Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Ноябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Бегона


Рус тилидан Олим Отахон таржимаси

Синфимизда Мадат, Самад ҳамда Амирхонлар бўла туриб Артаваздни Турк ёки Бегона деб атардик. У пайтларда бунинг сабабини билмасдим. Энди биламан. Бечора акалари ёшига тўлмай кетма-кет нобуд бўлишгани учун, кампирлар унинг онасига, кейинги болангга туркчами, курдчами, хуллас, шунга ўхшаш бошқ миллатга хос исм қўйиб кўргин, дея маслаҳат беришади. Гўё шу йўл билан ажални чалғитса бўлар эмиш, тавба, арман боласи ўзга миллатга мансуб исм остида беркиниб яшаётганини худди ажал билмайдигандек. Хуллас, бошқа иложи йўқ, ирими шунақа, деб тушунтиришади. Ота-она ноилож эскиларнинг гапини икки қилмай, кейинги туғилган боласига туркчами, курдчами, ишқилиб, Артавазд деб исм қўйишади.
Қўйишга қўйиб, қани, кўрайлик-чи, дея кута бошлашибди. Кунларнинг бирида аллақандай нотаниш бир йўловчи нафасини ростлагани уларнинг четан деворига суяниб турганида аёлдан бир пиёла сув сўрабди, ташналигини қондиргач, қўлидаги эмизикли чақалоғига худодан узоқ умр тилаб, дуо қилибди. Она бош чайқаб, болага бегона миллатга мансуб исм қўйишгани ва бунинг сабабини айтиб берган экан, йўловчи оқкўнгиллик билан, бу бегона исм эмас, ҳақиқий, чин арманча исм, дея кулимсирабди. Она янги туғилган чақалоғи қўлида, қўрққанидан ранги қув ўчибди, ота сиқилиб уф тортибди-да, олма дарахтининг остига чўк тушибди. Мана шунақа гаплар.
Ўша исм билан бола ўлмай яшаяпти. Мана шу Артаваздни синфда дам Турк, дам Бегона деб чақирардик. Унинг онаси кутубхонада ишларди, супуриб-сидирар, сув келтирар, китоб чангларини артар, ўқишни билмаганидан китобларнинг оёғини осмондан қилиб яна жойига тиқиб қўяр эди. Кунлардан бир кун у кутубхонага осиб қўйилган “Фашист босқинчиларига ўлим” деб оҳак билан ёзилган шиорни олиб кетибди ва уйига боргач, бу қип-қизил шиорни ювибди, қуригач эса, ундан боласига кўйлак тикибди.
Бегонанинг отаси касалманд бўлиб, юраги хаста эди, у доим одамларга ҳасрат қилиб, инқиллаб-синқиллаб юрар эди-ю, лекин туз-насибаси узилмаган эканми ёки жони қаттиқми, ўлай демасди. Уни урушга олишмаганди, ёлғиз ўғли билан яшарди. Қишлоқда ундан бошқа эркак зоти қолмаган, бундан боёқишнинг ўзи ҳам ор қиларди. У аёл боши билан эркаклар ишини бажараётган оналаримизнинг қўлидан болтасини олиб, ёрдам бермоқчи бўлар, ўша болта билан ходани икки-уч ургач, дарҳол юрагини чангаллаб қоларди. Қисқаси, оҳ-воҳ қилиб, ҳасратидан чанг чиққани билан умр кечирар, Бегонанинг машқларини бажаришга кўмаклашар, бизнинг оталаримиз эса фронтнинг олдинги қисмида жон олиб, жон беришарди.
Муздек тонг ҳавосида қўлларим ёрилиб, мол-ҳолга хашак беришга ҳам ярамай қолар, сўнг хаскашни зўрға ушлаб молхонани тозалаб қўярдим, бироқ ёзишга ўтирганимда ручка ушлашга безиллар, бармоқларим санчиб оғрирди. Ўша кезлари бир менинг эмас, барча тенгдошларимнинг қўллари ёрилган эди, лекин “менинг қўлларим, менинг бармоқларим” деяпман, сабаби, бу оғриқни ҳанузгача унутмаганман. Мен чеккан бу дардлар ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак.
Бегона ўқишга янги қизил кўйлак кийиб келганда кўзимизга қиз бола бўлиб кўринганди. Қарасак, бу ўзимизнинг Бегона, фақат қизил кўйлак кийиб олибди, биз эса синфда ҳаммамиз ёппасига жигарранг кўйлакда эдик, чунки уйда жундан тўқилган усти-бошимиз шу рангда эди. Биз дарё ёқалаб тахта тиладиган заводга бориб ўша ердан қучоқ-қучоқ эман пўстлоғи олиб келардик: оналаримиз у билан жунларни жигаррангга бўяшарди. Биз жигарранг кўйлакда ўтирсак, кўрмайсизми, Бегона қизил кўйлак кийиб кепти. Ҳамма нафасини ичига ютиб жим ўтирарди, очиғи, унинг шу кўриниши ҳеч кимга ёқмади, хаёлимиздан Бегонанинг отаси инқиллаб-синқиллаб юргани билан ўлмаслиги, онасининг эса ўғлига кўйлак тикиб бериш учун кутубхонадаги шиорни ўғирлаб чиққани кетмасди. Мен чурқ этмадим, бўлмаса, онанг ўғирлаган ўша шиорни, демоқчи эдим…
– Қизларга ўхшаб кийиниб олганини қаранг, – дедим.
Унинг чинданам қизларникига ўхшаган узун-узун киприклари кўзларини пардадек тўсди ва у қулт этиб ютинди. Унинг нимжон томоғидаги кекирдаги дам кўтарилар, дам пастга тушиб чиқарди. Мен азбаройи ундан нарироқ бўлиш ва ҳадеб ғашига тегавермаслик учун жойимга бориб ўтирдим. Бироқ унинг қизил кўйлаги диққат-эътиборимни ўзига тортаверди.
– Сен байроққа ўхшаб қопсан, – деди болалар унга.
– Шонли байроққа, – дейишди.
Мадатнинг пичинг тўла овози бу илмоқли, таҳқирловчи кесатиқларга нуқта қўйди:
– Отасининг шонли байроғи!
Бегона ердан кўзини узмас, қимир этмасди. Синфга тарих муаллимаси кирди-ю, ҳамма жой-жойига ўтирди, Бегона эса бутун синф олдида қизил кўйлакда, ер чизиб турарди.
– Нега сен жойингга ўтирмаяпсан? – деди муаллима унга.
– Чунки у қизил кўйлак кийиб олган, – дейишди болалар.
– Кўрдим, – деди тарих муаллимаси.
У бамисли ботқоқдан ўтаётгандек нигоҳимиз остида шошилмай жойига бориб нақ менинг рўпарамга ўтирди.
– Қизил кўйлак кийиб олганини қаранг, – деди ҳамма биология муаллимасига.
– Кўрдим, деяпман сизга.
– Отасининг жанговор байроғи.
– Йўқ, – деди биология муаллимаси. – Сиздек ҳасадгўйлар байроғи.
Унинг онаси шиорни нечоғлик ювмасин, барибир оқ ҳарфлардаги ёзувнинг бир қисми бутунлай ўчиб кетмаганди. Чунки совун йўқлигидан онаси қайноқ сувда кул билан ювган эди.
Сен қанақасига совун бўлмаслиги мумкин, деб ажабланасан, қўтир (қичима) нималиги сенга номаълум, нега тахта тилиш заводига бориб қучоқ-қучоқ эман дарахтининг пўстлоғини орқалаб келишимиз сабабларини тушунолмайсан, сен бит нималигини, нима учун ҳаммамизнинг сочимизни тақир қилиб олиб ташлашларини билмайсан. Ва ҳеч қачон, ҳеч қачон дағал жундан тўқилган кўйлакнинг яланғоч баданингга муттасил ботиши, ишқаланиб туришини тасаввур ҳам қилолмайсан, нима деб тушунтирайки, биз теримизни юпқа қилиб юборувчи бу жун ёпқични ечиб, отиб юборолмасдик!.. Сен уруш нима эканини билмайсан, буларнинг биронтасини ҳам билмаслигинг эса, бу – сенинг бахтинг.
