Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Хайрлашган одам


Н.О.га

Аэропортда сени кузатаётганимизда бироз асабий кўриндик. Имкон қадар ўзингни хотиржам тутишга уринаётган бўлсанг-да ичингдаги алланечук изтироб кўзларингдан ташқарига отилиб чиқай-чиқай деб турарди. Аммо сен бутун ироданг билан бунга йўл қўймаяпсан. Кўринишинг, ҳар битта ҳаракатингга разм соламан: кўкимтир шиминг, тўқима жемперинг, шарфинг, оқ ипли қизғиш крассовканг ўзингга ярашиб турибди. Калта сочларинг узра кўзойнагинг қўндирилган. Ҳар бир ҳаракатинг тез ва безовта. Нозир ҳужжатларингни текшириб бўлгач, мени бағрингга босдинг. Биз сени ичкаригача кузатиб боришимизни негадир истамадинг. Онангни қучоқлаб, икки юзидан ўпгач, жомадонингни тезгина менинг қўлимдан олдинг. Онанг сенга нималарнидир қайта-қайта тайинлашидан асабларинг зирқираб, ҳарчанд аяётган бўлсанг-да, барибир койиб бердинг. Қисқагина хайр-хушдан сўнг кўзойнагингни тақиб, жомадон тутқичини узайтирдингу уни судраб ичкарига кириб кетдинг. Онанг иккимиз ортингдан  то кўринмай кетгунингча тикилиб қолдик. Сен эса бирор марта ҳам биз томонга қайрилиб қарай олмадинг. Фақатгина бўйнингдаги атласнусха ипак шарфнинг учларигина бизга  сенинг ўрнингдан қўл силкитди...
 Ҳар сафар сен билан хайрлашувимиз шундай оғир бўлади... Онанг жойидан жилишни истамай мунғайиб қолди. Мен у кишининг озғин елкаларига қўлимни қўйиб, ясама кўтаринкилик билан юзларига қарадим. Йиғлаётган эди. Юрагим алланечук бўлиб кетди, аммо сездирмасликка уриниб, жилмайдим-да кетишимиз кераклигини айтдим. Бахтини йўқотиб қўйган одамдек бағримиз ҳувиллаб, катта кўчага зўрға йўл олдик. Таксига ўтирганимизда йўл-йўлакай онангга сени ҳам тушуниш кераклигини айтиб таскин берган бўлдим. У киши эса “Мана, сиз чидаб юрибсиз-ку” деди менга куюниб. Нима дейишни билмасдим. Мен ҳаммасини аслидан бошқача қилиб тушунтиришга мажбур бўлдим. У киши ора-сира ияк қоқиб менинг гапларимни тасдиқлаб қўяр, аммо  шу тобда  хаёли  тамоман ичкин эди. Ич-ичида аччиқ ва аламли ўйлардан дунёларга сиғмай бораётганини ҳис этардим. 
Онангни уйларингга кузатиб юборгач, сершовқин автобекатда нима қиларимни билмай серрайганча бир пас туриб қолдим.  Ишга боришим керак. Аммо сираям боргим келмаяпти.  Соатга қарадим: 9: 45.  Шу тобда хаёлан сен деклорацияни қандай тўлдирганингни, нима мақсадда хорижга чиқаётганингни сўрашганида “саёҳатга” деб жавоб берганингни, ёнингда қанча пул  билан кетаётганингни сўроқ қилишганини, ҳужжатинг билан чиптангга муҳр урдириб, жомадонингни юк тасмасига қўйиб юборганинг, кўзойнагингни ечмасдан трамплиндан кўтарилганинг ва самолётдаги  рақамли ўрнингга  ўтиргачгина кўзойнагингни аста олиб, бир томчи ёшингни артганингни, айни дамда ойнадан ташкарига тикилганча парвоз дақиқаларини кутаётганингни тасаввур қилдим. Оғир бўлдим. Атрофга қарайман:одамлар ҳар тарафга шошгани-шошган, машиналар бир-бирини асабий қувган  – ҳамма сарсон. Шу лаҳзада ўзимни бу дунёда янаям ёлғиз қолиб кетгандик, бегона бир шаҳарда адашиб қолган одамдек сездим.
