Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Шоир ва ўлим



Рауф Парфи.
Шоир ва ўлим


Иштирок этувчилар:

РАУФ ПАРФИ (Турсунали Парпиев)
САКИНА ИСА ҚИЗИ - Р.Парфининг волидаси
АБДУЛЛАЖОН - Р.Парфининг яқин дўсти
ЛАЙЛО - Р.Парфининг илк муҳаббати
ЗУҲУРОВ - институт домласи
ФОЗИЛ, АЛИШЕР - Р.Парфининг курсдошлари
СУЛҲИДА ЁЛҒИЗ - Р.Парфининг умр йўлдоши
МАРЯМХОН - мактаб ўқитувчиси
АДИБ - замонасоз, партия ижодкори
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ,ЧЎЛПОН,ФИТРАТ - шарпа кўринишида


Воқеалар Рауф Парфининг болалиги, яъни, 50 - йиллар ўрталаридан, умрининг поёнига қадар даврни ўз ичига олади. Шоир шеърлари асосида мусиқий жараёнлар кечади.

Биринчи кўриниш

Нимқоронғи саҳна. Тўрт ёнда чориёрлар мисол шоирга ҳамиша илҳом бахшида этиб келадиган мусиқачилар. Мунгли оҳанг остида қадаҳ тутган Рауф Парфи қоронғуликдаги қатра нур ичида пайдо бўлади.
РАУФ ПАРФИ (мусиқа билан ҳамоҳанг).
Дўстим, дилда не бор, сўзлайман сенга,
Тахайюл майига термуламан жим.
Унда жилва қилар ажиб аланга,
Унда ичилмаган менинг ёшлигим.
Хаёл гирдобида чўмилиб ётар,
Унда юз кўрсатур яшнаган сароб.
Кунларим туғилиб, кунларим ботар,
Қандайин мўжиза, дўстим, бу шароб?!
Қайдадир изғидим, нимадир излаб,
Нимадир англамай беқут пешона,
Ширин афсоналар айтиб юлдузлар,
Ёнига чорлади мени ягона.
Ҳар нарса соф эди, ҳар нарса порлоқ,
Гўё гўзалликдан иборат олам.
Ўлимни ўйлардим юракдан, бироқ,
Бировдан ўтганда заррача алам.
Бир вақтлар шунчаки қайғурардим оҳ,
Бир вақтлар шунчаки ухламасдим мен.
Шунчаки тун бўйи йиғлардим, аммо,
Туркистон, сен учун йиғламасдим мен...
Мен энди, мен энди шундай афтода,
На сажда қилгайман, на дуойибад.
Қўлимда порлайди арғувон бода,
Туркистон, Туркистон, унда сен фақат!
Энди хўп яшадим. Шунақа дунё...
Ҳар сафар қўлимга олганда қалам,
Ўйлайман: кетяпман бўшлиққа қараб,
Бу балки сўнги шеър, бу балки видо.
Хаёл шаробидан қуйиб бер яна,
Қуйгил, тўкилмачин ерларга илҳом.
Қани эй, кўзимни чирт юмиб, мана,
Ичиб тугатайин уни батамом!

Қадаҳидаги шаробни симиради.

Дўстим, дилда не бор, сўзлайман сенга...

Шеър тугаган заҳоти мунгли оҳанг ўрнини талотум садолари эгаллайди. Саҳнага мустабид тузумнинг қонталаш байроғи туширилади. Навқирон ёшдаги Рауф Парфи кўздан чекилиб, унинг пионерча кийинган болалиги саҳнага чиқиб келар экан, радиокарнайдан мухбирининг мотамсаро овози янграб туради.
ОВОЗ. Барча партия аъзоларига, барча меҳнаткашларга! Қадрли дўстлар ва ўртоқлар! Совет Иттифоқининг Марказий Комитети, Минстирлар Совети ва Олий Совет Президиуми чуқур изтироб билан, 5 - март куни кеч соат 9 да, оғир засталикдан сўнг, Олий Совет Президиумининг Раиси, Коммунистик партиянинг Бош Секретари Иосиф Виссарионович Сталин вафот этганини маълум қилади.
РАУФ ПАРФИ(барча саслар тингач).
Энди қандай яшаймиз,
Сўлди умр маъноси.
Вафот этди доҳиймиз,
Барча халқлар отаси!
Оёқлан эй иттифоқ,
Гул соч унинг бошида...
Рауфнинг шеъри ниҳоясига етмасдан саҳнани остун-устун қилиб юборгудек момақалдироқ овози тутиб кетади. Бирин - кетин уч шарпа: Қодирий, Чўлпон, Фитрат чиқиб келади. Ҳар бирининг бўйнида сиртмоқ.
РАУФ ПАРФИ(ҳовлиқиб). Нималар бўляпти ўзи? Репетициямизда бунақа чиқиш йўқ. Кимсизлар? Мен шеъримни тугатмадим! Кимсиз ахир!?

ҚОДИРИЙ.
Ёлғиз сен ухлайсан, ёлғизим болам,
Майсалар шивирлар, ҳайқиради тоғ.
Шовуллар дарёлар, далалар уйғоқ,
Қасамга ботирар туби ёқ олам.
РАУФ ПАРФИ(залга тикилиб). Залдаги одамлар каерда қолди?! Қани улар! Ким...сиз..?
ФИТРАТ.
Умиднинг кўзи кўр, аччиқдир фироқ,
Ахир мен аламман - чинқирар алам.
Бу ғолиб туркуда бўлмиш эди жам,
Она юртим, элим, топталган тупроқ!
Чўлпон.
Уйғон, уйғон болам, уйғонгил, эй дил,
Уйғондан иборат уйғотлик дунё.
Ишон, сени ўйлаб келмоқдаман бил,
Сенгадир жон болам мушкилот, ғавғо.
Уйғон, уйғон дея инграйди наво,
Сенга шу Ватандир, сенга туркий тил...

(шарпалар бирваракайига)
Уйғон, уйғон болам, уйғонгил эй дил,
Уйғон, уйғон болам, уйғонгил эй дил,
Уйғон, уйғон болам, уйғонгил эй дил...

Шарпалар чиқади. Саҳнага одамлар орасидан Сакина ая ва Марямхон чиқиб келади.
РАУФ ПАРФИ(бошини чангаллаганча). Йўқ! Мени тинч қўйинг! Сизларни танимайман...Тинч қўйинг!..
САКИНА(жон ҳолатда боласини қучиб). Болам, Турсунали! Нима бўлди сенга?! Гапирсангчи, болагинам. Мени қўрқитма!
МАРЯМХОН. Ҳой, сени нима жин урди. Ахир, бу чиқишга туну кун тайёргарлик кўргандик! Мактабимизга меҳмон бўлиб келган партиямизнинг юксак аъзолари кўз ўнгида бизни шарманда қилдинг! Нега лаллаясан? Гапирсангчи!
САКИНА. Марямхон, устоз, боламни тергаманг. Ҳали гўдак бўлса, зал тўла одам, кимни бўлсада ҳаяжон босади ахир. Кечиринг бизни.
МАРЯМХОН. Болангизни олиб, саҳнани бўшатинг. Етарлича шарманда бўлдик. Ҳа айтганча, эртадан бошлаб Турсуналини мактабда кўрмай. Бизга гўл, лақма ўқувчиларнинг кераги йўқ! Болангизни ўқитишга бошқа ер топинг. Тушунарлими?!(Чиқиб кетар экан) Шарманда бўлдик!..
САКИНА. Болажоним, юрақол, кетамиз. Йўқ, уни тергаманглар. Болам ҳали гўдак. Боламни ҳаяжон босди. Ҳали гўдак...
Чиқишади.

Иккинчи кўриниш


Ҳовли. Сакина ая боласини қўлтиқлаганча кириб келади.
САКИНА. Келдик болажоним. Мана, ҳозир. Ётиб дамингни оласан.
Абдуллажон кириб келади.
АБДУЛЛАЖОН. Турсунали! Унга нима бўлди Сакина хола?!
САКИНА. Кел, ёрдам бериб юбор болам. Ўрнига ётқизайлик.
Ҳолсиз Турсунали ўрнига сўкади.
АБДУЛЛАЖОН. Кимдир мактабда хафа қилибдими? Ким у? Танобини тортиб қўярман!
САКИНА. Ҳовлиқма Абдуллажон. Ҳеч ким хафа қилгани йўқ.
АБДУЛЛАЖОН. Унда нега бу аҳволда?
САКИНА. Бугун Турсуналим саҳнага чиқди. Болагинам, ўзи қофия тузиб, илк марта шиғир битибди. (Қувониб) Исталин ҳақида. Шу шиғирни одам тўла залга ўқиб бераётиб толиқди, савлат босдию ҳушидан айрилишига оз қолди. Ҳали гўдак бўлса яккаю ёлғизим, савлат босадида. Кўрмагандек бўлиб кетади. Унга қараб тур. Сув олиб келаман. Ҳовурини боссин.
Чиқади.
АБДУЛЛАЖОН. Дўстим, нега жимсан, гапирсангчи.
Турсунали жим.