Хуллас, Бегона рўпарамга келиб ўтирди. Унинг эгнидаги қизил кўйлак, истайманми-йўқми, кўз олдимда турарди. Онаси бу қизил лахтакни ҳар қанча қиртишлаб ювиб-тозаламасин, елим билан оҳак изларини бутунлай кетказолмаган эди. Мен унинг елкасидан пастроғини кўздан кечира туриб, “Ч” ҳарфидан қолган белгини кўрдим. Кейин “Ч” ҳарфи ёнидаги “И” ҳарфини пайқадим. Дастлаб “Ч” ҳарфи 4 рақами бўлиб кўринди менга, бироқ бу рақам эмас, босма “Ч” ҳарфи эканини кейин англаб етдим. Мен яна бошқа ҳарфлар чиқиб қолар, деган умидда унинг кўйлагини кузатиб чиқдим ва курагидан тепароқда, озғин елкасининг пастроғида, ярми ўчиб кетмаган “К” ҳарфига кўзим тушди. У тикилиб қараётганимни сездими, ҳурпайиб олди ва иложи борича ғужанак бўлиб ўтиришга уринди. Мен хижолат чекиб, эндигина унга, унинг қоқсуяк елкаси, жунжиккандек ўтиришлари, нимжон бўйни ҳамда гарданидаги чуқурчага қарамасликка қарор қилганимда бирдан яққол кўриниб турган “А” ҳарфига кўзим тушди. Демак, ўша ҳарфларни қўшиб ўқиса, “Бегона” деган сўз чиқади. “Бегона”, дедим хаёлан. Мен ўзим билмаган ҳолда ихтиро қилган бу сўзни айтишни ҳам, айтмасликни ҳам билмас эдим.
– Бегона қизил кўйлак кийиб олибди! – дея эълон қилди бутун синф жўғрофия муаллимасига.
– Уруш тугасин, ҳаммангиз худди шунақа кўйлак киясиз, – деди муаллима.
Бегонанинг орқасида “Бегона” деган ёзув бор, демоқчи бўлдим-у, лекин бу ниятимдан қайтдим, ростини айтсам, буни ошкор қилгим келмади.
Танаффусда Мадат билан уришиб қолдик. Муштлашиб бир-биримизнинг оғзи-бурнимизни қонатмаган бўлсак ҳам, даҳанаки эмасди бу жанжал-тўполонимиз, чунки Мадат устимга чиқиб олиб, ҳадеб оғзимга кир қор тиқмоқчи бўлар, мен эса лабларимни маҳкам юмиб олиб, типирчилар, тўлғаниб бошимни олиб қочар, у баттар тутақар ва нима қилиб бўлмасин қорни оғзимга тиқиш истагида ёнарди. Устимга чиқиб ўтириб олгани унга кифоя қилмасди, шекилли, чунки бу билан у енгдим деёлмасди, шунинг учун ифлос қорни оғиз-бурнимга ишқар, ниятига эришолмай, аламига чидаёлмас эди.
Кейинги дарс ҳарбий таълим бўлиб, қўнғироқ чалиниши биланоқ одати бўйича муаллима пайдо бўлди.
Биз кўз очиб-юмгунча саф тортдик-да, бошимизни чапга буриб, унинг ўткир ва синчков нигоҳи остида аскарлар сингари қотдик. Қатор тизилиб турар эканмиз, чеҳраларимизда танаффус чоғидаги ўйин-кулги, ғайрат, ҳазил-ҳузул туфайли пайдо бўлган жонланишлар секин-аста сидирилиб тушди. Шу тариқа овозлар, товушлар, беғубор ва беғараз қаҳқаҳаю нигоҳлар сўниб, мактаб ҳовлисида ўта жиддий ҳамда бироз ҳуркитилган рангпар болаларнинг кўкрак кериб турган сафи қолди. Бу муаллиманинг акаси фронтда ҳалок бўлган ва биз унинг олдида ўзимизни бир қадар айбдор ҳис қилардик. Ҳурматдан ташқари ундан ҳайиқардик ҳам, очиғи. У кўпинча бизга узоқ тикилиб қолар, ҳар гал шундай қараганда унинг акасини гўё биз ўлдиргандек туйғу уйғонарди. Ҳафталар ўтиб борар, лекин ҳар бир дарсда, ҳар битта танаффусда, ҳатто кун мобайнида, математика билан ҳарбий таълим дарслари орасида ҳам унинг қиёфасидан қатъий ифода сира кетмас, аксинча, кучаяётгандек бўлар, оқибат, биз унинг учун акаси қанчалар яқин, азиз экани, ака-сингилни улкан меҳр-муҳаббат боғлаб турганини ҳамда унинг учун бу жудолик қанчалар оғирлигини жуда яхши тушунардик.
Мен тупугимни ютиб, таъсирланиб кетганимдан, қанийди, менинг саводсиз онам ўрнига у онам бўлиб қолса, деб ўйладим, ана унда математикадан ҳам, ҳарбий таълим дарсидан ҳам сира қўрқмасдим.
– Нима демоқчийдинг? – дея шивирлади унинг лаблари.
Мен фақат тупугимни ютдим, холос, кейин хаёлимга бир гап келди-ю, айтишдан истиҳола қилдим… “Ҳеч нима”, – дедим базўр уф тортиб ва ҳозиргина, бир дақиқа аввал унинг онам бўлиб қолишини истаганимдан пушаймон бўлдим.
Қизларнинг ҳаммаси сафдан чиқди, демак, муаллима бир нима, деб шивирлаган ёки шунчайин кўз қири билан қараб қўйган, шундай қараганки, унинг нигоҳи қизларга сафдан чиқинглар, деган буйруқни ифода этган бўлса керак. Айни кунларда, қиш бутунлай тугамаган ва ҳали баҳор бошланмаган маҳал ҳар хил – қизил, сарғиш, яшил кўйлак кийиб олган қизларимиз бир ерга тўпланиб, бизнинг жигарранг сафимизга менсимайгина, шу билан бирга, озгина ҳаваслари келиб қараб туришарди. Ҳар хил рангдаги кўзларнинг яхлит нигоҳга айлангандек тикилиб турганини ҳали-ҳануз унутолмайман. Яхлит, деганимнинг боиси, қизлар тўдалашиб сенга тикилиб туришганида, уларнинг кўзлари қандайдир чарақлаган юлдуз ёки мойчечак ҳамда яна аллақайси гулнинг тароватини ёинки энди очила бошлаган гулғунчаларни ёдга солади, негаки бу мусаффо нигоҳларда бокиралик акс этади, менимча, акс этмайди, балки барқ уради.
Муаллиманинг қошлари чимирилди-ю, болалар сафи янаям тартибга келди.
У бошини секин кўтарди-да, сафимизга жиддий кўз югуртириб чиқди. Саф буни тушунди. Болалар бир сония жим туришди, кейин эса тошни тошга ургандек қисқа, аниқ товуш янгради:
– Биринчи!
– Иккинчи! – дея навбатни мен ярқ этиб чап тарафимда турганга узатдим. Шунда энг охирида битта қизил кўйлак ажралиб турган бир текис сафимизнинг жигарранг эканини сездим.
– Саккизинчи!
– Тўққизинчи!
– Ўнинчи!
– Ўн биринчи!
– Ўн иккинчи!
– Бўлдими? Йўқ!
– Ўн уч… – эшитилди Бегонанинг журъатсизгина овози.
Қизларнинг кўзларида табассумга монанд бир нима пайдо бўлди-ю, муаллима сафнинг бошидан охирига қадар кўз югуртириб чиқди. Юрагимнинг дук-дук уриши эшитилар, ҳатто биринчи ўн учинчи ҳақида нималар деб ўйлаётганини сезардим. Назаримда, биринчида турган ўн учинчи ҳақида мен нима деб ўйлаётган бўлсам, айнан шуни ўйларди.
– Ура-а-а! – Баланд тепада жаранглаган саккизинчи синф ўқув­чиларининг бу ҳайқириғи Катта водийни тутиб кетди. – …а-аа!..
