Азим Суюн ва Ғилон

Эслаб-эслаб...

Тушлик вақти эди. Ҳикоянавис акамиз Салим Абдураҳмон қўнғироқ қилиб қолди. Одатий салом-аликдан сўнг мақсадга кўчди. 
–    Бугун “Маҳалла” телеканали устоз билан кўрсатув қилаётган экан.
Шунга “Шогирдларингиздан интервью оламиз”, дейишибди. Вақтингиз қандай?
    2017 йилнинг январ-февраль ойлари қишлоқдан Пойтахтга иш излаб келган, айни Салим ака қўнғироқ қилган кунларда ғирт бекор эдим. “Жон” деб рози бўлдим. “Қайдасан, Дўрмон”, дея йўлга отландим. Қалбимни ажиб туйғулар қуршаб олди. Улуғ бир шоирга шогирд сифатида ёнида туриш масъулияти мени енга бошлади. Йўл-йўлакай нима ҳақида гапиришни ўйлаб бордим. Устоз Азим Суюннинг Дўрмондаги ўша дарвозаси ҳамиша очиқ бўлган уйига ҳеч бормаган, у ерда бўлиб турадиган йиғинлар, адабиётимизнинг фахрига айланиб улгурган шоирлар, адабиётшунослару, олимлардан тортиб, ёш иқтидорли ва ҳаваскор шоирлар билан самимий мулоқотлар ҳақида кўп эшитган эдим. Сўраб-суриштириб топиб бордим. Борсам тасвирга олиш жараёнлари бошланган экан. Азим ака очиқ чеҳра билан кутиб олди. “Ана Баҳодир ҳам келди”, деди устоз телевидение ходимлари билан таништираркан. Бироз мақтади ҳам. Мақтов кимга ёқмайди дейсиз, ҳаяжоним босилди, Азим аканинг мағрурлиги менга ҳам бироз юққан эди ўша пайтда. Кўрсатув китоб ва китобхонлик ҳақида экан. Мен ҳам устоз билан Шаҳрисабзнинг бетакрор қишлоғи Ғилонга уюштирган сафаримиз ва ундаги ижодий мулоқотлар ҳақида гапирдим. 
Дарвоқе, 2015 йилнинг июль ойи эди. Тошкентдан, ишимдан бир ҳафтага рухсат олиб қишлоғимга – Китобнинг Паландарасига қайтган эдим. Шу кунларнинг бирида шоир акам, ўша вақтдаги раҳбарим, ҳозир “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири Фаҳриддин Ҳайит қўнғироқ қилди. Тез Яккабоғга етиб боришимни тайинлади. Бир кеча уйида меҳмон бўлдик. Аён бўлдики, ўзбек халқининг шоири, атоқли фарзанди, замонавий адабиётимизнинг дарғаси Азим Суюн Шаҳрисабзнинг Ғилон қишлоғига боришни ихтиёр этибдилар. Устознинг истагидан хабар топган Фахриддин ака эса ташкилий ишларни бошлаш учун қишлоғига қайтган экан. 
“Ғилонга бирга борамиз”. Фахриддин ака, одатдагидай “шоирим”
дея ўзига хос самимий мулозамат билан менга юзланди. 
    Азим Суюндай шоир билан бир сафда Ғилонга саёҳат қилиш кимга ёқмайди, дейсиз?! Мен мактабда, адабиёт дарсликларидан шеърларини ёд олган, талабалигимда Ёзувчилар уюшмасидаги “Онажоним шеърият” тўгаракларида бир-икки юзма-юз кўрганим, салом беришга ҳам ботинолмаганим, Азим Суюн билан бирга Ғилонга саёҳатга бораман, албатта, севиндим, Фахриддин аканинг раҳнамолигидан ич-ичимдан миннатдор бўлдим. 
    Тонгги саккизларда Шаҳрисабзнинг Оқсарой тарихий мажмуаси олдига етиб келдик. Айни саратон эмасми, тонгданоқ куёш кифтимизни куйдиради, асфальт йўллардан чиққан ҳилинг, оёғимизни “қитиқлайди”. Бир муддат устоз Азим Суюннинг қўл телефонларига тушолмадик. Шу ердан ичганимиз - ўрик шарбати иссиқнинг тафтига бироз барҳам берди. Сўнг Устоз йўлга чиққани, ўзи билан Сайди Умировдек ўзбек журналистикасининг дарғаси, Қозоқбой Йўлдошевдек ўта зийрак адабий танқидчи, Абдусаид Кўчимовдек шоирларни ўзига шерик қилиб, жияни – матбуотдан йироқ бўлмаган, чин адабиёт мухлиси Исомиддин Суюновнинг автоуловида йўлга отланишгани хабарини олдик. 
