Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Миллат бойлиги



Азалдан тил миллат кўзгуси, шаъни, унинг миллий бойлиги, ҳам ўтмиш ҳам кечмишини, келажагини белгилаб бергувчи мезони ҳисобланиб келинган. Тарихдан бизга маълумким, ўз тили, ўз маданияти, ўз адабиётига эга бўлмаган, миллий тилини шакллантиролмаган, бор мероси бўлган тилдек юксак бойлигини асраб, авайлаб, йиллар давомида ривожланиб камол топишига ҳисса қўша олмаган миллат йиллар пўртаналари-ю, тарихий довонлар теграсида ё катта таназзулга учраш ва ё йўқ бўлиб кетиш хавфи остида яшаб келган. Тили баркамол бўлган, тилини турфа хатарлардан, турли хуружлардан сақлаб, авлодларига эсон-омон узатадиган халқ эса, ҳеч қачон таназзулга юз тутмаган. Гапни сирасини айтадиган бўлсак, ўлмаган! Тили омон бўлган миллатнинг ўлмаслигига, унинг нақадар юксак марралар сари одимлаб, доруломон кунлар қучоғига етганча, ўзлигини сақлаб қолишига, бугун тарихда етарлича исботлар мавжуд. Ҳеч бир халқнинг, ҳеч бир элнинг ўзлигини, ўзига хослигини, унинг тариху-келажагини, адабиётини, миллий тилисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тил нафақат миллат, элат ўзлигини, – балки унинг борлиғини очиб берадиган адабиётининг ҳам асоси, пойдеворидирким, тилсиз адабиётни, санъатни шакллантириш, юксалтириш жуда мушкул. Агар француз тили бўлмаганида, дунё аҳли Балзакни, Мопассанни, Гюго ҳамда Камюни танимас эди. Агар инглиз тили бўлмаганида, биз Диккенс аталган даҳони тушимизда ҳам кўрмаган бўлардик. Агар ўзбек тили бўлмаганидачи? Агар ўзбек тили бўлмаганида, Ғафур Ғуломлар, Ойбеклар, Миртемирлар қайда эди?! Тил ҳамиша миллийликни, миллий рамзлар қоришувининг асос нуқтасида турган бир ажиб неъматдирким, тилсиз Жамиятнинг эртаси ҳам, бугуни ҳам, ҳатто тарихи ҳам йўқ! 

Хўш, – модомики, тил шундай қудратга, шундай ажиб мўъжизаларга эга бўлган неъмат бўлса, биз бу неъматдан қай даражада фойдаланаяпмиз-у, уни қай даражада қадрлай олаяпмиз? Гап шундаки, биз кези келганда бу неъматни қадрлаяпмиз, кези келганда эса йўқ! Гап айнан тил хусусида, унинг келажаги, унинг қадрияти хусусида кетар экан, биз кечани, бугунни ҳамда эрта таҳлил қилмай, мавзуни кенг миқёсида очиб беришимиз амримаҳол. 
Ҳаммамизга маълумки, тилимиз то саксонинчи йиллар охирига қадар, яъни давлат тили мақомини олгунига қадар катта тазйиқлар, тўсиқлар, хуружлар қучоғида қисиниб, қимтиниб яшаган. Собиқ Совет даврида фақат рус тили энг оммавий тил бўлиб, деярли ҳамма ишлар, идоравий ҳужжат юритишлардан тортиб, то аксарият аҳоли сўзлашувигача рус тилида амалга оширилган. Совет мустамлака давлатлари тиллари қатори, бизнинг ўзбек тили ҳам, муомала маданиятидан деярли четлатилиб, рус тили амалда қўлланилиб, тилимизга тажовуз уюштирилган. Агар Иттифоқ даврини етмиш йилга чўзилганлигини инобатга оладиган бўлсак, бу бизнинг миллий тилимиз учун, айнан фожианинг ўзи бўлган десак ҳечам ёлғон гапирмаган бўламиз. Хўш – тилимиз шунча йил тазйиқда эзилиб яшаган экан, Мустамлака даври тугаганлигидан сўнг унинг аҳволи қай даражада кечди? 