Улар қўмондонлик сирларини ўрганишаётган эди. Қуроллари узоқдан бизга ҳақиқийдек туюлар, овозлари эса жўр бўлиб, қудратли момақалдироқ сингари гулдираб чиқарди. Бамисли Баланд тепада чинакам жанг бўлаётганга ўхшар, Катта водийдан то Бойчечаклар тепалигига қадар бу садолар акс-садо берар эди. Саккизинчи синф ўқувчиларининг ўзлари кўринмас, фақатгина қор босган тепалик кўзга ташланар, уларнинг гулдирак овозлари қулоғимизга чалинар, шулар эвазига уларни бутун Катта водийни эгаллаб, энди Чучмомалар тепалигига ҳужум қилишяпти, деб ўйлардик. Лекин Чучмомалар тепалигидан садо чиқмасди. Қадалиб тикилаверганимиздан кўзларим ёшланди. Бироқ тепалик оппоқ бўлиб ярқирар, у ерда қимирлаган жон кўринмас, шунинг учун ҳаммамиз нима дейишни билмай гарангсиб турардик. “Наҳотки душман оқ кийимда бўлса?” деб ўйлардик ва кўзимизни йириб-йириб тепаликка тикилардик. Душман эса, маълум бўлишича, Баланд тепанинг ортидан товуш чиқармай уларга яқинлашиб келарди. Саккизинчи синф ўқувчилари “Урҳо-ур!” деб қичқиришар, уларнинг наърасидан душман қулоқлари том битар, бироқ ҳозир бу “Урҳо!”лари нақадар бемаъни ва бетайин қичқиришдан бошқа нарса эмаслигини ўзлари билишмас эди. Саккизинчи синф ўқувчиларининг шу қадар тентак ва узоқни кўра билмасликларидан муаллимамизнинг энсаси қотди. Худди тентак ва гўл саккизинчи синф ўқувчилари эмас, кимсасиз тепаликка биз ҳужум қилаётгандек совуққонлик билан буюрди:
– Саф тортинглар! Тартиб билан санашни бошланг!
Менинг қулоқларим узра тошни тошга ургандек ҳиссиз товуш янгради.
– Биринчи!
– Иккинчи! – дедим мен чап тарафимда турганга навбатни узатиб.
– Учинчи!
Ҳозир муаллима бизни икки гуруҳга: жуфт рақамлиларни бир томонга, тоқларини иккинчи томонга ажратади. Қизиқ, Бегона қайси тарафда бўларкан? Тоқ бўлса яхши эди. “Ўн учинчи”, – Бегонанинг заиф овози келди.
– Ўн тўртинчи!
Бироқ улар – Катта водийда жўр овозда ҳайқирган мағлуб саккизинчи синф ўқувчилари-ю, ғолиб еттинчилар – ҳамма-ҳаммалари муаллиманинг ўқувчилари, биринчи рақамли Мадат унга жиян, ҳалок бўлган аканинг ўғли эди, бу суронда Бегонанинг овози сўник ва ҳуркак чиқарди, Катта водийдаги сурон эса бирдан ўчди, биз – тор, калта, хонаки иштонлар кийиб олган болалар эса, Европа рицарларига ўхшаб кўринган бўлсак керак, еттинчи синф ўқувчилари билан саккизинчида ўқиётганлар айни чоғда чарчаган ҳолича бир-бирининг устига ўзларини отиб, бир-бирларининг оғзига қор тиқишаётгандир – буларни кўрган муаллиманинг (афтидан, у Бегонанинг орқасидаги “Ч” ҳарфини кўриб қолганга ўхшайди) юзида заифгина кулги пайдо бўлди. Мана таъсирланишнинг бетайинлиги: мен, у менинг онам бўлганда эди, дея яна ўйладим. Аҳвол-тирикчиликни қаранг – унинг нимтабассуми онамизнинг едиргани, ичиргани, чўмилтиргани, кийинтирганидан афзалроқ туюлганига доғман.
– Икки қисмга бўлининг!
Биз, жуфт рақам остидагилар, постол кийиб олганлар олдинга чиқдик. Уч қадам илгарига, бир қадам сўлга. Менга бунақа кичкина, етти кишидан иборат гуруҳ етакчиси бўлиш ҳам кифоя қиларди.
– Биринчи гуруҳ Қайнарбулоққа қараб югуриб боради. У ердан бориб ҳар бирингиз гуллаган самбиттолдан битта шохча синдириб олиб, изингизга қайтасиз. Буйруғимни қайтаринг!
Юрагим орқасига тортиб кетди. Сабаби, югуришим билан ўзимнинг нималарга қодирлигимни кўрсатгим келарди, кўзлари ранг-баранг порлаган қизларнинг нигоҳи бизда, қолаверса, яқинлашиб қолган сарғиш-яшил, беғубор баҳорнинг дилбар бўйлари юрагимизда тотли ғалаён уйғотмоқда эди.
– Менга Бегона керак эмас, уни менинг гуруҳимдан чиқариб юборинг, – Мадатнинг ҳиссиз ва хунук овози эшитилди.
Муаллима секин унга юзланди ва лаблари эмас, гўё кўзлари пичирлагандек бўлди:
– Яна қанақа Бегона?
Биз ҳаммамиз Бегонага ўгирилдик. У қимир этмай қотиб турар, лақаби Бегона бўлгани учун, бунинг устига отаси урушга бормай иҳраб-сиҳраб юргани билан ўлиб қолмаётгани, онаси ҳеч кимга халал бермай осилиб турган шиорни ўғирлаб унга кўйлак тикиб бергани ҳамда синфдошлари орасида битта ўзи қиз болага ўхшаб кийиниб олгани учун ғариблардек бошини кўтаролмаётганга ўхшарди. Бизга қўшилиб муаллима ҳам ундан кўзини узмас эди. Муаллима унга тикилиб турар экан, акасининг ўғли яна нима деркан, дегандек кутарди.
– Арто – Бегона, – дея тўнғиллади Мадат.
– Ким у Арто? – муаллима акасининг ўғли Бегонани тўлиқ исми билан аташини истарди. “Агар исми Бегона бўлмаса, нега унда орқасига “Бегона” деб ёзиб қўйишган”, дея аския қилиб қўйишнинг айни ўрни эди. Мабодо ҳозиржавоблик билан шундай деганимда, бу ўткир илмоқли гап кўз очиб-юмгунча мактабга тарқаб кетган ва уни ўқув йилининг охиригача кула-кула эслаб юрган бўлишарди.
– Артавазд, – дея минғиллади Мадат. У базўр, ўлганининг кунидан айтди, нафсиламрига айтганда, шу исмни тилга олишга мажбур қилишаётганидан ич-ичида норози бўларди. – Артавазд, – деди истар-истамас, – ҳа, Артавазд, у валломат бўлса ҳам, менинг командамда қолмасин.
Муаллима индамай унга тикилганча қараб қолди, аччиғи келди, лекин лом-мим демади, унинг кўнглидан, мен сенинг амманг эмас, математика ҳамда ҳарбий таълим ўқитувчисиман, билдинг, деган гап ўтаётганини бутун синф сезиб турарди.
Мадат ўзини йўқотиб қўйди, аммо кўзини олиб қочмай муаллимага сурбетларча тикилиб тураверди: ҳарқалай, муаллима унинг аммаси, бунинг устига Мадат унча-мунчадан тап тортмайдиган довюрак бола.
– Кетсин, – деди Мадат ўзини қўлга олиб, – менинг командамга кераги йўқ унинг.
– Кечирасиз, – дея заҳарханда қилди муаллима, – ким айтди сени команда капитани деб?
Мадат саф тортган гуруҳига қаради, гуруҳ эса унга, ҳаммаси равшан: у болаларнинг сардори. У муаллимага юзланди, бир неча сония ундан синчков нигоҳини узмай турди, лекин “мен шуни хоҳлайман” демаган бўлса ҳам, узр сўрамади, “кечирасиз” дейишдан ор қилди. Улар бир-бирига тикилиб тураверишди, ҳозир, шу дақиқаларда Мадатни узр сўрашга ҳеч қандай куч, сабаб мажбур қилолмаган бўларди. Муаллима унинг чинданам болалар сардори экани ва бошидан тегирмон тошини юргизсанг ҳам Бегонани ўз гуруҳида қолдирмаслигини фаҳмлади.
Муаллима оҳиста ерга боқди, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна бошини кўтарди-ю, Мадатга қаради, унинг киприкларида инжудай кўз ёшлари йилтиллади, энди у муаллима эмас, жиянининг мағрур қиёфаси, бир сўзли, ўжарлигида ҳалок бўлган акасини кўргандек бўлаётган оддийгина аммага айланганди. Биз мана шу нарсани сездик, чунки шу лаҳзаларда Мадат ҳам сардор, ҳам қаҳрамон сифатида кўз ўнгимизда қад ростлаётгандек эди. У, чин маънода капитан бўлишга муносиб эди, зеро, у шундай командага бошчилик қилишни хоҳлар эдики, ҳар битта “аскар” оёғи чаққон бўлсин ва югурганда биров ундан ўзиб кетолмасин. Муаллима эса том маънода мураббий эди, у ҳаммага ва алоҳида ҳар бир одамга нисбатан юрагида бир вақтнинг ўзида меҳр-муҳаббат сақлаб қолишни ва шу билан бирга ўқувчиларини қатъий интизомга ҳам ўргатишни истар эди. Таажжубланадиган ери шуки, мен яхши, сен ҳам олийжанобсан, демак, ҳаммамиз одамнинг жони бўлсагу, ёмон қилмишлар, қабоҳатлар қаердан пайдо бўларкан?!
