Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Олти болали келинчак


(Орамиздаги одамлар туркумидан)

Иноят хола оғирмиш....
Бу хабар яшин тезлигида тарқалди.
Кимдир ичаётган чойини, кимдир чопиқ қилаётган даласини ташлаб йўлга тушди.
-Дадам ҳам Тошконга борадиларми? Шунча йўлга- я?!
Ирода опа беш кун аввал туширган келининг пайдар- пай берган саволларидан оғриниб, қувидан чиқарилган бир банка сарёғни авайлаб сочиққа ўради. Олма, нон, қатиқ қуйилган елим идишни ҳам йўл халтага жойлар экан пойтахтга отланаётган эрига юзланди:
-Ойим сигиримизнинг қатиғини яхши яхши кўрадилар.Олиб боринг. Музлаткичдан хозиргина олдим. Собир аканинг мошинасида кетаркансизлар. Тез етасизлар, Худо хохласа, ачиб қолмайди. Ёғлиққина мазза қилиб ичиб оладилар.
Қўшнисини кутиб дарвозадан кўз узмай турган Бакир тоға хотинига қараб маъюс кулимсиради:
-Қизиқсан-а хотин, ойим ҳеч нарса емаётган эканлар ку...Ичсалар қани, қатиқ эмас, сигирингни ўзини ҳам кўтариб борардим. Опамлар ва акаларим хам йулга тушишибди.

Бакир тоғанинг ўйлари яна олис болаликка кетди.
Отасидан келган қора хат хомиладор онасини тўққизинчи ойда ер тишлатди. Қорнидаги гўдаги билан қаро ерга қўйилган жувоннинг беш норасидаси чирқираб қолаверди. Агар ўшанда Иноят хола, йўқ эри урушга кетган ойдек келинчакнинг меҳри бўлмаганида беш боланинг тақдири қандай кечиши фақат Аллохга аён эди.
Қариндош – уруққа етимчалар оғирлик қилди. Тупроғи совумаган онаизорнинг руҳини чирқиратиб, осонгина уй- уйларига тарқалишни маъқул кўришди. Каттаси ўн, кичиги эндигина иккига кирган болаларнинг холига кўзини юмган жигарлар ўз фарзандларининг тўймаётган қорнини ўйлаб, уч кунлик аъзада зўрға ўтиришди. Қишлоқдошлар ҳам бошларини сарак-сарак қилганича ачинишдан бошқа нарса қўлларидан келмай йўрғалаб қолишди.
Фақатгина қўшни келинчак, эрини фронтга юбориб қапайган қорни билан ёлғиз қолган Иноят ховлини тарк этолмади. Ана туғади, мана туғади бўлиб юрган жувон болалар билан бирга қолди. Аслида ўзининг дарди ҳам етарли эди. Турмуш ўртоғидан на хат, на бирор хабар бор. Болаларнинг қариндоши қилмаган ишни, қорнидаги гумонаси билан қолган аёл зиммасига олди.
...У мактаб учун ажратилган кулбачада болаларни ўқитиб юрарди. Беш боланинг онасига айлангач ҳам миқ этмади. Бировларнинг "ақлли" маслаҳатларини чўрт кесиб, марҳуманинг руҳини чирқиратмади. Етимхонада катта бўлиш қанақалигини булар билармиди? .
Ҳакимжон акаси ҳам, ўзи ҳам ғирт етим. Шаҳардаги болалар уйида бирга катта бўлишган. Мўлтираб йўл қарашлар, “эртага ойим келиб олиб кетади” деб ўзини алдашлар, дарвозадан кирган бегона одамнинг олдига чопиб боравериб умидсиз ўтган йиллар...
Ҳакимжон ҳар дойим қуралайкўз, ориқққина Иноятни ҳимоя қиларди. Нима топса ярмини қизчага илинар, «Бироз чида, кўрасан хали ҳаммаси яхши бўлиб кетади» деб овутарди. Саккизни битиришгач иккаласини ўқтувчилар тайёрлайдиган даргоҳга юборишди. Йигит қиз бир-бирига меҳр қўйиб, бир- бирига суянишди. Қишлоққа ўқтувчилик қилиш учун юборишганида улардан баҳтиёр одам йўқ эди. Шу ерда турмуш қуришди. Яхши муаллимларга зор қишлоқ одамлари ёрдамида қурилган чоғроққина уй, улар учун дунёдаги барча қасрлардан ҳашаматли эди. Ўз уйларида одамлардай яшаймиз деб туришганида эсалаънати уруш бошланди. ...
