Имомнинг маникен қизи (8-қисм)


Абдуллоҳ Абдураҳмон таржимаси

Мусобақадан сўнг ҳамма секин-аста уй-уйига тарқала бошлаган, қизлари ғолиб бўлганларнинг оналари бахтли, ютқизганлариники эса хафа ҳолда кетдилар. Уларнинг фикрича, бу мусобақада ғолиб бўлиш юксак мақом берадигандай гўё. Миллат ҳақиқий юксак даража нелигини аллақачон унутиб, сунъийлари билан овора эди.

Биринчи ўринни Арзу Инан, иккинчи ўринни Мерве Илдениз, учинчи ўринни Айше Мине олган эди.

Баъзи газеталар Ўзлемни учинчи ўрин соҳиби деб чоп этаётган бўлсалар ҳам бу ёлғон эди. Ҳақиқий маникенга хос хусусиятлари борлиги таърифланиб, ўша воқеадан сўнг Ўзлемнинг обрўси ошган эди. У энди айниқса чўмилиш кийимларини намойиш қиладиган маникенга айланди. Кунлар, ҳафталар, ойлар сувдай оқиб ўтди.

Баъзи газеталарда унинг бошдан оёқ расми чиқар, ўтмишдаги миш-мишларни унутиб, яна юқорироқ мавқега эришишга қарор қилган эди.

Шундай кунларнинг бирида Ўзлемнинг чўмилиш кийимида тушган сурати босилиб, тагига унинг жуда уялчанг қиз эканлиги ҳақида ёзилган эди.

Фотима бу хабарни ўқигач, устозининг сўзларини эслади: “Заррача иймони бўлган одамда уят ҳисси бўлади”. Бироқ Ўзлемни ҳеч тушуна олмас эди. Бу қизнинг диний ишончи бормиди, йўқмиди, шуни била олмай қийналар эди. Чунки у ҳам бамаъни қиз бўлиб, ҳам чўмилиш кийимларида оммага чиқар эди.

Фотима билан Ўзлем яна ўзлари ёлғиз қолишган, янги газеталарни кўздан кечира бошлашди. Ўзлем кутилмаганда бир саҳифанинг ярми ўзининг суратлари билан тўла эканлигини кўрди. Сарлавҳасини ўқиб, капалаги учиб кетди. Боши айланиб, ёзувни ўқий олмайдиган даражага тушган эди.

– Эй Аллоҳ, бундай дейишга қандай тиллари борди.

Буюкларимиз “Шухрат-офатдир” дейишган. Ўзлем машҳур бўлиб борар экан, баъзилар у ҳақда чиройли гаплар ёзса, баъзилар унинг машҳурлигидан фойдаланиб “ўзига хос” мақолалар ёзишга ҳаракат қилишар эди. Бу ишда ёлғондан бемалол фойдаланилар эди.

Гап унинг номуси ҳақида борар экан Ўзлем кўз ёшларини тута олмади:

– Мен юртимда демократия бор, деб мақтанар эдим. Демократия бошқалар ҳақида истаганини ёзиш деганими?

Ўзлем тинмай йиғлар, Фотима эса уни нима деб овутишни билмаётган эди. Бирдан Фотима қизиқиб сўради:

– Бу журналистни танийсанми?

– Ҳа, танийман. Неча кунлаб ортимдан қолмади. Мен ҳақимда мақола ёзмоқчи эканлигини айтди. Рози бўлмадим. Мен бирга овқатланган одамларгача “орасида бир гап бор”, деб бўҳтон қилишгани учун рози бўлмаган эдим. У ҳам жаҳл билан миясига келганини ёзаверибди. Балки баъзилар янаям машҳурроқ бўлиш учун ошиқ-маъшуқ бўлиб юрар, лекин менга бунақа нарсалар ёқмайди. Ундан кейин менинг дардим шуҳрат эмас, мен пул топиш ниятида бу ишни қиламан.

Фотима дугонасининг ҳолатига жуда ачинаётган эди.

– Сени қандай юпатишни ҳам билмаяпман. Қўявер. Уйдагиларинг барибир жаҳли чиқмаса керак. ... Қайтангга янаям машҳур бўлиб кетасан. Ўзингга олма, Ўзлем.

Ўзлем кўз ёшларини артиб жавоб берди:

– Йўқ, дадам жуда хафа бўладилар, ойим ҳам, бошқа оила аъзоларим ҳам. Ўзим ҳам номимнинг бунақа булғанишини истамаган эдим. Мен касбим билан ўзимни исбот қилишим керак эди.

Ўзлемнинг кўнгли ёришай демас эди. Расми тез-тез газеталарда босилар, у эса ҳар куни эртасига у ҳақда нима деб ёзишлари мумкинлигини ўйлаб сиқилар эди.

Ҳайрати тугамас эди. Инсонни қоралашнинг ҳечам чек-чегараси йўқ эди. “Бу қандай эркинлик, бу қандай инсонийлик” – дея куйиб-пишарди.

Бу мусобақага қатнашиш учун Австралиядан келдим, бундай кунлар бошимдан ўтади деб ҳечам ўйламаган эдим, - дерди.

Суҳбат уйда давом этди.

