Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Маъруфнинг иншоси



21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Маъруф исмли синфдошим бўларди. У орқа партада ўтирар, дўстлари ҳам кам эди. Очиғини айтганда, уни устидан кулардик, мазах қилардик, хуллас, бутун мактаб уни «Маюф» деб чақирарди. Устоз­лар қийналмаслиги учун бўлса керак, уйга вазифаларни аҳён-аҳёнда сўрамаса, сўрамасди ҳисоб.
Унинг кундалигида фақат уч ва тўрт баҳоларни учратиш мумкин эди. Беш баҳо анқонинг уруғи. Қайсидир устоз, масалан, ҳаммага бирдек ёқадиган ва унинг дарси дарс сифатида муҳим ўрин тутмаган расм устозимиз, Маюфнинг «жўмраги қийшайган чойнак-пиёласи»га «болачали беш» қўйиб, унинг бир кунлик илжайиб юришини таъминларди, холос.

Мусиқа дарси… буни гапирмай қўя қолай. Маюфнинг гапларига синфдош­лар яхши тушунар ҳамда бутун синф унинг таржимони эдик. У дарснинг ўртасида қўл кўтарарди, устознинг кўзи тушиб қолиб, «Ҳа Маъруф нима гапинг бор?» деса, чивин ғўнғиллагандек қилиб: «Шомайяб кеий» дерди. Янги устозлар бу сўзни тушунмаслиги табиий. Биз эса унинг сўзларини «таржима» қилардик: «Устоз, Маюф шамоллаб келмоқчи»…

У улғайгани сари камгап бўлди. Бирор гап сўрасак ҳам «Ҳа», «Йў»дан нарига ўтмасди. Ҳаммамизда бўлгани каби у ҳам оппоқ фартук таққан синф­дош қизларнинг бирига кўнгил қўйган, у ҳам қизнинг кўзларини оҳунинг кўзларига қиёслаган-у, буни унинг ўзига айтолмас, фақат гоҳида илғаб қолганимиз, қорачадан келган бир мўғул юзли қизга энг яхши кўрадиган уч рангли ёзғичини бериб турарди.

Бир куни эълон тахтачасида тил байрами муносабати билан ўтказиладиган иншолар мусобақасига кўзим тушди. Бу эълонни эшитган аълочиларнинг ичига чўғ тушди. Мактабда ҳамма ёзувчи, ҳамма шоирга айланди. Синф раҳбарлари даста-даста иншоларни кўтариб, ўқитувчилар хонасига йўл оларди. Унинг ортидан эргашган ўқувчилар кўм-кўк ёғоч эшикнинг ортида қолади-ю, ичкаридаги саралашни ўзича тасаввур қилиб, устозларга ҳурмати ошади, уларнинг ўрнида бўлиб қолгиси, кимнинг иншоси қандай ёзилганини билгиси келарди.

Ўқитувчиларнинг фарзандларини айтмайсизми, улар баъзида янги гап топиб келади, масалан, «Фалончининг иншосини ўқиган ўқитувчи  унинг келажакда журналист бўлишини айтганмиш». Ўша кундан бошлаб фалончининг лақаби «Журналист». «Фалончи эса фақат уч нуқтадан иборат иншо ёзиб, ҳаммани кулдирибди.» Нима деб ёзганидан ҳам озгина иқтибос келтириб қўйиларди: «Мен Она тилимни отамдек яхши кўраман, уч нуқта. Отам онамга тилинг ширин бўлса, калтак емайсан дейди, уч нуқта…» Бу гаплар айтилаётганда ўша уч нуқталарнинг муаллифи ҳам бизга қўшилиб кулади. У ҳеч кимдан хафа бўлмайди, ҳатто, ичкаридаги «хуфёна» гапларни болаларга айтиб, обрў орттираётган муаллим болаларидан ҳам ранжимайди.

Эртаси куни яна янги гаплар тарқалади. Анов шоир бола бор-ку, шалпангқулоқ, ўшанинг иншоси ўқитувчиларни бир кулдирса, бир ўйга толдираётганмиш. У ҳатто ўзбек оилада парвариш­ланган ингилиз боласи ҳам ўзбекча гапиради, нега шундай эканига ҳозирча ақлим етмайди-ю, лекин у ҳам она тилимни боласи экан, дебди-да, икки қатор шеърни ҳам илова қилганмиш. Шеърини айт-чи, шеърини?.. Билмайман, дейди тарих ўқитувчимизнинг эркатойи ғурурланиб.

Ҳа, ҳамма иншо топширган, қўлидан келадиган ҳам, келмайдиган ҳам. Синф раҳбарлари чиқмаган жондан умид деб, иккичиларимиздан-да ажи-бужи иншоларни ёздириб олди. Иккичилар мендан нима кетди деб, она-тили дафтарининг ўртасидаги иккита вароғини шартта юлди-да, оғзига келганини қоғозга тушириб, устознинг қистовидан қутулди.

Шунча ур-тўпалон, ёз-ёзларнинг ичида Маюфга гап таъсир қилмади. У «ёяман»дан нарига ўтмади. Лекин бирор дафтарининг орасидаги икки вароғи юлинмади. У бирор марта устознинг ортидан, ғирчиллаб очиладиган эшиккача эргашиб бормади. Балки ҳеч кимга билдирмай устозга топширгандир, озгина писмиқлиги ҳам йўқ эмас Маюфнинг, деган тақдиримизда ҳам, «разветкачи»ларимиз унинг иншоси ҳақида бир оғиз гап ҳам топиб келишолмади.

