Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Гул Нисо шеърлари



Сарғайди рухсорим,
Сарғайди йиллар,
Икки тошюракни қарғайди йиллар,
Мен энди тошларга айланай дедим..

Йиқилдим ҳижроннинг сўқмоқларида,
Эзилдим тақдирнинг тўқмоқларида,
Мен ғариб лошларга айланай дедим..

Майсалар кўк сочди, умидларим йўқ,
Ғунчалар лаб очди,
умидларим йўқ..
Кўздаги ёшларга айланай дедим..

Остонангдан қайтди, хатто тушларим,
Қанотлари куйган умид қушларим,
Туганмас дошларга айланай дедим..

Хайр энди сўқир хор муҳаббатим,
Икки дунёимга тор муҳаббатим,
Синиқ бардошларга айланай дедим..

Ўзимни унутиб, сени унутиб,
Кўнглимни ё олов, ё музга тутуб,
Мен энди..
Тошларга айланай дедим

*** *** ***

Майсалар фалакдан нур эмган тунда,
Кўнглим ярми шавқда, ярми хузунда,
Руҳим Ёр деб кетса Қайснинг изинда,
Менинг тўлиб кетган қарорим қани?..

Бехишт боғларидай боссам заминни,
Исрога тарх этсам шул мақдамимни,
Пойга йиқулсам РоббулАминни,
Кўнгилга кўмилган асрорим қани?..

Тонгла кўкдан ёғса илоҳий нурлар,
Термулиб соб бўлса оний ғурурлар...
Малаклар лафзимдан, терганда дурлар,
Аларга айтгучи иқрорим қани..??

Айтган айтмаганим бир ғариб изҳор,
Қабатида мингдан битта сирим бор,
Кўнглимдай ёришиб келганда Баҳор,
Гулларга айланган, руҳсорим қани..??

Дунё иши недир келмоғу кетмоқ,
Бирда осмоннафас бирда хор этмоқ..
Толеъйи нигуним саҳфалари оқ,
Аларга битилган изҳорим қани..

Қай дилга ярашдим, ақиқ тош каби,
Қай дилда кезиндим, хасратдош каби..
Қай дилни куйдирдим, аччиқ ёш каби,
Менинг оби гуҳар, хунборим қани??
Сиз сезиб, сезмаган иқрорим қани?

*** *** ***

Занглаб борар дунёнинг кўкси..
Қонларда оқар,
Томирдан тошиб.
Кўпириб дарёдай,
Иблис етагида изғиган каслар,
Гоҳ ишрат.
Гоҳ шаҳват,
Гоҳ мастлик,
Гоҳ ғурбат.
Гоҳ зулм..
Ё зўрлик салтанат учун..
Кечиб Яратганнинг қонунларидан..
Тақдирларни издан чиқармоқ учун..
Шунчалар оввора иймони пастлар..
Аллоҳ берган онгни, салоҳиятни
Ғурурни
Идрокни..
Иблисга қулликка нархладилар..
Ва..
Яшашдан кўра аълороқ билдилар..
ғурбатга кетмоқни,
Дўзахга кетмоқни.
Кулфатга кетмоқни..
Оёғин остига қаздилар чоҳни...
Аввал юракларин ўзгартирди...
Иблис уларнинг,
Кейин ниқобланди манфур юзлари..
Сўнг лабларига қўнди,
Ишвали кулгу..
Самони меники дея айтдилар,
Заминни,
Денгизу соҳил барини..
Ҳар кўчада қолди..
Макрух, излари...
Ясадилар гулдан мастона оғу,
Тирикликни ўйин билдилар ёхуд..
Эргашиб кетарди,
Онгсиз оломон,
Нафсу нафасидан ёйиларди дуд..
Юсакда бир зотнинг хисоб китобин,
Англамоққа етмас эди онглари..
Иблис етови ва,
Ишрат ортидан,
Зулматга айланди..
Хайхот тонглари..
Чор тараф таҳлика,
Қуюн каби дард..
Нафасин бўғарди оқу қарони..
Кўксига минганча ўсар азозил,
Ҳар бир дард емирган,
Мотамсарони...
Яратмишларингдан юз бурма,
Роббим..
Гуноҳлар лойидан қутқар лошимиз,
Кечир сабрсизу баднафсларингни..
Ақли етук азми тор касларингни,
Ўзни осмон билган хор пастларингни..
Кечиргин...
Хайбатинг олдида хамдир бошимиз..
Кечир,
Кечир.....

*** *** ***

Кел деб айтинг.. Йўллар нима? Дунё ошай,
Саррин сарин хаёлларим йўлга тўшай,
Эркаласам эриб эриб кетар тошлар,
Эримаган юрагингиз қандай тош.ай,
Айтинг сизни ўйламасдан қандоқ яшай.?
Манзилингиз кўзим етмас жойим бўлди,
Хаёлимда хаёлингиз доим бўлди..
Билолмайман мен етмаган дийдорингиз
Насиб этган қайси бахтли ойим бўлди,
Синиб кетар рашкларимдан тогдай дош.ай,
Айтинг.. Сизни ўйламасдан қандай яшай..
Ёзайвердим ёзганларим ёқмасми ёр,
Ашъоримдан кўнгилчангиз чоғмасми ёр,
Дард бунчалар? Бизга тоъле боқмасми ёр,
Хижронларда юрак қурғур минг талош.ай,
Айтинг сизни ўйламасдан қандоқ яшай..
Айтинг сизни ўйламасдан қандоқ яшай..

*** *** ***

Фалакка кетаман хазин ноладай,
Сўнг парқу булутдай сузиб келаман..
Барча илинжлардан кечганингизда,
Хаёлларингизни бузиб келаман..
Соғинганингизда бир илиқ сўзни,
Кидириб мехрдан ёдгор бир изни,
Қайғулар босганда юрагингизни,
Хаёлларингизни бузиб келаман..
Санамлар мажлиси келганда малол,
Хислар тўкилганда уволдан увол,
Орзуйингиз бўлиб зилолдан зилол,
Хаёлларингизни бузиб келаман..
Бугун ёдингиздан чиқсам начора,
Тақдиримни этиб Хаққа нисора,
Ўша девонангиз.. Ўша оввора.
Хаёлларингизни бузиб келаман..
Оппоқ булут бўлиб сузиб келаман..