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, тилимиз ривожланишида аввало Мустақиллик даври алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигидан сўнг, асосий муомала тили ўзбек тили этиб белгиланди. Идоравий тил ҳам, жорий рус тилидан ўзбек тилига айлантирилди. Кўпгина керакли ҳужжатлар ўзбек тилида юритиладиган, қолаверса, аҳолимизнинг айрим “замонавий” табақалари сўйлаб юргани рус забонини ташлаб, ўзимизнинг миллий тилимизда, ўзбек тилида сўзлашадиган бўлди. Агар масалага мантиқий назар билан ёндашадиган бўлсак, соҳага тоза ҳаво киргандек, тилнинг оғриқли нуқталари камайиб, ютуқлари, юксалишлари кўпайгандек бўлди, аммо... Гап айнан ўша даврга бориб тақалар экан, ўша “аммо” сини айтиб кетмасак, масала тўлиқлигича очилмасдан қолади. “Аммо” си шундаки, айнан ўша даврларда тилимизни ёппасига ўзбекчалаштириш авж олиб кетди. Соҳага жиндек алоқаси борлар ҳам, ўзини масъул тилшунос ҳисоблаб, енг шимариб, тилимизни ўзбекчалаштиришга, холисилло айтсак, бузишга киришиб кетишди. Ҳаммага аёнки, тил нафақат ўз балансидаги сўзлар мажмуаси билан, қолаверса, четдан кирган оммавий, глобал сўзлар мажмуаси билан ҳам (агар у ростдан ҳам глобал сўз бўлса) бойиш, юксалиш хусусиятига эга. Керакли юкнинг оғирлиги бўлмагани каби, керакли сўз, лаҳжаларнинг, терминларнинг ҳам, тилнинг мавқеига, ривожланиш кариерасига ҳиссаси катта. Таассуфки, – бизнинг тилимизда ҳам шундай терминлар, лаҳжалар мавжуд эди. Ўша даврдаги тилшунослар ўша керакли жумлаларни ёппасига ўзлаштириб, ўзбекчалаштириб кетишди. Бу эса, кейинчалик ўзини сираям оқламаган, тилимиз кўламини бузиб юборган тайёра, тайёрагоҳ, кўпўриндиқ каби ғализ сўзларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Натижада орадан йиллар ўтгани сайин, тилимиз аҳволи сезиларли даражада оғирлашиб борди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томондан қарайдиган бўлсак, аҳолимиз ҳам тилимизни топталишига, чаласаволдликка йўл қўйишдиким, бу иллатлардан ҳалиям қутулолмай ётибмиз. Сўзлаганда чала ўрисча, чала ўзбекча сўзлаш, кўчалардаги керакли жой номларини бошқа тил лаҳжаларида аташ, шулар жумласидандир. 

Минг шукур, ҳозирда тилимиз етарлича қадрланаяпти. Кўчалар, жой номларини аташда ҳам ғализликлар, камчиликлар нисбатан кам. Лекин барибир, биз ҳали тўлиқлигича ўзбек тилининг қадрига етолганимизча йўқ! Ҳали тилимиз тарғиботини сўзлашув маданиятимизни аъло даражада деб бўлмайди. Мен бугунги мақоламни ёзишда тилимизни осмонга кўтариб мақташ учун, ёки кимгадир тош отиш учун қўлга қалам олмадим. Мен бугунги тилимиз муаммоларини очиш мақсадида, сўзлашув маданиятимиздаги қусурларни тузатиш мақсадида қўлимга қалам олдим. Майли бизнинг тилимиз Жаҳон тили даражасига кўтарилмасин, майли олам ҳамжамияти тилимизга юксак баҳо бермасин, лекин биз, биз шу тилимизнинг эгаси сифатида, бебаҳо бойликни асрашга масъул авлод сифатида, эртанги авлодлар олдидаги масъулият юзасидан ҳам, бу жиддий масалага ҳозирдан жиддий киришмоғимиз жоиз. Бугунда тилимиз олдида катта ютуқлар, ўзгаришлар тургани каби, етарлича янглишишлар, етарли хатарли муаммолар ҳам борки, булардан юз буриб кетишимиз, буларга шунчаки юзаки қарашимиз умуман мумкин эмас! 