Куз кунлари. Қуёш сайёрамизнинг биз яшаётган меридианларидан олислаб бораётган бўлса ҳам ҳаво негадир оғир. Айниқса, бугун кун бошиданоқ бошқача биқиқ. Нафас олаверасану  вужудингга ҳаёт эмас, рутубат тўлиб қолгандек бўлаверади. Осмонда ҳали пастлаб учаётган самолётни кўриб, хаёлим кетди. Бошим узра кетиб бораётган бу темир қуш эҳтимол  Истанбул томонга йўл олгандир.  Сени бу ерлардан олиб кетаётган самолёт эҳтимол шудир?
Қулоқчинимни тақдим. Крис Сферис. “Хаёл ёхуд ортга назар”. Куй оқимида дуч келган тарафга пиёда кетиб  борар эканман, ўйлайман: Барибир кетганинг яхши бўлди.
Аслида мени сен билан нима боғлаб туради, билмайман. Назаримда, сен ўзинг ҳам шундай фикрдасан. Орамиздаги масофа, ўтаётган йиллар ювиб, заифлаштириб бораётган яқинлик толалари негадир узилмайди. Бу ип ҳаётим ва хаёлимнинг бир четида, халақит бермас даражада ожиз илиниб турганган бўлса-да, мен уни ҳамон узилади деб ўйламайман. Чунки бу ипнинг номи –ҳамдардлик. Ҳа, ҳамдардлик. Биз ҳамфикр ҳам, ҳомроҳ ҳам эмасмиз. Бор-йўғи ҳамдардмиз, холос. Аслида энг муҳими ҳам шу. Дўстлар, дўстлик турлича бўлади. Ҳар куни бир-бирингни кўриб, кўча-кўйда етаклашиб юрадиган дўстларинг бўлади. Уларни бир кун кўрмасанг, ё бир соат гаплашмасанг кундалик ҳаётингга, юмушларингга дахл қилади. Лекин улар ҳамдард бўлмаслиги мумкин.  Яна бошқа бир дўстлик борки, йиллаб учрашмаслигинг, ҳеч нарсада унинг фикрини сўрамаслигинг мумкин. Аммо қалбан қадрдонлигингча қолаверасан. Бундай инсонингни йўқлагинг келса, йўқлайсан. Йўқламасанг ҳам ҳеч қачон сендан хафа бўлмайди, ўпкаламайди. Сен ўша инсонсан. Ўзгани жим эшитишни фақат сен биласан. Койимайсан, насиҳат қилмайсан, айбламайсан,  юз ўгирмайсан... 
Барибир кетганинг яхши бўлди... Биз яқинларимизни йўқотиш ё улардан узоқлашишдан қўрқар эканмиз, бунинг замирида худбинлик ётади. Негаки, биз кўпроқ уни эмас, усиз қолаётган ўзимизни ўйлаб азоб чекаётган бўламиз. Худо бизни ана шундай  ҳам худбин, ҳам (яхшиям)  меҳру муҳаббатда бир-биримизга қарам  қилиб яратган. Шунинг учун инсонлар ўзгаларни асраш билан ўзини асраган бўлади...