Дойимгидек “Хали ҳаммаси яхши бўлиб кетади” деб уйдан чиқиб кетган Ҳакимжон акаси ҳеч қачон ёлғизлатмаган суйганининг дийдори охиратга қолаётганини билмасди. Ундан келган қора хат аёлнинг сабрини яна бир бор синади. Сочларини юлиб-юлиб, айтиб- айтиб йиғлагиси келди. Телбавор , дунёдан узилгиси келдию, кўзига мўлтираб турган гўдакларнинг нигоҳи жувоннинг жони яна олти жонга керак эканлигини эслатди. ..
Йиллар ўтар, унга оғиз солганлар ҳам топилиб турарди. Лекин эшикдан кириб келган совчилар бола-бақрани кўриб, совчи юборган эркакни “тўғри йўлга солиб” унга бошқасини топиб беришарди. Аёл ҳам эр хақида ўйламас, баҳти ҳам , тахти ҳам қоракўзлари эди.
Битта бефарзанд муаллимдан ҳам чиқди. Ҳакимжон акасининг ёди билан яшаётган жувон илк бор “болаларимга ҳам ота керак” деган иддаода қалбига қарши чиқди... Кичигини катталарга қолдириб, “ Ойижон” деб ортидан қолмайдиган Бакирни қўлидан тутиб куёв бўлмиш билан кўришди. Бироқ унинг икки оғиз муддаосини эшитиб, истак нафратга айланди.

-Энди, Иноятхон айни гуллаган вақтингиз. Бундоқ қилсак. Эртага шаҳарга тушиб анави етимчаларни болалар уйига топширамиз. Ўзингизникига эса қаршилигим йўқ. Оталик қиламан. Замон оғир, кўриб турибсиз. Улардан қутулсангиз бас, шанба куни никоҳ. Бировники бағрингни бутлармиди?
Олти яшар Бакирнинг олдида беандишарча айтилган совуқ гаплар охирига етмади:
-Кетинг!
- Нима?
–Кет!
Авзойи ўзгарган аёлнинг важохатидан чўчиб орқага тисланган номзоднинг тили танглайига ёпишди.
-Мен бефарзанд, тирноққа зор дейишса учрашишга рози бўлгандим. Тўғри айтдингиз, бировники бағрингизни бутламайди Менга эр керак эмас! Болаларимни эса хеч қанақа етимхонага бермайман!
Иноят шу-шу ҳеч кимга турмушга чиқмади. “Қийналиб қолдим, ёрдам беринглар” деб бировга ялинмади. Эр топиб келганларни яхши гап билан қайтариб, умрини шу болаларга бахш этди.
Мактабдан ташқари далага ҳам чиқа бошлаган жувонниг қўллари қавариб, товони тарс-тарс ёрилди. Сочларининг бир чеккасидан туша бошлаган оқ, рўмол остидан аста ёшлигини ўғирлай бошлади. Аммо рўзғорнинг ғори тўлиб, қорнилари тўйиб пишиллаб ухлаётган олти қора кўзига қараб танасидаги чарчоқлар роҳатга айланиб тонглар отарди...
Эх ёшлик- ёшлик! Онасидан икки ёш қолган Бакиржон кимларнингдир гапига кириб неча бор дилозорлик қилди экан.
Илк бора ичиб келганида хафа бўлиб енгил койиган ойисини “ Сиз бизни туққанингиз йўқ! Сизнинг болангиз фақат Ёдгор. Ўшани урушинг! Бугундан бошлаб сизни ойи демайман! “ деб йиғлатганларини эслади. Ўшанда ҳам ойиси кўнглига олмади.
Яна бир воқеани эсласа Бакрнинг виждони қийналиб кетади. Эллигинчи йиллар боши эди. Мактабда муаллимларнинг моянаси ҳаминқадар, якшанба куни колхозчилар билан бирга боғ-дала ишларига чиқишмаса бўлмайди.
