Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Ёмғирда қолган мушук


Муаллиф: Эрнест Хемингуэй
Инглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимаси


Меҳмонхонада америкалик жуфтлик оёқ илганди. Улар зиналар бўйлаб ўз хоналарига бориб келаётган  кишиларнинг ҳеч бирини танимасдилар. Эр-хотиннинг хонаси иккинчи қаватда, денгизга - шунингдек, истироҳат боғи ва хотира ёдгорлиги томонга ҳам - қараб турар, боғда бўйдор палмалар ва яшил ўриндиқлар бор эди. Ҳаво соз бўлган пайтлар бу ерда мольбертини кўтариб олган рассомни кўриш мумкин. Рассомлар палмаларнинг ўсишини, боғлар-у денгизга юзланиб турган меҳмонхонанинг ёрқин рангларини хуш кўрардилар. Италянлар узоқ манзиллардан уруш ёдгорлигин зиёрат қилгани келишарди. Ёдгорлик бронзадан ясалган бўлиб, ёғаётган ёмғирда ярақлаб кўринарди. Томчилар палма дарахтларидан пастга томар, сув шағалли йўлаклардаги ҳовузчаларда тўпланарди. Денгиз тўлқини ёмғир ёрдамида соҳилнинг  анча еригача борди-ю, тағин пишқирганча қайтиб келишини кўзлаб қирғоқдан секин ортга йўл олди. Автоуловлар ёдгорлик атрофидаги майдонни тарк этишган. Майдон ёқасида жойлашган қаҳвахона остонасида официант кўзини бўм-бўш ерларга тикканча турарди. 
Америкалик хотин деразадан ташқарига боқиб турар, ташқарида, шундоққина уларнинг деразалари остида бир мушук шалаббо бўлган яшил столлардан бири остида қунишиб , томчи ўтмасин учун ғужанак бўлиб олганди. 
- Пастга тушиб ана у мушукчани олиб келмоқчиман, - деди жувон.
- Ўзим, - таклиф қилди эри ётоқдан туриб.
- Йўқ, мен оламан. Бечора мушукча, стол остида ҳўл бўлмасликка уриняпти. 
Эр ётоқ пойгагидаги бир жуфт ёстиққа ёнбошлаганча ўқишда давом этди. 
- Ҳўл бўлиб қолма.
Аёл пастга тушди, ўтиб бораркан меҳмонхона хўжайини ўрнидан туриб таъзим қилди. Хўжайиннинг столи идоранинг узоқ бурчагида жойлашган, ўзи эса қари ва новча. 
- Il piove,1 - деди аёл. Унга меҳмонхона бошлиғи манзур келди.
- Sì, sì, Signera, brutto tempo.2 Ҳаво бирам ёмонки...
Бошлиқ ўз столи олдида, хонанинг энг олис бурчагида турарди. У жувонга ёқиб қолди. Ҳар қандай шикоятни жиддий қабул қилиши, савлатлилиги, аёлга хизмат қилишга бўлган иштиёқи, меҳмонхона эгаси бўлиш каби масъулиятни нақадар ҳис этиши, қартайган, вазмин юзи ва йирик қўллари ёқди америкалик ожизага.
Шу каби ҳислар оғушида жувон эшикни очиб ташқари мўралади. Ёмғир кучайган, ёмғирпўш кийган эркак шип-шийдам майдонни кесиб қаҳвахона сари борарди. Ҳалиги мушук шу атрофда бўлиши керак. Эҳтимол аёл арақилар остига довур боргани маъқулдир. Остонада турар экан, унинг ортидан соябон очилди. Бу уларнинг хонасига хизмат қилган қиз бўлиб чиқди. 
- Ивиб қолмаслигингиз керак, - италянча сўйлаб, табассум қилди оқсоч. Шаксиз, қизни меҳмонхона хўжайини жўнатган. 
Хизматкор ортидан соябон тутиб борар экан, америкаликнинг хотини шағал йўлак бўйлаб ўзларининг деразалари остига қадар одимлаб борди. Ёмғирда ювилиб ям-яшил тус олган стол ўз ўрнида, бироқ мушук ғойиб бўлганди. Аёлнинг кўнгли бирдан хира тортди, оқсоч қиз унга қаради.
- Ha perduta qualche cosa, Signera?3
- Бу ерда мушук турганди, - деди америкалик жувон.
- Мушук?
- Sì, il gatto.4
- Мушук? - кулди хизматчи. - Ёмғирда қолган мушук?
- Ҳа, - деди у, - стол остида эди. Оҳ, жудаям хоҳлагандим бароқвойни.
У инглизчалаб сўзлар, бундан хизматчининг юзи буришарди. 
- Юринг, сеньора. Қайтиб ичкари киришимиз зарур, йўқса шалаббо бўласиз.
- Мен ҳам шу фикрдаман.
Улар шағал йўлак бўйлаб ортга қайтишди, эшикдан ичкари киришди. Хизматчи қиз соябон йиғгани ташқарида тўхтади. Хоним офисдан ўтиб бораётган паллада хўжайин столи томондан таъзим қилди. Жувон ўзига кўрсатилган эътибордан сармастликка ўхшаш нимадир  ҳис этди. Унинг ўша ниманидир туйишига хўжайин сабабкор эди. Аёл бил лаҳзалик бўлса-да, муҳимлик ҳиссини тотди, тепа қаватга йўл олди. Хона эшигини очди, Жорж ётоқда - мутолаа билан машғул.
- Ўша мушукни ушладингми? - сўради эри китобни пастга қўя туриб.
- Кетиб қолибди.
- Қизиқ, қаёққа кетган бўлса? - деди Жорж кўзларини уқалаётиб.
Рафиқаси ётоққа инди. 
- Мен уни жудаям хоҳлаган эдим. - деди у - Негалигини билмайман, аммо ўша ночор мушукчани шунчалар истагандимки... Ҳимоясиз мушук ёмғирда қолиши сираям қизиқмасми?
Жорж тағин китобга шўнғиганди. Хотин ўрнидан туриб, пардоз столидаги кўзгу олдига бориб, қўлидаги ойнакка термулиш билан машғул бўлди.