...Қаердаман ўзи? Атрофимга қарайман. Хаёл  варраклари тизгинимдаю, бироқ у мени ўз ортидан қайларга эргаштириб кетмоқда. Бир зум тўхтаб қолдим, қарасам манзилимга бутунлай тескари томонларга келиб қолганман. Диққатимни жамлаб олгани қаршимдан чиққан хиёбонга кирдим. Хиёбонни кесиб ўтган анҳор тўлиб оқар, унинг қирғоқлари  одамлар билан гавжум.  Ҳар қадамда жуфт-жуфт бўлиб кезиб юрган йигит-қизлар, итини сайр қилдириб юрган рус кампирлар, сигарета чекиб, анҳорнинг оқишини кузатганча ўйга толган кексалар. Хуллас, гавжум. Сердарахт боғнинг одам кам борадиган ичкари йўлагидан юриб, яккаш бир ёғоч ўриндиққа чўкдим. У ерда майсалар ям-яшил, уста сартарош кузаган сочдек ҳаммаси бир текис. Теграмдаги муҳташам дарахтларнинг япроқларига сариқ оралаган бўлса ҳам, ҳали яшиллик кузга бутунлай таслим бўлмаган. Йўлак четига экилган ранг-баранг чечакларларга қарасанг, ҳаёт жуда ҳам осойишта ва гўзал туюлади. Аммо шундай табиат қўйнида ҳам мени нимадир бўғади.  Қандайдир нософ, ғубор қамраб олган заҳарли ҳаводан нафас олаётганга ўхшайман. Йўқ, бу шаҳарларга хос бўғиқ ҳаво эмас, бу айни вақтда қишлоқларда ҳам, тоғу далаларда ҳам кезиб юрган, ҳаётий иштиёқингни  аста-аста сўндириб қўядиган бошқа бир диққинафас иқлим. Мен буни ҳис этаётганимга анча йиллар бўлди.
“Мана, сиз чидаб юрибсиз-ку”. Мана шу тобда бир неча соат олдин  онанг менга айтган ушбу сўзларни эсладиму,  ўша  дақиқада  буни нима деб шарҳлаганимдан қатъий назар, юрагимда сабр тоши билан зўрға бостириб юрган  исёнларим жонланиб кетди.  Мен асли   бу кунларнинг охири борлиги ҳақидаги кучсиз илинч, ўзим ишонмай қўйган келажакнинг етиб келишига бўлган бежон умидларим алдаб, чалғитиб келаётганини кимдир сезиб қолишидан қўрқардим. Гўё мен хато яшагандек, гўё танҳо мен айбдордек... Чўкаётган чумоли хасга ёпишганидек, шу пайтгача мени бу руҳий чўкишлардан юрагимдаги бир туйғу – севги омон олиб ўтади деб ўз-ўзимни ишонтиришга уриниб яшаётган эдим. Мана энди биламанки, бу ҳам сароб бўлиб чиқди. Мен суянган ягона устун ҳам қулаб тушганига ҳали кўп бўлмади. Ўзим учун ўз оламимда қора кийиб, жим азоб чекаётганимни, бир-бир қатл этилган энг қиммат туйғуларимга мотамсаро эканимни ҳеч кимсага айтолмадим. Кеча тунда булар ҳақида сенга айтгим, тўйиб-тўйиб йиғлаб бергим келди. Аммо бундай қилолмас эдим, сен – кетаётган одам эдинг. Ўзингнинг юрагингдан нелар кечаётганини ахир кўриб тургандим. Қолаверса, онанг биз билан эди...
 Шунинг учун олдинда мени нималар кутаётгани ҳақида, ўзимнинг аҳволотим ҳақида кимгадир тушунтириш беришни истамасдим. Аммо ўша сониялар ичида мен ўзим юзлашишдан қочаётган бу шавқатсиз ҳис билан тўқнаш келдим. Буни онангга тушунтириб беришга ожиз эдим. Шунинг учун ўзимни гўё,  ҳаётимда омад қуёши ҳамон чарақлаётгандек, сени бўғиб қўйган муҳит менга таъсирини кўрсатмагандек тутдим.  