Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Қақнус


Кенг далада кетаётган эдик.  Ойимнинг қўлларида тугун, меникида қўғирчоғим “Лиля“ (мен унга шундай ном бергандим).  Анча йўл юрдик.  Шу вақтда катта бир сойга дуч келдик.  Аввалига бу сой қаёқдан пайдо бўлганига тушунмадим.  Узоқдан хилвираб турган кўприкни кўргачгина эсладим: Тентаксой-ку! Демак, бувамларникига кетяпмиз.  Осма кўприкдан зўрға ўтиб олдик.  Тавба, шу кўприкни маҳкамроқ қилиб қўйишса бўлмасмикан?! Ундан ўтган одам ўзини қил устида кетаётгандек ҳис қилади. Кўприк биз ўтиб бўлгандан кейин ҳам анчагача силкиниб турди. Сой бўйлаб юра бошладик. 
Тўғрисини айтсам, ўлгудек зерикиб кетдим. Ўзинг билан ўзинг ўйнолмасанг. Ие, қўғирчоғим бор эдику! Ўзиям жуда чиройлида: сочлари сариқ, юзлари оппоқ, ётқизсангиз ўзидан-ўзи кўзлари юмилиб кетади. Қўғирчоқнинг икки қўлидан ушладим-да, чирпирак бўлиб айлана бошладим. Кечагина ёмғир ёққан, ҳаммаёқ лой. Бирдан сирпаниб кетдим. Қўғирчоғим сувга тушди, ўзим эса сой қирғоғига бориб қолдим. Қўғирчоқни оламан деб қўл чўзган эдим, оёғим тагида турган тошни кўрмай қолибман. Тошга қоқилиб, сувга йиқилдим. Сой чуқур эди, оғзимга сув кириб, нафас ололмай қолдим. Узоқдан ойимнинг додлаган овози эшитилди. Югуриб келиб у ҳам ўзини сувга отди. Танам музлаб қолди, кўзларим юмулиб кета бошлади. Кўзимни очганимда, ойим мени бир қўлида итариб сой қирғоғига чиқармоқчи бўлганини элас-элас хотирлайман. Аввалига ойимнинг шунча кучи борлигига ҳайрон қолдим. Нега деганда, агар мабодо адашиб бу сойга сигир тушиб кетса ҳам бир зумда оқиб кетиши турган гап. Ахир унга бежиз Тентаксой деб ном беришмаган-ку. Йўқ, тахминларим тўғри чиқди. Ойим мени сой қирғоғига чиқарди-да, ўзи шиддат билан оқаётган сувга қарши туролмай, кўз олдимда оқиб кетди.  
-Ойии-и-и-и-и-и!!!
Уйғониб кетдим. Яна ўша туш. Бу воқеа содир бўлганига етти йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Аммо ҳали-ҳамон уни унутолмайман. Ўрнимдан турдим-да ташқарига қарадим: ёмғир ёғаётган экан. Одатда ҳар гал онам тушимга кирганида қабристонга бораман. Дадам билан борсам ҳам бўлади, лекин дадам ҳали-бери ишдан келмайди. Устимга қалинроқ кийим кийдим, рўмолни бўйнимдан чамбалаб ўрадим. Эшик зинжилини солгач, қабристон томонга йўл олдим...

... Қадим замонда қақнус деган қуш бўлган экан. Бу қуш умри давомида фақат бир мартагина бола очаркан. Шунда ҳам полапонларни асраб қолиш ҳамма қақнуснинг ҳам қўлидан келмас экан.  Боиси тухумлар жуда нозик бўлиб, асло совиб қолмаслиги, бунинг учун эса қушлар бир зумга бўлса-да ўрнидан турмаслиги даркор. Бироқ бунинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Шунинг учун қушлар куну тун кўз ёш тўкишаркан. Яратганга нола қилишаркан. Бир куни уларнинг доди Аллоҳга етиб борибди. Шунда Яратган эгам уларга бир мўъжиза ато этибди. Шундан буён тухумларнинг бари очиб чиқаркан. Фақат ҳар нарсанинг товони бўлганидек, қушлардан ҳам жон эвазига жон сўралибди. Аллоҳ ато этган мўъжиза шундан иборат эдики, ҳар гал қақнус қушлари бола очганларида ўзлари тухум устида ёниб кетишади. Ана шу чўғ тафтида полапонлар очиб чиқар ва уларга шу тариқа бу ёруғ дунёни кўриш имконияти берилар экан…

Ҳар сафар шу ривоятни эслаганимда юрагим бошқача ураётганини ҳис қиламан. Балки, бунинг боиси уни онамдан эшитганимдир. Қизиқ, бу қуш ҳаётда ростдан ҳам мавжудмикан? Бу ҳақда анча ўйланиб қолибман. Йўлдан синфдошим Музаффар чиқиб қолгандагина хаёлларимни йиғиб олдим. У ўтиб кетгунга қадар кўзимни ердан узмадим. Хайрият, индамади. 
Бу орада қабристонга қандай қилиб бориб қолганимни ўзим ҳам билмай қолибман. Аввал тиловат ўқидим. Ёмғир тўхтайдиган эмасди гўё. 
-Ойи,-дедим аста, йиғламоқдан бери бўлиб.- Ойижон, мен келдим... Нимага дейсизми?  Ахир ўзингиз тушимга кириб чақирдингиз-ку! Сизсиз қийналиб кетдим. Эртага туғилган куним. Йўқ, йўқ, совға керакмас, сиз кераксиз холос, сиз!
  Қабрни маҳкам қучоқлаб, йиғлаб юбордим. Шу вақт кимдир ортимдан туртди. Қарасам, Музаффар! Ортимдан келган экан-да!
-Турақол, кетдик,-деди ваниҳоят. Ўзимга қолса бу ердан бир қадам ҳам қимирламасдим. Аммо уялдим. Аста ўрнимдан турдим-да, секин-секин юра бошладим.                                                   
 -Китоб нимага керак  эди? - деди у, мени чалғитмоқчи бўлиб. 
      Шунда кеча ундан қушлар ҳақидаги китобни сўраганимни ва китобдан қақнус қуши ҳақида маълумот қидирганимни эсладим. 
-Қидирган нарсангни топдингми? - деди у жавоб беришимни кутмай. 
-Ҳа,-дедим ва ортга, онамнинг қабрига қараб қўйдим...