Нима, тилдан қолдингми?
РАУФ ПАРФИ. Йўқ.
АБДУЛЛАЖОН. Унда оғзинга талқон солиб олмасдан гапир. Мактабда нима ҳунар кўрсатдинг?
РАУФ ПАРФИ(бироз ўйчан). Ҳали ўзим ҳам тушунолмаяпман нима бўлганлигига. Саҳнада шеър ўқиётгандим. Нима бўлдию, қулоғим остида момақалдироқ овози янграб кетди. Саҳнага уч нотаниш одам чиқиб келди. Ҳаммаси бўйнига арқон ташлаб олган. Аланглаб қолдим. Репетициямизда бунақа чиқиш йўқ эди. Ўқитувчимизни излаб залга қарадим. Ҳеч ким йўқ эди, тушуняпсанми Абдулла, ҳеч ким йўқ эди!
АБДУЛЛАЖОН. Дўстим, етади. Ўзингни бос.
РАУФ ПАРФИ. Улар шеърга ўхшаш, йўқ, аниқ шеър эди. Ҳа, шеър ўқишарди. Кейин ҳаммаси мен томон бостириб келди. Бир сўзни такрорлашарди: уйғон, уйғон, уйғон!!!
АБДУЛЛАЖОН. Бўлди, бас қил. Ҳалиям алжираяпсан. Сакина холам тўғри айтдилар. Ҳаяжон босган, вассалом. Кейин биламанку сени. Шеър ўқишни бошладингми, тамом, атрофингдаги ҳамма нарсани унутасан. Турсунали, ростдан ҳам Сталин ҳақида шеър ўқидингми?
РАУФ ПАРФИ. Ҳа. Нега ажабланасан? Шеър Сталин ҳақида бўлса нима қипти?
АБДУЛЛАЖОН. Водилий домлани танийсан-а? Шу кишидан Сталин Туркистонимизни қонга ботирган малъун эканлиги ҳақида кўп эшитганим бор. Шунга айтдим.
РАУФ ПАРФИ. Яна нималарни айтиб берганлар.
АБДУЛЛАЖОН. Шу йилги баҳор ўзгача бўлар экан. Гўё қаттолнинг ўлимидан сўнг шаҳидлар енгил тин олар экану бутун борлиқ гулга кўмилар экан.
РАУФ ПАРФИ(ўрнидан қўзғалиб атрофга қарайди). Бу гаплар қанчалар тўғри, нотўғри билмадиму, лекин, ростдан ҳам бу йилги баҳор ўзгача.
АБДУЛЛАЖОН. Айтма дўстим! Тоғларимизни кўр, ҳар қачонгидан кўра савлатли, виқор тўкиб турибди.
РАУФ ПАРФИ. Лекин, ҳали ҳануз уйқуда.
АБДУЛЛАЖОН. Юр дўстим, ўйқусини бузайлик. Қачонгача мудрайди. Юрақол! Тоғга чиқамиз! Кўрпа-тўшак қилиб ётиш сенга ярашмабди. Юрақол!
Икки дўст "Эҳе - ҳей, тоғлар уйғонинг, уйғонинг. Биз боряпмиз, эҳе - ҳей, тоғларуу" деб ҳайқирганча саҳна айланишади.
АБДУЛЛАЖОН. Сени қараю, ойимқиз. Бир пасда ўпканг тушиб қолдими?
РАУФ ПАРФИ(нафасини ростлар экан). Йўқ, хаммаси жойида.(Атрофга боқиб) Во ажабо, дўстим қишлоғимизни гўзаллигини қара. Тасаввуримга ҳам сиғмас даражада.
АБДУЛЛАЖОН. Қара Турсунали, Парпи амаким. Далада ишлаяптилар. (Маъюс тортиб)  Биласанми, Турсунали, дадам урушда ҳалок бўлганларидан сўнг, даданг бизга кўмак берганларини аям кўп гапириб берадилар. Дўстим, Парпи амаким олдида қарзим кўп...
РАУФ ПАРФИ. Бунақанги бемани гапни қайта айтма. Ахир, бу одамийлик бурчи. Устига устак ёнма ён, қўшнимиз, бир биримизга бегоначилинимиз йўқ. (Чўққиларни кўрсатиб) Ана у чўққиларга қара дўстим. Бизга ўхшайди. Бирга улғайишган, улғагишяпти. Унутма, дўстлигимиз ҳам шу қоялардек мустаҳкам, пурвиқор бўлади.
АБДУЛЛАЖОН(самимий кулиб). Пионер мен билан дўст тутинармикан?
РАУФ ПАРФИ. Мен энди пионер эмасман. Мактабдан ҳайдалдим. Абдулла, Водилий домла менга ҳам таълим берармиканлар?
АБДУЛЛАЖОН. Нега ҳайдаласан?
РАУФ ПАРФИ. Сабабини сўрама, илтимос. Сендан сўраяпман Водилий домланинг олдига олиб борасанми?
АБДУЛЛАЖОН. Олиб бораман.
РАУФ ПАРФИ(пионерча бош кийимини Абдуллажонга узатиб). Бу эса эсталикка. Олақол.
АБДУЛЛАЖОН(бош кийимни кийиб). Доим тайёрмиз! (Кулишишади.) Турсунали, шеър айтиб бер. Бу ерда шеър ўқиш завқи бошқача. Ҳеч ким ортингдан бостириб ҳам келмайди.
РАУФ ПАРФИ(бироз сукутдан сўнг).
Кундуз ўйга чўмар. Тун яқин.
Осмон янғлиғ оқшом шарпаси - 
Олис уфқ сўнгида ёрқин,
Куннинг қизил шоҳи пардаси.
Кечки қуёш турмаклар сочин,
Жозибали бўлар эртага!
Ана кўк ҳам маржонлар сочди -
Кенгликларнинг мовий эртагин.
Далаларда эсар шаббода,
Эгилади нозик чучмома.
Ялпизларнинг баргидан шода-
Шода шудринг жимгина томар.
Жозибали бўлар эртага,
Севги фасли асл ва бедоғ.
Кумуш ҳаволардан ўртиги,
Гўзаллиги билан яшнар тоғ...
АБДУЛЛАЖОН. Раҳмат, дўстим. Қани, энди юр, сен билмаган жойлар ҳали кўп.
Яна биргаликда "Эҳе - ҳей, тоғлар, уйғонинг, уйғонинг! Биз келдик! Тоғлар, уйғонинг! Эҳеҳе - ҳей!..."  дея саҳна айланиб, чиқиб кетишади.

Учинчи кўриниш


Сочларига оқ оралаган, шафқатсиз йиллар таъсири юзидан аксланган Сакина ая қўлида бир коса сув билан саҳнада пайдо бўлади. Куйлайди.
САКИНА.
Қирғоқларга чопур, қайтур долғалар,
Музтариб осмон кабидур нолам.
Боғларда қағиллар қора қарғалар,
Боғлар булбулидан айрилди, болам.

Йигит ёшига тўлган Турсунали кириб келиб, волидасининг куйлашини бир дам кузатиб туради.
Балким, афсоналар айтур булутлар,
Туркийлар айтадур мусаффо, туйғун.
Йирок - йироқлардан турналар ўтар,
Ҳижрон қўшиғини айтурлар бугун...
РАУФ ПАРФИ(волидасига яқинлашиб).
Она, менинг ҳаққим кўп,
Мозийдан, ҳозирдан ва келгусидан.
Она, менинг ҳаққим кўп
Айниқса, ўзимдан.
Биринчи - ёнишлар...
Иккинчи - ёнишлар,
Учинчи...
Йўл эса узун.
Оҳ, узун.
Баъзан, хафа кўринасиз ўғлингиздан,
Ҳаққимни тан олмайсиз баъзан.
Она, менинг ҳаққим кўп
Қуёшдан,
Гуллардан
Ва сиздан!
САКИНА(боласига косадан сув тутиб). Бисотимда неки бор сенга бахшида болажоним. Отангни тупроққа қўйганимиздан сўнг яккаю ёлғиз таянчим, кўзимни қувончи бўлдинг.
РАУФ ПАРФИ. Шундай бўлиб қолади ҳам, онажон. Фақат...
САКИНА. Нима бўлди? Гапиравер.
   Рауф чўнтагидан конверт олиб онасига узатади.
РАУФ ПАРФИ. Тошкентга йўл оламан, онажон. Талабага айландим!
Узоқдан чироқлар кўринур,
Орзумнинг мунаввар шуъласи.
Ёнишлардан кўзларим тинар,
Лекин, етиб боргум шубҳасиз,
Узоқдан чироқлар кўринур.
От қўяман. Ёнишлар ёнди...
У ердан келмоқда овозим,
Учган овозимдан ҳам олдин,
Чироқларга етаман ўзим!
От қўяман. Ёнишлар ёнди...

(Кўзидан ёш қалқиётган волидасига қараб)
Нимадир у, кўзинга келган,
Хаёлинга она, не келди?
Йиғлаб туриб ҳаттоки кулдинг,
Нимадир у, кўзинга келган?
Менга жуда ўхшайди она,
Кўзларингда ялтираган ёш.
Менда ўша кўзу ўша қош,
Менга жуда ўхшайди она.
Она, ёшинг тўкма, илтимос,
Кўзларингдан тўкилай агар,
Севинчингдан бермасам хабар,
Она, ёшинг тўкма, илтимос!
САКИНА. Йўқ, севинчдаман болам, бахтиёрман. Менику ўйлама, амал-тақал қилиб яшайвераман. Сендан хавотирдаман. Катта шаҳар, одам гавжум, қийналиб қолмайсанми!?
РАУФ ПАРФИ. Нега бундай дейсиз онажон? Нега сизни ўйламаслигим керак? Хат ёзиб тураман, тез - тез келиб ҳол - аҳволингиздан хабардор бўлиб тураман. Хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Ахир, энди саҳнада шеър ўқиб ҳушидан айриладиган Турсунали эмасман.
САКИНА. Йўқ! Мен учун ҳали ҳануз ўша - ўша Турсуналисан. Майли, қаерда бўлсанг ҳам соғ - омон бўлсанг бас. Менга шунинг ўзи кифоя.
РАУФ ПАРФИ.
Қандай гўзал, қандай ложувард,
Хаёл каби кўринар жаҳон.
Лекин, менинг юрагимда дард...
Мендан хафа бўлманг, онажон!
Севганимнинг ёнига борай,
Юрагимда қолмасин армон.
Унга йиғлай, унга ёлборай,
Мендан хафа бўлманг, онажон!
Ишқ ёр бўлди мунис кўнглимга,
Мени адо этди ул жонон.
Кўз тутмангиз бугун йўлимга,
Мендан хафа бўлманг, онажон!

САКИНА. Бу қадар эс-ҳушингдан айирган маккора ким экан?
РАУФ ПАРФИ. Виқор тўкиб турган қорли чўққилар, шовуллаб, эрк истаётган дарахтлар, тоғ ошиб, ҳориб, шивирлаб оқиб келаётган ўйноқи сувлар... Ҳамма ҳаммаси мени ўзига мафтун этган. Онажон, ана ўшалар менинг суюклим, севгим!
САКИНА.Йўл олди улардан хабар ол болам. Кўзим интизор бўлиб кутаман.
Сакина ая саҳнадан чиқади. Рауф саҳна бўйлаб айлана бошлайди.
РАУФ ПАРФИ. Эҳе - ҳе - ҳей, тоғлар уйғонинг, мен келдим, уйғонинг! Эҳе - ҳе - ҳе - ҳей! Уйғонинг! Мен келдим. Эҳеҳе - ҳей!
Дарё каби доимо уйғоқ
Интилишим тоғ қадар баланд.
Олис йўлга отландим, бироқ,
Меҳрим билан, муҳаббат билан,
Эй, кўнглимга тугилган Ватан.
Хотиралар сўзлар ҳар бир тош,
Эсдаликлар ёғади осмон.
Тирикликнинг шоҳиди қуёш
Эсламоқдан тинмайди ҳамон...
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон!
Чақиради тоғлар, дарёлар,
Яна йўлга чорлайди мени.
Мени чорлаб қуёшлар ёнар -
Ўрганадир ёниш илмини,
Чақиради тоғлар, дарёлар.
Ҳали олдда қанчалар довон,
Ўтгунумча то уни босиб,
Сўйла, наҳот битадир дармон,
Кўзларимнинг сўнар зиёси?!
Ҳали олдда қанчалар довон...
О, Туркистон, энг аччиқ бўса
Каби лабларимда уриндинг.
Мен олисга отланар бўлсам,
Куйган юрак бўлиб кўриндинг.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон!
Дарё каби доимо уйғоқ
Интилишим тоғ қадар баланд.
Олис йўлга отландим, бироқ,
Сенга бўлган садоқат билан,
Эй, кўнглимга йўғрилган Ватан.
АБДУЛЛАЖОН(дўстини бироз кузатиб тургач) Қаерга йўл олдинг?
РАУФ ПАРФИ. Абдулла, бормисан дўстим. Бутун қишлоқни ағдар-тўнтар қилдим, топиб бўлмайди сени. 
АБДУЛЛАЖОН. Бир иш билан юргандим. Тинчликми?

Рауф унга конверт узатади.
Дўстим! Турсунали!(Рауфни қучоқ очиб қутлайди.) Қутлуғ бўлсин! Кел, яна бир қучиб қўяй! Дўстим, чин дилдан табриклайман!
РАУФ ПАРФИ. Раҳмат, ўзингдан гапир Абдулла.
АБДУЛЛАЖОН(жилмайганча). Йиқилдим.
РАУФ ПАРФИ(хомуш тортиб). Лекин... Нега..?
АБДУЛЛАЖОН. Тақдирда бори. Энди ҳарбий хизматга кетаман. Бугун шу сабаб чақиртиришди. Йўлланма олдим. Ўқиш бўлса қочиб кетмас.
РАУФ ПАРФИ. Ҳа, дўстим, ҳарбий хизматдан сўнг ўқишинг керак. Майли, қаерда бўлма омон бўлсанг бўлди.
АБДУЛЛАЖОН(Рауф совға қилган бош кийимини кийиб). Мендан хавотир олмасанг ҳам бўлади. Ахир, собиқ пионерман. Қаерга бормай "доим тайёр"ман-ку! (Кулишишади.) Кетишимдан олдин бир илтимосим бор.
РАУФ ПАРФИ. Айтавер дўстим.
АБДУЛЛАЖОН. Эсингдами, болалигимизда шу ерда, тоғ бағрида ҳайқириб шеърлар ўқиб берар эдинг?
РАУФ ПАРФИ. Эсимда.
АБДУЛЛАЖОН. Кел, яна бир бор шеър айтиб бер.
РАУФ ПАРФИ.
Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё,
Порлоқ умидларга тўлиб кун боқар.
Бахт сингар олис юлдузлар гўё,
Азал гўзалликнинг шаъмини ёқар.
Кўнглим осмон янғлиғ ёришди, осмон,
Келур от ўйнатиб халоскор сарбоз.
Ёрқин саҳарларда сен, руҳим, омон,
Юксак - юксакларга қилавер парвоз.
Эй само, эй замин, эй Инсон - қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл...
Нафосатга ахир чидамли одам.
Бу кун сен бошқасан, дунё бошқадир...
Сенда ҳур туғилдинг, бир сўйла, бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир алам...