Ўша куни ҳам колхоз боғида кечки шафтоли терилаётганди.. Шу вақт қишлоқ тарафдаги илонизи тупроқ йўлдан чанг кўтарилди.
-От!
- Каллаварам , эшак! ”
Қўлидаги шафтолиси билан баҳслашиб кетган теримчилар Мамат почталённинг Кенжавойи шалоғ валасапидида закан бошида пайдо бўлгандагина танишди.. Халлослаб, тили осилиб қолган йигитча, муҳим хабар келтиргани аниқ эди. Шундоғ бўлди. У одамлар орасидан Иноятхонни топиб, болаларга бир-бир кўз ташлагач Ёдгорга қараб иржайди:
-Даданг тирик экан полвон! Даданг тирик!!!
Дадасини умуман кўрмаган ва аксари уруш йиллларида туғилган ярим етимлар каби отасизликка кўниккан норасида хабардан эсанкирамай онасига тикилди. Она бўлса осмондан тушган тараша каби пайдо бўлган хабарнинг ярмидаёқ икки хатлаб,Кенжавойнинг олдида пайдо бўлди.
-Нима? Нима дедингиз иним?
- Хаяжонланманг янга, Хакимжон акам тирик экан. Нариги қишлоғдан Ахмат миробнинг бедарак йўқолган ўғли келибди. Бошидан ўқ еб, хотирасини йўқотиб, Минеск деган жойда қолиб кетган экан. Хотираси тиклангач қишлағимизни эслабди. Йўлга тушиб келаверибди. Хакимжон акани кўрган экан. Тирикмиш. Эрта- индин келиб қолади.
Иноятнинг нафаси тиқилиб қолаёзди. Нахотки! Шунча йил ўтиб-а? Аҳмат мироб қатта яшарди?
... Тупроқ кўчада учиб кетаётган аёлнинг оёқлари ўзига бўйсунмасди. Орқасидан талпинган олти полапоннинг ҳаммаси отага зор. Болалалар бу Ёдгорбекнинг дадаси эканини билар, унинг ўзи эса опа-акаларигина кўрган “ота” аталмиш инсонни ҳамма соғинганини , ҳамма кутганини хис қилиб кучи борича чопиб борарди. ..
Аммо қувонч узоққа чўзилмади. Аҳмат миробнинг ўғли хотирасини 1943 йилда йўқотган экан. Ўшандан аввал учратган хамқишлоғи хақида узун-юлуғ гапириб бераётган аскар унинг кейинги тақдиридан бехабар эди. Иноятнинг юрагида милт этган чироғ бир “пуф” билан ўчди. Гўдаклар юзидаги қувонч , нур инган нигоҳлар сўнди.... Бакирнинг ҳам. Аммо у қароғидан томган бир томчи ёшни тезгина артиб, қитмирлиги тутди. Шу тобда баҳорда Ёдгор кенжатойлик қилиб тортиб олган варраги ёдига тушиб, уни бир туртиб кулиб юборди;
—Вах-ха- ха! Вах- ха....Вой, ўлиб қоламан. Даладан тилимиз осилиб югуриб кепмиз-а?! Даданг топилмайдиганга ўхшайди укажон. Урушда йўқолганларни ҳаммаси топилорганда етимчаларнинг егани зоғора, чалгани ноғора бўларди...
Бурнини тортиб- тортиб йиғлаётган Ёдгорку индамади. Бир чекккадаги тўнкада телбавор ўтирган “она”си урушмади. Аммо катта акаси Зокирнинг тарсакиси ва ўқдек қадалган нигоҳлар бир умр ёдида қолди.
Эх, у Ёдгорни яна қанча ранжитди экана?! Гарчи ойиси ҳеч қайсинисига ўгайлик қилмаган бўлсада Бакир ўзидан икки ёш кичик “укача”сини ҳеч ўзига яқинлаштирмасди. Онаизор бўлса сабр билан меҳрни тенг улашар, ўзиникидан кўра ўзганикини кўпроқ суярди.
