Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Навруза Ботир қизи шеърлари



Кузатиш

Хонамда сукунат кезади тинмай,
Ёнимда кресло турибди кулиб, 
Неларни ўйлайди ўзи ҳам билмай,
Стулим ўтирар ҳаёллар суриб.

Сочиғим қозиққа осилиб шу тоб,
Шивирлаб гапирар чиқмас овози,
Тўшакни бағрига босади китоб,
Соатим пичирлар ўзига-ўзи...

Оғзини ланг очиб турар шкафим,
Столдан мўралар жилмайган гулдон,
Мулзам нигоҳини йўлакка қадаб,
Қоғозлар сочилиб ётибди ҳар ён.

Eшикка суяниб турар дарпардам,
Кўзгулар тик оёқ, хаёллар-бир тан,
Ҳайронман, негадир сукутхонамни,
Анжомлар ўзига билади Ватан.

*** *** ***

Кўзимни очаман эриниб,
Туяман нафис ҳис ва ифор,
Тонг бўлса, астойдил берилиб-
Сирларин сочади, бетакрор...

Сўнг, қисмат ясайди бир қанот-
Бошимдан тўкади олтин-зар.
Учаман, не тонгки Осмон йўқ
Қўнишга Замин йўқ!..
Алҳазар!..

*** *** ***

Бежирим кўчада югуради кун,
Бирдан савалайди ёмғир хивичи,
Дир-дир қалтирайди бекатлар юпун
Булут кўзларидан тошар севинчи.

Гоҳ осмон юзига тушириб ажин
Уфқнинг бағрини яралар чақмоқ,
Гоҳ сокин фалакда ноғора чалиб,
Сукутни чўчитар момақалдироқ.

Кумуш доначалар сачрар паришон,
Шундай манзарада шамол камтарин.
Тиним билмай ювар маржон томчилар-
Бетлари қорайган дунё дафтарин!..

Хонамдан кўчага боқаман аста
Нигоҳларим ичра улғаяр ҳайрат,
Eшигим ортида ивиб кетибди-
Менинг чиқишимни кутиб турган Бахт!.

*** *** ***

Муз йўлак
(туркумдан)

Сўзсиз хайр дея сарғиш боғларга,
Вақт ўтмоқда айланар йил тегирмони,
Маъюс нигоҳ ташлаб мағрур тоғларга
Қиш кириб келмоқда оппоқ чопони.

Кумуш кўйлак кийган дарахтлар ўйчан,
Ерни кўрпа каби ёпмоқда оқлик,
Аёзли тун хурсанд, куйлайди куйчан,
Тилсиз сукутларнинг бағрида поклик.

Гар боссам тишларин ғижирлатар қор,
Ўзидек беғубор қишнинг тилаги,
Шу қорлар тагида қолган кўксимнинг-
Ойнадек ялтирар музли йўлаги.

*** *** ***

Ваъда

Ҳечам икки бўлмади бирим,
Кундузларим эврилди ғамга,
Кўзларимга сиғмади сабрим,
Йўл тор келди қадамларимга..

Тақдир нуқул кулди - бағритош
Қорайтирди оппоқ ранггача,
Жонимга қасд қилмай тур, Қуёш,
Тирикдирман балки, тонггача!..

Ахир қанча яшамоғим сир,
Тиканзорни ўтяпман хатлаб,
Гар ўлмасам, ҳали бир умр,
Дунё, сени ўтаман бахтлаб!..

*** *** ***

Токзор. 
Новдаларнинг мунгли шивири,
Ҳовли этагида қораяр баҳор,
Тунга термулганча бир таниш сирни
Аста пичирлайман такрор ва такрор...
 
Менга қизиқ, ахир, лаҳзалар умри,
Сенга қизиқмасми мавжуд эканим?
Eсимда...
мунаввар кунлар сурури ―
Сўзсиз кўзларингга бахтни экканим!..

...Яна лабларимда гул тўкар отинг, 
Тағин югуради ўйларим тинмай.
Наҳот, тинч қўймайди минг йиллик ёдинг,
Ер тортишиш кучин унутмагандай?..

Ахир, яшагим бор эди очилиб,
Бироқ йўлиққаним бўлди ранж-у ғам.
Наҳот, тақвимимиз кетган сочилиб,
Нега менга келар йўлларинг мубҳам?!..¹

¹Мубҳам ― чигал, тушунарсиз.

*** *** ***

Кўкнинг пештоқига қўнибди хуршид,
Мовий сарҳадлардан тўкилар зиё.
Ёшлик, остонангда баргдай қалтираб
Сенга ёлворганим сезмайди дунё.

Умидлар туғилар мен туғилган кун,
Негадир хомушман...
Бироқ бир орзу:
Ортига қайтсайди бу учқур йиллар,
Болалик, бағрингда қолсайдим мангу!..

*** *** ***

Кетяпман
Йўлларни кўзимга жойлаб,
Йироққа қочяпман ўзим-ўзимдан,
Лекин ҳар галгидай панада пойлаб,
Алдамчи Бахт қолмас нуқул изимдан...

Ғамлар юзида ҳам қандайдир ҳадик,
Зирқираб оғрийди чап кўксим ости,
Дунё, дунёйингда эмасман тетик,
Ҳаёт, ёлғонингдан чарчадим ростиии...

Кетяпман..
Ўзимга ахтариб хилқат
Кўкларга етмоқда бу оҳ-у зорим,
Менга ниқобларсиз Бахт ато этгин,
Менга чин дард бергин Парвардигорим!!!

*** *** ***

ИСЁН

Тушларим Раҳмоний.
Ўнгимни  сап-сариқ 
янтоқлар босдилар йигирма учимда,
уйғонар,
қалтирар телбавор ҳайқириқ
Ичимда,
     ичимда,
           ичимда...
боғзимга тиқилар чўнг овоз
сўнг эса,
минг йиллик 
жисмимнинг чоклари сўкилар....
ва танам...
ёмғирдек томчилаб-
томчилаб,
осмонга тўкилар...
тўкилар
...тинаман!
ахийри ечаман тақдирни
дунёнинг лабидан учади хўрсиниқ,
ўчсам ҳам 
чарсиллаб ўчгум бор...
лекин...
тушларим Раҳмоний, ўнгим сап-сариқ...

Осийман,
             осийман
                     осийман...
Заминни опичлаб, самога сингийман!..

*** *** ***

МАКТУБ
(Туркумдан) 

Қаршимда дарахтнинг қорли капаси,
Кунларнинг кўксида туйғулар оғрир.
Боғлар орасида аёз шарпаси,
Декабр бошида ҳаёллар тўзғир.

Энди ерга сирин, айтиб эрир қор,
Хофиз-қиш қўшиғин бошлайди секин.
Мазлум нигоҳларга тўлган борлиқнинг,
Бўйнига осилиб йиғлар изғирин.

Январ ўз бағридан қорлар тўкади,
Оппоқ кўйлагининг этагин йиртиб.
Қишнинг имзосила битилар мактуб-
*"Йиллардан йилларга саломлар элтиб".

*М. Шайхзода мисраси 

*** *** ***

Ёмғир ёғиб тинмас зерикар борлиқ,
Дарғазаб кўчади боғларга титроқ,
Шамол япроқлардан ясайди ёрлиқ,
Хазонлар ичида қоласан узоқ...

Кўнгил суратини чизар энтикиб,
Ненидир шилдираб сув тўла анҳор.
Намхуш йўллакларга чўзала тушиб,
Лойга ботиб ётар кексайган баҳор!..