Катта-катта кўзлари хаёлчан порлаган Бегона бошини буриб олисдаги тоғлар томон хомуш тикилар, ҳатто нафас олмаётгандек туюларди. “У югуролмайди, аро ерда қолиб кетади, мана кўрасиз!” – дерди жаҳл билан Мадат ҳаммага жар солиб. Бегонанинг киприклари маъюсгина пирпиради, бошқа нима ҳам қила оларди. Қўлидан нима ҳам келарди. Қулоғимга Мадатнинг: “Қизлар билан қолсин шу ерда”, – дегани эшитилди. Бегона бу баҳс-мунозара нима билан якунланишини қимир этмай кутарди. Ўзини қурбонликка сўйишни ният қилаётганларга ёлғиз қўзичоққина, ичиб бўлгач, унинг таъмини ё мақташ ёки ёмонлашларига фақат сувгина, бемалол поясидан узиб олишлари ёки тегмай қолдиришларига нурафшон кунгабоқаргина шунақа изн бериб жим тура олади. Унинг қизил кўйлаги чарсиллаб ёнаётган гулханга ўхшарди. Бизнинг нигоҳларимиз остида у иймангандек чурқ этмас, ўзи ва ношудлиги ҳақида бўлаётган баҳсларга жимгина қулоқ соларди. Дафъатан, мен унинг мана шу муаллимадан ҳам, мардона Мадат, манави бир-биридан сулувроқ қизлардан ҳам яхшироқ, кўнглимга яқинроқ эканлигини ҳис қилиб қолдим. Шу сабабли мана шунақа ёзғиришларига йўл очиб берган кўйлагининг орқасидан ҳар хил ҳарфлар қолдиғини излаб топиб, уни маломатга қолдирганим учун ўзимни энг ёмон, энг қабиҳ одам деб ҳисоблардим. У яна қулт этиб ютинди, нимжон бўйин томирлари тортишди, буни кўриб юрагим сиқилди, нима қиларимни билмай, ҳаво етишмаётгандек дам-бадам хўрсинар, баайни унинг ўрнида мен изтироб чекардим. Гўё у эмас, мен отам иҳраб-сиҳраб юргани билан ҳалиям тирик экани, онамга эски, ола-қуроқ ҳолга келган шиорни беришгани, бунга одамлар ўғриликдек қарашаётгани, тасодифан кўйлагимнинг орқа қисмида “Бегона” деган лаънати калом ясовчи ҳарфлар қолгани ва бу оғир ҳаётда кўп нарсаларни енгиб ўтишга ожизлик қилаётганимдан ўртанардим.
– Мадат менинг ўрнимга ўтсин, мен унинг ўрнига ўтай, – дедим.
Муаллима гапимни эшитмаганга олди.
– Мадат ўта қолсин мени…
Муаллима ялт этиб менга қаради. “Хоҳламасангиз, керакмас”, деб ўйладим ва бунақа қараб қўйганидан ҳарбий интизомга тўла риоя қилишим, бинобарин, тўғри мурожаат қилишим лозимлигини англаб қолдим.
– Мурожаат қилишимга рухсат этинг! – Мен шахд билан бир қадам олдинга чиқиб, қотиб турдим ва таклифимни айтдим: – Буюринг, Мадат иккинчи командага ўтсин, мен биринчига.
Муаллима эшитилар-эшитилмас овозда сўради:
– Нима дединг? Бошқатдан қайтар!
Мен гапимни яна такрорладим:
– Буюринг, мен биринчи командага ўтаман, Мадат менинг ўрнимга, иккинчи командага ўтсин. – Кейин Мадатга юзландим: – Модомики, Артавазднинг командангда қолишини истамас экансан, командаларимизни алмашайлик!
У менга ўқрайиб қўйди ва юзини буриб олди. Мен эсанкираб қолдим. Унинг нега бунақа қилгани сабабини тушунганимда баттар ўзимни йўқотиб қўйдим. Унинг гуруҳига норғул, азамат болалар йиғилган, менинг гуруҳимга эса деярли ҳаммаси нимжон, пачоқ болалар тушганди. Қолаверса, Мадатнинг ўзи ҳам баланд бўйли, менга нисбатан анча тик эди, мен эсам паканаларга етакчи бўлишни таклиф қилаётгандим. Тўғрисини айтсам, ундан абжир, бир сўзли, иродаси мустаҳкам қўмондон чиқарди. Ганнибал, деб ўйладим, Суворов, Кутузов… Мен уни, ҳали қараб турасиз, Кутузов дейман. Лекин унинг исми шундоқ ҳам жарангдор – Мадатов! Генерал Мадатов. Хуллас, сени шундай – генерал Мадатов деб атаймиз, хафа бўлмайсан…
– Ҳеч ким ҳеч қаёққа ўтмайди, – деди муаллима. – Биринчи гуруҳ, Қайнарбулоқ сари марш!
– Йўқ, – деди Мадат ўша ҳиссиз ва қайсарона, шу билан бирга менсимаган оҳангда. – Бегонани менинг командамдан йўқотинг.
– Яна қанақа Бегона?! – қичқирди муаллима.
– Яхши биласиз кимни айтаётганимни, – деди Мадат.
– Командага сен бошлиқсан, деб ким айтди сенга? – дея бақирди муаллима.
– Ҳамма билади буни, – деди у.
– Ҳозир сени ертўлага қамаб қўйсам-чи? – деди муаллима.
У бир дақиқа жим турди. Сўнг сафдан чиқиб ертўла томон шахдам юриб кета бошлади.
– Қайт орқангга! – дея қичқирди муаллима.
Мадат ўгирилиб қарамади.
– Мени ертўлага солиб, устимдан эшикни тамбалаб олинг, – деди у. У тобора биздан узоқлашиб борди-да, муаллима тилга олган ертўла зинасидан туша бошлади, ниҳоят, кўзга кўринмай қолди. Унинг отаси – муаллиманинг акаси, абадий қайтиб келмаслик учун ўлимга худди шу тариқа тик борган бўлса керак.
– Қайт орқангга… – деди илтимос оҳангида муаллима.
Мадат энди зинанинг пастроғида турар, бизга фақатгина боши кўринарди, хуллас, у бир марта ҳам бурилиб қарамади. Қайтсинми ёки ертўлага тушиб бораверсинми? Йўқ, у ортига қайтмайди, ҳеч қачон сўзини қайтариб олмайди. Бизга унинг ёлғиз боши кўринарди. Аммаси уни зулмат, чоҳ бутунлай ютиб юборишини кўрмаслик учун ўгирилиб олди.
– Ҳаммасига сен сабабчисан, – деган дашном қулоғимга чалинди.
Ҳамма норози бўлиб Бегонага қаради. Энди ҳамма мана шу тахлит қараётганини кўриб, у ўзини айбсиз бўлгани учун узоқларга тикилиб, аҳамият бермагандек тутолмади, йўқ, энди у худди барчасига ёлғиз ўзи айбдордек жунжикиб турарди, ҳатто аянчли тарзда ўз норозилигини ифодалаш учун қулт этиб ютинишга ҳам журъат қилолмади. Мадат зинадан қайтиб чиқа бошлади – у намойишкорона келиб, ўзининг қўмондонлик вазифасини бажаришга тайёр генералдек виқор билан сафнинг бошидан ўрин олди. Уни ёмон кўриб кетдим. Ҳамма Бегонага ёзғириб қараётган пайт, Бегона ўзини гуноҳкор ҳис қилиб турганида, мен Мадатни ёмон кўриб қолганим сабабли, Бегона айбдор эмас, деган қарорга келдим. Қуён овчининг ити олдида қаршилик қилолмай, жунжикиб тургани учунгина гуноҳкор бўлиб қоладими? Ҳеч виждони қийналмай, ҳеч ўкинмай – у қайтиб келди-да, ўзини мағрур тутиб, гуруҳ қўмондони сифатида бамайлихотир сўз қотди:
– Илтимос қиламан, менинг командамдан олинг уни.