Тиришиб, тирмашиб болаларини ҳаммасини ўқитди. Бакиржон нақ Московнинг ўзида ўқийман деганида ҳам миқ этмай, беш йил ҳеч кимга зориқтирмади. Диплом билан бирга мовий кўз Иринани ҳам бирга олиб келганида данғиллама тўй қилиб бериб, ёшларга оқ фотиха берди. 
Шарқона удумларидан буткул беҳабар рус қизига қайноналик қилмади. Оналик меҳри билан аста-секин билмаганини ўргатиб, йўлга солди. Бакиржон билан урушиб, юртига кетиб қолганида ўғлининг сиқилиб юрганини кўтара олмай Новосибирск деган жойга бориб келинини олиб келди. Бирин- кетин туғилган набираларни ҳам ўзи катта қилди. Ишлайман деган ёшлар гох Тошкент, гох Москов, гох Киевдан туриб хат ёзишар, йилда икки бор совға саломлар билан кириб келишарди.

Йиллар шу тахлит ўтаверди . Кўз очиб юмгунча қоп- қора сочлар пахтадек оқариб, кечаги келинлар кампирга айлана бошлади. Энди Иноят хола ҳам иззатда. Ҳар бир фарзандининг кўнглига йўл топиб, набиралари билан андармон бўлиб қолган хола қисматидан мамнун эди. Аммо тақдир унга яна бир синовни раво кўрди. Хизмат сафарига кетган Ёдгорбеги бедарак йўқолди.
Ака- опаларига эргашиб, олий маълумот олган кенжаси Хуқуқшунослик олийгоҳини битириб, шу соҳада ишлаётганди. Қайсидир шаҳарга прокурор ёрдамчиси этиб сайланган ўғли ўша жойда илдиз отган каттагина жиноий гуруҳнинг илдизига болта урди. Анчагина шов- шувга сабаб бўлган бу иш очилгач шаҳар ахолиси енгил нафас ола бошлади-ю, ёшгина боши балога қолди. Шаҳардаги жиноятчиларнинг тўдаси сув юзасида кўриниб турган муз тоғининг учигина экан. Уларни қўллаб турганлар шаҳри аъзимда юмшоққина курсиларга жойлашиб айшини суриб юришарди. Бир неча бор таклиф қилинган амал ва пораларни рад этган Ёдгорбек ишни охиригача етказиб, ҳаммани дахшатга солган қотиллик, босқинчилик ва бошқа жиноятларга хомийлик қилганларни топиб панжара ортига юбормоқчи эди. Бироқ, онадан дуо олиб чиқиб кетган ўғил уйга қайтмади. Пойтаҳтга кетган ўғил йўқолди. Изсиз йўқолди...Замона зўрники, томоша кўрники! Онанинг юрагини юлиб кетган пахлавони замона қурбони бўлди. ...
Уловини дарвоза олдига тўхтатиб, ичкарига кирган Собираканинг ҳам ранги оппоқ, бир пиёла чой ҳам рад этилди. Дуо ўқилгач, йўлга тушишди.
Янги йўл, довон ҳам тез босилдию, Оҳангарон- Тошкент ўртасидаги узундан- узоқ масофа тугай демасди. Хаёлларини жамлашга ҳаракат қилиб, газни босаётган хайдовчи биринчи марта бу йўлни ёмон кўрди.
-Анув куни телефонда гаплашовдим,- газни босиб кетаётган Собиржон ака хаёлларини жамлашга уриниб гап бошлади,- Рўза тутаётган эканлар. Тутманг дедим. Қулоқ солмаганлар шекилли.
-Ойим тўққиз ёшидан тўлиқ тутардилар рўзани. Очарчилик йиллари хам , эрталаб бир қултум сув билан огиз ёпиб юраверарди. Рузасини тутибгина қолмасдан, ғаройиб ишлар қиладиларда. Ёдингизда борми, халиги сўм купон вақтлари эди. Шакар, совун шунга ўхшаган нарсалар рўйҳат билан сотиларди. Бир куни дўконга шакар келибди деб эшитдик. Ишга шошаётган эдим, хотинни мазаси йўқ эди. Рўза оғиз ойим шакарга навбатга турибдилар. Ўша пайтда акамнинг оиласи ҳам бизникида туришарди. Жаъми йигирма жонмиз. Кўпга келган тўй, баъзан болалар фақат шакар чой билан нонушта қилишади. Жон бошига ярим килодан хисобласак ўн кило шакар олишимиз керак. Кичигим кўтариб келаман деб ойим билан бирга чиқибди...