Аслида буларнинг ҳаммаси ёлғон. Аслида мен адо бўлганман, азизам... Ҳозир ҳаётнинг жамики чалкаш ўйлари менинг бошимга келиб туташгандек ҳис этмоқдаман. Мен беруҳ қолдим. Ёлғизликдан туғилган исмсиз туйғуларнинг аччиқ бўйлари бурқсиган рутубат тўла хилватида, унинг энг қоронғи бурчагидаман. Гўё бутун вужудимнинг суяклари  парчаланиб кукунга айланган – сўнгаксизман. Ҳар бир аъзоим бир-биридан норози, улар бирдамликни бой бергану бўлак-бўлак бўлиб қолганга ўхшади. Ташқаридан эҳтимол, ундай кўринмас. Ичимдаги борлиқ йўқликка тенглашиб бормоқда. Кўксимда овунгулик бирор тирик туйғу йўқ. Ҳаётимда, вактнинг ҳар қандай шаклида фақат-фақат тун зулмати ҳукмрон. Бунга анча бўлди. Ўша устун қулаган кун, эҳтимол ундан ҳам аввалроқ. Ўшандан буён ҳаётимда тонг отмайди. Ҳа, мен учун тонг йўқолиб бормоқда бу ерда. Осмонда ялтиллаб турган минглаб нуқталар –  ҳаммаси менга ўқталиб турган ўқлар, ажал чўғлари бўлиб кўринади. Бу ҳаммаси нафратдан. Мен нафрат нималигини билиб қолдим.  Мени ана шу ҳис заҳарлади. Ичимдаги бутун тириклик сувини симириб, ўрнини эгаллаб олди. Агар ҳозир ерга туфласам, ёпроқ қовжирайди. Кўзёшим томган мато ўйилиб қолади гўё. Бу шунақа ўткир, даҳшатли оғу. Мен ўша нафратдан ҳам, нафратланаётган ўзимдан ҳам қаттиқ чарчаганман. Яшашни унутиб, шунчаки тирикчилик тегирмонида майдаланиб бораётганимни қандай тушунтира олардим. Ҳар тонгда бошқа йўлни кўзлаб йўлга чиқасану, яна ўша алмисоқ кўчаларда умринг ўтиб бораверади.  Орзуларинг борган сари хира тортиб кетаверади. Нима учун яшаётганингни ҳам унутиб қўясан. Жонингни фақат сабр билангина сақлашни бошлайсан. Атрофимдагилар ҳам мени ҳамиша шундай йўл тутишга даъват қилган.  Менга нуқул сабр қил дейишади. Сабр нима ўзи? Чорасизликда таскин учун айтиладиган қўрқинчли сўз экан-ку бу. Менимча, сабрнинг ҳаддан ортиғи яхши эмас. Эҳтимол, кимлардир шаккокликка йўяр, умуман, ким қандай тушунса ҳам ҳозир бунинг менга аҳамияти йўқ. Керагидан ортиқ сабр – ўз-ўзингни алдаш, ичингдаги тирик туйғуларни ўлишини, карахтлашувини кутишдан бошқа нарса эмас экан. Афсуски,  буни мен сендан кечроқ англаганман. Негаки, мен ирода-тоқатим билан, меҳнатим ва кучим билан ўз қалбимни, ҳаётимни қутқара оламан деб ишонганман. Аммо бўлмаяпти. Ҳеч бўлмаяпти. Жамият чархининг рафтори бошқача, менинг ўйларим ва қалбимнинг рафтори ўзгача. Биламан, бу ерда, умуман, дунёда  ҳамиша мурватлар машина учун хизмат қилади, ҳеч қачон машиналар мурват учун ишламайди. Биргина мурватсиз ҳаракат тўхтаб ҳам қолмайди. Шунинг учун аввало, ўз оламингни севишинг, ўзингни қадрлашинг, қадрлашларига мажбур этишинг керак экан. Етим ўзи учун ўлиши лозим экан.
Мана, мен нима учун сенинг кетишларингни ҳар сафар қанчалик оғир бўлмасин, ғалаба  деб, яхшилик деб қабул қилганман.  Онангнинг биргина дардчан сўзи кўксимни ўзининг муқим жойига айлантириб олган  ёпишқоқ изтиробларни ва унга  кўникиб бораётган руҳимни  бир лаҳза кўзгуга тутиб юборди. 