– Нега?
– У яхши югуролмайди.
– Шунақами? – деди муаллима.
– Тушунгандирсиз энди. У бизнинг болалар билан тенглашолмайди. Уни деб мағлуб бўлишни истамаймиз.
Мен ҳикоя қилиб берган бу воқеа чинданам шундай бўлган эди. Лекин мен ўша пайтда ҳам бир нарсани тушунмаганман, ҳали-ҳануз тушунолмайман, қандай қилиб ўзига ўхшаган бир одамнинг кўз ўнгида уни сўтак, югуролмайди, қўлидан ҳеч нарса келмайди, ношуд, деб камситиш мумкин.
– У сизларга ўхшаб тез югуролмайди, сиз эса унга қараб секинроқ чополмайсиз, тушунарли, – деди муаллима. – Лекин уни нима қилиш керак?
Мадат жавоб бермади, у гуруҳига ҳақиқий қўмондондек кўз югуртириб чиқди-да, Бегонага нафрат билан ўқрайди, бу унинг, чиқ сафдан бу ёққа, дегани эди, мана шунинг учун ёмон кўриб кетдим уни.
– Нима, сен ҳалиям гапингдан қайтмадингми? – деди муаллима. Унинг бу гапига энсам қотди. Чунки муаллима, назаримда, Мадатнинг мустақил фикрга эгалиги, ўз фикрида қатъий туришидан хурсанддек эди. У менга юзланди-да:
– Сен нима дейсан бунга? – деди.
Шамол ғир-ғир эсар, кўкда лочин парвоз қилар, суви бир ариққа етадиган шаршара тошдан-тошга урилиб тушар, олисда шўхгина бузоқ кўзга ташланарди – югуришдан осонроқ, ҳузурбахш машғулот борми оламда?! Мен: “Бизнинг еттинчи рақамли одамимизни олиб, ўрнига Артаваздни беринг, иложи бўлса”, – демоқчи бўлиб, энди оғзимни очганимни биламан, лоп этиб Мадат айнан шу гапимни кутиб турганини пайқаб, тилимни тийдим. Унинг кўзлари ва бутун кўриниши беорларча, сени ҳар қанақасига ютаман, менинг командам сенинг гуруҳинг устидан барибир ғалаба қозонади дегандек бўларди худди эрталаб оғзимга кир қорни тиқиштиргандек, ҳозир қандай бўлмасин энг ношуд болани менга ўтказмоқчи эди.
– Мен нима қилай? – тилимга фақат шу гап келди.
– Артаваздни сенинг командангга ўтказайликми?
– Негайкан энди? – дея минғилладим. – Қандай бўлинган бўлсак, шундай қолаверсин.
Муаллима тишини тишига босиб амр қилди:
– Сафланинг! Сен уйингда эмассан, мен эса онанг эмасман.
“Аммам ҳам эмассиз”, – дедим ичимда, гарчи математика дарсидан қўрқсам ҳам, бунинг устига мендан қандай жавоб кутаётганини жуда яхши тушунсам ҳам.
– У югуролмайди, одамни уялтириб қўйиши мумкин, – дедим.
Тўғри, бу пасткашлик эди аслида, бироқ бир пайтнинг ўзида одам ҳам ҳалол, ҳам қасоскор бўлиши мумкинми? Мен қандай бўлмасин Мадатдан ўч олишим керак эди.
– Ҳозиргина, уни командамга ўтказиб беринг, деб ҳоли-жонимга қўймаётган эдинг-ку! – деди муаллима.
Унга нима сабабдан бир дақиқа аввал рози бўлиб, энди гапимдан қайтаётганимни қанақа қилиб тушунтирай?!
– Энди эса, розимасман, – дедим.
– Нега?
– Шунчаки, – дедим ва ўзимни ёмон кўриб кетдим. Бировга ёмон кўринишдан оғир савдо борми? Мен муаллимадан кўзимни олиб қочдим.
Йўлда гўё ғалаба қозонган еттинчи синф ўқувчилари-ю мағлуб бўлган саккизинчи синфдагилар ҳориб-чарчаб келишарди. Ҳаммалари бўшашиб, бошини кўтармай, судралишарди. Ёғочдан ясалган милтиқларини судраб аранг қадам босишарди. Кимдир энгашиб бир сиқим қор олди-да, шоша-пиша оғзига тиқди. Гапиришга ҳоллари келмасди. Қўйиб берса, шу ондаёқ ўзларини қорга таппа ташлаб ухлашга тайёр эдилар!
– Умуман олганда, хоҳласангиз, Артавазд биз томонга ўтсин, майли, – дедим мен.
– Демак, розисан-а шунга? – деди муаллима.
Мен бош ирғадим.
– Менга айт-чи, нега сен яна розилик билдиряпсан?
– Рози бўлдими, тамом! – деди Мадат.
– Сендан сўраётганим йўқ, жим тур. Нега рози бўлаяпсан?
– Балки секин югуриш осонроқ бўлади, деб ўйлаётгандир?
Муаллима менга ғамгин ва ўйчан кўзлари билан боқди.
– Ҳа, – деди у базўр эшитиларли овозда, – эҳтимол, осонроқ бўлар ростдан…
Ёмғир шаррос қуяр, шамол қайларгадир бош олиб кетмоқчидек елар, калхат оҳиста қанот қоқар, момақаймоқ ҳавода чир айланар, ҳаммаси аллақаёқларга йўл олган, учар, интилар эди.
– Анави гуруҳдаги, охирида турган бола билан алмаша қол, Артавазд, – деди муаллима маъюсгина қилиб.
Бизнинг қадамларимиз остида нимадир барибир шитирларди, бироқ у бизнинг гуруҳдаги бола билан ўрнини шундай тез алмаштирдики, мен сезмай қолдим, ҳаттоки муаллиманинг буйруғини эшитмадимикан, деб ўйлабман, унга бўлақол, ўртоқ, деб ўгирилиб қарасам, у аллақачон бизнинг гуруҳ аъзолари орасида турибди.
– Биринчи отряд! Қайнарбулоққа гуллаётган самбиттол олдига бориб, бир дона новдасидан олиб келиш учун йўлга отланинг. Иккинчи отряд…
То муаллима бизга нима топшириқ беришни ўйлагунча Мадатнинг болалари зовурдан ўтиб, Якка эман тепалигига чиқиб борарди. Менинг тиззаларим қалтирарди. Агар бизга ҳозир ўша йўл билан югуришни буюрганида эди муаллима, кўз очиб-юмгунча уларга етиб олиш тугул, ошиб ҳам кетардик…
– Иккинчи отряд тахта тилиш заводига – марш! Ҳар бир ўқувчи бир ҳовучдан қипиқ келтиради.
Мен ҳалиям самбиттол ёнига югуриш ҳақида хаёл сурар, тахта заводига олиб борадиган йўлни эслолмай гаранг бўлардим.
– Буйруқни қайтаринг!
Буйруқни қайтариш учун, аввал уни яхшилаб эшитиб, уқиб олиш керак бўлади. Мен талмовсираб, муаллимага эсипаст одамдек бақрайиб қарадим.
– Қипиқ?
– Ҳа, қипиқ.
Мен яна ҳеч нима тушунмадим. Лекин бунинг учун ўзимни айбдор, деб ҳисобламасдим, чунки сал нарида қизларимиз йиғилишиб туришар, нимаики олиб келиш зарур бўлса, уларга аталган бўларди. Мадатларнинг гуруҳи гуллаган самбиттол новдаси-ю, биз қипиқ келтирарканмизми?
– Қипиқми? – деб сўрадим мен.
– Иккинчи отряд, тайёрланинг! – деб буйруқ берди муаллима. – Тахта заводига югуриб бориш учун! Ҳар бирингиз бир ҳовучдан қипиқ олиб келасиз. Буйруқ тушунарлими?
– Тушунарли! Тахта заводига югуриб бориб, ортга қайтамиз! Буйруқни бажаришга рухсат этинг?
– Ҳар битта бола бир қисим қипиқ олиб келади.
– Хўп бўлади, – дедим мен.
– Қайтар-чи.
Очиғини айтганда, бу энди қийнашдан бошқа нарса эмасди, назаримда, оғзимга қипиқ тиқишаётгандек. Шу боис мен энсам қотиб жавоб қайтардим:
– Ҳар бир одам бир ҳовуч қипиқ келтиради.
