Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Малика Ибодуллаева шеърлари



Палахмон тош

Ердамисан,
Ойдамисан?
Кимса билмас жойдамисан?
Бағринг бунча иссиқ,
юввош,
Палахмон тош,
Палахмон тош!

Тошсан-
тошлар эзмайдими?
Сен - ёр хасми,
ов сайдими?
Кемрилганинг,
емрилганинг,
Тош деб, ҳеч ким сезмайдими?..
Оғрийдими - жонинг борми?
Думала-чи!
Ҳолинг борми?
Чойинг борми,нонинг борми?..
Ён оларга ёнинг борми?
СЎЙЛА!!!
Тил-забонинг борми?
Қанчасига берасан дош,
Палахмон тош?
Палахмон тош...

Ўтдамисан,
лойдамисан?
Борса-келмас жойдамисан?
Сойдамисан-ойдамисан
Кўнглинг бунча юмшоқ,
юввош...
Палахмон тош...

*** *** ***

Отам хотирасига

Гўдак эдим,
Мурғак эдим...
Мен Худодан қўрқмас эдим-
Мен Худони билмас эдим!..

Гуноҳ нималигин билмаганимда,
Аллоҳ нималигин билмаганимда...
Қўлим ҳозиргидан оқроқ пайт,
Кўнглим ҳозиргидан ОППОҚ пайт
Балки...
Сизни ўйлармидим Худо деб?

Гўдак эдим,
Мурғак эдим.
Осмон қўлимда эди
(Хоҳласам, ушлардим-
Хоҳласам, ташлардим).
Ўзим эса...
Отамнинг қўлларида.
Ота,
Энди билсам,осмон экансиз,
Оёқлар тегмаган,
қўллар етмаган!!!
Ота,
Энди билсам,инсоннинг эмас,
Мен осмоннинг қизи эканман.
Оёқости бўлиш у ёқда турсин,
Кўзлар ҳам,
Сўзлар ҳам тегмайди менга.
Энди йиғламайман, дейман-у,
Сизни эсласам,
Ёғиб юборади юрагим,
Нега?
Ота,энди изласам,
Қайси осмондасиз,билмайман...
Билмайман,
Қаерга осилган ўзи?
Осмоннинг...
Осилган жойидамисиз ё,отажон?!
Ота,
Шеър ёзишни унутиб қўйдим.
Аммо, қўл силтаб,
Енгиб ўтолмасам ғамларни,
Ўша силтанмаган қўлларим
Қаламга суянииииб
топади нажот.
Шеърият-
Ким кашф этган ҳаёт?!
Ота!
Бошим хам,
Ёшим ҳам
Бошим ғам
Кетаяпти қайгадир,
Узооооққа...
Ярим бўлиб қолдим,
Худди шу шеърдай.
Ўзим ёзолмаётган шеърдай.
Қийинми,
Ўйинми,
Тийинми-
Ҳаётни билмайман!..
Шу ёшга кириб...
Рости ҳам ҳаётни билмайман.
Кўйлаги сўкилган,
Оғзида қанд юқи билан
Қўғирчоқ эркалаб
Эшик олдида
Сизни кутаётган қизчадай
Ўтмоқда ҳаётим...
Ота!
Келсангиз агар
Коптогин қизғанган қўшни болани,
Мазах қилиб кулган ўртоқларни ҳам
Ҳамма,
Ҳаммасини айтиб бераман...
"Чуғил почта" дейсиз
Кейин менга сиз...
Ҳа, ота,
Бир-бир айтиб берсам ҳаммани,
Бир-бир чақиб берсам ҳаммани
Сиздан яхши инсон йўқ, деб айтиб,
Секин қучсам елкаларингиз...
Соғинч ёмон экан...
...манзилсиз бўлса..

*** *** ***

Бинафшажон...

Оғирмасми,бинафшажон,
Қор қўйнида,музда туриш.
Кўксинг тўла доғ бўлса ҳам,
Илиққина,майин кулиш?

Гулламасам гул баҳори
Келмайди деб ўйлайсанми?
Ё "баҳор ҳам мангумас"- деб,
Дунё узра куляпсанми?

Оғриқмасми,бинафшажон,
Кулишларинг оғриқмасми?
Ё ҳеч гулнинг ҳаёти ҳам
Сеникидан ортиқмасми?..

Қани сенинг тиканларинг?
Нега эрта чиқиб олдинг?
Бир қуролсиз жангга кирган
Навкар ишин ёдга солдинг...

Кел,
эркалай!
Бир-бир ўпай,
Лаб теккизсам, юзинг нам-ку!
Гул фаслни бунча кутма,
Сен баҳорнинг ўзисан-ку!

*** *** ***                                                
                                                
Йўлда ўйлаганларим

Ажриқ қирқ йил ётади,
Сувсиз,нурсиз ётади.
Танаси ерга кирса,
Ўзи оби топади.
Болам, чайир бўл, болам!

Осмонга чўзсанг етар
Зумда ўнта бармоғинг.
Фақат узилмаса бас
Шу тупроқдан оёғинг!
 
Кўчмасин чун қўриқлар,
Саксовул қум қирғоқни.
Сен саксовул бўл болам,
Бой бермагин тупроқни!

Ўз ҳолича қадрли,
Саҳроси ҳам, чўли ҳам.
Жон беришга арзирли
Тикони ҳам, гули ҳам.

(Отам қайсар эдилар,
Бувим дилбар эдилар,
Дунёни четга суриб,
Мени ўйлар эдилар...)

Нафсингни тарбия қил,
Сен қалбингни тинглагин,
Хаёлга навбат етса,
Юрт, халқингни ўйлагин...

Майли тут бўл-у тол бўл,
Майли, терак, чинор бўл.
Халқ чақирса лаббай де,
Юрт чақирса, тайёр тур!

*** *** ***

Опа,узумларни ип билан  
боғлаб чиқдим.
(Суҳбатдан).


Ришта азал зарур бизга ҳаётда,
Хилқатлар тожи-ю ақл-ҳушимиз.
Баъзан билим билан, билаклар билан
Бир ип қилган ишга етмас кучимиз.
Бир учим - боламда,
Бир уч - рўзғорда
Икки куним - уйда,
Учи бозорда...
Кўринмас бир шаффоф учи шубҳасиз,
Мени кутаётир... мозорда...
Ҳаёт - бир-бирига чалкашган иплар,
Бир уч - фаришталар,
Бир учи - итлар.
Ечиб учиб кетсам чигалликларни,
Қанотини бериб турса бургутлар...
Ука, 
Ота уйим ёлғиз ёдгори,
Минг чақирим олисда
Сен менга кучсан.
Йўлингда қоқилсанг, юрак тўхтайди,
Томирим боғланган энг муҳим УЧСАН!
                                                 
*** *** ***
                                                 
Сиз мени тушунманг!
Менга қайғурманг:
Одамдай кўринсам, бир "нари- бери".
Сукутга айлансам, устимдан кулманг!
Дудуқ,
Узуқ-юлуқ ўқисам шеърни...

Сиз мени тушунманг,
Сиз мени қўйинг...
Гарчи илм мерос Одам Атодан.
Майли, шоир бўлинг, уламо бўлинг,
Мени тушунмайди бошқа Худодан!

Сиз мени...
ҳеч қачон тушунолмайсиз
Ва, илло, умрбод тушунманг мени.
Мени таҳлил қилиш, ҳис қилиш учун
Яшашингиз керак мендай тақдирни..