Кечга яқин уйга келсам Баҳром енгимдан тортиб, қулоғимга шивирлади;
—Дада биз шакар олиб келмадик.
—Нега,- дедим ошхонада куймаланаётган ойим томон қараб,- қолмабдими?
—Қолмагани йўқ! Олдик. Аммо Зоҳидларнинг уйига ташлаб келдик.
—Қайси Зоҳид?
—Ану уйлари ёниб кетиб, дадаси билан ойиси куйиб ўлган синфдошим борку! Опаси магазинга чиққан экан, Назар ака шакар бермади.
—Нега?
—Шакар оладиган пуллари ҳам, хужжатлари ҳам ўша ёнғинда ёниб кетган экан. Роса йиғлади. “ Шакаримизни бера қолинг, албатта пулини топиб бераман. Хужжатларни ҳам тўғирлаяпмиз ” деб ялинди. Назар ака бермади. Лобар опага ён босганларларни “Хозир ўзларингникини бериб юбораман!” деб бир қўрқитганди ҳамма ўчиб қолди. Бувим индамади. Фақат олган шакаримизни кўтартириб “тўғри Зоҳидларникига бошла “деди. Мен ҳеч нарса қила олмадим. “ "Бизникида қопда шакар турибди, буниси сизларга” деб халтаси билан ташлаб чиқдилар...Магазиндан олган совун, макарон, унни ҳам уларга бердик.
Ўшанда ойимлардан яхшигина ранжибман. Невараларини ўйламабдиларда деб аразлаб юрганим ҳам эсимда. Тепа маҳаллада яшаб хотини билан куйтиб ўлган Қаҳрамоннинг саккиз норасидасинининг аҳволини хаёлимга ҳам келтирмай онамга оғриндим:
—Шакарнинг ярмини ташлаб келсангиз ҳам бўларди, набираларингиз ҳам ширинхўрак бўлса уларни ўйламабсизда, - деб эрталабки нонуштада шакар чой сўраган қизимга ишора қилдим, — Қолаверса ўзингиз ҳам рўза тутяпсиз. Саҳарликда бир пиёла ширин чой ичиб олсангиз тетикроқ юрасиз.
Ойим бечоранинг кўзларига ёш қалқди. Аммо беозор жавоб қайтарди;
—Набираларимни бошида ота-онаси бор. Худога шукур! Улар бир ой шакар ичмасалар ҳеч нарса қилмайди. Менга келсак, хавотир олма . Шира чойни кўпам ёқтиравермайман. Кун бўйи чанқатиб ўлдиради...Қолаверса, Бакиржон ёдингда борми, урушдан сўнг Ёдгорбек иккаланг шакар қамишни қайнатиб ичиб, мазаси ёқмаганидан роса йиғлагандиларинг... Уларга ҳам осон эмас хозир. Қаҳрамоннинг болалари хурсанд бўлиб қолди.
Шунақа , ойим топилмас инсонлар. Хозир Қаҳрамоннинг каттаси шаҳарда дўхтир. Ойимни ўзи қарайди. Тўнғичим “ Бувим бизникида бироз туриб келсинлар” деб холи- жонига қўймай олиб кетганди. Қишлағимиздан кетганлар тинч қўйишмасмиш. Хали униси, хали буниси уйига олиб кетар экан. Менга қолса, тўқсонга яқинлашиб қолган одамни уринтириб қўйишларини хохламайман. Иранинг ҳам икки хуши Тошкентда.
Гап шу ерга етганда Собир ака кулиб юборди:
- Бутун қишлоқққа Ира опа Ирода хола бўлиб кетган. Сиз ҳамон уларни ўз исми билан чақирасиз.