– Худди шундай. Энди югур!
Биз гўё қанот чиқариб учдик. Аммо шу чоқ кимдир мени чақириб қолса бўладими? Энди қанотимни кенг ёйиб учишга шайланган фурсатда шаштимдан қайтарса! Мен ўгирилиб бизни қипиқ келтиришга юбораётгани учун эмас, балки бошқа нарсага аччиғланиб муаллимага қарадим. У ёнимга яқинлашди ва юзимга диққат билан тикилди.
– Зўриқиб, жонинг борича югуришинг шарт эмас, – деди у майингина.
– Хўп бўлади!
У кулимсиради.
– Бу буйруқ эмас, – деди у энди беозор оҳангда, – беҳуда кучанманг, демоқчиман, эшитдингми? Тахта заводига шошмасдан бориб, шошмасдан келганингиз яхши. Хўпми?
– Мадатларнинг командаси қанақа югуриб кетишганини кўр­мадингизми?
– Улар бошқа, сиз бошқасиз, – деди у. – Айтдим-ку сенга, ҳовлиқмасдан бораверинглар!
– Хўп бўлади! – дедим ва яқин йўлдан қор кечиб, мактаб боғини кесиб ўтиб, четан девордан ошиб, гуруҳга етиб олдим.
– Болалар! – Мен генерал Мадатов ким бўлгани ва нима сабабдан мен уни Мадатов, демоқчи эканимни айтиб бериш учун энди лабимни жуфтлаган ҳам эдимки, қўққисдан, кутилмаганда Бегона гуп этиб йиқилди. Сирпанганини кўрганим йўқ, чунки оёғининг ости яхламаган, демак, йўл тойғончоқ эмас, шунчаки бир оёғи қорга ботиб, суғуриб олмоқчи бўлганда мувозанатини йўқотиб қўйган, шекилли. Мен жаҳл билан бир нарса демоқчи бўлдиму, лекин у бошини қуйи солиб, айбдорона тургани учун ниятимдан қайтдим.
– Ҳечқиси йўқ, бўлиб туради шунақаси ҳам, – дедим, – ёмон йиқилмадингми, ишқилиб?
– Аксинча, – мириқиб кулишди болалар.
– Ҳеч қанақа сирпанчиқ ер кўринмайди-ю оёғинг тагида, йиқилиб юрибсан?
– Йўғийди, сирпаниб кетмадим ҳам, – деди у аллақандай беозорлик билан.
– Кўп гапирмай бурнинг билан нафас ол!
– Бурун билан нафас олаяпман ҳалиям, – деди унданам беозор оҳангда.
Назаримда, чумолилар гаплашса, овози шунақа чиқса керак.
– Югуришдан осонроғи борми? Қани, бўлақол!
– Ҳозир югураман, – дея шивирлади у.
– Биламан, чопасан, – дедим мен, – фақат бурнингдан нафас ол. Агар оғзинг билан нафас олсанг, томоғинг бирпасда қуриб қолади, димоғинг ачишади.
– Димоғим… ачишмаяпти, – деди у яна пичирлагудек.
Биз анҳор ёқалаб ўтган сўқмоқдан кўтарилиб борардик, қулоқларимиз остида шамол ҳуштак чаларди. Бегонанинг қизил кўйлаги ора-сира кўринмай қолади. У мендан хиёл орқароқда келар, кўз қирим билан уни сезиб борардим. У тишини тишига қўйиб, жон-жаҳди билан тезроқ чопишга, мендан ўзиб кетишга, жилла қурса, елкама-елка югуришга ҳаракат қиларди, лекин мен ҳеч бўлмаганда икки қадам ёки лоақал ярим қадам бўлсин олдинда боришни хоҳлардим.
– Эй бола, ҳай бола, – деган овози келди кимнингдир. – Ҳай бола, нима қиляпсан? – қариларга хос хирқираган бу титроқ овоз тили заҳар Омбор отага, Саргиснинг дадаси, яъни бувамнинг укасига тегишли эди. У анҳорга говмишини чўмилтиришга олиб келган, жонивор жуда ориқлаган, тўртта чўпдай оёғи ўша эти суягига қадалган танасини зўрға кўтарарди. Ота тағин йиқилиб тушмасин, деган хавотирда, унинг думидан ушлаб олган, эҳтимол, ўзи ағдарилиб тушмаслик учун шундай қилганди. У кула-кула деди: – Қаерга кетяпсиз бунчалик югуриб? Немис кўриб қолгудек бўлса, иштонини ҳўл қилиб қўяди-я! – Бобо ҳассаси билан йўлимни тўсди-да, елкамдан маҳкам ушлаб олди. Ноилож тўхтадим, агар унинг қўлидан силтаниб чиқиб кетсам, чоли тушмагур, нимжон эмасми, мувозанатини йўқотиб, аниқ йиқилади. У мени ёноғим, қулоғимдан эркалаб, тишлаб олмоқчи бўлади-ю эпини қилолмайди, қолаверса, унинг оғзида бор-йўғи битта тиши қолган, менинг эса дўмбоқ болалар сингари этим йўқ. – Тишлонғич боболаринг энди илгаридек эмас, унинг ҳатто набирасини ўпишга ҳам ҳоли келмайди, – деди у титроқ овозда.
Мен унинг қоқсуяк бағридан сирғалиб чиқдим. Лекин шу дамда мен унинг набирасини жуда яхши кўришини, қуриган дарахтга ўхшаган вужудида бир томчи меҳр қолган бўлсаям, ўшани менга бермоқчилигини ҳис қилардим, ҳатто назаримда, менинг юзим, ёноқларим, бурним, даҳаним унинг юмшоқ, намхуш соқолини эслаб қолгандек, қулоқларим остида унинг ожизона хирқираган овози сақланиб қолгандек туюлар, биз болаларга ўхшаб ўзини Тишлонғич бобо, деб атайдиган аждодимнинг бу маъсум қиёфаси бир умр хотирамдан кетмаса керак, деб ўйлардим. Мен, ўз гуруҳимга улкан Хачкар ёнида етиб олдим, аввалига бирмунча вақт Бегона билан ёнма-ён югуриб бордим, сўнг уни орқада қолдириб кетдим. Бироқ у мендан орқада қолишни истамадими, бор кучини ишга солиб чопишга тушди, тишини тишига босиб, қилтиллаган кўксини олдинга чиқарганча шамолдек елиб келарди. Лекин у минг уринмасин, барибир ортда қолди, мен яна кўз қирим билан унинг қизил кўйлагини гоҳ кўриб, гоҳ кўрмай борардим.
Мен қадамимни секинлатдим, гуруҳ командири энг орқада қолсаям бўлаверади, қайтанга йўлда битта-яримта одамини кўздан қочирмаслик учун айни муддао, мен аввал биттасини, кейин иккинчисини, учинчи, тўртинчисини ўтказиб юбордим, охири қизил кўйлакли Бегона менга етиб олди ва биз ёнма-ён югуриб кета бошладик. Мен ундан:
– Қалай ишлар? – деб сўрадим.
У шивирлагудек жавоб қайтарди:
– Яхши.
– Бир ҳовуч қипиқ олинглар дейишгани эсингдами?
– Эсимда.
– Мазанг қочмаяптими, ишқилиб? – деб сўрадим мен.
У жавоб қилмади, сўнг шивирлади:
– Ёнма-ён бўлсак, мазам қочмайди.
– Йўлнинг ярмидан ўтдик-а, нима дединг? – деб сўрадим.
– Озгина қолди, – деди у заифгина.
– Озгина? Жиннимисан, тахта заводи қаердалигини биласанми ўзи?
– Бир марта ойим пўстлоққа юборгандилар, – деди у шивирлаб, – отам рухсат бермагандилар.
– Кўзим етмаяпти ярмидан ўтганимизга.
У ўзига ўзи гапираётгандек минғиллади:
– Айтяпману… оз қолди… Ҳозир етиб борамиз.
– Йўғ-э, ҳали ярмидан кўпи бор… – Бирдан бир нимани пайқаб қолгандек бўлдим: – Нима, ўзингни ёмон ҳис қиляпсанми?
