Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Сентябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Орзу Ҳаёт шеърлари


Соҳилга урилар мавж-ла  тўлқинлар, 
Товонинг ўпгали суйкалар қумлар. 
Биламан, бизни кўўўўп йироқ тутади, 
Сен ҳам билган ўша “ески удумлар”...

Наҳотки, шунчаки яралган борлиқ?! 
Наҳотки, шунчаки яшаймиз бизлар?!
Шунчаки қумларни безар-у, охир,
Шунчаки шамолда ўчарми излар?! 

Қўлга қўл, дилга дил етмоғи душвор,
Етиб ҳам кетмайди баъзида ками.
Менку жаҳаннамгадирман меросхўр,
Сен эса жаннатнинг сўнгги Одами!

Билмадим, минг йилми? Миллион йил балки,
Айрилиқ бизларга  Самодан ато.
Ахир яшаяпмиз  адашиқларда,
Бизни боғлаб турар табаррук хато..!

*** *** ***

Яна бедорликка сотилди кўзим,
Оромга хиёнат қилди қароқлар.
Кўксимга қадаган эски олтининг,
Ҳар туни қайтадан яна ярақлар..

Шундай ярақлашки, кўзларникумас,
Бутун коинотни яшин ургандай.
Кечаларни Ҳилол оқартмай, балки
Қуёш кўз пардамда ёниб тургандай..

Бу қуёш куйдирар, куюнди таним-
Вулқон қусаётган тоғдай чорасиз.
Ажабки, кундан кун, куйганим сарим,
Жисмим гўзаллашар, чандиқ,ярасиз..

Ва фикр бонг урар тафаккуримда,
“Сен азобдан роҳат олгувчидирсан!
Қанча абгор бўлма ишқнинг нуринда,
Яна шунча ишқда қолгувчидирсан..!”

Сен азобдан роҳат олгувчидирсан..

*** *** ***

Ҳа, бизлар адашиб туғилиб қолдик,
Ҳижронларга тўла хазон фаслида.
Кузга на ярашдик, на сева олдик,
Баҳорда севарми инсон аслида?

Дилимизга босиб заъфаронларни,
Кўп бор кездик ахир кузак йўлларин.
Ва жуда кўп кутдик зафар онларни,
Тутмоқ бўлдик интиқ, баҳор қўлларин.

Таажуб, сарғарди, баргга дўнди дил,
Баҳорга етишлик қолдими маҳшар?!
У ҳолда ҳаромдир бизга бу тақдир,
Ишқ ҳаром  -  баҳорга етмасак агар...

*** *** ***

Надир?

Икки дарё, бир тақдир,
Бири Аму, бири Сир. 
Жон нисор қилсам, анга
Дарёни кечмоқ, надир?!

Дарёдаку сув тўла,
Дунёдаку қув тўла.
Чойга қўшиб бир йўла,
Қонимни ичмоқ надир?!

Йўлим тўла оҳ экан,
Ишқ бу улкан чоҳ экан.
Ҳийлагар маддоҳ экан,
Шоирин қучмоқ надир?!

Кўкка безак Сор лочин,
Токи бунда бор лочин,
Сезмаса бўрон кучин,
Самода учмоқ надир?!

Ақл тирик  - жон омон,
Қарши икки ён омон,
Тўлари бўлса  сомон,
Зар тўнни бичмоқ надир?!

Икки дарё, бир тақдир,
Бири Аму, бири Сир.
Бари бўлса барибир,
Баридан кечмоқ надир...

*** *** ***

Ўзим

Армон бу  - ўйламай босилган қадам,
Армонсиз юрак бу  - севмаган одам...
Аммо қандай севмай яшаб бўлади?
Бир жуфт қора кўзинг термулгани дам!

Мен севмай яшашни ўрганолмадим,
Нафас ҳам олмадим ахир севгимсиз.
Муҳаббат бор дея жавраб толмадим,
Ахир ҳеч киммасман ўша сезгимсиз.

Мен ҳикмат излаган ҳийлалардан ҳам,
Муздан чўғ қўришни кўзлаган касман.
Мен ўша қон билан ичилган қасам,
Аршмас Жаҳаннамни қучган нокасман.

Сўзнинг гадосиман, сўзнинг қулиман,
Ҳали куйланмаган қанча куйларим.
Мен ошиқ Мажнуннинг бева, тулиман,
Ҳувиллаб ётибди қумда уйларим.

Менга бир содиғи шу юрак қолди,
Унга муҳаббатдан ошъён қурдим.
Узун бўйларимни тераклар олди,
Бугун Мажнунтоллар сафида турдим.

Мендан кутманг, дунё-мол қолмас шаксиз,
Ел ичра шаънимни кўтармас сўзим.
Бугун ҳақиқатни айтсам, эрмаксиз:
Бор-йўқ МУҲАББАТдан иборат  - ўзим!

*** *** ***

Бор

Неча юз минг ҳурлар ичида,
Пасткашу мағрурлар ичида,
Зим зиёю нурлар ичида,
Бир умрни яшаш шарти бор.

Айтилмаган изҳор, розларда,
Ёки соҳта ишқибозларда,
Истаги мўл, вақти озларда.. 
Бир умрни яшаш шарти бор. 

Даштни суйган дарвеш қонида,
Тош ўлкалар каҳкашонида, 
Бир маъсума аёл ёнида..
Бир умрни яшаш шарти бор.

Ғуссаларга тўла кўнгилда, 
Бирда оғир, бирда енгилда,
Гоҳ тенгсизда, гоҳи тенгида, 
Бир умрни яшаш шарти бор.

