Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Нафиса Омон шеърлари



Олислаган диллар ва яқин йўллар, 
Тескари урмоқда товонда юрак. 
Аллоҳга элтгувчи чорадор қўллар, 
Менга бахт исми бор дуолар керак! 

Ҳали кирмаганман 18 га ҳам, 
Алвон ҳаёлотлар назаримдан паст. 
180 ёшга тўлганимда ҳам, 
Дуодор қўлларда номим бўлса бас! 

Эътироф этаман рашким -меҳримдан, 
Меҳрим - ҳавасимдан, эътиқодимдан. 
Аввалимга, ҳамда сўнгсиз оҳиримга, 
Сабаб бўладиган сабр - тоқатимдан! 

Набирасин бошин силаган кафтда, 
Онанинг пойига чўккан жаннатлар... 
Чақалоқ қучоқлаб эриган тафтда, 
Юрагимни қўшиб ёзингиз хатлар!

*** *** ***

Қайтдим, мен борарим ўша, манзиллар ўша, 
Аламлар ўшадир, ҳазинлар ўша. 
Йигирма ёшимга беш фасл қўшиб, 
Бир кунда ўзгарган фасллар ўша. 

Балки мақсад битиб, йўллар ўзгарар, 
Бўялар, бузилар, қурилар қайта. 
Титратмайди энди эски сезгини 
Чақирсам ҳам ҳатто, исмини айтиб. 

Қайтдим! 
Масофа шу, сенгача узоқ, 
Балки аввалдан ҳам чўзилган озроқ. 
Мен қурган дунёни буткул бузгани, 
Тиллар ўша- ўша, қўлсиз, беоёқ!
 
Ўша гап, азизим, эгилганим рост, 
Ва яна синмаган аёллигим ҳам. 
Эски-ю янгилар ҳали жуда паст, 
Онамнинг пойида омон бошимдан!

*** *** ***

Хуш қол ҳали менга тўймаган фурсат, 
Дардларини тўкиб улгурмаган қалб. 
Сўнгида асранди ўзингни кўрсат, 
Сўнгида ҳаққимни қиламан талаб?! 

Қушга айланганман аллақачонлар, 
Ини йўқ, қўнимсиз сарсон Ҳумоман. 
Беҳуда парвозлар сўрар кучимни, 
Бошингни тутмайсан билмадим, сен ҳам. 

Тутиб, йўл бўлмайсан қадамларимга, 
Ўзга тупроқларга экасанми жим? 
Сенсиз соҳибалик ундан нарига, 
Зотан мағрур гадо бўлганим устун!
 
Хуш қол! 
Ямоқ умид! 
Очиққан илинж! 
Ўзини севмаган худбин ҳаётим. 
Эй юрак! 
Ўзинг бўл оқил кўрсатгич, 
Ақлдан озмоққа етмас журъатим!

*** *** ***

Есимда йўқ хеч бир муддао, 
Юзимга чанг солди эрка ишқ. 
Бовулимда бир тўда  xато, 
Чўмилишни  севар қорачиғ! 

Юким юкдай отига   монанд, 
Қайга  борсам юрар эргашиб. 
Биз иккимиз Самар ҳамда Қанд, 
Йўлларимиз кетган чалкашиб. 

Чарчамасми бир қора ишчи, 
Чарчамасми бир қора ишқчи?! 
Хоримай ман ёдингга тушсам, 
Ғамлар теграмдаги қизиқчи!

*** *** ***

Қайдасан «бошида шохи» бор одам,
Оразида нурли Моҳи бор одам.
Мен бошимда бошлаб борсам осмонни
Елкасига чўксам - тоғи бор одам.

Эй, сабри тошмагур паймонасидан,
Исмимни силаган пешонасида.
Иккита дунёнинг савобин тилаб, 
Қиблага эгилсам остонасида!

Мен санаб тугатсам ситамларимни,
У келиб айтарми кутганларини?!
Сезмасак, кўрмасак, билмасак бирга,
Кўнгилнинг кемтиги ва камларини!