Ўша интиқлик билан кутилган кун келди. Эрталабдан мактаб ҳовлисида  ўқувчилар ярим ой шаклида сафланишди. Олдинги қаторда бошланғич синф ўқувчилари, орқада эса овози йўғонлашиб қолган катта синфлар. Давлат мадҳияси билан байроқ кўтарилди-да, директор сўзга чиқиб, бугун тил байрами эканини ҳамда иккинчи соатдан кейин байрам бўлишини эълон қилди. Сўнг одмигина кийинган, озғингина она тили ўқитувичимиз сўзга чиқди. Аёл киши бўлишига қарамай, ундан катта синф ўқувчилари ҳам ҳайиқиб турарди. Унинг шапалоғидан еган ўқувчи, худди тақдирлангандек, қандай ургани-ю, юзининг қандай ловуллагини ҳақидаги ҳикоясини мағрурланиб айтиб юрарди. Устозимиз ғолибларни эълон қилди. Уларга фахрий ёрлиқлар топширилди, ҳар бир ғолибнинг исми айтилишидан олдин ҳамманинг юраги шувиллаб турарди. Қани эди иложи бўлса, устознинг тилига ўзининг исмини жойласа-ю, фахрий ёрлиқ олиш баҳонасида директорнинг қўлини ҳам бир сиқиб қўйса…

Йиғилишдан сўнг ҳамма синфхоналарга тарқалди. Устоз синфга кириб келганда ҳам ўқувчилар ўртасида ғолибларнинг муҳокамаси бўлаётган эди. Бунда фақат Маюф иштирок этмасди, холос. Ўзининг партасида қимтинибгина ўтирарди, ёзғичларини оларди, китобларини чиқарарди, сўнг онаси бўздан йиртиб берган дастрўмолчасини олиб, бурнини артиб қўярди.

Дарс ҳам пичир-пичирларга тўла бўлди. Устоз доскага қайрилди дегунча, болалар бир-бирига «Журналист шоирни доғда қолдирди, ўзи шеърлари бир тийнга қиммат уни…» дейди. Устоз бақиради: «Синфдан чиқариб юбораман Қосимов!».

Байрам тадбири бошланганда, эрталаб отамдан олган икки юз сўмни кўтариб кўчага югурдим, дарвозадан чиққанда бола боқиш кўйида озиб-тўзиб кетган аёл бир туюр стол устига майда-чуйдаларни қўйиб савдо қиларди. У вақтлар ўша моғор босган бир туюргина столчаси биз ўқувчилар учун жаннатнинг ўзгинаси эди. Унда эллик сўмлик шоколаддан тортиб, уч юз сўмлик печеньегача бўларди.

Қўлимга икки юз сўмни ғижимлаб дарвозадан отилиб чиққандим, Маюф сотувчи холага пул узатиб турган экан. Мен ҳам пулимга яраша харид қилдим-да, бирга мактабга қайтдик. У бироз юргач, «Мен сенга бий найса кўйсатаман. Пақат ҳеччим биймасин, хўппи!» деди.

Унга розилигимни билдириб, ортидан мактаб боғи томон эргашдим, холироқ жойга боргач, у портфелидан муқовасига машҳур эстрада юлдузининг расми туширилган дафтарни олди-да, ичидан букланган қоғозча чиқариб менга узатди. Тағин портфелнинг бошқа чўнтагидан бир туюр нон олди, уни ҳам бўлишдик. «Энни ўқи!» деди, синовчан тикилиб.

У нон ковшади, мен унинг иншосини ичимда ўқий бошладим:

«Мана, она тили байрами яқинлашяпти, бундан ҳаммамиз бахтиёрмиз, лекин мен бу тилни она тилим деёлмайман!

Менинг тилим соқов, онамнинг тили равон, отамнинг ҳам. Бу уларнинг тили!

Ўзбек тилини бузиб талаффуз қиламан.

Мен фақат бу тил учун битта хизмат қилишим мумкин. Тўғри тушунинг, бошқаси қўлимдан келмайди, қўшиқ айтолмасам, нотиқлик қилолмасам, тағин, ўқишга ҳам ҳавасим йўқ. Шу боис, гарчи, Она тилимиз менинг тилимга мослаб сўзлар яратмаган бўлса-да, шу ватанда туғилганим ва нон-тузини еганим учун ҳамда тилингизнинг ҳурмати учун, иложи борича жим юраман!

5-А синф ўқувчиси Топволдиев Маъруф».

Унинг иншоси қисқа эди, бироқ ҳуснихати ёмонлигидан иккинчи вараққа ҳам ўтган. Ҳозир ўйласам, кейин нима бўлган, байрамга кирганмизми йўқми, уйга қачон борганмиз, у яна нималар деган, буларни эслолмайман. Бироқ бу иншо ҳар сафар тил байрами олдидан ёдимга тушаверади. Уни хаёлан қайта-қайта ўқийман. Ва она тилимизнинг ҳурмати учун узоқ вақт ҳеч нарса ёзолмайман.