Шеър тугаб бораётганида Абдуллажон кўздан чекила бошлайди.
АБДУЛЛАЖОН. Хайр дўстим. Дийдор кўришгунча!
РАУФ ПАРФИ. Йўлинг оқ бўлсин Абдулла. Омон бўл. Аллоҳнинг паноҳида бўл, дўстим!

Абдуллажон кетади.
Сувлар, не деб жиллирайсиз?!
Не деб шивирлайсиз саболар!?
Сокин табиат куйи таралади.
Дарё мавжларида ёзилмиш ғазал,
Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.
Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,
Бир лаҳза оҳ тортиб қўядир офтоб.
Қамишлар шивирлар дарё томонда,
Кўкда оқ булутлар кезар бемажол.
Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда
Кимгадир эланур, қилур илтижо.
Бу қадар гўзаллик қайси очунда,
Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари?!
Кимнинг оламидур қилич учинда,
Қалтираб порлайди бир чироқ ғариб...
Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,
Бир қушча йиғлайди мени ахтариб!.. 

Шеър тугаши билан майин куй ўрнини ваҳшатли саслар, бўрон каби қутирган оҳанглар саҳнани тутиб кетади. Хавотир билан Сакина ая кириб келади.
САКИНА(кўзи жиққа ёшга тўлганча). Турсунали... Болам..! Дўстинг... Абдуллажон...(Рауфга Абдуллажоннинг пионерча бош кийимини узатади.) Ҳозиргина Сибирдан хабар келди. Турсунали... Абдуллажон... Омонатини топширибди!
РАУФ ПАРФИ.(чексиз изтироб ила Абдуллажоннинг бош кийимини даст тутиб).
Қушлар, қушлар, қатор-қатор
Қушлар уйга қайтингиз.
Абдуллажон қайтмас зинҳор,
Ёр-дўстларга айтингиз.
Ўйнар бўрон, ўйнар бўрон,
Ўйнар менинг бошимда.
Энди йўқдир Абдуллажон,
Йигирма беш ёшинда.
Йўллар узун, йўллар узун,
Кунлар ҳам кўп чўзилди.
Қонли ёшлар тўкди кўзим,
Жигар-бағрим эзилди.
Поэзд чопар, поэзд чопар
Поэзд чопар Сибирдан.
Абдуллажон жонсиз ётар,
Тобутлар темирдан.
Бўзлар осмон, бўзлар осмон
Бўзлаб берса бўзтўрғай.
Кўзларини Абдуллажон
Бир дам очса на бўлғай...
Азиз дўстим, қайларда қолдинг?!
Кўриб туриб сени кўрмадим.
Сўрадиму мен дарду ҳолинг,
Мен дарду ҳолингни сўрмадим.
Сен ёниб кетарсан ёдимда,
Бирор шарпа, товуш эшитсам.
Гўё мана ҳозир олдимга,
Отилиб кирарсан эшикдан.
Шамол каби учиб ўтгайсан,
Шовуллайсан бошимда ҳар зум.
Айтилмаган қўшиқ айтгайсан,
Япроқларни отгайсан узиб.
Сен тарк этдинг ёруғ оламни,
Сен бутунлай тарк этдинг ёҳу.
Тингламайсан менинг ноламни,
Тингламайсан чорасиз оҳу.
Оҳим менинг бузгай самони,
Нафасим айланур қуюнга.
Қаро ерга қўйдикми сени
Керакмидинг шунчалар унга?!
Сен тарк этдинг ёруғ оламни,
Сен бутунлай тарк этдинг ёҳу.
Тингламайсан менинг ноламни,
Тингламайсан, тингламайсан-ку...

Изтиробга тўлган Рауф Тошкент сафарига тайёргарлик кўришни бошлайди.
САКИНА(ўғлининг сочларини силаб). Оқ оралабди... Навниҳолсан-ку болам! Бу қадар бағрингни ўртама. Ахир, Абдуллажон барчасидан гина-кудрат, азоб-уқубат, фоний дунёнинг фисқу фасотидан озод. Энди менга айт, шу қадар ғам ютиш керакми?!
Она пойига чўккан Рауф кўзёшларини тия олмайди.
РАУФ ПАРФИ.
Ойи, ойи, айтиб беринг,
Борми менинг ҳам ўз йўлим?
САКИНА.
Ҳамма яхши йўллар сенинг
Энг яхшиси сенинг, ўғлим.
РАУФ ПАРФИ.
Она, надир баланд учган,
Нега менинг етмас қўлим?
САКИНА.
Ердан осмон узра кўчган
Хаёлингдир сенинг, ўғлим!
РАУФ ПАРФИ.
Ойи, уруш нима, айтинг,
У нимадир номи - ўлим?!
САКИНА.
Билса айтар эди отанг...
Уруш - бу йўқ нарса ўғлим!..

Рауф чамадонини олиб кетмоқчи бўлади.
САКИНА. Турсунали! (тўхтаб қолган Рауфга) Болам, фақат бир нарсани унутма, руҳингни бардам тут, пок тут. Руҳи ўлган одам бу дунёнинг барча қабиҳликларини тин олмасдан амаллайди. Руҳингни ўлдириб қўйма!
РАУФ ПАРФИ. Бахт деб сен чеккан ташвишга ўғлинг арзирми, уза биларманми бир замон узиш мумкин бўлмаган қарзимни?! Ташвиш - қўрғошин каби оғир, Ватан каби, Туркистон каби, бахт каби оғир. Шунча ёшга келиб, шамолдай елиб нима фойдам тегди, нима ахир!? Барибир хафа эмассан мендан тўғрими? Мени деб ташвиш ютасан, мени дунё чоғлаб, бошингдан дунёни баланд тутасан! Қизғанасан тўпори ўғлингни, бир машъум зарб ила тўхташи мумкин тақдирлар умри...Истамайсан ваҳший вулқон ила тўсилиб қолсин Қуёш. Шундандир, қуёшлар қайнови қонингда, шундандир кўзларингда доим ёш...Ҳа дилларнинг доғи бор, умрларнинг адоғи бор бегумон. Аммо оний даҳшат ила бир кун, бир зумда оламдан ўтишимни истамайсан ОНАЖОН! Мени бахтим деганинг, менинг бахтим эканинг, бироқ, қийнар ташвиш - бахтиёрлик каби жиддий иш. Сени ҳижолат этганим, сени маломат этганим - дунёдан бош олиб кетганим! Майли, ҳаммаси олдинда, чекмаган заҳматим, битмаган хатим, олмаган нафасим олдинда. Ташвишимни оқларман, бахтимни ардоқларман, қайта туғилган ўғилдай!

Чиқиб кетади. Сакина ая ҳам чиқиб кетаётиб куйлайди.
САКИНА.
Қирғоқларга чопур, қайтур долғалар,
Музтариб осмон кабидур нолам.
Боғларда қағиллар қора қарғалар,
Боғлар булбулидан айрилди болам.
Отанг жангда. Отанг энди қайтмайди,
Отанг жангда, қора хат олган онанг.
Отанг келиб аҳволингни кўрмайди,
Бу оламда ёлғиз ўзи қолган онанг...
иқиб кетсада бир зум қўшиқ саҳна узра янграб туради.

Тўртинчи кўриниш


Бекат. Тошкентда ёмғир савалаб турибди. Ҳозиргина шаҳарга келиб тушган Рауф ёмғирдан қочиб ўзини бекат томон олди.
РАУФ ПАРФИ. Қизиқ шаҳар экансан-ку, меҳмонни ҳам шунақа кутиб оладими. Билмадим, ҳали бошимга ёғиладиган ғалваларинг қанча. Мана шу томчиларлан кам бўлмаса керак.(Ёмғирга юз тутиб) Юрагимга яқин келиб нега шивирлайверасан? Ҳайқир, ҳайқир ёмғир!
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.
Бир қиз ҳам ёмғирдан қочиб ўзини бекатга уради. Тўлиб-тошиб шеър ўқиётган Рауфга қараб жим қолади. Рауф уни сезмасдан шеър ўқишда давом этади.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни...
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Охир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.
ЛАЙЛО(беихтиёр қарсак чалиб юбориб) Жуда ажойиб! (Дабдурустдан бекатда пайдо бўлиб қолган қизга Рауф таажжубланиб қараб қолади.) Мени кечиринг. Ҳалақт қилмоқчи эмасдим. Шунчаки...
РАУФ ПАРФИ. Кечирим сўрагулик жойи йўқ.
ЛАЙЛО. Шеърни таъсирчан ўқир экансиз. Албатта, маъно-мазмунли мисралар ҳам таъсирчанликка ҳисса қўшиб турибди. Шеър муаллифи ким?
РАУФ ПАРФИ. Яқин бир танишим. Рауф Парфи деган шоир.
ЛАЙЛО. Эшитмаган эканман. Исми ҳам унчалик таниш эмас.
РАУФ ПАРФИ. Яқиним бўлсада ҳаттоки ўзим уни баъзан таний олмай қоламан.
ЛАЙЛО. Тошкентда ижод қиладими?
РАУФ ПАРФИ. Тошкентда.
ЛАЙЛО. Талабага айланиб Тошкентга келдим. Балким, яқин - орада шеърларини ўқиш насиб этиб қолар.
РАУФ ПАРФИ. Табриклайман. Қайси олийгоҳ?
ЛАЙЛО. Тошкент Давлат Университети. Филология факултети.
РАУФ ПАРФИ. Демак, энди курсдош эканмиз.
ЛАЙЛО(ҳайратланиб). Наҳотки, сиз ҳам...
РАУФ ПАРФИ. Худди шундай. (Қўл узатиб) Танишиб қўяйлик.
ЛАЙЛО(қўл бериб). Лайло.
РАУФ ПАРФИ. Рауф Парфи.
ЛАЙЛО. Демак, ҳозирги шеър муаллифи яқин дўстингиз эмас, ўзингиз?..
РАУФ ПАРФИ. Ўзим.
ЛАЙЛО. Камтарлик қилибсиз-да. Аслида ҳам шеър жуда  ёқди. (Ёнидан қоғоз-қалам чиқариб) Ёзиб олсам бўладими?
РАУФ ПАРФИ. Лайло, яхшиси бошқа бир шеърни эшитинг.
ЛАЙЛО. Жоним билан.
РАУФ ПАРФИ.
Ясатиб қўйибди сенга бир дунё,
Орзиқиб кутади бугун юрагим.
Менинг юрагимга келгин, марҳабо,
Менинг юрагимга келгин малагим.
Муҳаббат бахтини топади унда,
Келгин афсоналар айтмоқда боғлар.
Азиз бошинг узра ялтираб кунда,
Олтинга айланар куйчи япроқлар.
Меҳрибон елларнинг қанотларида,
Қани юр, борайлик лола тергали.
Ажойиб гулларим бордур нарида
Гулим кўрмагансан умрингда ҳали.
Қарагил нақадар тиниқдир осмон,
Унданла мусаффо, ундан ғаройиб.
У ерга қаро тун йўламас асло,
Булутлар қайғудан кетмас қорайиб.
   Шеър сўнгида икки жуфт нигоҳ тўқнашиб, алангаланар эди. 
ЛАЙЛО. Ёмғир ҳам тинди. Энди кетсам ҳам бўлар. Хайр.
Кетади.
РАУФ ПАРФИ. Боринг шумиди эй ёмғир! Наҳот сенинг куйларингни ҳам поёни бор! Йўқ, ёғилиш керак. Ёғилганда ҳам абадий ёғилиш керак! (Кетишга тараддутланиб) Тўхтанг, Лайло, йўлимиз бир...
Кетади.