Бакир тоға ҳам кулиб юборди:
- Ойимда. Аслида Ирага энди Ирода бўласан деб ўзим шарт қўйганман. Ойим бўлса, мени койиб, “ Ўзинг яхши кўриб оққулоқлар ичидан танлаб келдинг. Энди Ирами, Юрами чидайсан! Қулоғи ўрганган исми билан севдингми, ўшандай чақир! Ўзи бечора яқинларидан узилиб, шунча жойдан эргашиб келибди. Шарт қўйишингга бало борми?! Яначи, хадеб дўқ қилаверма , Ирага ўзим ўргатиб оламан. Сен яхши кўришда давом этаверсанг бўлди!-
дегандилар.
Мийиғида кулиб кетаётган Собиржоннинг ҳам узоғ йилги воқеалар ёдига тушди.
Ираку майли, бегона юртдан келган. Икки қишлағ наридан тушган хотини—чи?
“Вой, хайф бўпти—да Собиржон.Олган хотини уй тутишни ҳам, кийинишни ҳам билмас экан. Афтини қаранглар, ясаниши ҳам алламбало”
Бундай гаплар асал ойи тугамасиданоқ урчиб кетган бўлсада еттинчи осмонда учиб юрган куёв болага етиб келмасди.Қулоғига чалиниб қолса “ Уни мени кўзим билан кўришмайдида! Майли билмаганини ўрганиб кетади” деб бепарво бўлди.
Хотини қурмағур эса гоҳ қозондаги ёғни ёқиб юборса, гоҳ овқатни таг олдириб эридан бошқа ҳамммадан гап эшитарди. Дазмолни ўчирмай уйни ёқиб юборганику алоҳида воқеа. Ўшанда бир Худо асраган. Ўзларику меҳмонга кетганлари туфайли , жонлари омон қолган. Бироқ, қишлоқ аҳли ёрдамга келмаганида ҳеч вақосиз қолишлари тайин эди. Гилам-полос, кўрпа-тўшак, мебел-себел дегандек.
Йиллар ўтди, аммо тўрттани партиллатиб туғиб берган бўлсада бирни икки қилишга шошмасди.
- Йўқот, башарасини кўрмай! Шолчани ҳам кирмошинага соладими? Мошина бечора— ку устахонадан бери келмайди. Пулинг кўпайиб қолган бўлса, менга бер! Онаси ўпмаганини олиб бераман!
Собиржон онасини тўғри тушунарди. Болаликдан ёғ тушса ялагудек тоза тургувчи уйларидаги тартибсизликдан Саври холанинг фиғони фалак. Хотинига яхши гапириб ҳам, уришиб ҳам ўргатиб бўлмаса. Хайдай деса севади, ўртада болалар ҳам бор. Агар ўшанда Иноят хола орага тушмаганида борми?!
Бояқиш эринмади. Жанжал товушини эшитган захоти “ Хадислар” китоби билан кириб келарди. Баъзан қўшнисини инсофга чақирса, баъзида сабр билан бегона келинга рўзғор тутишни ўргата бошлади. Шундагина Собиржон онасининг хатосини тушунгандай бўларди. Саври хола бир нарсани ўргатмоқчи бўлса келинининг олдинги хатоларини ҳам юзига солиб, “ ҳаммасига тарбиялай олмаган ота- онанг айбдор” деб чақиб ҳам оларди. Иноят холанинг “тактикаси” бошқача. Аввал ўзининг ёшлигидаги хатоларини айтиб обдон кулдиради.
“ Сендан ҳам баттар нўноқ эдим” деб айбларини ошириб иш ўргатарди. Эх-хе, агар ўртадаги даричали деворнинг тили бўлсайди. Хотини дафтарча тутиб, Иноят холанинг рецептлари бўйича ош дамлаб, чучвара тугишни ўрганди. Юз хунарнинг устаси бўлган кампиршодан чеварликни ҳам ўрганиб, ахийри инжиқ қайнонанинг меҳрини ҳам қозонди.
Угина эмас Иноят хола барча келинларга , меҳр билан билмаганини ўргатиб кетаверарди.