    Бизга ўша пайтда меҳнат фаолияти Шаҳрисабзда бўлган, китоблик шинаванда инсон – Нодир ака ҳамроҳ бўлди. У кишининг таклифи билан меҳмонларни Мироқи шаҳарчасида кутиб олишга қарор қилдик. Шаҳарчада салқинлаб турар эканмиз, шоир Азим Суюннинг ташрифидан хабар топган икки-уч мухлислари бизга қўшилди. Кечга яқин уларни кутиб олдик. Ҳисорак сувомбори ёқалаб юқорила бошладик. Қоялар қиялаб ўтган тор йўл бўйлаб юриб борарканмиз, Қозоқбой Йўлдошев ҳайдовчини гапга солди. Суҳбатдошини ўзига мослаштириб олиш учун масофани сўради. 
–    50 километр, – деди ҳайдовчи бамайлихотир. – Мироқидан эллик,
Шаҳрисабздан саксон километр чиқади. 
    Унинг тезликни оширгани таниқли олимни бироз сескантирди чоғи, ҳайдовчини хотиржамликка чорлади. 
–    Бу йўллардан ҳар куни икки-уч ўтаман, ҳар қаричи таниш бўлиб
кетган, – деди ҳайдовчи. – Қўрқманг, манзилга эсон-омон етамиз. 
    Меҳмоннинг салобати босдими, ҳайдовчи бироз туриб уловни секинлатди. Тупроқ йўллар бўйлаб чанг кўтарилиб борар, чор-атрофни томоша қилишнинг имкони йўқ эди. Автоулов секинлатилгач, тўзон тинди. Ғира-шира чўкаётган тун шарпаси оралаб, бўйи кўкка етгудек тераклар, баланд қоялардан ўзгасини илғолмадик. Нақ икки-икки ярим соатларда бир хонадонга бориб, тўхтадик. Бизни у ерда очиқ юз билан қарши олишди. Автомашинадан тушиши билан Абдусаид Кўчимов шоирана муболаға қилди: Юлдузлар ҳам минг метрлар пастда қолиб кетдиёв!
    Дарҳақиқат, маҳаллий аҳолининг айтишича Ғилон денгиз сатҳидан  2 минг 223 метр баландликда жойлашган. Тоғли, хушманзара жой. Бу маълумотни тинглаб туриб, Устоз Азим Суюн “биздан уч метр баланд эканда”, дедилар. Ўртага самимий кулги кўтарилди. 
–    Накуртни айтяпман, – деди устоз ва жиянига, Исомиддин акага
юзланди. – Бизнинг Накурт 2 минг 220 метр. Сизларга авто улов келаркан, бизда махсус тоғга мўлжалланган автомашиналар ҳам қийналиб юради.
Биз икки кун Ғилон маҳалла раисиникида қўноқ бўлдик. Саратон бўлишига қарамай, этни жунжиктирар тоғ ҳавосидан баҳра олдик. Ғилонликлар хушчақчақ одамлар экан. Бири қўйиб бири қишлоғини оғзидан бол томгудай бўлиб мақтайди. Устоз эса уларнинг гапини синчковлик билан тинглайди, ора-орада ўша киндик қони томган, болаликдай беғубор даври ўтган Накуртни эслайди. Икки қишлоқни бир-бири билан таққослайди. Гап орасида маҳалла раиси Ғилонда қуёш тоғлар ортидан силтаниб-силтаниб чиқиши ҳақида гапириб қолди. Бу янгилик Устозни бутунлай ром этди. Ўша тун уйнинг айвонида устоз билан бирга тунадик. Азим Суюн ёнбошлаганича ухламай тонгни орттирди. Қуёш чиқишини илҳақ кутди. Шунда устознинг қизиқувчанлиги, ҳар бир ҳолатга синчковлик билан қараши, табиат мўъжизаларини ҳайрат билан қарши олишини кўриб, ҳайрон қолганман. Ўзбек адабиётининг ноёб вакили, шоир Азим Суюн учун тунни бедор ўтказиш, ўзига эриш туюлган табиат ҳодисасини кўриш шунчалик зарурмиди, деб ўйлайман баъзан. Кейинчалик устоз Ғилон ҳақида шеър ёзганида ҳам айни шу ҳодисага урғу бериб ўтди. 