Отамга ўхшаган дўст бўлса менга,
Онасига ўхшаш бесабаб бўлсам.
Юрагимда жаннат қурардим унга,
Юзгача санасам... Унгача келса... !!!
 
*** *** ***

Кўп ҳам тушунмайман ҳамма нарсани, 
Гоҳо кеч англайман, кўп маъноликни.
Ҳижжалаб ўқийман ҳаёт дарсини,
Аммо толибмасман ҳеч доноликни.

Ҳаммани ўзича, сўзича билиб,
Пушти кўзойнакда қарайман доим.
Билмай ора- сира худбинлик қилиб,
Юрагим ақлимни туради койиб.

Мен ҳамма фаслда Баҳор ва Ёзман,
Совуқотиб қоламан мехрсизликда.
Семириб кетсам ҳам севгидан озмай,
Менламанг, Сенламанг, гап кўп Бизликда!

Балки қулоч- қулоч эмас хислатим,
Ё эркалик тутар, ёки бир қусур,
Сизнинг юрагингиз - менинг давлатим,
Мен ўша юракдан бир қисим унсур.

*** *** ***

Мен Сен дедим, 
Сен-Мен дединг.
Сен бўлдим-у,
Мен бўлмадим.
Сен авайлаб артмай
Юрган,
Бир қадрли чанг 
Бўлмадим.

Ҳамма бўлдим,
Неки яхши,
Сенга ёмон
Кун бўлмадим,
Ярашдимми?
Ёқангга гул!
Одат бўлдим!
Ким бўлмадим?

Инсон 
Инсон
Мен билмайман.
Балки мен 
Инсон бўлмадим.
Мени ҳеч 
Миннат қилмайман.
Чунки
Бирор 
Мен бўлмадим!

Осмон энди
Қўйиб юбор,
Булутларни...
Ёғса ёғсин,
Бу баҳорга
Гул бўлмаган
Чўпчакларим
Эсдан оғсин.

Усти бутун
Ичи тутун,
Бу шахарни
Ютсин алам,
Қулоғингни тортиб
Қўйсин.
Ёмғирларнинг нақорати!

Сен бўлдиму,
Мен... 
Билмадим.
Қайда ташлаб кетдим 
Мени.
Қандай яхши,
Эсимда йўқ,
Туғилганим!
Ўлган куним!

Айтар улар,
Бу сенсан деб.
Mен сенсан дер...
Қайдан билар?
Юзимданми?
Қошимданми?
Кўзимданми?
Ёшимданми?

Мен билмайман.
Қайси куни,
Қандай қилиб яралганим,
Худди шундай
Билмас ҳеч ким
Минг бор ўлиб,
Тирилганим.

*** *** ***

Бошим узра бўронлар,
Паришондир сочларим.
Остонада тик туриб,
Рости бир оз чарчадим.

Кетдик, десам кўнмайди,
Қаттиқ қайсар “мен”им бор.
Меникимас қолгани,
Сендан бошқа кимим бор?!

Яратаётиб ўзинг,
Синдириб қўйган эдинг.
Шундан бери оғриққа,
Кўндириб қўйган эдинг.

Энди ўзинг авайлаб,
Асрамасанг бўлмайди.
Сендан бошқа ҳеч кимса,
Дардим нима билмайди.

Суянгани тоғим йўқ,
Олиб қўйгансан ўзинг.
Биттагина онам ҳам,
Етмас ўзига-ўзи.

Рости бироз чарчадим,
Кутаяпман кўз юмиб.
Ўзи юрар кўчалар,
Қолсин, изларим кўмиб.

Менинг бошқа чорам йўқ,
Сендан бошқа Худойим.
Тупроқлардан сўрагин,
Бошим қашқа, Худойим!

Сенга осон - мушкуллар,
Минг тиландим, бир тилак.
Мени олиб солиб қўй,
Уйим бўлсин - у юрак!