Қанийди, бу ерда қалбингга қарши яшамасликни бирор иложи бўлса. Меҳнатларинг рушнолик келтирсаю, ўзинг ҳам хотиржам яшасанг, бошқаларни ҳам бахтиёр қилишга имкон топа олсанг. Қалбингга, ўзингга етиб боришинг учун ҳаёт ҳам имкон берса, озгина сен томон бўлса. Чин маънода эркинлигингни ҳис этсанг. Тушунсанг, тушунилсанг, севсанг, севилсанг. Ардоқласанг, ардоқлансанг... Жўшиб  меҳнат қилсанг, қалбинг ўзингдан рози бўлса... Булар ҳар бир инсон  орзу қиладиган умумий катта истаклар аслида.  Майли, улар оддий орзулар бўлсин – мўжаз бўлса ҳам ҳаловат тўла  ўз уйинг,  ўз ишинг, ўз ризқинг ва ўз қувончинг бўлса.  Муҳтожлик, йўлсизлик, ёлғонлар қаддингни букмаса, ким ҳам иссиқ уйини ташлаб кетарди. Эркакми, аёлми – муҳтожлик, тору танглик уни исканжага олмаса,  якка-якка курашга чорламаса эди, ҳаққоният ва адолат ўз саройларини ёпиб, бозорларни оралаб кетмаса эди – эҳтимол, сен ҳам ҳеч қачон онангни изтиробга солиб, яшашга йўл қидириб бу ерлардан кетмас эдинг. Аммо буни оналарга айтиб бўлармиди?
Кеча оқшомда менинг  тўққизинчи қаватдаги ижара уйим айвонида  тунги шаҳарни кузата туриб, сен билан шулар ҳақида бир лаҳза сўзлашган эдик. “Шаҳар мен кетганимдан сўнг жуда ўзгариб кетибди, аввалгидан гўзал. Фақат ҳаво ҳалиям ўша-ўша...” дединг ва қаршимиздаги чироқлари ёниқ қўшни уй деразаларига тикилганча узоқ жимиб қолдинг. Биламан, ўша дамда кўз олдингдан  ўзинг яшаб ўтган олис ва яқин  кунларинг кино тасмаси каби бирма-бир шовиллаб ўтиб кетганди.
... Қишлоқ. Қиш кунлари. Печка ёнида пўк-пўк йўталаётган кекса отанг, чироқсиз тунда шам ёруғида китоб титкилаётган кичкина уканг... оёғини уқалаганча  бир четда хомуш ўтирган онанг ва  байрамга куйлак олиб бера олмаган ота-онангдан аразлаб, гапирмай эшикдан кириб-чиқиб юрган ўсмир синглинг... ва буларнинг  барини кўриб, турмушнинг аччиғини жон-жонидан англаб, ўзини жавобгар ҳис этаётган, аммо ҳозирча қўлидан фақат шеър ёзиш келадиган  сен... 
... Шаҳар. Талабалик. Ижара уйдан ижара уйга дарбадар кўчишлар... Катта-катта орзулар...
... Шаҳар. Ишсизлик. Ғаладонда сарғайиб ётган диплом... Умиддан яралган шеърлар.
... Шаҳар. Ишхона. Таъмагирлик...  Тўсиқлар... Ёлғонлар...  Пулсизлик... Тушликсиз  кунлар... 
... Қишлоқ. Отасиз уй зулмати... Хаста она... Орзулари ва оғизлари катталашган жигарлар... Муҳтожлик...  Кўзёшлар... Жанжаллар...  Катта- катта муаммолар...  Тушкунлик.
... Севги... Кутишлар...  Жавобсиз севги...  Алдов... Йиғилар... Кўнгил совушлари... Бўшлиқ...  Олов-олов шеърлар.
Кулгу жаранггидан чўчиб кетдим. Ёнгинамдан икки севишган ўсмир бир-бирини шамолдек қувлаб ўтиб кетишди.  Илк севгининг остонасидан энди кирган, бутун оламни гул рангида кўраётган, бу чаманнинг чиқиш эшиклари ҳам борлигини ҳали хаёл ҳам қилмаётган ошиқ-маъшуқлар. Уларнинг ортидан бир зум қараб қолдиму, яна сен ҳақингдаги ўйларимга эргашиб кетдим.