    Тонг отгач тўкин дастурхон атрофида жамулжам бўлдик. Енгилгина нонуштадан сўнг Ғилон тарихи, табиати билан яқиндан танишиш мақсадида секин қўзғалдик. Маҳалла раиси қишлоқнинг табаррук инсони Абдуҳалим эшонбобони зиёрат қилиш таклифи билан чиқди. Устозлар мезбоннинг таклифини маъқуллашди. Сўнг қўшниларнинг уйи оралаб, эшонбобонинг уйига етиб бордик. 
    Ғилон одамларининг бир-бирига оқибати кучли. Ўртада бирорта девор тиклангани йўқ. Дарвоза ўрнатилмаган. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасида бир парча ерни деб тортишувлар кузатилмаган. Бир-бирининг боғига оралаш, бир-бирининг молига кўз тикиш улар учун ёт тушунча. Томорқалар орасидан ҳам кийиксўқмоқлар ўтган. Бу сўқмоқлардан ҳамма ўтиб қайтаверади. Йўл-йўлакай томорқа эгаларидан ҳол-аҳвол сўраб, қувончига шерик, дардига қайғудош бўлишади. Биз ҳам шундай қилдик. Шу баҳонада қишлоқ аҳлининг самимий, очиқкўнгил одамлар эканини билиб олдик. 
    Эшонбобонинг ҳузурида меҳмон бор эди. Остонада бироз тўхтаб қолганимизни кўрган раис бизни эшонбобонинг меҳмонхонаси томон бошлади ва гап орасида қистириб қўйди. Бу уйга келганлар остонада тик туриб қолмайди. Кириб жойлашгач, бироз сукут чўмди. Сукутни устознинг вазмин ва бироз хижолатли овози бузди. 
–    Раис, шу тахмонда турган ҳассадан битта топиб берасиз, сотиб
оламан. 
    Барчанинг нигоҳи ҳассага қаратилди. Маҳсулот пишиққина экани кўриниб турарди. Учида найзаси ҳам бор. У тоғу тошда юриш учун қулай бўлишини таъманлайди. Хуллас, ҳасса нуронийнинг қўлига тушса, унга янада улуғвор қиёфа касб этар, савлатмандни янада залворли кўрсатарди. 
    Раис бироз ўнғайсизланди. Юзи дув қизарди. Юзидан Азим Суюндай одамдан бундай гапни кутмаган ёки устознинг илтимосини амалга ошириш мушкуллигидан хижолат чекаётган эди. У киши бироз дудуқланиб жавоб берди:
–    Ҳаракат қиламан. Топамиз, топамиз, - деди сўнг.
Бундай асони ясайдиган махсус ҳунармандлар бор экан. Битта асо тайёр бўлиб, биз кўриб турган ҳолатга келгунича уч ой вақт сарфланаркан. Қишлоқнинг жуда камёб маҳсулоти ҳисобланаркан у. 
–    Бу асо шляпага жуда мос тушадида, - дея ҳазиломуз лутф этди
устознинг тенгқур дўстларидан бири. 
Устоздан ийманиб, катталарнинг кулгисига секин қўшилдик. 
Бироздан сўнг эшонбобо кириб келдилар. Ҳаммамиз билан қўл бериб кўришдилар. У кишининг юзидаги нур қалбимизга кўчди. Бу дунёқараши кенг, хизрсиёҳ одам билан дину, диёнат, адабиёту, маърифат, сиёсий жараёнлар ҳақида суҳбатлашдик. У кишининг ҳазрат Навоий ғазалларини шарҳлай бошлаши, адабиётнинг “жинниси” бўлмиш устозларимизни бироз баҳсга ҳам чорлади. Қисқаси суҳбат қизғин ўтди. Ҳаммамиз ташқариладик. Ҳовлида эшонбобо ҳар биримизни алоҳида дуо қилдилар. Кетар чоғимизда эса устоз Азим Суюннинг билагидан тутдилар. 