Фотима университетида ўқишини чала ташлаб келган Ўзлемга ҳайрон қоларди. Сўрамай тура олмади:

– Ўзлем, тўғриси жуда ҳайрон қолдим. Университетни қандай ташлаб келдинг? Бунинг сабаби нима? Оиланг маникен бўлишингга қарши эмас эканлар.

– Ҳа, оилам тор фикрли эмас.

Фотима бу сўзни эшитиб муздек бўлиб кетди. Отасининг гаплари ёдига тушди: “Қизим, ҳозирги пайтда исломга амал қилиб яшайдиганларни тор фикрли дейишади. Бир кун келиб сенинг оиланг ҳақида ҳам шундай деб қолишса, билгинки атайин ёшларни оиласидан узоқлаштириш учун қилинади бу ишлар”.

Ўзлемга бу ҳақда ҳеч нима демай давом этди:

– Хўш, у ерлардан қандай келиб қолдинг?

– Гапириб бер, мен дугоналаримнинг ҳаётларига жуда қизиқаман. Айниқса меникига ўхшагани бормикан деб.

– Яхши, ундай бўлса айтганим бўлсин.

– “Мен 22 мартда Истанбулда дунёга келганман. Ўн ойлигимдаёқ Австралияга кўчиб кетган эканмиз. Аввалига давлат меҳмонхонасида яшаб, кейинчалик бир турк оиласи билан бир уйда турган эканмиз.Ота-онам иккиси ҳам ишлар, отам кечаси ишласа, онам кундузи меҳнат қилар экан. Онам ишга кетганларида менга дадам қараб турар эканлар. Мен тўрт-беш ёшга кирганимда кундузи дадам билан ўйнагим келар экан-ку, лекин у жуда хорғин бўлгани учун уйқуси келар эмиш. Уни уйқусидан уйғотиб, мен билан тўп ўйнашга мажбур қилар эканман.

Бу орада икки қаватли уй қурдиришибди. Бир куни онам дастурхон тузашни унутибдилару, мен эса жуда очқолган эканман. Стол устида нок бор экан, стул устига чиқиб, нокларни олиб, чўпи билан қўшиб еб ташлабман. Мени кўрган отам йиғлаб юборибдилар. Воқеани онамга айтиб бериб, пулни деб болаларимизни қийнаб қўйдик, деб хафа бўлишибди. Кейин онам ишдан бўшабдилар. Сўнг отам тижорат билан шуғуллана бошлабдилар.

Кейинроқ эса Туркия ва Австралия ўртасида сарсон бўлдик. Баъзан онам бу ерда қолса, отам у ерда бўлар эди. Ёки аксинча. Болалигим жуда бахтсиз ўтган.

Унута олмаган жуда кўп оғир пайтларим бўлди. Айниқса Туркияда баъзи инсонлар отамнинг берган нонини еб туриб, у ҳақда ёмон гаплар гапиришди. Шунинг учун ўша одамлардан ҳам, Туркиядан ҳам нафратланиб қолганман.

Мактабга борар эдим. Туркчани билмас эдим. Шу сабабли дарсларимни дадамга қилдирар эдим. Ҳар куни кечаси йиғлар эканман. Айниқса она номли шеърлар қаттиқ таъсир қилар экан. Онамни жуда соғинар эканман.

Туркчани газета ўқиб ўрганар эдим. Жуда оғир кунлар эди. Яна Австралияга қайтадиган бўлдик. Лицейга кирадиган пайтим бўлган эди. Отам мени католик коллежига ўқишга берди. У ерда австралияликларга тақлид қилиб исмимни Рузлин дея атадим. Бундан ташқари улар Ўзлем исмини айта олишмас эди.

Ўша пайтларда дадамнинг томоғи роса оғрир эди. Бир куни ўқишдан келсам, дадам йиғлаяпти. Кўп сигарет чеккани сабабли эмиш.

“Болажоним, саратон касалига чалинибман, энди нима қиламан?” – деб йиғлар эди.

Ўша онлардаги ҳисларимни ҳечам сўз билан ифодалаб бера олмайман. Докторлар дадамга очиқдан-очиқ касалини айтишибди. У ердагилар шунақа дарров тўғридан-тўғри айтаверишади.

Отам касалхонага ётдилар. Ёдимга тушса ҳалиям юрагим эзилиб кетади. Дадамни кўришга тез-тез бора олмадим. Чунки уни у ҳолатда кўришга юрагим дов бермас эди.

Дадам касалхонадан чиққанида овози чиқмайдиган бўлиб қолди. Илк маротаба овознинг қанчалик буюк инъом эканлигини англадим. Дадамнинг овози чиқмагач, харидорлар билан мулоқот қила олмагани учун тижорат ишлари ҳам ниҳоясига етди. Инсон овознинг қанчалик муҳим эканлигини фақатгина уни йўқотганида англаб етади.

Бошимдан кўп нарса ўтди. Бир ўтиришда гапириб бериладиган нарсалар эмас.

Онам Истанбулда яшар эди. Мен ҳам орзуларга кўмилиб, ватанимни ўзгарган деб юрибман. Ватанимни соғина бошлаган эдим. Чунки орадан анча йиллар ўтган эди. Бундан ташқари чидаб бўлмас даражада қийинчилик ичида эдим. Шундай кунларнинг бирида Гунеш газетасининг гўзаллик танловини эълон қилганини ўқиб қолдим. Ҳеч бўлмаса битта енгил машина ютиб оларман, дея мусобақада қатнашишга қарор қилдим. Бу фикримни онамга айтсам, рози бўлди. Отам Австралияда, мен эса бу ерга келдим.

