолатдир?!
—Қани машинага ўтиринглар, бувингни олдига борамиз!

Жажжи қўлларида қип-қизил атиргулларни тутган жиянимнинг пешонасидан ўпаман, бошларини силайман. 
—Нурбек, мени кечир, гулларни узганинг учун сендан хафа бўлган эдим. Билсам,  уларни бувижонинг учун узган экансан. Мен уни икки кундан буён бувингни туғилган кунларига асраб –авайлаётгандим.
—Амакижон, бувим шу гулларни жуда яхши кўрар эмишлар-а?
—Ҳа, бувинг айнан ана шу гулларни яхши кўрардилар. Қўлингдаги гуллар бувингни туғилган кунларига очилган.Гулзоримизда  бошқа гуллар ҳали очилгани йўқ, бу атиргуллар эса бувинг учун совға.
 
Машинани ўт олдираману, онам ётган манзилга ошиқаман. Мана, онаизорим ётган  қабристон. Онамнинг қабри олдига етгунча юрагим энтикиб боради, чунки у ерда қип-қизил атиргуллар очилиб ётарди. Келинойим менинг хайратимга жавобан : “Ўтган йили акангиз билан ўтказиб қўйган эдик. Қаранг, ойимнинг туғилган кунларига чаман бўлиб очилибди!”

Ойим севган атиргуллар! Мен нотавоннинг бу ерга келмаганимга бир йилдан ошибди. Ўзимдан ўзим уялиб кетаман.
Онамнинг бошида узоқ тиловат қиламан. Бироздан сўнг эса кўнглим шу атиргуллардай очилиб кетгандай бўлади. Уйдан келтирилган бир даста атиргуллар ҳам ўз эгасини топганидан енгил тортаман. 
Ҳа, онамнинг атиргуллари яшнаб очилиб турибди. Демак, онамнинг руҳлари шод.
“Хайр, онажон, энди мен сизнинг олдингизга тез-тез келиб тураман. Ўзингиз экиб парваришлаган гулларингиз энди доимо сизнинг қабрингизга поёндоз бўлади!”-дейман кетар чоғимда.