Узоқ умр сири ҳаракат ва ғайратда экан. Мана Иноят хола ўн кам юзда. Раҳматли онасидан кейин ҳам икки ховли хизматида бўлди. Тўй-тўйчиқнинг қулочга сиғмас патирлари ва мазаси оғизда қоладиган фармуда сомсаларнинг муаллифлик хуқуқини икки келинга бергачгина ўзини четга олди. Энди бутун қишлоғ Иноят холанинг шогирдларининг вақтига қараб унаштирув, тўй ва бошқа маросимларни режалаштиришарди.
Ажойиб холада. Бир йили ақлга сиғмас воқеа содир бўлди.
Тўсатдан Собиржонни Москвага ишга чақириб қолишди.
Аттанг, якшанба куни мол бозоридан соғин сигир олиб келмоқчи эди. Наилож, харидни Бакир акага тайинлаб хизмат сафарига жўнаб кетди. Чамаланган пулга сигирмисан сигир олиндида ўзиям. Бўйлари баланд. Исми Олахон. Худди Иноят холаларнинг сигирига ўхшаб бўлагина. Ялтираб туради. . Эгаси уч ойлик бузоқчасини олиб қолибди. Оз ейдию, танлайди ўлмагур! Икки ярим челак сут беради. Сигир соғишни Иноят холадан аранг ўрганиб олган Санобарнинг оғзи қулоғида. Болалар сут- қатиққа тўйиб, ортгани бозорга чиқди, қувида қувилган сарёғлар қишга ҳам эритиб қўйила бошланди. Бироқ, камбағални туянинг устида ҳам ит қопади деганлари рост экан. Эри эрта-индин қайтади деган кунларнинг бирида ховлида тўполон кўпди. Қозиғидан ечилиб кетган сигир, оғил бурчагида қишга ғамлаб қўйилган кунжарани еб бўкиб қолибди. Ҳамма югурди. Қилинмаган амал қолмади. Аммо жонивор бечора қорни ноғора бўлганича хириллай бошлади. Ахийри, бўғзига пичоқ тортиб халоллаб олишдан бошқа чора қолмади.
Санобар изиллаб йиғлаб юборди.
- Келган бало шунга урибди. Йиғламанг!
- Вой айланай, бу бор йўғи мол. Одамлар ўлиб кетяптику! Худога шукур, халоллаб олишга улгурибсизлар. Харом ўлмабдику.
Бироқ , айни дамда Санобарга бу тасаллилар мутлақо таъсир қилмасди. Сигир нархидан анча арзон сотилган гўшт пули келганида ҳам қўлида мол арқонини ушлаб ўтирган жувонни овутиб бўлмади.
Энди нима қилади? Эртага эри қайтади. “Телефонда роса мақтаган сигиринг қани?” деса нима дейди. Манави пулга сигир тугул ғунажин ҳам келмас. Қолаверса эртагача сотиб олишга улгуришмайди. Эрига нима дейди?
...Саҳарда кириб келган Собиржон салом- аликдан сўнг ховли этагидаги ола сигирга кўзи тушиб қувониб кетди. Хотини мақтаганича бор экан. Суту , қаймоғидан тотиб молдан кўнгли тўлди. Аммо хотини негадир бироз безовта эди. Нимадир демоқчи бўладику, айтолмаяпти. “Тинчликми онаси ?” деган саволига эса илжайиб қўяди холос. Хотини авввалги нўноқ эмас. Рўзғони тиниб-тинчитишга харакат қилади. Сигирнику еру-кўкка ишонмайди. Ювиб- тараб эси кетади. Оғил ҳам саришта. Деворига осилган“Сигирнинг овқатлантириш меъёрини” ўқиб, Собиржон кулгидан ўзини тия олмади. Боплабдию, оширворибди! Ахир бу мол бўлса! Овқатланиш тартибини ўқиб ўтирармиди...
Бу жонсараклик ва безовталикнинг сири нақд икки йилдан сўнг очилди. Аниқроғи сигир сотилиши лозим бўлиб қолгач хотини ёрилди. У бўкиб қолган сигир воқеасини йиғлаб айтиб бергач, Олахонлари Иноят холаларники эканини тан олди.