Олов- олов шеърлар... Куяётган юракнинг деганлари... Майли...  Ҳамма ҳислар яшаб кўрилиши керак. Шунда инсон тўлақонли ҳаёт кечирган бўлади.  Лекин ҳамма туйғуларни ҳам яхшилик келтиради деб бўлмайди.  Энг азиз туйғуларимиз бизни абгор қилади. Масалан, севги. Дунёда ҳамма севги-севги деб яшайдию лекин унинг юкига дош беролмайдилар. Негаки севги бор моҳияти билан  қурбонлик, маъсулият дегани эмасми? Масъулият эса одам зоти учун ҳамиша малол келадиган тушунчадир. Чинакам ошиқларгина ўзини унутиб, ўз севгиси олдидаги масъулиятдан, фидоликдан бахт ва ҳаловат топа олади. Улар ўз борлиғини бахшида этишдан бошқача яшашни ўйлай олмайди. Бунга эса дунёда ҳар қандай қалб ҳам қодир эмас. 
Ишондинг. Кутдинг. Талпиндинг. Умид қилдинг... Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Энг бебаҳо туйғулар ҳавога учди... Ўзинг изтироб чекаётганинг етмагандек, бошқалар олдида ҳам омадсизлигинг учун жавоб бериш азоби, бурч, имконсизлик,  ҳамма нарсага нисбатан ишончсизлик охир-оқибат сенинг паймонангни тўлдирган ва кетишга мажбур этган эди. 
Кетишингдан аввал сен мени кўргани келгандинг. Ўша куни мен ишга бормагандим ва иккимиз пиёда кўчаларни кезгандик.  Бирга тушлик қилдик. Майсазорда ўтириб хазин қўшиқлар айтдик. Тошкент телеминорасига чиққанимизда, ойна ортидаги шаҳарни томоша қила туриб, “Мен барибир бу шаҳарни яхши кўраман ва кўп соғинаман”, дединг.  Мен эса  “Бу шаҳар ҳам сени севади ва кутади”, дедим. Сен шунчаки жилмайиб қўйдинг. 
Сўнг йўл бўйида ўсиб ётган мойчечаклар билан суратга тушдик.  Чарчаган бўлсак-да биз учун кун давом этарди. Кечга бориб, ёмғир бошланди.  Аммо биз бунга парво қилмай сайримизда давом этдик. Уйга қайтаётганимизда эса вақт тунги ўн бирдан кечган эди.  Автобус қатновлари тўхтаган, бўм-бўш кўчада изғиб юрганимиз учун бизни милиция қувлаганда, югура- югура қочиб қутилган ва ижара уйда буларни эслаб узоқ кулган эдик...
Ўша тун ҳам йиллар ортида қолиб кетди.  Бу йиллар орасида сен қайтиб келдинг ва мана ҳеч қанча вақт ўтмай яна қайтиб кетмоқдасан... Ҳали келганингга кўп бўлмаганди. Сен кетган ёқларда ҳам иш топиш, маошдан маошга қараб оёққа туриш осон бўлмаган. Машаққат билан ўтган ҳар кунингни, ундан олган сабоғингни, ҳар кеч шеърга кўчириб чарчоқ кўзларингни юмгансан. Вақт гоҳ шошиб, гоҳ имиллаб ўтса-да, хаёлларинг манзили уйинг, қайтиш деган тушунчада бўлган. Онангни қумсаганингда унинг кўзларига ўхшаб кетадиган денгизни узоқ томоша қилгансан. Ниҳоят ўша кун ҳам келган, кўксинг бошқа тоза ҳаволардан баҳра олиб, ота юртингга янги куч ва қалбинг лим-лим соғинч билан қайтгандинг. Ҳаммасини бошидан бошлай олишинг ва яқинларинг ҳаётини ҳам яхшилашга етарли кучни ҳис этган, олдинда қандайдир ёруғ йўлларни кўриб умид билан келгандинг. Аммо яна ҳеч нарса сен истагандай бўлмади. Ҳар сафар бошқа куч билан умидвор қайтасан. Ҳаммасини бошидан бошлашга уринасан. Аммо бу ернинг ҳавоси қалбингни қуритиб қўяди, бор мадорингни суғуриб олади. Икки- уч ойдаёқ ҳеч нарсага ҳафсаланг қолмайди, ҳеч кимга берадиган туйғуларинг қолмайди. Яна кетишга қарор қиласан. Бу ҳаво сену мен каби минглаб ва балки миллионлаб юракларнинг оҳига, ўшалмаган тилакларига, ўз эгасига етиб бормаган изҳорларга, афсус билан айтилган сўзларга, ёлғонларга тўлиб кетган. Бу ёлғону рост сўзлар токи ўз манзилини топмас экан, ҳеч қаерга сингиб кетолмай, осмонларда сарсон кезиб юраверади ва бора-бора ҳавони оғуга айлантиради, рутубатга тўлдиради. Бу иқлимда нафас олаверсану яшай олмайсан. Ҳа, айнан шундай. 