У ерда фалсафа, психология ва сиёсатшунослик фанларини ўрганаётган эдим. Мана келдим, сизлар билан танишдим. Расмларга тушиб, мусобақага қатнаша бошладим. Аввалига меҳмонхонада турдик. Биласиз қаерда бўлсак, газеталар биз ҳақимизда ёзар эди. Ҳар куни кечки пайт айланишга, дам олишга борар эдик. Қаерга борсак ҳам ҳурмат-эътибор кўрсатишди. Бирданига ҳаётим ўзгариб кетди. Мусобақада мен финалгача бориб, ундан юқори кўтарила олмадим. Ҳа, майли, у кунлар ҳам ўтиб кетди.

Сўнгра Флеш Форум Агентлигига ишга таклиф қилишди. Маникен бўлдим. Кейинроқ мени рекламаларда суратга тушишга таклиф қилишди. Ўзинг биласан бу ҳаётнинг шуҳрати, пули яхши бўлади, бироқ мен бу оламдан сиқилиб кетдим. Билмадим менимча яна 2-3 йил ишласам керак.”

Бу гапни гапирганидан кейин бир неча кун ўтиб, яна газетада расми чиқди. Расми босилишини билар эди-ку, бироқ нималар ёзилишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Газетани олиб, Фотиманинг олдига келди-ю, исён тўла гапира бошлади.

– Мана буни ўқиб кўргин...

Фотима диққат билан ўқиб чиқиб деди:

– Нима қилибди? – деди.

– Нима қилибди эмиш, эркакларнинг юрагини ёндирган эмишман.

– Машинанинг устига чўмилиш кийимида маникен ўтказишларидан мақсад ҳам эркакларнинг юрагини ўйнатиш эмасми?

– Тушунмадим, бизнинг чўмилиш кийимини кийишимиздан мақсад эркакларга жозибали кўринишми?

– И-ее. Буни билмасмидинг?

– Мен ҳечам бундай деб ўйлаб кўрмаган эдим. Тўғрисини айтсам, жуда хафа бўлдим. Бошдан оёқ расмларим чиқди, лекин буни бу тарзда ўйламаган эдим. Мен на бунақанги шухрат, на пул хоҳлайман. Мен бу ишга санъат деб қараётган эдим.

– Ёки шундай деб уқтирилдинг. Сен эмас бошқа маникенлар ҳам эркаклар нафсига хизмат қилишини билмайди.

Ўзлем қарор қилди. Ўзини эркаклар ҳойи-ҳавасига отмас, бу ишдан кетар эди.

У чиндан ҳам сўзида туриб Австралияга қайтиши учун чиптасини ҳам тайёрлаб қўйди.

Дугоналари билан хайрлашар экан, айниқса Фотимага хат ёзишга сўз берди. Фотимага бу муносабат ёққан ва “ор-номусли бўлсанг, номусинг ўз вазифасини бажаради” – деб ўйлаб, унга оқ йўл тилади.

Бутпарастларнинг янги тангриси Фалсафа бўлдими?

Орадан бир неча ой ўтган, Фотима ҳали ҳам ўша жойда ишлар эди. Салим яна Фотимани тутиб олиб, унга фалсафанинг баъзи қоидаларини ўргатар эди.

– Қаранг, Демет хоним, материалист файласуфлар 3 қисмга ажралишади. Бир қисми юзаки, лабораториядагина файласуфлар бўлиб, амалда идеалистдирлар. Буларни қўрқоқ файласуфлар деб атаймиз. Бир қисми эса ҳақиқий материалистлар бўлиб, улар ҳеч қачон идеалист....

Фотима гапини бўлди:

– Сиз менга нега буларни тушунтиряпсиз? Мен фалсафага қизиқмасам.

– Сиз қанчалик ақлли эканлигингизни ўзингиз сезмаймиз.

Фотима уни ақлли деганларга доим бир хил жавоб берар эди:

– Қўйсангизчи, ошириб юборяпсиз. Ақлим бўлса ўзимга ҳам фойдаси тегар эди. Нима бўлганда ҳам мақтовингиз учун сизга раҳмат. Оббо, яна миямга савол ташлаб қўйдингиз. Нега баъзилар лабораторияда материалист бўлиб, аслида идеалист бўлар экан?

– Чунки лабораторияда модданинг шакли билан танишадилар.

– Майлику-я, лекин инсон ақлига модданинг шаклини кашф қиладиган даражада ақл берган. Билимни ҳам, динни ҳам қабул қилишса нимани ютқазишади? Киши бир гўзал уйни кўрса, бунинг ажойиб меъмори бор экан, дейди-ю, уй ичига кирса меъморни рад этадими? Йўқ, ундай бўлиши керак эмас. Қайтага меъморни янаям кўпроқ таҳсинга лойиқ кўриши керак. Тушунишимча материалист фалсафа модданинг ичини кўргач, унинг ўз-ўзидан юзага келган деган қарорга келади, шекилли. Идеалист фалсафа эса ҳам моддани, ҳамда меъморини англайди. Мукаммал даражада ишланган дизайнни тасодиф деб баҳоламайди. Менга материалистик фалсафа ҳечам ёқмади. Ўтган йили бир гап ўқиб қолган эдим:

Бир ақлдан озган киши: “Ким онаси билан жинсий муносабатга кириша олмас экан, демак юрагида ҳамон Тангрига ишончи бор экан ” – дейди. Нақадар даҳшат!!! Нақадар ваҳшийлик, тубанлик. Ўзлари бу ишни қилмаганларида бундай гапни айтмаган бўлар эди.