Бешинчи кўриниш

Институт ётоқхонаси. Рауф ҳамхонаси Алишер билан чақчақлашиб кириб келади.
АЛИШЕР(қўлидаги журналга қараб). Э қойилман, Рауфжон. Тарифу тасвирингизни келтираётиб Асқад домланинг тилидан бол томибдия! Ҳамхона, ҳамшиша бўла туриб шеър ёзишингиздан бизнинг хабаримиз йўқ. Эп билмаганингизни қаранг биз "бездарный" ларга.
РАУФ ПАРФИ. Вақти билан айтмоқчи эдим. Газетчилар шошқалоқлик қилибдида. (Кулишишади.)
АЛИШЕР. Ҳа айтганча, буни энди қачон обдооон "ювамиз".
РАУФ ПАРФИ. Кечиктириб бўлармиди "ювиш"ни. Яна кирланиб қолмасиданоқ бугуннинг ўзида амалга ошириб юборамиз.
АЛИШЕР. Унда келишиб олайлик. Бугун институтда қанақадир кеча бўлар экан. Адашмасам машҳур бир адибнинг юбилейи муносабати билан. Шу тадбирни ўтказиб "ювиш" ишлари билан шуғулланамиз. Кечага борасизми?
РАУФ ПАРФИ. Ҳушим йўқроқ. Олийгоҳдаги пайдар пайига ўтказилаётган кечаларнинг кўпига гувоҳ бўлдим. Тузуклик гап йўқ. Олқиш - олқиш, омон - омондан нарига ўтишмайди. Шунга боргим йўқ.
АЛИШЕР. Майли, унда сизнинг номингиздан ҳам  кечани ўтказиб келаман. 
РАУФ ПАРФИ. Миннатдор бўлардим, дўстим. Анча салқин тушиб қолган. Эгнингизга нимарса ташлаб олинг. Тағин тумов бўлиб қолсангиз, "ювиш" қолдириладия.
АЛИШЕР. Пиджакка йўл бўлсин. Қишлоқдагилар кейинги ҳафтага юборишади посилкани. Ҳозирча шу қурмағур кўйлагим билан юравераман. Бўлганича бўлар.
РАУФ ПАРФИ. Алишер, шошмай туринг. Шу десангиз, аям яқинда бир пиджак жўнатибдилар. Сиз билан бўй-бастимиз тенг. Бир кийиб беринг. Пиджакни ён томондан ҳам кўрмоқчи эдим. Ўзи менга ярашадими, йўқми. Бир кўриб олсам девдим.
АЛИШЕР. Дўст учун тажриба қуёнчасига ҳам айланаверамиз. Қани.
РАУФ ПАРФИ(пиджакни Алишерга кийгизиб). Мана бу бошқа гап. Ярашиб туришини қаранг. Ана энди дўстим, кечага тезроқ бора келинг. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
АЛИШЕР(таажжубланиб). Лекин... Пиджак?..
РАУФ ПАРФИ. Янги сарупо муборак бўлсин!
АЛИШЕР. Тушунолмаяпман, Рауф.
РАУФ ПАРФИ. Нимасини тушунмайсиз дўстим. Менда эски қадрдон бўлиб қолган пиджак бор. Иккитани нима қиламан? Сизга атадим. 
АЛИШЕР(пиджакни ечмоқчи бўлиб). Одамни ҳижолатга қўйманг...
РАУФ ПАРФИ. Алишер, дўстим, олаверинг. Бир ҳовуч мато ҳамхонаю ҳамшишадан устун эмас. Тўйимга тўёнага қайтарарсиз. Олаверинг.

Хонага юзу нигоҳидан совуқлик таралиб турган институт домласи Зуҳуров кириб келади. Қўлида бир даста қоғоз.
АЛИШЕР. Ассалом алайкум домла. Марҳамат, келинг.
ЗУҲУРОВ. Парпиев, сизда гапим бор эди.
АЛИШЕР. Унда мен кечага борақолай. Домла, Рауф рухсат бергайсиз.

Алишер чиқиб кетади. Рауф Зуҳуровга жой беради.
ЗУҲУРОВ. "Шарқ юлдузи"ни ўқидим. Илк қадам билан табриклайман.
РАУФ ПАРФИ. Раҳмат, қуллуқ.
ЗУҲУРОВ. Энди, шоир Рауф Парфи, гап бундай. (қўлидаги қоғозларни столга қўйиб) Мана бу шеърий тўплам, "Эрк" сизникими?
РАУФ ПАРФИ. Ҳа, шундай. Лекин тўпламни нашриётга топширган эдим. 
ЗУҲУРОВ. Шуни чакки қилибсиз. Нашриётга топширишдан олдин ҳузуримга бир кириб ўтмабсиз. Майли, хафа бўлгулик эмас. Нашриётдаги дўстларимиз тўплам ҳақида менга хабар беришди. Агар сизга мақул бўлса нашрга тайёрлаймиз деб туришибди. Ҳозир биргина сўзим билан китоб тақдири ҳал бўлади.
РАУФ ПАРФИ(қизишиб) Гапларингизга тушунолмаяпман домла. Нима хоҳлайсиз? Рўйи - рост айтаверинг.
ЗУҲУРОВ(мийиғида кулиб). Қизишманг шоир. Тўпламда хатоликлар кўп. Хатолик бўлганда ҳам сиёсий хатоликлар. Авваламбор, номига эътибор берайлик: "Эрк". Хўш, бу сўз замирида нима ётибди? Нега шундай бахтли замонада шеърларда мунг кўп? Партиямиз, доҳийларимиз ҳақида хўжакўрсинга бахшидалар бор холос. Бу саволларга қаердан жавоб оламиз, шоир?
РАУФ ПАРФИ. Устозларимдан бири айтганидек, "шеър шоирнинг ижтимоий виждони". Шеърларимда виждонимга қарши бора олмайман, бормайман ҳам.
ЗУҲУРОВ. Сиздан буни сўраганим йўқ. Шунчаки, баъзи камчиликларни тузатиб нашрга берамиз. Сиздан эса биргина хизмат талаб этилади. (Рауфга қоғоз узатади.) Мана булар уёқ буёғига қалам теккизилган шеърларингиз. Бугун институтимизда кеча бўлиб ўтишидан хабарингиз бўлса керак. Шу кечада мана шу шеърларни ўқиб берасиз. Олийгоҳ талантларини мартабали меҳмонларимизга намойиш этиш зарур. Кўриб турибсизки, ёмонликни кўзлаб бу ишларни қилаётганим йўқ. Гапим тушунарлидир.
Шеърларига қалам теккизилганидан дарғазаб бўлиб турган Рауф Зуҳуровга жавоб бермайди.
ЗУҲУРОВ. Сукут аломати - ризо. Агар шу арзимас иш қўлингиздан келса китобингиз дунё юзини кўради. Майли, сизни кечада кутаман, шоир. Уялтириб қўймаслигингизга ишонаман. 

Зуҳуров мийиғида кулганча чиқиб кетади. Рауф қўлидаги қоғозларни хона узра сочиб юборади.
РАУФ ПАРФИ. Шоир ёлғондан, юзаки, сохта қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки, ёлғон истеъдоднинг кушандаси! Ёлғон ёзган шоирнинг руҳи ўлади! Шоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди! Замоннинг зайлига боқ, кимнинг аравасига чиқсанг ўшанинг қўшиғини айт дейдилар. (кўксини муштлаб) Қани, ҳеч бўлмаса сен айт юрагим. Шуларнинг аравасига мингашамизми? Шуларнинг қўшиғини куйлаймизми? Нега жимсан?! Минг йилдан буён қовурғам остида яшаб келасан, бир сўз демайсан. Соқовсан, соқов!
Гўё барибирдир яхши ва ёмон,
Юрак, сенга борар кўчалар очиқ.
Сачраб ёнарсану бўлмассан тамом,
Ўткинчи ғамларга аччиқма - аччиқ.
Юрак, йўлларингда турганман такрор,
Роса сайраганман сенинг тўғрингда.
Ким билар, ақлимга келдинг неча бор,
Неча бор сўзладим сенинг йўғингда.
Балким, алданганман ваҳима ютиб,
Сен ҳам ташвишларга солгансан балким.
Бугун-чи дегайман ўзимни тутиб:
Сен ҳақсан барибир менинг юрагим!
Шул осмон остида кезгаймиз ҳали,
Мантиқ ахтаргаймиз изғиб изма-из.
Даркор бўла қолсанг йиқилгил, майли,
Фақат йиқилмасин шўрлик дунёмиз.
Майлига ҳайқирай иймоним ҳаққи,
Кўкларга термулиб солайин уввос.
Мен фақат ТУРКИСТОН аталган ёрқин,
Бир бутун юртимни истайман холос!..
Айтгил, куйларманми бир кун юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим,
Юлиб қўярманми қоғоз юзига.
Шунда алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни айтардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.

Шеър тугагач ёзув столига ўтириб қоғоз қоралай бошлайди. Илҳом тимсоли ўлароқ куй таралади. Рауф эса заифгина қораламаларни ғижимлаб ирғитаверади.
РАУФ ПАРФИ. Раббим, сендан шеър сўрайман. Шеър ато эт!