–    Шошманг, сизга аталган совғам бор.
-Э, – деди устоз болаларча ҳайрат билан, – Сиздай одамнинг ҳузурига
қуруқ қўл билан келганимиз камдай совға билан кетаманми? 
    Эшонбобо ичкаридан ўша Азим Суюн ич-ичидан ўзида ҳам бўлишини орзу қилган асони кўтариб чиқдилар. Ҳаммамиз ҳайратда эдик. Боиси асо билан боғлиқ суҳбатлардан эшонбобо буткул бехабар эди. У кишининг сезгирлиги, ўзига хос валилик хислатидан лол қолдик. Эшонбобо бу иши билан маҳалла раисини ҳам мушкул бир ҳолатдан қутқарган эди. Устоз ҳассани еру кўкка ишонмади, бировга ҳам бермади. Бироз кулгили туйилса ҳам айтай, ўша тун Азим Суюн асони қучоқлаб ётдилар. Қўлида асо тутган Азим Суюн ўша мен болалигимда адабиёт дарсликларидан шеърларини ёд олган, жиддий қиёфадаги расмидан ўзгача тасаввур қилолмаганим – шоирни буткул бошқа одам эканини англаб етдим. У худди биз йўл-йўлакай чанқоғимизни босиб ўтаётган булоқ сувидай мусаффо кўнгил эгаси эканини кўриб ҳайратландим. Ҳа, ўзбекнинг дилбар фарзанди ана шундай болаларча беғубор қалб соҳиби эди. 
    Сўнг йўлимизни чўққилар томонга бурдик. Устоз усти жигарранг ён дафтарчаларини менга тутқазиб, “мен айтиб тураман, сен ёзасан”, дедилар. Йўлда учраган ҳар бир ўсимлик, гулу-гиёҳнинг номини, унинг фойдали хусусиятларини эринмасдан сўрар, мен эса барчасини қоғозга туширар эдим. Гап орасида бу гиёҳ Накуртда ундай дейилади, бу бундай дейилади. Бу гул биздаги “фалон” гулга ўхшаркан, деб таққослар, мендан эса таққосларини-да ён дафтарга “илдириб” қўйишимни сўрардилар. Биз Сурх тепалигидан ортга қайтдик. Ўша ерда маҳаллий деҳқоннинг саримсоқ аралаштирилган айронидан баҳраманд бўлдик. Устоз ўшанда бироз бетоб эдилар. Ёнларида турли дори воситалари бор эди. 
–    Раис, тузалсам яна келаман, – деди Устоз. – Чўнтакларидаги
дорилардан бирини кўрсатиб. – Бу сафар Ҳазрати Султонга олиб чиқасиз, – ният қилди устоз. 
    Раис эса Ҳазрати Султон чегарадан нарида, оралиқ ҳудудда қолгани, чегаралар очилиб қолса, албатта олиб чиқишини айтди. Шундай қилиб, тушлик вақтида Оқсув дарёси бўйидаги чорбоғга бордик. У ерда дастурхон атрофида шеър ўқидик, самимий латифалар тингладик. Айниқса, Абдусаид ака ва Қозоқбой домлаларнинг устоз билан худди ўша йигитлик даврларидагидек самимий, дўстона муносабатлари сақланиб қолгани мени қувонтирди. Бу дунёда дўст ҳам бир таянч, бахт ва овунч эканини кўрдим. Уларнинг устозга ҳазиллашишлари, устоз эса у ҳазилларни чин маънода қабул қилишлари йиғилганларда шундай пурвиқор одамнинг ичида бир бола яшаётганини ошкор қилиб қўйди. Давра аҳлининг Азим Суюнга меҳри ортди. Мезбонлар унинг камтарлиги ва соддапарварлиги, одамларни тоифага ажратишдек жирканч ҳулқдан йироқ эканини кўриб, ҳайрати ва мулозамати ортаверди. Устоз ҳам босиб ўтган йўлини, чет эл сафарлари, халқаро адабий конференциялардаги иштироки, бош муҳаррирлик вақтлари ҳақида тўлқинланиб гапирар, гўё бир асотир ёки достонни айтиб бераётгандек, сўғиш олар, не-не улуғ ишлару, ҳайбатли саройлардаги учрашувлар ҳам оддий ва самимий тасвирланарди. 