Сен бу сафар янаям аниқроқ ҳис этдинг – бу ерда шакл ўзгарган, аммо ҳамон моҳият ўша-ўша. Кўзбўямачилик ва ёлғон шунчалар кўпки, улар ҳар кунингга эгалик қилади, қадамингдан, кўзингдан, қулоқларингдан юрагингга ёпирилиб кириб, сени ўз измига солишга қодир.  Агар ҳар қандай гўзал шаклнинг ортида сохта моҳият турганлигини билмасанг – эҳтимол, бахтлиман деб  яшайверишинг мумкин, аммо буларнинг барини фаҳмлаб турсанг, юзи тиниқ кўринган ҳовузнинг тубидаги бўтана лойқаларни кўриб, англаб қолсанг, қийин. Лойқани ўзингга яқинлаштирмаслик, ичмаслик учун курашаверсангу ҳар сафар енгилаверсанг, охир-оқибат ё таслим бўлиб яшашга кўнасан ё ўз-ўзингни адо қиласан.Сенинг софликсевар ва ҳур қалбинг эса буларга узоқ дош бера олмайди. 
 Менда ўша мойчечакзорда тушган суратимиз ҳалиям бор.  Мен унга тез-тез қараб тураман. Бу сурат менга жуда кўп ҳисларни ҳадя қилади. Унда сен кулиб турибсан. Бўйнингда ингичка занжир, унда эса ҳалинчак учаётган қизча акс этган кичкина, нафис тақинчоқ кўксингга тушиб турибди. Бу бир қараганда оддий сурат бўлиши мумкин. Лекин тақинчоқдаги беғубор қиз тасвири менга жуда кўп маънони англатади. Мен билган сен – ҳалинчакдаги қиз, ўзинг эса ҳамма каби дунё билан тинимсиз курашаётган, кучли, аммо толиққан бир инсон бўлиб кўринасан. Аслида ҳам ҳаёт шавқатсизлик билан қалбингни ўз гирдобига қанчалик тортаётган бўлмасин, ҳамон ўша софюрак, ҳаётсевар қизни кўксингда тумордек асраб қолишга уриняпсан. Ўша ҳалинчакдаги қизалоқ  ёлғон ва сохталикларга тоқат қила олмайди. У қонунлари алдамчи бўлмаган, йўллари тўғри, назарлари ҳаққа қараган, фикри соғлом, қалби ҳурликни севувчи ва қадрлай олувчи гўзал одамлар орасида яшашни истайди. Мана, бугун ҳам уни деб кетдинг.  Ўзингдаги ўзингни асраб қолиш учун яна бу ерлардан олиб қочдинг.  Ёки, аксинча, у сени асраш учун курашаётгандир.
Биламан, тунги суҳбатимизда  ҳам, бундан аввалги учрашганларимизда ҳам мендан ўзинг билган мени топа олмадинг. У ўз ичига беркиниб олганини аллақачон сезгандинг. Хайрлашувимиз ҳам аввалгидек бўлмади. Кунни бирга ўтказмадик. Дил ёзиб суҳбатлашмадик. Аядинг. Аядим. Мен бу гапларни сенга айтгим келади. Аммо ўзига нафас етишмай, яна олисларга кетаётган одамга бировнинг ҳасрати оғирлик қилади. 