Куй.
Менга куй эмас, шеър юбор худойим!..
Куй.
Аллоҳимдан шеър сўрадим, мусиқа тушди. Ношукр деб ўйлама бу керак эмас, шеър бергин дедим. Яна мусиқа тушди.
Куй.
Сени оҳанг, эй ғамли оҳанг,
Танимасдим, билмасдим олдин.
Томиримда хун талашур жанг,
Шунча ғамни қаердан олдинг?!
Билмасмидим, ёруғ дунёда
Шунча алам, шунча изтироб.
Қайғуларда туйғулар ёнди,
Захарми симирди хотирот.
Хонага эшик қоқиб Лайло кириб келади. Рауф уни сезмагач шеър ўқишда давом этади.
Ёмғир гўё дийда ёшидан,
Нечун яраланди тушунча?
Аламларга тимсол ўхшайди
Тонг чоғида очилган ғунча.
Дилгир-дилгир юлдузлар ёнар,
Ой ўзини отади ҳозир...
Менинг ўйчан, меҳрибон онам -
Ер шаридан олинган тасвир.
Йўқ, сен оҳанг эмассан, ёлғон...
Сен қалбимда эшилган нидо.
Сен ҳам менга ўхшаган Инсон,
Сен ҳам дунё, шу туркий дунё!
(Лайлога кўзи тушгач) Лайло!..
ЛАЙЛО. Рауф ака, мени маъзур тутинг. Эшикни тақиллатдим. Лекин... минг бор узр! Яна шеър ўқиётганингизда...
РАУФ ПАРФИ. Лайло, тўхтанг. Ҳаммаси жойида. Ҳижолат бўлманг. Қани, марҳамат.
ЛАЙЛО. Салом.
РАУФ ПАРФИ. Салом.
ЛАЙЛО. Биласизми(қўлидаги қоғозга ишора қилиб), тонг саҳарлаб деразамни очсам, мана бу шеър турибди. Муаллифи ёзилмаган. Балки, сиз бу ҳақда биларсиз деб келган эдим. Жуда ажойиб шеър. Ўқиб кўринг.
РАУФ ПАРФИ. Ҳа деб мендан шеър эшитаверасизми. Яхши шеър бўлса ўзингиз ўқиб беринг.
ЛАЙЛО. Майли. Лекин олдиндан айтиб қўяй, сизчалик ифода билан ўқий олмайман.
Мен кимнидир кутгайман маҳзун,
Мен кимгадир йиғламоғим шарт.
Танҳолик-ла турибман ўзим,
Менинг билан биргина зулмат.
Ўксиб-ўксиб ахтараман нур,
Қоронғуда бўлгайман адо.
Қўнғироқлар жаранги келур,
Қандай машъум бу гўзал садо...
Шиллиқуртдай тўлғанар ариқ,
Суянаман бадбуруш толга.
Осмон юзи шундайин сариқ
Совуқликни қайлардан олган?
Кулар-да ва қалқиб борар ой,
Ул ҳаёсиз шундоқ яланғоч.
Кимни алдаб балқиб борар ой-
Теваракда кеча қорасоч.
Мен кутгайман элитмас уйқу,
Мен кимгадир йиғламоғим шарт.
Айтинг, нечун ташлаб кетди у,
Нечун ташлаб кетди мухаббат?!
Тугаб борар тун янглиғ тоқат,
Саҳарларга бергайман ҳисоб.
Қайга кетди, қайга мухаббат,
Юрагимда муқаддас азоб.

Шеър сўнгида кўзлар ила суҳбат бошланиб кетади. Нигоҳларда олов чирсиллар эди.
ЛАЙЛО. Муаллифини танийсизми?
РАУФ ПАРФИ. Йўқ, лекин шуни биламанки, у сизга чин ошиқ экан.
ЛАЙЛО. Нега?
РАУФ ПАРФИ. Ахир шеърни дераза остидан сиз топдингиз. Бу тасодиф эмас. Шоир излаётган муҳаббат шак шубҳасиз сиз бўласиз, Лайло.
Қўй, бўлди, гапирма, кечирма мени,
Кўзингдаги тошни ғичирлатма бас.
Қуйилмоқда кундузнинг аччиқ туни,
Ичиб ташлолмасам мен уни бўлмас.
Тўхта. Бас қил. Гапирма. Бўлди.
Ўзим гкноҳкорман. Мендан - бу кўрлик...
Зангор япроқларнинг бағрида шўрлик,
Кеча шовуллаган шамоллар ўлди.
Бир сўз тополмайман сенга севгилим,
Сўзлар, сўзлар қолур бўғзимда қотиб.
Билмайман, нақадар севаман сени...
Бу пайт фалакларга соврулар кулим,
Ерга тўкиламан сени ёқотиб,
Шивирлаб шамоллар марсиясини.
Тўлғонган сочларинг қора илондир,
Вужудимга ташлар англанмас қўрқув.
Очилган бағримнинг дарди нолондир - 
Сенинг кўзларингдек теран, қоронғу...
Илон сочларингни шамол ўйнайдир,
Узилган барг каби қалтирайдир жон.
Эзилган юракни эзиб тўймайдир
Гулим, кўзларинга беркинган жаҳон!
Ғимирлар кечанинг қоп-қора тани,
Сочларинг илони танимни ёқар.
Бағримни эзишга яна шайланиб,
Дарё бўлиб сенинг кўзларинг боқар.
Узайиб, жимирлаб, сувга айланиб,
Дарёга лим тўлиб жасадим оқар...

Лайло, сизни севаман!
Шу вазиятда хонага Фозил кириб келади.
ФОЗИЛ(ўнғайсиз ҳолда). Салом... Мен...
ЛАЙЛО(қизаринқираб). Салом. Мен энди борақолай. Шеър муаллифини аниқладим. Бунинг учун раҳмат Рауф ака. Айтганча, бугунги кечада иштирок этаркансизлар. Омад тилайман.
ФОЗИЛ. Раҳмат.
ЛАЙЛО. Демак, тадбирда учрашгунча.

Лайло хонани тарк этади.
ФОЗИЛ. Рауф, дўстим, жуда ноқулай бўлдида.
РАУФ ПАРФИ. Нималар деяпсан. Бир шеър муаллифини сўраш учун кирибди.
ФОЗИЛ. Ҳали ишқида куйиб - ёнаётганим шу қиз де. Омадли екансан, дўстим! Ҳурлиқо!
РАУФ ПАРФИ. Билмадим. Фақат шуниси аёнки, унинг кўзларига боқсам тамом: гўё денгиз қарига ғарқ бўлаётганлек сезаман ўзимни.
ФОЗИЛ. Муҳаббатнинг кўзи кўр деб шуни айтадиларда.

РАУФ ПАРФИ.
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар,
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.
Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Ёлғиз мени ўйла, интизор,
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар.
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ,
Ҳолбуки, бир қадам ўртада...
Орамизни ким бузди ўзи,
Инонки, беҳуда ўртади.
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.
Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Айтсалар-да севги узилган.
Шундай ишончсизлик туфайли,
Хафа бўлма мендан, ўзингдан,
Мени ўйла, соғиниб ўйла.
Ёлғиз мени ўйла интизор,
Ўйларингда мен яшай якка.
Чунки севги аталган азоб,
Қодир эмас тоқ яшамакка -
Ёлғиз мени ўйла интизор.
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар...

ФОЗИЛ. Бугундан бошлаб Турсунали эмас, Дарвешалисан. Севги адои тамом қилибди-ку.(Чор-атрофга сочилган қоғозларни олиб, ўқиб кўради.) Булар сени шеърларингми? Сочиб ташлаганингни қара.(Қоғозлардан бирини олиб рубобда куйга сола бошлайди.)
РАУФ ПАРФИ. Уларни қўя тур. Бугун кулбаи вайронамизга Зуҳуров келганди.
ФОЗИЛ(рубобдан қўл узмай). Хўш?
РАУФ ПАРФИ. Бугунги ўтказиладиган кечада бир масхарабозлик қилиб берар эканмиз.(Ҳали ҳануз рубоб тинғирлатаётган дўстига қараб) Қўйсанг-чи шуларни. Кераксиз бўлган машқлар.
ФОЗИЛ. Ҳечда. Менга мана бу шеър жуда маъқул бўлди. "Балки ўчган эдим ёдингдан..." оҳанги ўзи билан яралган экан. Кел, шуни қўшиқ қиламиз Рауф.
РАУФ ПАРФИ. Билганингни қил. Лекин, ҳозир кечага боришимиз керак. Бир масхарабозлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяйлик!
ФОЗИЛ. Бу нима деганинг?
РАУФ ПАРФИ. Йўлда тушунтираман. Юрақол.
Кетишади.

Олтинчи кўриниш

Саҳнани яна ўша ҳавотир тўла саслар тутиб кетади. "Қизиллар" байроғи пайдо бўлади. Кеча сабабчиси бўлган адиб ва Зуҳуров кириб келади.
ЗУҲУРОВ. Азиз устозлар, ҳурматли талабалар, кечамиз иштирокчилари! Бугун барчамизга маълум ва машҳур бўлган адибимизнинг 60-йиллик таваллуди муносабати билан ушбу муҳташам бинода йиғилиб турибмиз. Ўйлайманки, бу ердагиларнинг шеър шайдолари, мухлису муҳиблари. Шу сабаб, кечани очиқ деб эълон қилишдан олдин институтимизнинг таълантли, ёш шоиридан шеър эшитсак. Кейинчалик кечани кўтаринки кайфиятда давом эттиргаймиз. Ҳозир эса саҳнамизга рухсатингиз билан айнан институтимизнинг ёш шоири, талабаси Рауф Парфини чорлаб қоламан!
Рауф саҳнага чиқиб келар экан, Зуҳуровга бир қараб олади. Зуҳуров ҳаммаси келишганимиздек бўлсин дегандек "марҳамат, бошлашингиз мумкин" деб қўяди.

РАУФ ПАРФИ.
Кўнглим қоронғудир, теварак тутун,
Ёлғиз бошим узра увиллар шамол.
Кўзларимни ғажир аллақандай тун,
Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи?
Ақлимни ғижимлар яланғоч савол,
Ассалом алайкум, дорнинг оғочи.
Туркийлар, айтингиз бизда нима йўқ,
Бизда йўқ иттифоқ, бизда йўқ бирлик,
Оёқ остиндадур инсоний ҳуқуқ,
Бу туркий оламнинг қутлуғ меърожи.
Оёқ остиндадур муқаддас ҳурлик,
Ассалом алайкум дорнинг оғочи.
Ёвузлар кучларин тўплаб, шайланар,
Ичи тўла ғазаб, қўлларида тиғ.
Замонлар айланар, осмон айланар,
Она Туркистондир туркларнинг тожи.
Айтингиз, қандайин яшаймиз ортиқ,
Ассалом алайкум, дорнинг оғочи.
Нон сўраб келганга жонингни бердинг,
Сендадир матонат, сендадир тоқат.
Қон сўраб келганга шонингни бердинг,
Юртингни бердинг сен қаттол хирожи.
Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат,
Ассалом алайкум дорнинг оғочи!..

Шеърдан сўнг Зуҳуров ва юбиляр адибнинг юзида норозилик аломатлари аксланарди.
ЗУҲУРОВ(дарғазаб). Менимча сиз бошқа шеърни ўқимоқчи эдингиз Парпиев. Масалан, Александр Уляновга бағишланганини.
РАУФ ПАРФИ. Ҳа домла, ёдимдан кўтарилибди. Бошқа бир шеърни ҳавола этмоқчи эдим.
ЗУҲУРОВ. Марҳамат!
РАУФ ПАРФИ. 
Шамол, сочларимни тарама,
Оқарса оқарсин азобдан.
Қисмат, ҳайрон бўлиб қарама
Ахир, айирмадинг қаҳру ғазабдан.
Кетмоқдаман энди тонг отар,
Алвидо, эй Турон диёри.
Кетмоқдаман... Ахир биродар,
Дунё қолур, дунё ғубори.
Пичоқлар бўғзимга етганда,
Қалтираб тўкмасман ёшимни.
Ҳеч нарса йўқ менинг елкамда,
Мен сенга бахш этдим бошимни!
ЗУҲУРОВ. Бас! Бас қилинг! Қанақа Турон? Қанақа Туркистон? Бунақасига келишмаганмиз. Билиб қўйинг бу руҳдаги шеърлар билан ҳеч нарсага эришолмайсиз! Дарҳол, саҳнани тарк этинг!
РАУФ ПАРФИ(кетишга чоғланиб). Тўғри айтдингиз домла, ҳеч нарсага эриша олмаяпман. Йўқотганим Ватан, излаганим Ватан. Мен эриша олмаган Ватанга шеърларим бир кун қанот бўлгай!
ЗУҲУРОВ. Даф бўлинг!

Рауф чиқиб кетади.
Азизлар, кечани давом эттирамиз.
АДИБ. Йўқ, ҳеч қанақа кеча бўлмайди. Кечирасизлар, муҳим бир чақириқ келди. (Кетмоқ олдидан Зуҳуровга қараб) Институтингизда қандай таълантлар борлигини билиб олдик, Зуҳуров. Сиз билан энди бошқа жойда гаплашамиз!
ЗУҲУРОВ(чиқиб кетаётган адиб ортидан). Бу ишда мени айбим йўқ. Шундай бўлсада узр сўрайман. Тўхтанг, илтимос...