Бу гап Салимнинг ғашини келтирди:

– Тўғри, баъзилари оддий ҳақиқатлардан, чегаралардан ошиб ўтишни истайдилар. Мен унақаларга қўшилмайман.

– Демак, сизда ҳам бироз идеалистик руҳ бор дегани эмасми бу?

– Йў-ғе. Сиз нотўғри тушундингиз. Материалистик фалсафа жамият психологияси, урф-одатларига асосланади.

Фотима энди саволини жуда маккорона берди:

– Хўш, дейлик, жамият психологиясида бир кун келиб, яқинлар, оила аъзолар билан турмуш қурилиш ва жинсий муносабатда бўлиш ҳақида қарор қабул қилинса, у ҳолда материалистик фалсафанинг буларга қарши жавоби қандай бўлади? Масалан, ҳозирда лўттибозларга оила қуришга изн берган динсиз мамлакатлар мавжуд. Динсизлик оила муҳитида ҳам давом этяпти. Жамиятни булғаётган тушунчалар ҳозирда ҳар ерда турли манзаралар акс этган. Бир киши айтган экан: “Аллоҳ бор бўлса ҳаромлар чегараси бордир ва табиийдир, Аллоҳ йўқ бўлса ҳамма нарса эркиндир..” Бу нима дегани?

– Тушунмадим, нима сиз материалистларнинг бундай разилликка қўл урганликларини уқтирмоқчимисиз?

– Йўқ. Чунки бу мамлакатда материалист файласуфларга ҳам сингган ахлоқ бор. Мен эса материалист фалсафанинг ўзи ҳақида сўзламоқдаман. Материалист фалсафада номус тушунчаси борми? Эътибор бераётган бўлсангиз, идеалист фалсафага эътирозим йўқ. Такроран айтяпман, бир шахс ҳам билимга таяниб, ҳам Аллоҳга ишониб диндор бўлиши мумкин. Муҳими модданинг келиб чиқишини Аллоҳга йўналтира олишсин. Ҳозирда олимлар ҳам дунёнинг кейинроқ, вақт ўтиши билан вужудга келганини исботладилар. Фақатгина йилларда келишмовчиликларга дуч келадилар. Кимдир ўн миллион йил аввал деса, кимлардир ўн икки миллион йил аввал дейди. Яъни, дунё азалдан бор бўлмаган. Фақат Аллоҳгина азалийдир. Бироқ сизлар дунёнинг аввалини англай олмасдан материалист фалсафага асосланиб барча нарсаларнинг келиб чиқишини моддага тақаяпсизлар.

– Эътибор беринг-а, ҳозирги гапларингизнинг ўзи ҳам бир фалсафа.

Бирдан Недим бейнинг овози эшитилди-ю, улар баҳсларини якунлашга мажбур бўлишди. Недим Фотимага ўгирилиб деди:

– Демет, узр Фотима, возе моделини кийиб чиқ. Иккита харидоримиз кўрмоқчи эди.

Фотима негадир тараддудланиб қолди:

– Ҳалиги, ўша моделни мен киймасам...

– Унда ким кияди, менми? Қани бўл, ўзингни тарозига солма.

– У модел...

Недим Фотимага ҳайрон бўлиб қаради:

– Хўш, нима қилибди у моделга?

– Уни кийишни хоҳламайман. Ҳаддан ташқари калта бўлиб кетибди.

– Нима қилибди? Сен авваллари ҳечам мини киймаганмисан?

– Кийганман-ку, бироқ минига ҳечам ўрганиб кета олмадим. Руҳан эзилиб кетаман. Бу нарсани атайин қилмайман, қўлимда эмас...

Недим бей секин-аста қизариб, жаҳли чиқаётгани сезила бошлади.

– Демет хоним, ишласанг ишла... Ахир мен сенга чўмилиш кийимини кийдираётганим йўқ-ку. Қўлингдан келмаса, бориб бошқа жойда хизматкорлик қил.

Фотима ичида “ростдан ҳам, шундай қилсам-чи” деб кўнглидан ўтказди.

Недим асабийлашиб деди:

– Қани, бўлақол, кийин. Уларни куттиришимиз яхши эмас. Шермил келса сен шанелларни киясан.

Фотима кўйлакни базўр қўлига олиб, кийим алмаштириш хонасига ўтди. Истамаган ҳолда кўзидан икки томчи ёш тўкилди. Нега бу сафар мини кийиш унга бунчалик оғир бўлаётган эди?

Кечки пайт бўлиб ўтган воқеаларни Бонуга гапириб берар эди:

– Биласанми Бону, ўзимни бозорга солаётган қиздай ҳис қилдим. Харидорларнинг олдига чиқаётганимда қалбимдан кечаётганларни билганингда эди, ҳолимга ачиниб йиғлаган бўлар эдинг. Ўз ёғимга ўзим қовурилдим.