*** *** ***

Кутмаган кунингда  кутганинг келса
Ва қайтиб кетмаса, бошқа ҳеч қачон.
Мўъжиза туғилар — умидлар ўлса,
Ишон!

Уйғоқ тунларингга суянса кундуз,
Эртак айтиб берсанг эрталарингга
Сўнг ўзинг эшитсанг, кутилган бир сўз —
Ишон!

Тўрт девор дунёдан кенг ва гўзалроқ,
Жаннатдан афзалроқ, Маккадай азиз.
Илмнинг аълоси, ҳар дарсга сабоқ-
Ишон!

Ичингда бор бўлса ҳали тоза жой,
Юрагингда бўлса еттинчи осмон,
Ҳаммаси жудаям яқин ҳойна-ҳой,
Ишон!

Кўксингда туғилса соғлом орзулар,
Кўзи кўр бўлмаса, сўзи бор бўлса.
Яралган бир зарра эмас бесамар,
Ишон!

Гарчи ёшлик кетиб, дафтарлар қолса,
Бироз қаттиқ бўлса тишинг теккан нон.
Нималар бўлмайди, дунёда, билсанг,
Фақат ишон!

*** *** ***

Балки кўп қонадим, 
Қонга ташнаман.
Фидо бўлганим кўп,
Жонга ташнаман.
Узр, сиз паёндоз
Қилган қалб билан,
Худога уй бўлган
Онга ташнаман.

Мен ипак эмасман,
Тут оғочиман!
Баргларимни юлган
Ҳаёт савдогар.
Қўлларимни силаб
Рухимни ямлаб
Капалак бўлмоқта
Минг битта рухлар.

Шундан
Қўлларим мушт,
Шохларим қисқа,
Пишсам тўкилааман
Дув-дув. Эзилиб.
Шундан сочларимни кесаман,
Йўқса,
Бўйим баландлиги қолар сезилиб.

*** *** ***

Мен қариб бораман, сен ҳали ёшсан,
Кучинг кўп,вақтинг кўп,фақат сабринг оз.
Қўлинг бор,тилинг бор,аммо бебошсан,
Бошсизсан, демакки йўқ сенда овоз!

Мен қуриб бораман, сен эса яшнаб,
Татиб кўргинг келар ҳамма маъзани.
Қолсайдинг бир сени,бир ўзинг яшаб,
Сени мингга бўлган битта лаҳзани!

Мен билиб боряпман, сен эса кўриб,
Ҳамма кўрганингга ишонма лекин.
Тупроқни танийсан, учибмас, юриб,
Чопиб, чопқиланиб, қайтадан туриб!

Мен кулиб боряпман, бошқа йиғлама,
Йиғлаганларингга бир  кун куласан.
Чарча, лаънатлагин, аммо ухлама,
Уйғоқлик насиба экан, ўйласам!

Мен ўлиб боряпман, астароқ яша,
Озроқ сев, озроқ е дунёнинг ғамин.
Қизим, менга эмас, Баҳорга ўхша,
Қачон кетишингни бир ўзинг билгин!

*** *** ***

Мен билиб сакраган чохлар охирсиз,
Юрагимни тиккан жойим бағирсиз.
Ўлигини ортар елкамга баҳор
Бунча ҳам оғирсиз?

Оғирсиз?! Қанча қолганимни ўзим билмайман,
Менимча эрта ё, индин ўлмайман.
Ҳалиям ўлмайман,
Ўлмайман нега?
Кетсам ўлай агар қайтиб келмайман!

Захялаб ётади мохов аламлар,
Улар соғ қўярми? Бутунлай ямлар, 
Ичимни ювмоқда терс оққан
козёш,
Тилим билан тишим қилади жанглар!

Aммо кеч оқарар қоронғи осмон,
Шомлар - тандирида куйиб қолган нон, 
Қора ип, оқ ип ҳам кўринмас ҳозир,
Янги эртак айтиш бўлмасмиш осон!