Иккаласи ҳам саҳнадан чиқиб кетади. Бир пасдан сўнг ширакайф ҳолда Рауф кириб келади.
РАУФ ПАРФИ. Мастлигим- бу менинг ниқобим, у мени асрайди. Шеърларимни соғ одам, ақлу ҳуши бор одам ёзганини билсалар, йўқ қилиб юборардилар. Йўқ қилиб! Йўқ, осонликча таслим бўладиган аҳмоғингиз йўқ!
Ахир ўлдирмишдир, қора машъал тутган машъум шайтанат,
Қўрқоқлар ўлдирдилар, сотқинлар ўлдирдилар,
Шоирни. Инсонни.
Гарчи мумкин эмасдир асло
Уфқнинг бўйнига сиртмоқ дор, ташлаб ўлдирмоқ инсонни,
Сўнди озодликнинг сўнгсиз осмони.
Чатнади юлдузлар, сўндилар қақшаб,
О, бугун қайғунинг қора сувратин кўрдим,
Нафратнинг қошида турдим юзма юз.
Нафасини ичига ютиб юборган ҳаво дим,
Нафасини ичига ютиб юборган ШОИРСИЗ...
Бугун танҳо ҳасрат. Шоир ва Дунё.
Сўз йўқ Сўзга,
Осмон тошиб кирар кўзга, сиғмас кўзга,
Бу буюк ҳасратнинг мазмуни ўзга.
Наҳот, Борлиқ - соқов,
Наҳот, Борлиқ - кўр.
Дилдираб, лопиллаб турган булутларнинг 
Тобутида ётар жонсиз тафаккур.
У қандай севарди,
У қандай севарди - Дунё - Ватанин...
Йўқ, озодликни отиб бўлмас йўқ,
Нада тубан, нада аянч осмоннинг душмани.
Қўлларига қайтадан қора машъал тутган машъум шайтанат,
Зулматликлар
Шоирнинг оппоқ тонгини чил-чил синдирдилар,
Қонли санжоқ илдилар.
Етим қилмоқ бўлдилар озодликни, фақат,
Ўзларини етим қилдилар...
Етар, бас марсия,
Эй сиз, ғафлат супрасида биқсиб тўйганлар,
Эй сиз, қурбонликка қуёшни сўйганлар,
Уни ўликлар ўлдирдилар,
Ўлдирдилар Шоирни. Инсонни.
Ҳайқир, ҳайқир, ҳайқир осмон - 
Бахтли шоирларнинг сўнгсиз осмони.

Хонага ҳушчақчақлик билан Фозил, Алишер ва Рауфнинг бошқа курсдошлари кириб келади.
АЛИШЕР. Дўстларим, барчамизга диплом муборак! Келажакдаги ишларингизга омад тилайман. Келинглар, бугун яхши бир ресторанда ўтирамиз. Зиёфат қиламиз!
ФОЗИЛ. Рауф, дўстим, аллақачон зиёфатни бошлаб юборибсан-ку. Қани бўл, бугун хонада ўтириш йўқ. Бу кунни эсда қоларли қилиб нишонлашимиз керак. Шундайми дўстлар!
РАУФ ПАРФИ. Ҳа, бу кунни нишонламасак бўлмайди.(ўзига ўзи) Ахир, бугун бир шоирни қатл этишди.

Хонага Зуҳуров кириб келади. Қўлида "Эрк" тўплами.
АЛИШЕР(талмовсираб) Ассалом алайкум, домла.
ЗУҲУРОВ. Парпиев шу ердами?
РАУФ ПАРФИ. Шу ерда.
ЗУҲУРОВ(ширакайф Рауфга) Бу нима аҳвол? Олийгоҳ ётоқхонасида ичиш мумкин эмаслигини биласизми? Э сатқаи одам кетинге.
ФОЗИЛ. Домла, ҳозир ҳаммасини...
ЗУҲУРОВ. Кераги йўқ. Унинг ёнини олманг. Умуман, бундайлардан иложи борича узоқ юринг. Ундан ўрнак олиш ҳам хато. Институт қоидаларига амал қилмаса, мудом ширакайф.
РАУФ ПАРФИ. Хўш, унда сиздан ўрнак олиш керакми домла?
ЗУҲУРОВ. Бу нима деганингиз?
РАУФ ПАРФИ. Амалингиздан фойдаланиб, талабаларни истаган кўйингизга соласиз, етишиб келаётган истеъдодни бўғизлаб, уни йўқ қилиб юборасиз. Мудом мақсадингиз "катталар" кўнглига йўл топиш! Улар нима деса...
ЗУҲУРОВ(шарт кесиб). Етар! Майли, бу гапларни эшитмадим деб ҳисоблайман. Шундоқ ҳам институтни тамомладингиз. Лекин, дипломсиз!
ФОЗИЛ. Нима? Дипломсиз?!
ЗУҲУРОВ. Ҳа, дўстингиз доҳийларимиз сабоқлари жамланган "Маркс-Энгелс" фанидан имтиҳон топширмади, аниқроғи, бош тортди. Бундай талабага диплом ҳайф!
ФОЗИЛ. Рауф, ростми?
РАУФ ПАРФИ. Ҳа. Имтиҳон топширишдан бош тортдим. Биласанми, Фозил барчамиз кўча - кўйда шовқин солиб, урилиб, сурилиб яшайверамиз. Кўзларимиз гўёки очиқ, ҳамма нарса порлоқ, ярқироқ. Аслида, билмаймизки биз уйқудаги уйғоқлармиз! Мен эсам жуда кеч бўлсада уйқуни парчалаб, ҳақиқий ҳолга гувоҳ бўлдим. Шунчаки, аянч. Энди ўзинг айт, уйғоқ одам қандай қилиб виждонига қарши имтиҳон топшира олади?!
ЗУҲУРОВ("Эрк"ни столга ташлаб). Бундай гап-сўзлардан наф йўқ. Мана бу нашриётга топширган "Эрк" номли тўпламингиз. Коллективимиз буни босиб чиқаришга яроқсиз деб топди.
РАУФ ПАРФИ. Ҳар ҳолда "ЭРК"им сизда қолмабди-ку, домла.

Зуҳуров дарғазаб ҳолда чиқиб кетади.
ФОЗИЛ. Рауф, дўстим, жуда афсусдаман.
РАУФ ПАРФИ. Йўқ Фозил, афсус қилма. Аксинча, мени қутла! Бугун улуғ ғалабага эришдим: ўзимни енгдим. Энди эса нимани кутиб турибсиз, зиёфатга бора қолинг. Ахир, бугун энг бахтли кунларингиздан бири.
ФОЗИЛ. Ҳеч қаерга бориш йўқ.
РАУФ ПАРФИ. Фозил, дўстим, бироз ёлғиз қолмоқчиман.
АЛИШЕР(кета туриб). Рауфжон чакки бўлди-да. Биз билан борсангиз дилдаги бор қайғуни "ювиб" ташлардик. Ҳа майли. Қани, Фозилжон юрақолинг.
Бирин - кетин Алишер ва бошқалар хонадан чиқиб кетишади. Фозил ҳам Рауфни ёлғиз қолдиргиси келар келмай саҳнани тарк этади.
РАУФ ПАРФИ.
Эй сиз, тўйганлар,
Эй сиз, башанг оломон!
Юзингизга сепаман сўзларимни...
Ҳа, ҳеч нарса йўқ менда,
Хотин - йўқ,
Фарзанд - йўқ,
Дўст - йўқ,
Ватан - йўқ!
Йўқотганларимнинг алами-заҳри,
Кўксимдаги санчиқ олами
Шеъриятдан бошқа
Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса!

Шу он саҳна узра момақалдироқ овози янграйди. Уч шарпа(Чўлпон, Фитрат, Қодирий) чиқиб келади.
Бу сафар сизларни танидим. Ҳа, танидим! Сиз ўша - дунё юзини кўргандан бошлаб бешикда кишанларга беланганлар, оғир ғулларни бўйинда кўтариб, кўзига мил тортилган оломонни уйғотишга интилганлар, ўлим билан юзма юз турганда ҳам кесик тил билан эрк сўзини шивирлаганлар... Танидим, гарчи, кўрар кўзимни, айтар сўзимни бўғсаларда! Сиз ўша - 

УЛУҒ ТУРКИСТОН!
ҚОДИРИЙ.
Хотирамнинг қар-қарида тарих,
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқун қуш сингари қолурман ғариб,
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.
Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб ёнаётган шам,
Кўҳна хасратимнинг машъум яраси.
Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қўшила бошлайди таним.
Шу қадар юраги тормидир дунё,
Наҳот фарзандига - ўзига ғаним.
Ўзи юрагимга жо бўлди, аммо,
Нечун, сиғлирмади нечун, Ватаним!?

ЧЎЛПОН.
Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.
Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан, тилидан кечганлар айтсин.
Тунлар босиб келар дунё хасрати,
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.
Нечук қисмат эрур, ШОИР ҚИСМАТИ?..
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер.
Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтрук ёзимни.
Ахтардим муҳитда ҳас каби қалқиб,
Мен ўз юлдузимни, ўз қуёшимни.
Юлдуз сен, Қуёш сен, сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни!

ФИТРАТ.
Айрилиқ шамшири бошимда синди,
Борлиғим чопилди, ичдим қонимни.
Дунё тарихини ўқиб юкундим,
Уйқудан уйғотдим Туркистонимни.
Фалокат устига фалокат тутди,
Интиқом, интиқом дедим, югурдим.
Туркистон, Туркистон, Туркистон ўтди,
Разолат қабринда бош эгиб турдим...
Ай, улуғ тоғларим, ай, шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай, қонли Турон!

Уч шарпа биргаликда:
Ай, улуғ тоғларим, ай, шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай, қонли Турон!
Ай, улуғ тоғларим, ай, шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай, қонли Турон!

РАУФ ПАРФИ.
Ортимдан эргашар билгисиз соя,
Қора рўё каби судралар совуқ.
Йўқдир паноҳ менга, йўқдир ҳимоя,
Бемажол, изма-из келар ул ёвуқ.
Гоҳ ғазаб-ла боқар, гоҳо қутуриб,
Ҳасратдан қорайган унинг юзлари.
Ундан қочиб бўлмас, бўлмас қутилиб,
Юрагим устидан ўтар излари...
Бани одам учун ноёб, беқиёс
О, виждон шеваси мукаррам туйғу.
Лекин мен тупроққа отдимми бехос,-
Балким, қамчилланган виждонимдир у?
Муҳаббат сен менга вафо қилмадинг,
Севги саҳросида осий, мосуво.
Мен сени билардим, мени билмадинг,
Балки у соямас сенсан бевафо!?
Кимни алдадим мен, кимни сотибман,
Кимнинг ҳаётига чаплаб қўйдим доғ.
Мен кимнинг наҳс кўрпасида ётибман,-
Балким у сотилган иймоним эй воҳ!
Тилим ҳақиқитдан тонди бир замон,
Қочди кўзларимдан тийраклик, уйқу.
Кечира олмасман сени ҳеч қачон,
Сен балким қўрқувсан, шабпарак қўрқув!
Эй, соя келавер, пайти етгандир
Гўё тугаётган каби ҳаётим.
Эҳтимол, умримнинг ярми ўтгандир,
Эҳтимол, ярмига қолганман ботиб.
Кор қилмас афсунинг, етмагай кучинг,
Садақа чақадай отгайман йўлга.
Айт, соя, изғирсан пойимда нечун,
Сен кимсан, нимасан эй мавҳум кўлка?!
Ортимдан эргашар билгисиз соя,
Пинжиғида бордур аъмолу асос.
Йўқдир паноҳ менга, йўқдир ҳимоя,
Дўстлар, у қасосдир, муқаддас қасос.