Мен ғарблик бир рассом ҳақида эшитган эдим. У жуда қашшоқ ва ёлғиз эди. Ёлғизлигининг боиси унинг теран ғоялари, бошқаларникидан кескин фарқ қилувчи санъати эди. У бошқалар билган шаклларни чизмагани, бошқалар қабул қилолмайдиган ҳайкалларни ясашида эди. У ойлаб ўз устахонасига қамалиб олиб, тасаввуридаги гўзал инсонлар бюстларини ясайди. Ишини якунлаб, асарларини кўргазмага қўйиб, дўстларини таклиф этади. Аммо кўргазма у кутган натижани бермайди. Уни нўноқликда айблаб танқид қилишади. Рассомнинг хаёлида яралган асл гўзал инсонлар тасвири ҳеч кимга ёқмайди. У бўм-бўш салонда асарлари қаршида  узоқ тик қотадию вужудини бир фикр чулғаб олади. Шошилиб ҳамма асарларини аравага жойлайдию аллақаёққа отланади. У отланган жой денгиз эди. У бюстларнинг барини бирма-бир сувга улоқтиради. Ўша замон кишилари инкор этган  асл инсон бюстлари ўз яратувчиси билан видолаша- видолаша денгиз тубига чўкиб кетади. Орадан асрлар ўтиб, эндиликда аллақандай коллекционерлар денгиз тубига ғаввос тушириб, ўша санъат асарларни ҳамон қидираётган эмиш...  
Қалби яра, кўкси бўшаб қолган одам, юрагидаги энг муҳим, жавҳар туйғуларини бехос бой берган одам ҳеч қайси даврда ҳеч бир жамиятга керак бўлмаган. Мен ҳам  ўз қалбим билан ўша мусаввир бюстларига ўхшаб бўшлиқ ва мавҳумот домига чўкиб кетмоқдаман. Аммо, баъзи-баъзида юрагимга олис умидлар шуъласи қайтади, бир мўжизабахш кун бору, ўша кун мен кутган туйғулар кўксимда янгидан ўсиб чиқади, гўё. Шунинг учунмикан, ҳамон қўлим ишламоқда, қўлим... Сен эса ўз қалбингни нософ ҳаволардан асраб қолиш учун мана учинчи бор онангнинг кўзларини йўлларга такрор қаратиб, жонини изтиробга кўмиб ўзга юртларга учиб кетдинг. Биз ишонган ва қадрлаганларимиз қачонлардир бизни ҳам ўша ғаввослар каби излармикан?..
Қўққисдан телефоним чалди. Ишхонамдан. Шундагина қулоқчин қулоғимда эканини, Крис Сфериснинг “Хаёл”и ҳалиям янграётганини пайқадим. Эҳтимол, бу куй юзинчи, балки мингини бор такрорлангандир.  Ҳойнаҳой мени излашяпти. Мен энди борай, бошлиғим учун оташин маъруза  ёзиб беришим керак...
“Хаёл, хаёл, фақат хаёллар гўзал...”
Хиёбондан чиқар эканман, атрофга қарайман: шаҳар барибир гўзал. Соатга қарайман: 12: 40.  Мен эса уч соатдан бери бир бегона боғда хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирибман. Бу вақтда сен манзилингга аллафқачон етиб боргандирсан.  Самолёт қўнгач, трамплиндан шошмай тушгансан,  махсус автобус юзлаб йўловчилар орасида сени ҳам терминалга элтиб қўйган, юкингни қабул қилиб олгач, ҳужжатингга муҳр бостириб, жомадонингни оҳиста судраб ташқарига чиққансан. Сени ўша катта шаҳарда ойнаванд эшикка битилган “ҳош галдиниз” деган сўз кутиб олган. Қаҳваранг ойнагингни кўзингга тушириб, юрагингда фақат ўзинггагина ойдин изтироблар  ва энди сени олдинда кутаётган кунлар  ҳақидаги жиндек хадик  билан ўша қадрдон бека уйига йўл олгансан.
Барибир кетганинг яхши бўлди...