Афт-андомини кўздан кечирди - олдин бир ёни, кейин бошқа ёнини. Боши орқаси ва бўйнини ҳам синчиклаб қаради.
- Агар сочларимни узун қилиб ўстирсам ёмон бўлмасди-а, шундай эмасми? - сўради жувон яна ўзига маҳлиё бўлиб. Жорж бошини кўтариб, унинг бўйни ортига, ўғил болаларникидай калта кесилган кокилига кўзи тушди. 
- Менга шундайлигича ёқади.
- Мен эса бундан жудаям чарчадим. Эркакка ўхшаб юришдан безорман.
Жорж ётоқдаги ўрнини алмаштирди. Хотини гапиришни бошлаганидан бери ундан кўз узмай тинглаётганди.
- Кўринишинг анчагина тузук, - деди эр. 
Хотини кўзгуни тортмага солди-да, дераза яқинига бориб, ташқарига боқди. Қош қорайиб келаётганди. 
- Сочларимни текис ва маҳкам қилиб  орқага ташлаб қўйишни, сезилиб турадиган даражада турмаклашни истайман.. - деди у. - Шунингдек, мушукчам бўлса, мен уни сийпаганимда тиззамда хур-хур қилиб ўтирса. 
- Хўш? - деди Жорж ётоқдан.
- Овқат маҳаллари дастурхонда ўз кумуш идишларимда тановул қилсам, шамлар ҳам турса. Тағин баҳор бўлишини истайман, ойна қаршисида туриб сочимни бўясам, қолаверса, мушукчани ва янги кийимлар олишни хоҳлайман.
- Оҳ, сасингни ўчир-да, бирон нарса ўқи! - деди Жорж. Эр тағин мутолаага шўнғиганди.
Хотини дераза оша ташқарини кузатар, қоронғулик чўккан, ёмғир ҳануз пальма дарахтларини чертар эди. 
- Барибир, менга ўша жонивор керак, - деди у, - мушук керак. Керак дедимми, ҳозир керак. Узун сочим бўлмаса ҳам, кўнгилхушлик қилолмасам ҳам, мушугим бўлиши мумкин-ку.
Жорж рафиқасини тингламаётганди. Жувон деразадан ташқарига, эндиликда ёритилган майдонга тикилиб турди. 
Кимдир эшик қоқди.
- Avanti,5- деди Жорж ва китобдан бошини кўтарди. 
Остонада хизматкор қиз турарди. У катта тарғил мушукни маҳкам бағрига босиб олган эди. 
- Кечирасиз, - деди хизматкор, - хўжайин мендан буни сеньорага беришимни сўраганди.



1  il piove - ёмғир (италянча)
2  sì, sì, signora, brutto tempo - ҳа, ҳа, хоним, об-ҳаво ёмон (италянча)
3  ha perduta qualche cosa, signora? - бирор нарсангизни йўқотдингизми, хоним? (италянча)
4  Sì, il gatto - ҳа, мушукни (италянча)
5  Avanti - киринг (италянча)