Бону Фотиманинг ҳолини яхши тушунар эди:

– Сени тушунаман. Мен ҳам бу азобларни чекканман. Айниқса илк маротаба сотилган кунимни ҳечам унута олмайман.

Бону давом эта олмай қолди. Бир он жимжитлик ҳукм сурди. Фотима тушунди. Бону ўзи сезмаган ҳолда билмай гапириб юборган эди.

– Хўш, кейин нима бўлди?

– Йўқ, бу хақда гапира олмайман.

– Гапир, гапир. Кўнглинг ёзилади.

– Сўрамагин, барибир гапирмайман.

– Майли, ўзинг биласан... Нежла билан Лайло шу пайтгача қаерда қолиб кетишди экан?

– Нежла қўнғироқ қилди. Бугун кечаси клубга боришармиш. Лайло келиб қолса керак.

– Сен ўзинг уйда нима қилдинг? Ишга бормадинг шекилли.

– Ҳа, бормадим. Бир ҳафтага рухсат сўрагандим.

– Тинчликми, бирор нима бўлдими?

– Мазам йўқ. Шунга рухсат сўрадим...

Бонунинг чиндан ҳам мазаси йўқ эди. Уйда қолиб Фотиманинг китобларини ўқир эди. Бир-бирларига қарама-қарши курсиларда ўтиришар экан, Бону Фотимага қараб деди:

– Биласанми, Демет. Касал бўлганимда онамни роса соғинаман. Кечгача уйда ётдим. Ҳеч ким ҳол-аҳвол сўрамади. Онам ёнимда бўлганида бундай бўлмас эди. Шўрва пишириб берар, лимон чой ва бошқа дамламалар тайёрлаб, мажбурлаб бўлса ҳам ичирар эди. Ҳозир эса ҳеч кимга керагим йўқ.

Фотима сассиз йиғлар эди:

– Мен ўзим сенга дамлама тайёрлаб бераман, – дея ошхона тарафга ўтиб кетди. Бону эса орқасидан:

– Овора бўлма, барибир ичмайман, – деб қолди.

– Йўқ, мажбуран бўлса ҳам ичасан.

– Йўқ, ичмайман.

– Ичасан.

Бону йиғлар эди. Сас-садосиз томчиларди кўз ёшлари. Фотима дамламани қайнатиб Бонуга берганида унинг йиғлаганини пайқади.

– Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан, Бону?

– Ҳеч нима бўлгани йўқ.

– Ҳеч нима учун йиғлашмайди. Нима бўлди? Айтақолгин.

Бону баттар йиғлай бошлади:

– Нимага бўларди Демет. Аёл бўлганимдан бери бирор киши сен каби меҳрибончилик кўрсатиб одам ўрнида кўрмаган эди. Ёки шунчаки ўзларини меҳрибон қилиб кўрсатишарди. Айниқса диндор кишилар юзимга ҳам қарашмас эди. Сен эса онамдан кейин мен билан дилдан яқин бўлган одамсан.

– Лекин сенинг бир хусусиятинг бор. Сен у йўлдан қайтгансан.

– Ҳа, одамлардан жирканганим учун қайтдим. Одамлар, жамият мени ёқди, Демет, ёқди. Кейин эса юзимга ҳам қарашмади. Ҳар бир мусулмон бошқаларни Аллоҳга қайтишга чорлайди-ю, биздайларга эса... Одам ўрнида кўришмайди-ку, нега ҳам чорлашсин.

Фотима дамламани Бонуга бериб курсига ўтирди. Бонунинг гаплари уни таъсирлантирди. Қаршисидаги инсоннинг ҳоли нима бўлар эди? Чин дилдан тавба қилса ҳам энди эркак бўла олмас, аёл бўлиб оила ҳам қура олмас эди. Бир умр тубанликда қолиб кетадими? Ислом ҳар бир тавба қилган одамга чора тақдим этади. Қизиқ, энди Бонуга ҳеч бир чора топилмайдими?

Бир неча дақиқа фикрини бир жойга тўплаб, отаси бу ҳақда бирор нарса деган демаганини эслашга уринди. Ҳеч нарса эслай олмади. Яна Бонуга қаради. Бону тирноқларини еб ташлайдиган даражада тишлар, юзида эса ўтмиш акс этар эди. Фотима мавзуни ўзгартиришни истар, аммо Бонунинг гапи қулоқлари остида жаранглар эди: “Бошимдан ўтганларни телевизорга чиқиб гапирсам, дунё остин-устун бўлиб кетарди”. Энди эса “сотилган кунимни унута олмайман”, дея гапида давом эта олмаган эди.

“Кейин билиб оларман”, дея Бонуга қаради:

– Ҳалиям ичмадингми? – деб сўради.

– Хўп, майли. Онамга ўхшамагин, – жавоб берди у.

Фотима чуқур ўйга толгач:

– Хавотир олма. Ҳеч ким онанг ўрнини боса олмайди, – деди-ю, ошхонага кирди. Кўчада овқатланишмаганида уйда таом пиширилар эди. Бугун навбат Фотимага келган эди. Пиёз арчир экан, қўшиқ тинглар эди. Гўё ҳамма қўшиқлар унга аталган эди. Паришон бўлиб, деразадан ташқарига қараганида қизил кўйлакли йигитчани кўриб қолди: “Тасодифмикан?” дея ўйланиб қолди. Қаерга борса шу йигитни кўраётган эди. Уни таъқиб қилиб юрганмикин? Ёки Фотима у йигитчани ёқтиргани учун унга шундай туюляптимикан?