Хола бечора иззиллаб қолган келинни юпата олмай, унинг қўлидаги арзимас пулга ўз молини олиб чиқиб берган экан. Фақат бир шарт билан. Олахони ғунажин туғса ёки молни сотмоқчи бўлишса бегона қилишмайди...
Воқеани эшитгач Собиржон нима дейишни билмай қолганди. Одам ҳам шунчалик танти бўладими? Оғзини оқартириб турган сигирини бировларга жони ачиганидан арзимаган пулга бериб юбораверса. Яна ҳеч нарса бўлмагандек миқ этмаса!
Сигирини қайтиб сотиб олаётганида ҳам хола сир бермади. Мол нархини анча паст айтган Собиржонни уришиб “говмишингни бозор баҳосида оламан деб туриб олди. Собиржон ўжаргина қўшни билан тортишиш бефойдалигини биларди. Ҳаммасидан хабари борлигини айтганида эса мазза қилиб гап эшитиб олди.
—Сигирни пул кераклиги учун ўзим сотганман. Яхшигина нархга! Уни роса боқиб чиройли семиртирибсизлар. Энди баҳосини ерга урма!
Собиржон ака ҳеч нарса дея олмади. Махсус рецепт билан боқилган Олахон эса кимнинг маслаҳати билан бунчалик иззатда бўлганини сезиб аввалги уйига солланиб кириб кетди. ..
Мана шунақа, Иноят хола шундай ишлари билан меҳрни мисқоллаб қозонди. Пахтадек бўлиб қолса ҳам пойтаҳтга олиб кетишларининг сабаби шу. Ҳамма онахонга “ уйимнинг тўри сизники” деб хол-жонига қўймайди. Самарқанд, Буҳоро, Хоразмнику бир неча маротаба айланиб келди. Бормай деса, хафа бўлишади. Кўзлари хиралашиб қолгани сабабли “ сани танимайроқ турибман” деса борми, келган одам холанинг қачонлардир қилган яхшиликларини эслатиб ўзини таништиради. Шундай вақтда хола ўнғайсизланади, келган одамни енгил койийди:
-Анавинда манабундай қилгансиз дейишни бас қилинглар! Қолаверса барибир эсимда йўқ. Инсон яхши ишни холис Аллох йўлида қилади болаларим.
-Шунақаю холажон, агар ўшанда сиз бўлмаганингизда билмадим нима бўларди?
-Нима бўларди ? Менга ўхшаган яна бир бандаси қўлини чўзарди. Худонинг назарида бўлсанг хор бўлиб қолмайсан. Кимдир албатта сенга мададкор бўлади.
Бакир тоғанинг нигоҳида ойисининг умри кино тасмасидек ўтарди.
Қандай замонлардан эсон -омон ўтишибдия... Опа-акалари ҳам Тошкентга етиб боришибди. Ойиси бир неча маротаба Бакиржонини сўратибди. Қўнғироқ қилишганида анча қувноқ гаплашишган бўлсада, ундан ниманидир яширишяпти.
- Эртага Хайит. Ойим ҳар дойим “ Яхши кунларингда яқинлаштир” деб илтижо қилардилар. Аввал тушунмасдик. Кейин ,Рамазон, Хайит ва Жумаларда қўрқадиган бўлиб қолдик. Ишқилиб, бахтимизга омон бўлсинлар! Улар бўлмагида биз омон қолмасдик. Ёхуд болалар уйида сочилиб кетармидик?! Кечиринг ойижон! Кечиринг!
Мошина шомга яқин Тошкентга кириб келди. Иноят хола дархақиқат оғир экан, аммо улар келганини сезиб кўзини очди. Болагинасининг хидидан тўйиб хидлади, бошини силаб жилмайди. Бакир тоғанинг мижжаларига ёш қалқиди. Шу тобда ўзини етмишга етиб қолган нуроний эмас, онаси бағрида ётган боладек хис қилиб кўзларини юмди. Ориқ, бемажол қўлларни кафтлари орасига олиб, болалигидаги каби нозиккина бармоқлар тафтини туйди. Бир сонияга вақт ортга дўниб, қаршисида гўзал, лобар аёл гавдаланди: Ўн саккизда олти боланинг онасига айланган келинчакнинг чеҳрасидан нур ёғиларди...