Руҳнинг сўнгсиз исёнларида, 
Худоси бор осмонларида, 
(Ва Худосиз инсонларида..) 
Бир умрни яшаш шарти бор. 

Қарочўғлар қоралиғида,
Бахт армонга боралиғида,
“Мен” ва “Сен”нинг оралиғида..
Бир умрни яшаш шарти бор...

*** *** ***

Сиғинмай яшашга ўргатдинг мени, 
Мен истаб тушмадим ахир бу кўйга. 
Сиғмай қолаяпман аааанчадан бери, 
Зиндонга менгзаган ўша тор уйга.. 

Кетмоқ  -  манзилимга етмоқлик эмас,
Кетмоқ  -  қутулишмас ахир баридан..
Мени ҳеч ким, ҳеч ким тортиб ололмас,
Мудҳиш ўзлигимнинг машъум қаъридан...

Яшашга шайману, мақсаддан ҳоли,
Бутун бир бўшлиққа сингиган руҳим.
Бир манзилга юз бор қайтиб келгандай,
Айланиб юрибман битта ҳудудни..

Вақт ҳам доимгидай шавқат билмас ўқ,
Унсиз яшайману, куним битгандай.
На ҳаловат бордир, нада кўнгил тўқ, 
Худосиз кунларда қолиб кетгандай?!

Кўксимда ёнари чўғми? Оловми? 
Ичкаридан қамчин урар  “ чавандоз “. 
Касалим  “ безгак”ми? “сил” ми? “мохов” ми? 
Тезроқ кетсам?! Кетсам, бас эди холос..!

На ҳаловат бордир, нада кўнгил тўқ,
Худосиз кунларда қолиб кетгандай...

*** *** ***

Мен юрган йўлларнинг йўриғи бошқа, 
Мен юрган йўлларнинг охири олис. 
Сизнинг манзил эса кўзимдан бошлаб, 
Кўзингизга қадар аниқ ва холис.

Мен кезган баҳорлар кузакдай хорғин, 
Мен кезган даштларда учрамас шамол. 
Сиз юрган боғларда чечаклар сўлим,
Майса пойингизда топади камол.

Сиз айтган қўшиқлар оҳанглари хуш, 
Истаган қалбига кирар калитсиз. 
Мен қилган нолалар умримдай сархуш, 
Ва ҳаётим каби нотинч ва қалтис.. 

Шундан туташмайди қутбларимиз, 
Шундан айри балки биз босган излар. 
Менда мангу қолар бахтсиз "Мен" лару, 
Сизда мангу қолгай бахтиёр "Сиз" лар...

*** *** ***

1.
Сенга кошоналар ваъда қилмайман,
Малика Будурнинг кўшкимас уйим.
Шон шавкат нелигин ўзи билмайман,
Бисотим бир байт шеър, қоғоз бир уюм.

Менда сендагидай содиқ дўстлар йўқ,
Йўлимни пойлайди ғийбат-у иғвом.
Бир суқум луқмага бўлар қорним тўқ,
Бир ширин каломга юрагим ризвон.

Мен бир шоирликни ҳавас қилган қиз,
Ўзича шеър тўқиб кулаётган кас.
Тупроққа бағрини алишган илдиз,
Мен замин қаридан келаётган сас.

***
2.
Биласанми? 
Сенга нима бераман?!
Қуёш ҳам кўрмаган кулгуларимни,
Олам қувончим ва бахтим бераман
Ва севгидан олган улгуларимни!

Барини, барини сенга атайман,
Ҳар тонгда олажак нафасимгача.
Йигирма баҳорни ўтган авайлаб,
Орзу, тилакларим, ҳавасимгача.

Сенга етадими шулар, севгилим,
Менгачи? 
Менга бир ўзинг кифоя.
Кўзларингни кўриб қувнайди дилим,
Ўша жавдираган кўзинг кифоя...

*** *** ***

Шафтолининг шоҳида  турган гулни кўргандим,
Ўша куни атайлаб, сочларимни ўргандим.
Ёнингга борай дедим, сени бир кўрай дедим,
Афсуски, дарвозангда катта қулф турганди..

Қулфга тушар калит йўқ, ўй бузади уйимни,
Бошлаган сенми ё мен, бу бўлмағур ўйинни?
Енди ғолиб на сену, на мен бўлдим музаффар,
Мунглиғ саслар бузди-ё, шодлик тўла куйимни..

Куним қолган кутгани, фақат алам ютгани,
Келар деган ўйим бор, менга жонин тутгани.
Кўзим йўлда, вақт ўтар, кўзларим ҳамон кутар,
Айтчи, мени кўзларинг йўқмиди унутгани?!

Шафтолининг шохида турган гулни кўргандим,
Ўша куни сен учун сочларимни ўргандим.
Сочлар тўзиб битди ёр, умр ўтиб кетди ёр,
Лек гуллашни ҳар баҳор, шафтолидан ўргандим...

*** *** ***

Муз

Еримайди кўксимдаги муз, 
Чиқманг, йиқиласиз тентаклар!
Оёғингиз яланг лек ҳануз,
Бошингизда қалин телпаклар...

Қидирасиз бағримдан кимни?
Ахир кўксим – кимсасиз шаҳар.
Ё сизнингча бари ҳазилми?
Куласиз мен йиғлаган маҳал.

Тутун чиқар тушунчалардан,
О, меҳрингиз бунчалар саёз.
Танишим йўқ маликалардан,
Бугуним муз, ўтмишим аёз.

Берилмаган танлаш ҳуқуқи,
Муз бўласан дейилган, тамом.
Шундан шу ҳол, аммо очиғи,
Бир сирпанчиқ музлигим ёмон... 

Қидирасиз бағримдан кимни?