Бирдан йигитнинг деразага қараётганини пайқади. Бош илғаб Фотимага салом берди. Фотима ҳам жавоб берди.

Эртасига ишга кетаётганида йигитнинг уни кутиб турганини кўрди. Йигит сал хижолат тортиб Фотиманинг ёнига яқинлашиб, салом бергач:

– Салом, Демет хоним. Яхшимисиз? – деди.

Фотима ҳайрон бўлиб қолди. Исмимни қаердан билиб олди экан, – дея:

– Салом, – жавоб берди у ҳам.

– Гаплашиб кетсак, йўқ демайсизми?

– Ишхонам бу ердан узоқ эмас.

– Биламан. Бир неча ойлардан бери сизни кузатиб юраман. Сиз ҳақингизда ҳамма нарсани биламан.

Фотима бирдан ҳуркиб кетди:

– Нимамни биласиз?

– Ҳамма нарсангизни.

– Ҳеч ким ҳеч кимнинг ҳамма нарсасини била олмайди. Устига устак сиз билан бирор маротаба гаплашмаган бўлсак.

Йигит қатъий эди:

– Мен қиламан деган ишимни бажараман. Сизни жуда ёқтираман. Шунинг учун сиз билан дўст тутинсак, дегандим.

– Йўқ, бу таклифингизни қабул қила олмайман. Қиз билан йигит ўртасидаги дўстликдан яхшилик чиқади деб ўйламайман.

– Уйланмоқ-чи бўлсам-чи.

– Кўча-кўйда кўрган қизингизга уйланиб кетаверасизми?

– Нимага энди? Ундан кейин мен сизни кўчада эмас, иш жойингизда кўриб қолганман. Мен учун намойиш ҳам қилган эдингиз.

– Сиз бутикчи ёки модачимисиз?

– Йўқ, лекин сизни яқинроқ таниш мақсадида ўзимни шундай кўрсатган эдим.

– Демак, ёлғон гапирибсиз-да.

– Мажбуран ёлғон гапирдим. Ишонинг ниятим жиддий. Роппа-роса олти ойдан бери сизни кузатиб келаман, сиз эса мана яқиндан бери мени пайқай бошладингиз.

Фотима нима деб жавоб беришни ҳам билмай қолди:

– Ишхонамга ҳам яқинлашиб қолдик. Рухсатингиз билан...

У йигитга нисбатан илиқ туйғулари бўлса ҳам қўрқар эди. Ҳозирда бу каби йигитлар қизларга ўзларини рисоладагидек қилиб кўрсатиб, қизларни илинтиришади–да, кейин уларни сотишади. Бу йигитни ҳам ўшандайлардан эмас, деб ким кафолат бера олади?

Мияси алғов-далғов бўлиб ишхонасига етиб келди.

Ҳар кунгидай иш куни тугаб, уйга қайтар экан, йўлда кутилмаганда укаси Усоманинг келаётганини кўриб қолди. Кап-катта йигит бўлиб қолган эди. Усома ҳам уни кўрди. Опасига ўхшаган бу қизга ҳайрат билан яқинлаша бошлади.

Фотиманинг юраги тўхтаб қолай деди. Мана, укасини кўрмаганига ҳам бир неча йил бўлибди. Қанчалик ўзгариб кетибди-я. Ўша онлардагина уни қанчалик қаттиқ соғинганини ҳис қилди.

Лицей рўпарасига келишганида юзма-юз келишди. Сал қолса Фотима укасини қучоқлаб “Жоним укажоним”, – дея кўз ёш тўкар эди. Усома Фотиманинг ёнидан ўтаётганида унга пинҳона назар ташлаб, кейин ўтиб кетди.

Фотима орқасига ўгирилиб баланд бўйли укасининг ортидан бўлса ҳам қарашни истар эди. Лекин “у ҳам қараса, унда мен эканлигимни билиб қолади”, деб ўйлади. Кўз ёшларини тута олмади. На кўчада эканлиги унга ҳалал бера олди, на одамларнинг нигоҳи.

“Укажоним! Опангни бегона деб ўйладинг-а? Опангни соғинган эдинг, шундайми? Бу Аллоҳни балоси бўлган опангни соғинганмидинг?”

Ҳам йиғлар ҳам укаси билан ўзича суҳбат қурар эди:

– Сени мен ҳам жуда қаттиқ соғиндим, қанийди, сени қучоқлаб, тўйиб-тўйиб ўпа олсам. Укажоним, ягонам... Мени кечирма хўпми укажоним? Ўзимни ҳам, сизларни ҳам ўтга солдим. Бу ҳаёт сизларни соғиниб яшашимга арзирмиди?

Лицейдан қайрилар экан, ўзини тутиб тура олмади, ортига ўгирилиб қаради. Укаси Усома сал нарида туриб, елкалари чўккан ҳолда, паришон ҳолда опасига қараб турар эди. Қанчалар эзиларли бир ҳолат эди. Бу қарашлар Фотимани эзаётган эди. Бориб қучоқласаммикан? – деб ўйлади. Бунга жасорати етмас эди. Опасини бу шаклда ҳечам кўрмаган иймонли ука учун бу ҳолат оғир бўлар эди. Уни янаям кўпроқ қийнаган бўлар эдим. Ҳозир-ку, қаердалиги, кимлиги ноаниқ эди, агар билса хиёнат алангасида куяр эди.