Томоғи қуриди, шекилли, у чуқур нафас олиб, кейин шипшиди:
– Бирга бўлсам, ёнингда…
– Мен Мадатни бекорга генерал Мадатов, демаяпман… – дедим мен. – Сал тезроқ ҳаракат қилсанг бўларди… – Шу чоқ унга айтгим келиб нуқул эсимдан чиқиб қолаётган жуда муҳим бир нарсани айтиш истаги юрагимда хуруж қилаётганини ҳис қилдим. У менга етиб олди ва биз ёнма-ён бўлганимизда кўнглимни ўша юкдан бўшатдим.
– Биз доим ёнма-ён, – дедим мен.
Аммо бунинг иложи йўқ эди. Мен секинлашсам, у ҳам секинлашар, тезроқ югура бошласам, орқароқда қоларди. Дам-бадам ўзимни тийишимга тўғри келарди. Бизникилар Кичик эманзор тепалигидан ошиб ўтишди. Мен бир нарсани энди тушундим, қанчалик секин чопсам, у ҳам шунчалик секин югуради, демак, иложи борича тўхтаб қолмаслигим керак. Шаршара, табиийки, тошдан-тошга урилиб тушади, бургут, табиийки, кўкда парвоз қилади, шамол, табиийки, ям-яшил далалар узра тинмай эсади – борлиқ аро ҳамма нарса ҳаракатда бўлади, қувонади, қуёш нурлари остида ярқираган оппоқ қор жилва қилади… бироқ Тишлонғич бобо замин узра базўр қадам ташлайди, унинг сигири ҳам эгасига монанд.
– Бу нима? – деб шивирлайди у. – Ҳеч нарса кўринмаяпти.
– Қор-чи, қуёш-чи?
– Қанақа қуёш?
– Кўзингни қисиб қарагин.
У чиройли бошини орқага ташлаганча офтобдан кўз узмай югуради.
– Нима бало, бекинмачоқ ўйнаяпсанми? – дедим мен.
У менга етиб олди.
– Жудаям оз қолди, тўғрими? – дея шивирлади у.
– Вой, вой-й! – деган овоз эшитилди.
Йўл ёқасидаги харсангтошга аёллар – бизнинг оналаримиз чўк тушгандилар. Улар тандирда қизариб пишган нондек қайноқ юзларини биз томон бурганча ўтиришарди.
– Бу муаллимангиз болаларни намунча қийнамаса? – дейишарди улар. Ҳолбуки, ўзлари ҳам қийналишарди. Улар машғулотдан қайтиб келишаётганди, газниқобни эндигина ечишган бўлсалар керак, юзлари бўғриқиб кетган, ҳаётда эса бу аёллар биздан ҳам рангпарроқ эдилар.
– Қипиқ олиб келгани кетяпмиз, – дедим югуриб бораётиб.
– Бошингга урасанми қипиқни, қайт орқангга, – деди улардан бири. Улар ортда қолишди.
– Ер ютсин шу қипиғини, болаларга раҳми келмайдими?
Аммо бизга эмас, уларнинг ўзларига ачиниш керак эди, чунки кечқурун улар бизни қайноқ сув билан ювинтириб қўйишади, орқаларимизни, тиззаларимизни ювишади, сочиқ билан артишади, ўрин солиб беришади…
– Оғзингни юм, – дедим мен, – бурундан нафас ол.
У гапимни икки қилмади-ю, лекин қарасам, қирғоққа чиқиб қолган балиқ сингари оғзини каппа очиб олган.
– Бурундан нафас ол.
– Бурун билан нафас олсам, ҳаво…
– Нима ҳаво?
– Ачиштиради кўксимни. – У менга етиб олди-да, елкаси елкамга урилди ва яна орқада қолди.
– Кўйлагингни ювиш керак, – дедим мен.
– Ювишди, лекин ҳарфлар сира кетмаяпти…
– Мадатни, Бегона… Мадатни генерал Мадатов, деб чақирамиз, – дедим.
– Уларга ҳозир оғир жуда, тепага югуриб чиқишлари керак, – деб шивирлади у, – ҳозир тўхтаб, дам олишаётган бўлишса керак.
– Ҳа, биз эса қайтишда шунақа қийналамиз.
– Уларга эса ҳозир қийин.
– Улар самбиттол новдасини келтиришади.
– Уларга жуда қийин ҳозир, – дея шивирлади у, – Мадатнинг кўнгли айниётгандир, балки.
– Сеники айнимаяптими? Нега индамайсан, айнияптими кўнглинг?
– Биз текис йўлдан кетаяпмиз, – деди у, – улар эса тоққа чиқишлари керак.
– Улар ҳозир ортларига қайтадилар, – дедим мен, – самбиттол новдасини олиб келишади, биз эса қипиқ олиб борамиз.
– Ҳа, қипиқ…
– Нега қипиқ, биласанми?
– Билмайман, – деди у, – муаллима буюрди…
– Қипиқ оборсак, муаллима унга қараб, тахта заводига борганимизга ишонади. Шунинг учун тахта заводига албатта боришимиз керак. Самбиттол новдаси ҳам шунинг учун. Сен бекорга аёллар берган қипиқни олмадинг, олавериш керак эди. Эшитяпсанми, қайтиб боргин-да, ўша аёллардан қипиқни олгин, хўпми?! Кейин ўша ерда кутиб ўтир, биз тезда қайтамиз.
У орқада қола бошлади, ҳатто каловланиб, йўлдан чиқиб кетди, йўқ, бироздан сўнг ўзини қўлга олиб, яна менга етиб олди.
– Қайтиб боргин-у, пайраҳани олиб ўша ерда кутиб ўтир. Эшитдингми?
Унинг ўзи эмас, гўё ўрнига бошқа биров, худди ичида унга қулоқ солмайдиган, итоат этмайдиган яна битта қайсар, бир сўзли одам бору, ана ўша югураётгандек. Ана ўша уни туртиб, йўлдан адаштирар, у зўр-базўр ўша кучга қаршилик қилиб, уни енгиб, яна менга етиб оларди.
– Тўхта, – дедим ва ўзим ҳам тўхтаб унга ўгирилдим: у чайқалиб аранг оёқда турарди, чиройли бошини кўтариб қараган эди, кўзлари қизариб кетганини кўрдим. – Қайтиб боргин-да, қипиқни олиб кутиб тур бизни.
Унинг нигоҳи бўтана сув каби лойқа, хира бўлгани учунми, кўзларидан ҳеч нарсани илғаб бўлмасди, худди ўзидан нима исташларини, тинчгина ўлишга йўл қўймаётганларини англамаётган касал бузоқча менга бақрайиб тургандек туюларди.
– Эшитмаяпман, – дея шивирлади у, – худди сув остидаману, ҳеч нарсани эшитмаяпман.
Мен унинг ўзига келишини кутдим, лекин у хира кўзларини мендан узмай анчагача гандираклаб турди. Охири сабрим чидамай уни қишлоқ томонга ўгириб қўйдим-да, бор энди, дея итариб юбордим. У эътироз ҳам қилмади, лом-мим ҳам демади, назаримда, ортга қайтиб кетишга рози бўлгандек эди.
– Тўғри мактабга борамизми? – деди у.
– Бир ўзинг борасан, мен эса тахта заводига бориб, болалар билан келаман.
– Ҳаммангиз яна югурасизларми? – деди у ялинчоқ оҳангда.
Аламимдан йиғлаб юборай дедим.
– Кеч қолаяпман, тушунаяпсанми, кечикяпман сени деб, шундоғам ушланиб қолдим.
– Барибир югурмоқчисизлар-а!.. – Унинг юзи буришиб, кўзлари ёшланди. – Югурмоқчисизлар, сен ҳам…
– Нега кўзингнинг сувини оқизаверасан, мен йиғлашим керак аслида… – ғазабим қайнади.
– Юр, бирга қайтамиз, – деди у ҳиссиз, сўник овозда, бунақа қонимни ичади деб сира ўйламагандим.
– Мен нимага қайтиб кетарканман, ҳали югуриб чарчамаган бўлсам.
– Ҳаммангиз югурасизлар барибир.
– Нима, мен сенинг ота-онангманми, кўз ёшингни оқизаверасан, бор, уйингга бориб йиғла! – Мен уни қишлоқ томон ундадим.
– Бирга қайтамиз икковимиз… сен билан мен…
– Нима, бир ўзинг кетгинг келмаяптими, қўрқасанми? Бу ерларда бўри йўқ, ҳеч ким еб қўймайди сени, бор!
– Йўқ! – деди у лўнда қилиб.
– Йўқ бўлса нима қилмоқчисан?
У бошини кўтариб менга хира кўзлари билан тикилди.
– Унда нимага бунақа деяпсан? – дея қайта сўрадим мен.