Бугун замонамиз тилга нисбатан бутунлай ўзгача ёндашишни, миллий тилни авайлаб, уни қусурлардан тозалашни, тилни Жаҳон теграсига қадар кўтариб чиқишни талаб этмоқда. Тўғри, – ҳозирги ёш авлод, нафақат ёш авлод, умуман бугунги кун кишиси яхши биладики, ажнабий тилларни ўрганиш дунёга юз тутиш, дунё миқёсига кўтарилиш демак. Аммо тил билиш, ўзлигини, миллийлигини, миллий тилини, ўз она тилини унутиш дегани эмас. Майли, ёшларимиз тил ўргансин, тил ўрганиб, Жаҳон теграсига чиқишсин, аммо ўз она тилини, ўзбек тилини унутиб юборишмасин. Қадим замонларда аждодларимиз томонидан тилга, она тилига шу қадар катта эътибор, эъзоз кўрсатишганки, буни бир мақола ҳажмига киритиб, таърифлаб ўтиш камина учун жуда қийин. Қадимда узоқ юртларга узоқ йиллар кетган ўғлидан хабар келгани чоқ оналар энтикиб сўрашган: “Ўғлим қайси тилда сўзлади” деб. Агар онага ўз жигари ўз тилида сўзлаганини айтишса, қўлини Кўкка баланд кўтариб, жигарини дуо қилган, акси бўлганлигини эшитса, рўмолини учини оғзига босганча фарёд уриб йиғлаган, ёхуд қора либос кийган. Одатда оналар фақат фарзандлари ўлганидагина ё рўмолини оғзига босиб йиғлаган, ёхуд қора либос кийган. Демакки, – ўзга юртда юриб, ўз тилини, ўз она забонини унутган ўғил, оналар учун, миллат учун ўлган ҳисобланган. Мана сизга исбот. Мана сизга тилга эҳтиром. Ҳозирги бизнинг давримиздаги тилимизга эътиборни агар ўтмишдаги эътибор билан солиштирадиган бўлсак уятдан бетимиз қизариб кетади. Қани ўша ўтмишдаги тилга эҳтиром. Шукурки тилимиз ғализ ё қийин тил эмас. Жаҳон теграсида ўз мавқеига эга, ўз обрўсига эга тил. Бу тилни имкон қадар сақлаб қолишимиз, уни асрашимиз, ривожлантиришимиз ҳар бир юртимиз фуқароси учун ҳам фарз, ҳам қарз. 

Маълумки, – ҳар бир тилнинг ривожланишида, унинг баркамол бўлишида адабиётнинг тутган ўрни жуда катта. Адабиёт – тилнинг, миллатнинг қандайлигини, унинг имкониятларини кенг миқёсда очиб беради. Шу ўринда таъкидлаб ўтаманки, ҳар қандай тилда қанчалик кўп асарлар битилса, қанчалик кўп шеърлар, достонлар, қисса, романлар ёзилса, тил шунчалик янгиланади, юксалиб камол топади. Демак биз тилимиз эртаси, унинг келажаги, камоли, равнақи учун, адабиётимизга, сўз санъатига янада кенг йўл, очиб бермоғимиз керак. Тилимизда қанчалик кўпроқ асарлар ёзилса, қанчалик кўп достонлар, шеърлар битилса, тилимиз шунча қайралади, юксалади. Агар бизнинг кўпгина Беруний, Ибн Сино каби боболаримиз ўз асарларини айнан ўша давр тили бўлган араб тилида эмас, туркий тилда, ўзимизнинг тилимизда битишганида эди, ҳозир бизнинг ўзбек тилимиз Жаҳон миқёсидаги глобал тилларнинг бирига айланган бўлар эди. Буюк боболарда бир гап борки: “Ҳамиша она тил билан адабиёт эгиз. Уни айро тасаввур қилмоқни ўзи нодонлик”. Тилни онадек улуғ зотга яқин, нисбат этиб, тил сўзи ёнига она сўзининг қўшиб айтилишида ҳам катта бир хислат мужассам. Дунёда аёллар кўп, аммо – она ягона! Она битта! Модомики – она ягона экан, демак унинг эгизи бўлган тил ҳам ягона! Биз тилни худди онамизни асрагандек асрашимиз, авайлашимиз керак. Ўшандагина бизнинг она тилимиз, ўзбек тилимиз юксалади, камол топади. 