Ҳамма унга қарар, у эса кўз ёшларини тўкканча уйига равона бўлди. Энди илгаригидай одамларга парво қилмас эди. Шу одамларга гўзал ва жозибали кўриниш учун оиласини фидо қилмаганмиди?

Уйга келганида ҳамма жамулжам эди. Бундан ташқари Бурчин ва Сема ҳам шу ерда эди. Фотимани кўрган захотлари унинг йиғлаганини англаб, оёққа туриб, барчалари савол устидан савол ёғдира бошлашди:

– Демет, сенга нима бўлди?

– Нима бўлди, нега йиғладинг?

– Гапирсанг-чи, Демет.

Фотима бирдан:

– Мени Демет деманглар, Менинг исмим Демет эмас, Фотима... Фотима... Тушуняпсизми, менинг исмим Фотима, – деди.

Бону ҳайратланиб сўради:

– Бир кунда Демет қаерга кетди? Сенинг исминг Демет эмасмиди?

– У сохта исм эди. Худди инсонийлигим каби. Энди билиб олдингиз, мен имомнинг қизи Фотимаман.

Бурчин бирдан ўрнидан туриб кетди:

– Бунча яхши. Ростдан ҳам имомнинг қизимисан?

– Ҳа... ҳа, минг маротаба ҳа. Имомнинг қизиман.

– Вой, бунча омадлисан-а. Бу гапни журналистлар эшитса борми, бир зумда машҳур бўлиб кетасан. Бир пайтлар имомнинг хотини бўлар эди. Журналистлар унга шунақанги катта эътибор кўрсатишди-ки, бирпаста машҳур бўлиб кетди.

Фотима сумкасини курсига отиб жавоб берди:

– Ҳа, катта эътибор беришади-да, чунки имомнинг хотини университетга эмас, казинога борар эди. Очилиб-сочилган эди. Шу шаклда имомлару, хотинларидан қасдларини олар эдилар. Аслида менинг ҳам имом қизи эканлигимни билишса бир кунда бўлмаса ҳам узоғи бир ҳафтада кўкка кўтаришар эди. Устига устак “жасур қиз экан, имом отасига қулоқ солмади” ёки “ диндорликдан сиқилиб кетган қиз маникен бўлди” – дея жар солишар эди. Бурнимни артганимни ҳам ёзишар эди. Шу шаклда халққа имомларнинг қай даражада зерикарли эканлигини кўрсатишар эди. Лекин мен отам билан у сургундан бу сургунга қийналиб кўчиб юрар эканман, бу ҳақда битта ҳарф ҳам ёзишмади. Тўкилиб ётган вайрона уйларда яшаётганимда “булар ҳам инсон-ку” дейишмади. Фақатгина имомнинг қизи ёки хотини бирор жойини очса ёки балчиққа булғанса қизиқиб қолишади. Лекин мен уларга бундай фурсатни бермайман.

Бурчин севиниб кетиб деди:

– Мен дарров уларга етказаман.

Фотиманинг бирдан ранги ўчиб, кўзларида нафрат ўти чақнаб кетди. Бурчиннинг кўзларига кўзларини тикиб деди:

– Шундай қиладиган бўлсанг, сени ўлдираман. Қасам ичаман, сени ўлдираман.

Бурчин довдираб қолди:

– Бу қиз эсини еб қўйибди. Бирортасидан эшитиб барибир ёзишмайдими?

– Йўқ, шунча йил ўтди, ҳеч ким билмади. Бугундан кейин кимдир эшитса ҳам бунинг сабаби фақат ва фақат сен бўласан. Шундай қилсанг, ҳаётингни жаҳаннамга айлантираман.

– Тушунарли, тушунарли. Бу мавзуда қароринг қатъий экан. Лекин Бонуга ишонч йўқ. Бунақаларнинг оғзи бўш бўлади.

Бирдан Фотима ва Бонунинг кўзлари тўқнаш келди. Бону қаттиқ ранжиганидан, бошини ерга эгиб олди.

Фотима Бурчинга ўгирилиб қатъий оҳангда деди:

– Йўқ! У сен билган инсонлар тоифасидан эмас. У жинсини ўзгартирган бўлса, сен динингни ўзгартиргансан.

Бурчин бу гапга қаттиқ аччиқланиб кетди:

– Ўзинг кимсан? Оилангдан қочиб, ботқоқликларга ботиб юрмаяпсанми?

– Ҳечам-да. Мен ҳечам ботқоққа тушганим йўқ.

– Бугун тушмаган бўлсанг, эртага тушасан. Ўттиздан ўтганингдан кейин ким сени маникенликка ишга олар экан? Ҳеч ким! Ўшанда маникенлар ахлатига отишганда кўрамиз аҳволингни. Ўша ахлатхонага отилганлар ичида қутулиб чиққанлар, шунчалик озчиликки уларни санаш умуман қийинчилик туғдирмайди.

Фотима у ёқдан бу ёққа юрганча:

– Мен у ахлатга тушмайман, – деди.

– Сендакаларнинг кўпини кўрганмиз.