    Сафар ҳам қариди. Учинчи куни тонгда ортга қайтдик. Азим ака автоуловнинг олдида, асо ўзи билан. Боришда тун ғира-ширасида чор-атроф гўзаллигини кўролмаган эканмиз. Қайтишда чап томонимизда Оқсув дарё шиддат билан оқяпти. Дарёнинг сўл қирғоғи баланд қояларга урилиб қайтади. Худди янги соғилган сутдек кўпиради. Қояларга моҳир сангтарош  ишлов бергандай силлиқ ва текис. Ўнг томонимиз ҳам баҳайбат тоғ тошлари билан тўсилган. Торгина йўл. Қарама-қарши тарафдан автоулов келиб қолса, бир-бирига аранг “мулозамат” кўрсатиб ўтади. Йўл эниб, дарё сатҳига тенглашган жойида тўхтадик. Оқсувдарёнинг муздай сувига юз-қўлимизни ювдик. Азим ака ўша халқимизга ёд бўлган шеърининг сатрларини эслади, “Оқ дарёни изладим...” Ҳа, Азим аканинг юзидаги бахтиёрликдан сезиш мумкин эдики, у ўзи излаган оқдарёсини топган эди, ички хотиржамлигидан сезиш мумкин эдики, айни шу вақтда босиб ўтган йўли ўзига нурли ва файзли, шон-шарафга тўла туйилаётганди. Гўёки, қаршимда икки Азим дарё тургандай, иккиси ҳам кўпириб, тошиб, сурон солиб, қирғоқларига сиғмай оқаётган эди.  
    Дарҳақиқат, дарёнинг боши тоғдан бошланади. Унинг сувини, суронини қанча қуритишга уринишлар бўлмасин, у ҳар баҳор яна тўлиб-тошиб оқаверади. Бутун борлиқни ўзининг бебаҳо неъмати билан яшнатаверади. Қуёшнинг заррин нурлари меҳридан ийиб кетган қоялардаги биллур қорлар ҳам эриб, кузнинг бошига довур, ҳар қандай дарё ўзанини тўлдириб туради. Айтиш керакки, Азим Суюндек дарё ҳам тоғдан – ўша Самарқанднинг қадимий ва фусункор Накурт қишлоғи тоғларидан бошланган. Фақат унинг бағрида сўзлар оқди, бир-биридан теран, мазмунан бой шеъру достонлар оқди. Азим деб аталмиш шеърият дарёсининг ўзани кенгайгани сари  халқаро минбарларда унинг номига тиркаб Ўзбекистондек шонли диёрнинг номи айтилди. Бир сўз билан айтганда, бу дарё Ўзбекистонга, Ўзбекистоннинг бир бўлагига айланди. Азим Суюннинг Оқсув дарё бўйидаги мағрурлик ва виқор билан тўйинган салобати кўз олдимда жонланаркан, беихтиёр юқоридаги мулоҳазалар ўтди кўнглимдан. Азим ака яна бир қарашда улкан қоядек эди. Тоғ бургутидек бошини баланд тутиб, қояларга термулар эди. Гўёки, бир вақтнинг ўзида икки дарё, икки тоғ учрашгандек ҳайрат ва ҳаяжонга тўла эди ўша лаҳзалар. 
    Яна йўлга отландик. У вақтларда Ғилон қишлоғига ўтиш учун ички пост бор эди. Уни ҳарбийлар назорат қиларди. Биз постга олдинроқ келдик. Нодир ака Азим Суюндек шоир билан ораларида анча ёш тафовути бўлишига қарамай, дўсту қадрдонга айланиб улгурган эди. У устоз билан ҳазил қилгиси келди. Постда турган аскарларнинг бирига шипшиб қўйди. 
–    Ортимиздаги “мошина”нинг олдида бир отахон ўтирибди.
Хассасини олиб қоламан, мумкин эмас, дейсан! — Деди. 
    Аскар йигит ҳам водийлик экан, ҳазилга ўч экан. – Бўлди, ака боплаймиз, фақат ранжиб қолмайдиларми? – Деб сўради. 
    Нодир ака ҳам Азим акани минг йилдан бери билгандек жавоб берди:
–    Йўқ, у одам ҳеч кимдан ҳафа бўлмайди. 
Хуллас, аскар йигит автомашинани тўхтатди. Ҳужжатларни сўради. Паспортларга обдон термуларкан, бошини қуйи эгди, автомобил салонига кўз югиртирди. 