Хонага Фозил кириб келади.
ФОЗИЛ. Рауф, нима гап? Тинчликми дўстим? Аҳмоқман, сени бу ҳолда қолдириб, зиёфат қилгани кетдим. Барибир, татимади. Хавотирландим. Кечир дўстим, мен аҳмоқни кечир.
РАУФ ПАРФИ. Фозил, сен чин дўстимсан. Тавба, намунча Абдуллажонга ўхшамасанг-а. Кечирим сўрашни бас қил-да, рубобни ол. Бир яхшилик қил, "Лайло"ни куйлаб бер.
ФОЗИЛ(рубобни олиб бошлайди).
Балки, ўчган эдим ёдингдан,
Ширин ҳаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло сенинг олдингда,
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.
Дилафгорим, дилнавозим,
Ёнинга учай, Лайло.
Сенга ёлғиз сақлаганим
Қалбимни очай, Лайло.
Агар ишқимни рад этсанг
Қайларга қочай, Лайло.

Қўшиқ оҳангидан маст бўлган Рауф ва Фозил хонага Лайло кириб келганини сезмай қоладилар.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзладим 
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим
Дилафгорим, дилнавозим,
Ёнинга учай...

ЛАЙЛО(шарт Фозилни тўхтатиб). Бас! Этар! Энди бу қўшиқни куйламанг. Сира-сира куйламанг!
РАУФ ПАРФИ. Лайло. Бу ерда... Лекин, нега куйлама дейсиз?
ЛАЙЛО. Шунчаки бу қўшиқни ортиқ эшитгим йўқ.
ФОЗИЛ(хонадан чиқиб кетар экан Лайлога). Шуни билиб қўйишингизни хоҳлардим: то тирик эканман, қўлимдан рубоб узилмас экан бу қўшиқни куйлайвераман, куйлайвераман, куйлайвераман!

Чиқади. Оғир сукунат.
РАУФ ПАРФИ. Табриклайман.
ЛАЙЛО. Нима билан?
ЛАЙЛО. Олийгоҳни тамомлаганимиз билан.
ЛАЙЛО. Ҳар ҳолда, сиздан фарқли ўлароқ, диплом олдим.
РАУФ ПАРФИ. Гап буёқда денг.
ЛАЙЛО. Мен уйимга қайтиб кетмоқчиман. Ўша ерда иш топилади.
РАУФ ПАРФИ. Ҳеч қаерга юбормайман сизни.
Севгилим, севгилим, жавоб бер ахир,
Совуқ жисмим ичра алаҳсирар жон.
Ўйнаб қилич солар бошимга тақдир,
Домига тортмоқда сўқир ломакон.
Ҳолбуки, айланар олам ақлимда,
Унинг рангларига бўялмиш жигар.
Беш қўлим сингари таниш иқлимда,
Ишончсиз яшамак оғир нақадар...
Не хаёл ташланур ўксик ёдимга,
Ёдимнинг кўзини кесиб кирар тун.
О, ким ҳам етарди менинг додимга,
На ер сарварлари, на сарват, на дин,
Ишонмоғим учун одам зотига,
Мен сенга инонмоқ истайман олдин!
Йўқ, йўқ керак эмас илоҳий ҳусн,
Майли пешонангда ёнмасин даҳо.
Фақат ёрим бўлгин садоқатда сен,
Менинг вафодорим бўлолгин танҳо.
Сенсиз дунё менга нимадир гулим,
Ҳар не унут бўлур, ҳар неки эзгу.
Қонимни музлатар тирилган ўлим,
На севинч, на кўз ёш, на ушбу сезги...
Бу чексиз оламда ягона йўлим - 
Ёлғиз ишонганим, сенсан-ку, севгим...

ЛАЙЛО. Бу сафсаталарни бас қилайлик.
РАУФ ПАРФИ. Бу нима деганингиз, Лайло. Сизни тушунолмаяпман.
ЛАЙЛО(кўзи жиққа ёш). Сиздан нафратланаман деганим! Сизни кўришга ортиқ кўзим йўқ деганим! Лекин, нега Рауф ака, нега имтиҳон топширишдан бош тортингиз? Замона зайлига қарши бориб ҳеч нарсасиз қолдингиз. Нега? Ўшаларнинг гапига оз бўлсада кирганингизда эди.
РАУФ ПАРФИ. Ҳеч нарсасиз қолганим йўқ! Парчин - парчин бўлсада Ватаним бор, Аллоҳ инъом этаётган ёзғириқларим, қишлоқда мунис, муштипар онам бор. Яна, яна сиз бор эдингиз...

ЛАЙЛО.
Ёмғирдан ўтаман, бу сўнги сафар,
Ўтиб кетмоқдаман сенга тўймасдан.
Шу гаплар, шу гаплар рост бўлса агар,
Нега жим турибсан, ахир, сўймасдан.
Шу гаплар рост бўлса ёлғизим, йиғлаб,
Сенга ўлим тилаб қолар эдим мен.
Йўқ, йўқ мозорингни ўпиб, тимдалаб,
Қайта тирилтириб олар эдим мен.
Кечир, энди менинг қуёшим ботди,
Сенга инонмадим. Сен мендан тондинг.
Бир тубан номингни лойларга,
Разил кимсаларга нечун ишондинг.
Менга оғир ичмоқ сенинг кўзёшинг,
Бошингдан ғамларнинг тошлари синди.
Кўриб турибман-ку, тош бўлсин бошинг,
Кел, жимгина вилолашайлик энди.
Бу ёруғ дунёда вафо қани? Кел,
Сенга инонмадим мен - телба, ғариб.
Қайга олиб бориб кўмайин, айтгил,
Юрагимнинг жасадини кўтариб.
То вола юрагим шан либос кийсин,
Токи бир яйрасин сўнги бор бу жон.
Сенинг кўксинг узра бир ухлаб тўйсин,
Йўқ, ўзгача севолмасман ҳеч қачон...
Ҳеч бир мозор қабул қилмас, йўллар берк,
Бугун юрагимнинг саслари тинди.
Севгилим, сўнги бор, сўнги изн бер,
Кел, жимгина вилолашайлик энди.
     Лайло чиқиб кетаётганда Рауф унинг қўлидан тутиб қолади.
РАУФ ПАРФИ.
Бир кун йўлга отлансам танҳо,
Бу ёқларда не кечар ҳолинг.
Кўча пойлаб шому, тун аро,
Алланарса туяр хаёлинг.
Менинг ҳолим учун сен йиғлаб,
Айрилиққа бўлурсан иқрор.
Балки мени келар деб ўйлаб,
Дарбозага боқарсан, бекор.
На чора бор, айрилиқ оғир,
Кетар бўлсам, бошласа йўлим.
Унда жоним, бир куни ахир,
Мени сенга топширар ўлим!

Лайло кетади.
РАУФ ПАРФИ. Санъаткорнинг ҳислари ҳатто, уни қамал қўйсангиз ҳам ташқарида юраверади. Санъаткорнинг миясида олам фожеаси айланади. Фикрлайдиган, кўнгли нозик маъно-ишораларни англайдиган инсонлар ҳар доим, ҳар жойда хор этилган. Инсониятнинг юрагини оғритадиган нарсалар бор экан, билингки, санъаткорга, шоирга тинчлик йўқ, омонлик йўқ! Ёлғизлик - тинимсиз ўлим ҳақида ўйлашдир. Шоир чин ибодат - ўлимни унутган золимлар учун ҳам оғир ўйлар суради, яъни, ўлимни ўйлайди.
Қора булутларин ўйнар осмон,
Олис юлдузларнинг сирли шулъаси.
Тумонли соҳилга ундар бегумон,
Бу сўлғин шамларнинг игналик саси.
Сира қувиб бўлмас бу қонли тушни,
Куйдургувчи юлдуз сапчир дафъатан.
Ҳеч синмас руҳ ичра осмоннинг ҳусни,
Томоққа тиқилган кўз ёшим - Ватан.
Ўт ичинда термоқдаман товушни,
Куйиб бўлган нарса куймас қайтадан!
Мадор йўқ, қанот йўқ, тамом, чарчадим,
Чўқир жигаримни бу ўтрук ёлғон,
Бу тана қадимий, бу сўзлар қадим,
Бу совуқ сайёддир, кўҳна палаҳмон.
Ёлғиз менми ахир, дард бор, ҳамдард йўқ,
Бу ёлғон дунёда мен ёлғиз эмас.
Нақадар тиниқдир, зангоридир кўк,
Нақадар шириндир, узундир нафас.
Ватаним! Йиғлама, кўз ёшингни сот,
Сўйилган ой кезар, у менинг хуним.
Сен билурсан холос, бошқа ҳеч бир зот,
Жисмим совуб борар, сўнмоқда уним.
Гирдоб қўйнида мен, қўлингни узат,
Хайр! Бу кун менинг охирги куним!
Хайр! Бу кун менинг охирги куним!
Хайр! Бу кун менинг охирги куним!

Сўнги мисраларни такрорлаганча саҳнадан отилиб чиқиб кетади.

Еттинчи кўриниш

Қабристон. Ҳозиргина шаҳардан қайтган ҳорғин Рауф волидасининг қабри тепасида.
РАУФ ПАРФИ.
Соғиндим, афу эт. Сенсан аламим,
Хат ёзмадим аммо сиғиндим, она.
Гўё қоғоз узра синган қаламим,
Қадимий хонтахта менга бегона.

Кўзгудан боқадир мунгли бир сиймо,
Хотирамни санчиб, чатнар изларинг.
Нигоҳинг юзимни силайдир. Иймон –
Ул сенинг кўзларинг, сенинг Сўзларинг.
Кўзгунинг кўзинда шамол ухлайдир,
Онажон, қайдасан, жаннатми жойинг?
Иссиқ қарашингдан бағрим йиғлайдир,
Қуйгил, пиёлангдан совуган чойинг.
Мен – ким? Нени билдим-билмадим, нетонг,
Ҳали йироқдадир билгисиз йўлим.
Дунёвий аламни ютмаган бу онг,
Башарий қаламни тутмаган қўлим.
Қайга бордим, қайлардан қайтдим,
Сен таьна қилмадинг, миннат қилмадинг.
Кимларни тингладим, кимга не айтдим.
Сен жаҳон шовурин кўзга илмадинг.
Сенга етиб борди паришон байтим,
Сен менинг шеъримдан раҳмат, кулмадинг.
Сенинг кўзларингда хилқатни туйдим,
Яшамак саньатин солдим қўйнимга.
Оломонни эмас, аллоҳни суйдим,
Сўзларингдан тумор осдим бўйнимга.
Мана энди неча замонлар кечди,
Кимса билмас шеьрим чалинмас кўзга.
Сен томон руҳимнинг шивири учди.
Букун бари ўзга, барчаси ўзга.
Соғинчдан, оғриқдан ўртанди дилим,
Юрагим чоғланди, боғланди тилим.
Юрдим. Одим олдим. Қадам ташладим.
 Дунёвий аламни илғадим бироқ,
Ўзимнинг умримни мен оз яшадим,
Ўзгалар ҳаётин яшадим кўпроқ.

Шеър тугаши билан саҳнага Зуҳуров, партиячи адиб, Алишер, Лайло, Фозил кириб келади. Фозил бир бурчакда рубоб чалишни бошлайди. Қолганлар Рауфнинг атрофида айла бошлайдилар.
Абадий коинот бирла қоларман,
Ўлсам чирқирайдир овозим танда.