Ҳаммага кундай аёнки, тилни ривожлантириш, уни тарғиб этиш учун янгича тезислар, янгича ғоялар ўйлаш, уни тадбиқ қилиш соҳа ривожи учун энг керакли ва ўринли ёндашув бўлиб ҳисобланади. Шу боисдан ҳам, соҳага янги ва керакли кадрларни жалб этиш, ёшларнинг, ёш олимларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш, тилимизга кириб келаётган терминларни саралаб, кераклиларидан кераклича фойдаланиш, ўзбек тилини, она тилини ўқитишнинг мактабларданоқ янги методларини ўйлаб топиш ва бу методлардан ўринли фойдаланиш бугуннинг энг долзарб амаллари қаторида туришини истайман. Бугунги ёшларимиз айнан қандайдир ажнабий лаҳжаларда эмас, – ўз она тилида сўзлашиб фахрланишини истайман. Шу ўринда ҳали юқорида алоҳида таъкидлаб ўтганим, “ўзбеклаштириш” муаммоси ҳақида яна икки оғиз ўринли сўзлаб ўтсам. Айтганимдек, – тилнинг ички имкониятидан ташқари, унга кириб келаётган баъзи сўз бирикмалари ҳам, тилни бойитиш, уни юксалтириш хусусиятига эга. Улардан кечиб кетиш, уларга оқилона ёндашмаслик, уларни ўз ўрнида қабул қилмаслик, тилни яккаланиб қолишига, ибтидоий тус олишига олиб келади. Масалан: Трактор, автобус, самолёт, велосипед сўзлари. Айтингчи – буларни қанақа лаҳжага ўгирмоқчисиз-у, қай усулда гапирмоқчисиз? Масалан тракторни тириллоқ, велосипедни қўшоёқ дебми? Холисилло айтингчи, шунда тилимиз бойийдими? Нима керак бунақа ўзбеклашув? Нима фойдаси бор бунақа ўзбеклашувни? Биз ҳозир ғализ ўзбеклашув билан эмас, тилимизни бор имкониятидан унумли фойдаланиш билан шуғулланишимиз керак. Яқинда ижтимоий тармоқлардан ўз вақтида тилимизга кирган терминларни ўзбеклаштирув рўйхатини ўқиб қолдим. Ўқий туриб энсам қотди. Рўйхатдаги биргина сўзни сиз билан бўлишаман, атиги биргина сўзни яъни оммавий термин аванс сўзини. Бу сўз ўша рўйхатда бўнак деб берилибди. Бўнак. Бу нима – фаросатни ошиб-тошиб кетганлигиданми, ё етмаслигиданми? Энди айтингчи, шу бўнак сўзини маъносига тушундингизми? Албатта тушунмадингиз. Бугунги баъзи тилшунослар тилга кирган баъзи керакли жумлаларни олиб ташлаб, оғизларига келган лаҳжаларни тиқиштириш билан оввора. Бу ҳам бир катта таназзул аслида. Бу ўз вақтида катта бир меросни, катта бир тилни ёввойилашишига, ибтидоий тус олишига олиб келади ўртоқлар. Ҳозирги баъзи бир ўзбекчалашув сабабли тилимизга кираётган сўзларни ўзгалар тугул ўзимизнинг ўзбеклар тушунишмаяпти ҳозир. Ҳозирда биз тилимизни мураккаблаштиришимиз эмас, соддалаштиришимиз, тушунарли қилиб талқин этишимиз керак. Керак бўлса ўша тилимиз граматикасини ҳам жиддий, синчков нигоҳдан ўтказишимиз, керакли жойларига кераклича енгилликлар киргизишимиз керак. Тан олиб айтамиз, баъзи бир граматик қоидаларимиз, баъзи энг қийин математик тенгламалардан ҳам қийин. Буни мактаб болалари ўринлича ўзлаштириб олишига кўзингиз етадими? Йўқ албатта. Биз шу мураккаб граматикамизнида қайтадан ишлаб чиқишимиз лозим, ўшандагина биз тил тарғиботи борасида кўзлаган манзилимизга етиб борган бўламиз. 