–    Э, бу нимаси, – деди ҳассага ишора қилиб.
Азим ака ўнғайсизланди:
–    Оддий, хасса бу аскар болам, – деди Азим ака, худдики асодан
айрилиб қоладигандай. – Ма, хоҳласанг, кўр. Эшонбобо, ўз қўллари билан совға қилдилар. 
    Аскар йигит ҳам роль ўйнашни қойиллатаркан. Асони қўлига олиб обдон разм солди. Бир-икки жойини чертиб кўрди. Сўнг учидаги найзасини бармоғи билан силади. 
–    Мумкин эмас, – деди ўйланиб.
–    Нега, – деди Азим ака.
–    Найзаси бор экан, бу совуқ қурол. 
–    Жон, болам, — дея эланишга тушди Азим ака, – Шу ёшимда бировга найза ўқталармидим. Ҳавасим кетди, эшонбобо ҳам буни сезиб менга совға қилди. 
–    Ичингиздагини қаердан биламан, – деди аскар йигит. 
Азим ака энди беозоргина бўлиб, ёлворишга тушди:
–    Жон, ука, мен Азим Суюнман, шоирман, мана, китобларимни кўр, –
дея сумкасидан китоб узатди. Аскар йигит ҳам бундай қараб турди-да, китобни варақлай кетди. Сўнг, чеҳраси очилиб, Нодир аканинг тайинини ҳам унутиб, дастхат сўради. “Баҳодирнинг қиличи синди”, дея китобни очиб шеър ўқиди. “Болалигимда ёдлаганман”, қўшиб қўйди сўнг. Азим ака тилла топгандай севиниб кетди. Шартта дастхат қўйди. Биз бу саҳнани ўзимиз уюштирганимизни айтдик, Азим ака баҳри дили очилиб кулди. Аскар йигит ҳам устозни бир кўришдаёқ таниган экан. 
–    Қаранг, Азим бува, сизни шу болаям биларкан-а, – деди Нодир ака
самимий кулги билан. 
–    Э, биладда, – деди Азим ака яна ўша қадимий виқорини тиклаб, – Э,
ука мени бутун дунёда билади, – қўшимча қилдилар сўнг. 
    Хуллас, асо устозда қолди, аскар йигит ҳам Азим Суюн дастхати қўйилган китобни қўлга киритди. 
    Кейинчалик Азим ака ишхонамизга тез-тез қадам ранжида қиладиган бўлдилар. Бир туркум ижод намуналарини компьютерда ҳам териб бердим. Бир куни бирга тушлик қилишга чиқадиган бўлдик. Иккимиз устоз шогирд бўлиб зинадан туша бошладик. Азим ака зинанинг тиркамаларига таяниб, оҳиста туша бошлади. Хижолат бўлдим:
–    Устоз сумкани менга беринг, – дея қўлимни чўздим. 
–    Йўқ, – дея қатъий оҳангда сумкани тортдилар устоз, – Кўрганлар
Азим Суюн қариб қолибди, деб ўйламасин. 
    Бу суҳбатга ҳам икки йил бўлди. Азим ака зинҳор ўзини ўзига бечораҳол қилиб кўрсатмади, бировларга-да шундай бўлди. Бир умр бошини тик тутиб ўтди. Бандасига таянмади, таянса фақат ўзига таянди, ўзлиги, қадр-қиммати, бебаҳо кўнглига таянди. Устознинг дўрмондаги ҳовлисига сўнгги икки йилда кўп бордик. Суҳбатларини олдик. У кишининг баланд овозда Пушкину, Лермонтовдан ўқиган шеърларини завқ билан тингладик. Ижод ва ҳаёт ҳақидаги панду насиҳатларини эшитдик. 
    У киши чин дунёга сафар қилган кун “Чиғатой” қабристонига қўйишаётганида руҳи осмонларга учиб бораётгани ҳақида ўйладим. Ҳар замонда кўкка қараб қўйдим. Худди, у киши юқоридан барчасини кузатиб тургандай эди. Шунда беихтиёр Абдусаид Кўчимовнинг ўша, Ғилонга кириб борганимизда айтган гапларини эсладим: 
    “Юлдузлар ҳам минг метрлар пастда қолиб кетди-ёв!”
  • Яндекс.Метрика