Айланаётганларнинг ҳаракати тезлашади.
Энг ярқироқ юлдузни узиб оламан,
Эзилган, хўрланган баргман тубанда.
Ҳар ёндан келиб Рауфни турткилай бошлашади. Фозил чалаётган куй ҳам авжланади.
Ёлғиз ўзим халқман, ўзим - оломон,
Мен ШОИРМАН ахир, ШОҲМАН, эй, банда!
Мен ШОИРМАН ахир, ШОҲМАН, эй, банда!
Мен ШОИРМАН ахир, ШОҲМАН, эй, банда!

Айланаётганлар чиқиб кетишади. Йиллар қуюнидан ўтган, сочларига оқ оралаган Рауф Парфи саҳнада ёлғиз.
О, Она Туркистон қора дунёда,
Қисмат елкасида югурдим, елдим.
Гоҳ шавқ қанотида, гоҳо пиёда,
Юкиниб мен сенга сиғиниб келдим.
Мен сени соғиндим ҳаддин зиёда,
Ғамли хотиранга бистарим тўлди.
Бу узгин уммонда, бу ахгар боғда
Сирпандим. Мен қаттиқ чирпандим. Сўлдим.
Ўткинчи ғамлардан танимда титроқ,
Ростми шу? Шеър туғар эмиш аламлар?..
Гоҳи хўрлаб, тишлаб ўтдилар бироқ,
Сен билан кечган эй илоҳий дамлар.
Соҳир юрагингни чақмоқ урди-ку,
Ортиқ кулфатларга доимо шайсан.
Кўзингда қотган нур порлаб турди-ку,
Сен ахир Туркистон, ёниб яшайсан!
Тугатиб бўлмас ҳеч бу дардни ичиб,
Ёрилган ярадан чечаклар ўсди...
Юрагингнинг йиртиқ кўйлагин ечиб,
Бағринга босарсан, - бормисан дўстим?!
Ҳеч нарса юпатмас, шоир ҳеч нарса,
Ғариб бахтиёрлик энди юпатар. 
Юлиб вужудимни, титиб ахтарсам,
Дунёвий аламнинг тошлари ётар.
Ҳар ким ўз қалбига ўзидир хоқон,
Бари бир мен сени севиб сизларман.
Эҳтимол ноҳақман, эҳтимол ҳақман,
Муқаддас ТУРКИСТОН сўзин изларман!

Рауф Парфи тин олгач, Сулҳида Ёлғиз кириб келади.
РАУФ ПАРФИ. Биласизми Сулҳида, сўнги пайтларда онгимга уйқу ўрнашиб олган. Ўйларимнинг асосида ҳам уйқу.
СУЛҲИДА. Уйқу?
РАУФ ПАРФИ. Уйқу. Биз уйқу деймиз-а, қандай гўзал сўз! Уйқу ўлим дегани. Буни руҳсиз одамлар англай олмайди. Руҳи қатл этилган одамлар - тутқун. Ичида Аллоҳи бор, руҳи равонлар озоддир. Уларнинг ҳеч нарсадан қўрқуви йўқ. Қафасдаги одам эса худосиз бўлганлиги учун қафасда.
СУЛҲИДА. Улар токи Аллоҳни танимагунча қафасдан чиқа олмайдилар.
РАУФ ПАРФИ. Рости шу. Мен руҳи равонлардан эдим. Мени кечиринг...
СУЛҲИДА. Кечирим? Нега?
РАУФ ПАРФИ. Руҳи соғлом, носоғлом, ҳақиқатни англаган одам билан яшаш қийин бўлади. У кўча-кўйда турланиб, ниқобланиб, умрининг бўлагини сотиб яшаётганлардек бўла олмайди. Ҳали уйқуга - ўлимга кетмай туриб, шу фоний дунёнинг ўзида узилган бўлади. Сиз узилган одам билан бардош билан яшаб келдингиз. Кечиринг, Сулҳида, ҳаммаси учун кечиринг!
СУЛҲИДА. Кечирим сўраманг. Балки, тутқун одам бўлганингизда сизни учратмаган бўлар эдим. Сиз озод инсонсиз. Сиздан ҳурриятни ўргандим. Мен сизни топдим озод инсоним! Асло, асло кечирим сўраманг!

РАУФ ПАРФИ.
Алданган, чархланган қалб билан ўтдим,
Ёру дўстлар бошим узра йиғилди.
Ҳукм кутган каби мен Сизни кутдим,
Унутдим ўзимни, ўзим туғилдим.
Кўзимнинг жарида ул Қора Девор,
У тараф қоронғу, ҳар нарса йўқдир.
У тараф заҳардир, ханжардир, ўқдир,
Кеча йўқ. Букун йўқ. Эрта йўқ. Сиз бор.
 Тирикликдан кечдим, ўлимдан кечдим,
Осмон деганлари менинг фиғоним,
Дунё заҳарини бир ўзим ичдим.
 Ёнди тун чароғим, кулди жаҳоним,
Мен қанот боғладим, кўкларга учдим.
Ассалом, севгили Инсоним, қоним.
 
СУЛҲИДА.
Сизнинг юрагингиз шафтоли гули,
Ёмғирда чайинган япроқ сингари.
Сочингиза ўрик ҳиди, севгилим,
Қарашингиз кўзларима сингади.
Сизнинг даъватингиз тинглайман - Юксал!
Сиз менинг дарёмсиз, тоғим баландим.
Хаёлингиз ёрқин камалак мисол,
Сеҳрландим, рангларга сеҳрландим.
Сизнинг юрагингиз чексиз дунёдир,
Чорлаб, порлаб турар меҳр қуёши.
Сизнинг даъватингиз тинглайман - Ёндир!
Коинотнинг йўқдир охири, боши.
Сизнинг юрагингиз ҳар нега қодир,
Сизнинг юрагингиз маломат тоши.
РАУФ ПАРФИ.
Танамдан чиқдим-да мен ерга эндим,
Менга бари аён, тириклар кўрмас.
Эй сиз, кўр оломон, мен руҳман, дедим,
Улар кўрмас мени, ҳолимни сўрмас.
 Бани одам овчи, одамни овлар,
Тишлаб тўймас, ғажиб тўймас, бедаво.
Ночор майитларнинг чўнтагин ковлар,
Пинжида хиёнат, қабоҳат, ғавғо!
 Сўзимга тўлди соғинч, сўзим-да ёлғиз,
Кўзимга тўлди ёлғиз Аллоҳ жамоли.
Белги берди фалак. Номаълум бир из.
 Жисмимни синдирди ажал шамоли.
Тобутимни қучиб йиғладингиз, Сиз,
Нечун, Дунёнинг Энг Гўзал Аёли?!

Шеърдан сўнг бироз сукут.
Қўлингиздан чой ичсак, хоним.
СУЛҲИДА. Ҳозир, ҳозир Рауф ака. (ўзига ўзи) Озод Инсоним.
РАУФ ПАРФИ(Сулҳида чиққач). 
Таваллудим: 43, мезоннинг йигирма еттиси. Отам боғбон. Саводсиз, бизнингча. Онам пиллакор. Саводсиз, бизнингча. Илм олишга вақтлари бўлмаган уларнинг. Қишлоқ мактаби. Шаҳар мактаби. Кечки. Сўнгра, барча тирикчилик мактаблари... Балоғат гувоҳномаси. Тошкент Дорилфунуни. Талабаликнинг якуни. Талабачиликнинг бошланиши. Касбим: ҳар қандай мактаб. Илова: севаман шеърни. Шеърият... Шеър деб аташ мумкин бўлса биринчисин ёзган куним: 53.5 - март. Дарс: Алишер Навоийдан то Абдулла Ориф. Александр Пушкиндан то Виктор Соснора. Кейин, мен билган, билмаган шоирлар. Мен билган аччиқ-чучук бесаноқ сабоқ. Қўлимдан келмайдиган иш: шеър ёзмаслик. Ниятим: тиниш белгилари каби содиқ бўлмоқ ўз касбимга, дарсларга ва орзуларга. Ўлим?... (Шу онда яна уч шарпа пайдо бўлади.) Дарвоқе... Ўлим билан чиқишолмайман. Аммо... Аллоҳ ўзи билгичдир. 

Шарпалардан бири Рауфнинг бўйнига ҳам ўз бўйниларидаги каби сиртмоқ ташлайди. Шарпалар орқага чекилиб оғочга осиладилар.
РАУФ ПАРФИ.
Ай сен, она халқим, лойларга ботдим,
Пилла ҳаловатнинг ғилофидан чиқ.
Сўйилган сағримга заҳролуд қотдим,
Камолот сўқмоғи нақадар аччиқ.
Тириклар! Ёндирманг эски маъвони,
Сувларга бостирманг. Тириклик битар.
Ҳавони қизғонманг, озод ҳавони,
Тупроқни булғаманг. О Шива, етар!
Ерга қўйинг мени. Онамдир тупроқ,
Топиниб ўпайин онамнинг изин,
Онамнинг юзини, ой юзида доғ.
Яшин беринг менга, чатнайин ўзим,
Менга денгиз беринг, дарёлар урфоқ,
Нафас беринг менга, берингиз Сўзим.
Изғирдим саргардон мен сизни излаб,
Товонимни тешди срабон ёмғир.
Ўзимни лаънатлаб, Сизимни сизлаб,
Ўлмай туриб ўлдим сиз учун охир...
Ёниб айтдим, чексизликнинг чеки бор,
Чексизликнинг чекларига етармен.
Мендан рози бўлинг тириклар, дўст-ёр,
Бир чимдим меҳрингиз олиб кетарман!

Рауф Парфи ҳам аста-секин шарпалар(Қодирий, Чўлпон, Фитрат) томон кета бошлайди. Шоирнинг "Муножот" шеъри асосида қўшиқ таралади.
Додимни эшитгил, қодир Аллоҳим,
Ишқ сен, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳринга дўзахим - боғим,
Омонат деворман, ўтман, кулингман.
Рубъи маскун ичра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мадорим йўқ, воқифсан ахир.
Манглайда ёзилган фармонингни айт,
Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир...

Рауф Парфи оғоч остида. Қўшиқ давом этаверади.
Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга.
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шамини сўндирма Аллоҳ.

Салафлари қатори Рауф Парфи ҳам дорга тортилади. Аслида, чин дунёга шу кўйи йўл олади!
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутирди,
Инсон фарёлига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора дея сўрдилар нажот...

Рауф Парфисиз ҳувиллаб қолган кенгликка Сулҳида Ёлғиз кириб келади.
СУЛҲИДА ЁЛҒИЗ. Рауф ака, озод Инсоним! Қаердасиз?.. Мана чой олиб келдим. Мени ёлғиз қўйманг! Ўкинч тўла қалбимни ўкинчга чўктирманг. Қаердасиз?..(Сукут) Наҳот хотирамда исминг севгилим. Сен келган йўллардан ҳеч ким менга кела билмас. Сен келган йўлларга қарасам кўзларимга нур тиқилади. Аниқ-тиниқ эслайман, сен у сўзларни жуда секин айтгандинг. У сеҳрли овоз, сен у сўзларни ярим кулги аралаш, бағримда айтгандинг... Ўша сеҳрли овозни, сирли сўзларни эшитиш учун бағримни ёраман. Бағримда қоп-қора гулларнинг қонидан ўша сўзларни ўқийман, соғинган вужудимни овозинга тутаман - мен сени...севганман! Бир куни бехосдан Осмонда вафот этдинг. Ўшанда мен бошингда эдим... Мени ҳеч ким кўрмади! Улар, улар кимлар? Нега, чайиқсиз оёқлари билан кўзларимни босяптилар? Ахир, мен тирикман! Мен тирикман! Сен...тириксан!

Саҳнага аста-секин зулмат чўка бошлайди. Қўшиқ ҳам тиниб бормоқда эди.
Аллоҳим, билурсен, қай сори кетдим...
Аллоҳим... Мен ўлдим... Мен сенга етдим...

Парда.