Тил масаласида бугуннинг чирсиллаб турган масалаларига ёндашар эканмиз, юқорида қисман таъкидлаб ўтганимиз жой, манзил номларига, уларнинг қўйилишига масъул бўлган идоралар фаолиятига доир қарорлар, кескин чоралар кўрилишини таъминлашни ҳам эътиборга олишимиз керак. Манзилларимиз номларини, жойлар, корхона, ташкилотлар, фирмалар номларини соф ўзбекча қўйилишини ташкиллаштириш, жиддий талаб этиш ҳам бугун аҳамиятга молик бўлган масала. Ана шундагина тилимиз, бизнинг она тилимиз дунё миқёсидаги тиллар сафида бўй кўрсата бошлайди. 

Яратганга беҳисоб шукур, бугунда тилимиз ўлган ё ўлмоқчи бўлганлар сафида эмас, кўтарилган масалани фақат танқид нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқмоқчи эмасмиз. Бугунимизда тил масалаларида қозонган ютуқларимиз ҳам талайгина. Бугун Мустақил Ўзбекистонимизнинг давлат тили ўз ўзбек тили. Қолаверса бугун муомаламизда, идораларимизда ҳам ўзбек тилида ишлар олиб борилмоқда. Тилга эътибор Республикамизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Республикамиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонларидан тилимиз асраш, авайлаш хусусидаги бир нечта фармон ва қарорлар чиқарилган ва амалиётга жорий этилган. Бугун она тилимиз, бизнинг ўзбек тили ривожланиш, юксалиш бўсағасида турибди. Боболаримиздан мерос қолган бу бойликни асраш, юксалтириш эса, ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз. Мен ҳам, шу миллатнинг бир шоир фарзанди сифатида, бир ўғли сифатида, ўз тилимга эҳтиромимни сатрларимга кўчирдим. Камина ихлос ва ишонч билан айтаманки, ўзбек миллати ҳам, ўзбек тили ҳам ўлмайди, ўлмагай! 

ОНА ТИЛИМ 
Она тилим, – кечир мени, она тилим... 
Муҳаммад Юсуф.

 
Ўтиб келдинг, қанча катта суронлардан, 
Гоҳ қонталаш, гоҳ нонталаш замонлардан. 
Кимлигингни ўқиб билдим, достонлардан, 
Ўтмиш ўқиб, ғурур туйди жону – дилим, 
Она тилим, – эй ўзлигим, она тилим.. 

Ўзбек шонин тоғдек баланд билган ўзинг, 
Туркий эл деб, буюк нисбат берган ўзинг. 
Навоийни Навоийлар қилган ўзинг, 
Хамсалардан бошландику улуғ йўлим, 
Она тилим, – эй ўзлигим, она тилим. 

Гоҳ билиб гоҳ билмай ўздик хиёнатда, 
Тил бузмоқлик деган улкан жиноятда. 
Аросатда қолиб кетдик , аросатда, 
Ўшанда ҳам ўлмай бўлдинг бирдай сўлим, 
Она тилим, – эй ўзлигим, она тилим.
 
Қон йиғладинг, отилганда Усмонларинг, 
Абдулла – ю, Фитратларинг, Чўлпонларинг. 
Ҳали бағринг тарк этмаган, армонларинг, 
Кўксинг ушлаб, қалтирайди менинг қўлим, 
Она тилим, – эй ўзлигим, она тилим. 

Дунёларга қанча оҳанг таратган сен, 
Бағринг Осмон, қанчаларни яйратган сен. 
Қанча биздек шоирларни сайратган сен, 
Сен бўлмасанг, шеър аҳлига афзал ўлим, 
Она тилим, – эй ўзлигим она тилим. 

Ўзбек таниб билгунича парвонасин, 
Танигунча ким дўсту, ким бегонасин. 
Сен ёритдинг, адабиёт кошонасин, 
Эй сен – улуғ Қошғарийдан қолган билим, 
Она тилим, – эй ўзлигим она тилим. 

Биз тарихда, ўзгача ўй ўйладик гоҳ, 
Миллийликмас, ўзга томон бўйладик гоҳ. 
Сен турганда, бошқа тилда сўйладик гоҳ, 
Ранжимадинг, – қилмишимиз кузатдинг жим, 
Она тилим, – эй ўзлигим, она тилим 

Бугун сенга ич – ичимдан битдим ғазал, 
Миллат сенга улуғ мақом берган маҳал. 
Истагим шу, – Маҳшаргача мангу юксал, 
Ахир Ўзбек мақомини юксатган ким? 
Она тилим, – сенсан буюк она тилим.