– Сен ўзинг қаерга тушасан?

– Менга фарқи йўқ. Ҳозир ҳам кимнинг чўнтаги қаппайган бўлса ўшаникиман.

Лайло ўзини тутиб тура олмади:

– Ҳалигинақалигинг билан мақтаняпсанми?

– Нима қилибди?

– Ўзи аслида сиздака маникенларни деб, номимиз ёмон отлиқ бўлган.

– Унда номингизни ўзингиз тозалаб олинг... Мен кетяпман.

Фотима эшик қаршисига туриб деди:

– Йўқ, ҳозир кетмайсан. Ўтир гаплашиб оламиз. Бу кетишинг бўлса, мени журналистларга сотиб берасан-да, иккаламизнинг ҳаётимизни ҳам зиндонга айлантирасан.

Бону ўрнидан турди:

– Сизларга чой олиб келаман. Ҳар ҳолда уйнинг энг кичик қизи менман.

Фотима Бонуга ачиниб қараб, “Сенинг ҳаётингни барбод қилганларни Ўзи жазоласин” дейишдан бошқа нарса дея олмас эди.

Ҳамма бироз бўлса ҳам тинчланди.

Нежла сўради:

– Бугун сенга нима бўлди, Демет?

– Демет эмас, Фотима.

– Хўп, Фотима. Сенга нима қилди бугун?

Фотиманинг кўзлари яна тўлиб кела бошлади:

– Бугун жонимни кўрдим. Ягона укажоним, Усомани кўриб қолдим. Эҳ, қанийди, бир қарорга кела олсайдим. Тез орада оиламга, дадажонимга, онажонимга, эски тахтали уйимга етиша олсам. Бўлмаяпти, бўлмаяпти. Иложини топа олмаяпман. Икки хил руҳ бир баданда яшай олмаяпти. Уларни жуда соғиняпман. Илтимос, мени айбламанглар. Қўлимда эмас, менга боғлиқ эмас, уларни қаттиқ соғиняпман. Мен қандай қилиб алданиб қолдим, билмаяпман. Алданиб қолдим, дўстларим.

Лайло бошини кўтариб жавоб берди:

– Қай биримиз алданмадик? Қай биримиз йиғламадик? Бироқ ҳали ҳам ақлимизни йиғиб ололмаяпмиз.

Бурчин сиқилиб кетган эди:

– Албатта, йиғлайсизлар-да. Бир “донишманд” айтган экан: “диндорлар охиратни ўйлаганлари учун истаганларини қила олишмайди, натижада эса бахтсиз бўлишади”. Ҳаммангиз нариги дунёга ишонганингиз учун бахтсизсиз.

Нежла бирдан деди:

– Менинг унақанги тушунчаларим йўқ.

Фотима ўзини тутиб тура олмади:

– Қанийди, ўша кишидан “рафиқангни биттаси севиб қолиб уни йўлдан урса яхши бўлармиди ёки охиратни ўйлаб рафиқанг бу истагидан воз кечса яхши бўлармиди?” – деб сўрашганда эди. Бундан ташқари охиратга ишонмайдиганлар бахтлироқми? Жавоб беринг, охиратга ишонмайдиганлар йиғламайдими? Уларнинг дарди бўлмайдими? Қайтага...

Нежла мавзуни ўзгартирди:

– Донишманд деганда нега хаёлингга дарров эркак киши келди?

– Аёл мутафаккирлар йўқ бўлгани учун. Аёлларга имкон берилмагани учун, “аёлларнинг фикри нима бўларди?” – дея аёллар ерга урилгани учун, уларнинг фикрларига аҳамият берилмагани учун. Дадам шундай дер эдилар. Шунинг учун нуқул эркак киши хаёлимга келади.

– Демак, аёллар ҳам арзийдиган нарса қилишмаган.

– Қилишган бўлса ҳам тарихга киритилмаган. Динсиз аёлларнинг хатти-ҳаракатлари катта эътибор торта бошлади. Бунинг сабаби ҳам дингга қарши чиқишлари бўлди. Биз мавзумизга қайтайлик. Ўша донишманднинг фикрига. Охират қўрқувини ҳис қилмайдиганлар, дейлик бу дунёда бахтли яшайдилар. Бир инсоннинг охират йўқ, деб бу дунёда бахтли яшаши фойдалироқми ёки охират бор, дея қисман бу дунёда ва тўлиқ у дунёда бахтли яшашими? Инсонларни диндан айиришнинг нима фойдаси бор? Такроран сўрайман, диндан чиққанлар шунчалик бахтли яшайдиларми? Ҳа, майли, мен хонамга кеттим. Овқат тайёр бўлса мени чақирарсизлар.

Хонасига кетар экан, ортига қайтиб, гапириш оҳангини тузатиш кераклигини сезиб:

– Чақириб юборинг, илтимос – демоқчи эдим.

Нежланинг овози билан яна ортига қайтди:

– Уйга шунақанги тарзда кириб келдинг-ки, гапимни унутиб қўйдим. Ўзлем Суслерден сенга хат келди. Столнинг устига қўйдим.

Фотима хонасига севинч билан кирар экан деди:

– Ҳақиқий дўст экан. Бизни унутмабди.

– Бизни эмас, сени унутмабди.

Давоми бор...
  • Яндекс.Метрика