– Айтишадики… айтишадики…
У ерга қаради.
– Нима дейишади?
– Айтишадики, – деди у нола қилаётгандек таъсирчан овозда, – ҳамма югуриб борди, охиригача, Бегона ярим йўлдан қайтиб кетди, дейишади. Ҳамма охиригача борса-ю, битта мен…
– Бу билан нима демоқчисан… – ўзимни тутолмай ўдағайладим унга. Ҳолбуки, у тўғри айтаётганди, аввалига мен ошириб юбордим, шекилли, йўқ, боядан бери қулоғига танбур чертаётган эканман-да, сира тушунгиси келмайди, битта гапни такрорлайверадими ҳадеб. Мен уни кучим борича итариб юборардим: – Қаёққа боришни айтайми…
У гурсиллаб йиқилди, мен ниҳоят, қутулганимга шукур қилиб югуриб кетдим.
– Шу ерда ўтир! – деб қичқирдим ўгирилмай. – Қимирламай ўтир, сенгаям қипиқ олиб келаман.
Бироқ у ўрнидан туриб қаддини тиклади-да, гандираклаганча мен томонга юрди. Мен тутоқиб уни кутиб турдим. Қани, келсин-чи ёнимга, яқинроқ келсин яна, деб кутдим, уни битта уриб хумордан чиқмоқчи бўлдим. Аммо у ёнимга етиб келолмади, оёқлари бирдан букилиб тиззалаб қолди, сўнг ёнбоши билан йиқилди.
– Тасқара! – дедим жон-поним чиқиб.
Бегона ўрнидан туришга уринди. У иккита қўлига таяниб турмоқчи бўлар, лекин сира иложини қилолмасди. Шу аҳволда у бузоқчага ўхшаб чиройли бошини кўтарди-да, илтижо билан менга термилди. Унинг шу туриши кўз олдимда қолди. Мен югуриб кетдим. Ортимга қарашга қўрқардим. Унинг гандираклаб юриши ҳамда йиқилишини яна кўргим келмасди. Мен тобора ундан узоқлашиб борар эканман, оёқларим оғирлашиб, тез югура олмаётганим, бир ўзим, ёлғиз, ҳамроҳсиз югураётганим учун шундай бўлаяпти, деб хаёл қилардим, лекин бу ёлғон хаёл эди, ўзимни-ўзим алдаш, чалғитиш учунгина шундай деб ўйлардим, ҳолбуки, аксинча, мен шамолдек елиб борар, айтиш мумкинки, қулоқларим остида шамол ҳуштак чалаётгандек бўларди. Мен қандайдир хунук иш бўлганини, уни шу аҳволда қолдириб кетмаслик кераклигини тушунишни ҳам истамасдим, иложи борича бу кўнгилсиз, абгор манзарадан тезроқ нари кетиш учун югурганим афзал, деб ўйлардим. “Тезроқ, тезроқ, тезроқ, – дердим ўзимга ўзим. – Тезроқ югур, муаллима сенга командани ишониб топширди, тушуняпсанми! Тахта заводига боришинг шарт. Мажбурсан. Тезроқ бўл, тезроқ… Қандайдир кўнгилсиз воқеа рўй берди, тўғри! Бироқ ўтди, юз бериб бўлди, эсдан чиқар энди, қайтаролмайсан орқага барибир, шунинг учун тезроқ нари кетсанг, ўзингга яхши, унутасан, демак, қутуласан… Ким югура олмаса, югурмай қўя қолсин”. Мен беихтиёр секинлашдим. Тўхтаб, изимга қайтмоқчи ҳам бўлдим, бироқ шунча масофани босиб қўйдим, энди қайтиб боришга ачиндим; оёқларим оғирлашган ва секинроқ югураётгандекман, бунга юқорига ўрлаб бораётганим сабаб деб ўйладим, ўзимча. Мен тепалик чўққисига чиқиб, пастликка визиллаб туша бошладим, фақат қоқилиб, йиқилмасам бўлди, қиялама йўлнинг ўзи мени пастга олиб кетарди, лекин шунга қарамай югуриш тобора машаққатли бўлиб борарди…
…Мана сенга бир замонлар қилган, лекин ҳалигача ич-этимни тирнаб келаётган виждонсизлигим тарихини ҳикоя қилиб бердим… Орадан йигирма беш йил ўтди. Олий ҳакам судланувчига ҳукмни ўқиб эшиттирар экан: “Фалон-фалон жиноятларинг эвазига йигирма беш йилга қамашимизни истайсанми ёки ўлимга маҳкум қилишимизними, шу икковидан бирини танлашинг керак”, – деса, маҳбус: “Қатл ёки йигирма беш йил қамоқ? Барибир эмасми?” – деб ўйлайди ва шундай жавоб қилади. Мен жиноят қилганим йўқ, менга судда ҳеч ким бунақа савол бермади, шунчаки сенга бир гапни айтмоқчиман, йигирма беш йил ўлим билан баравар узоқ муддат, чунки бу давр ичида қанчадан-қанча нарсалар йўқ бўлиб кетиши, нобуд бўлиши, таназзулга юз тутиши, хотирадан бутунлай ўчиб кетиши, сени ўқитган кекса, қаттиққўл муаллима кўзларини қисиб: “Йўқ, сизни эслолмаяпман… кўзойнагимни олишни унутибман, кечирасиз, танимаяпман”, дейиши мумкин, сен ўша аёлнинг юз-кўзига тикила-тикила сира тушунолмайсан ва қачонлардир ана шу нурсиз, хира кўзлар ҳақида “ранг-баранг кўзлар жилва қиларди”, деганингга ишонолмайсан, шу беқарор кўзлар, демакки, ҳаётнинг атиги бир кунида, бир марта сенга қарагану, сўнг қайта умрбод кўринмаган, қушлар каби учиб кетган бу нигоҳ ёки ранг-баранг бошқа қизларнинг ранг-баранг кўзларига кўчиб ўтган. Ҳамма нарса хира тортади, унутилади, ўзгаради… бироқ болалигингда юз берган мана шу воқеа ҳеч қачон хотирангдан ўчмайди ва ким бўлма, кўнглингда қолади – кетмайди… Башарти сен болалигингда жамоа билан бирга югурган бўлсанг, хаёлларинг кўчасида сен ва ўртоқларинг оёқлари остидан кўтарилган… тапиллаб эшитилаётган товушлар сўнмайди… Башарти сен ўртоғингни бир сиқим қипиққа олмаган бўлсанг… ҳа, дўстингни бир ҳовуч қипиққа олмаган бўлсанг, яъни у йиқилган жойидан туролмай, ортингдан мўлт-мўлт термилиб сендан умидвор кўзларини узмаган чоғда, ёлғиз бир ўзини мана шу аҳволда ташлаб кетган бўлсанг, ҳар қанча оғир, машаққатли бўлса ҳам тепаликдан ошиб ўтаман, деб хомтама бўлма, башарти унга ўгирилиб қарамасанг ва яна бир марта ортингдан бошини кўтариб сенга термилиб қолганини яна бир марта кўрмасанг, буларнинг ҳаммаси йиллар тўзонида унутилиб кетади, деб ўйлама. Қарамасанг ҳам, қарамаган бўлсанг ҳам умрбод кўз олдингдан кетмайди у, сен югурасан, толмайсан, лекин беқанот қушлар учолмай, маррага ета олмагани каби юксала олмайсан. Виждонинг қийналади, азоб чекасан ва ҳеч қачон бу тинчлик ва ҳаловат бермайди хаёлларингга.
Тахта заводидан от-аравада тахта ташишарди. Бадалиялик Горький лақабли чол аравакаш эди. Мен унинг аравасини ўтказиб юбориш учун йўл четига ўтиб турдим-да, негадир енгил тортдим.
– Авак амаки, – дедим мен, – Дарбненц Арсеннинг невараси биз билан югуролмай йўлда қолиб кетди, уни ўзингиз билан қишлоққа олиб кетинг. Биз ҳар қанча айтсак ҳам ҳеч унамаяпти.
– Сен ўзинг кимнинг ўғлисан? – деб сўради у. Авак амакининг ёши жуда улуғ эди, эҳтимол, у менинг отамни танимаслиги ҳам мумкин, шу сабаб бувамнинг номини айтдим.
– Мен Аветикнинг неварасиман.
Горький бобонинг ҳўкизлари ориқ, тахталар эса янги тилинган, ҳали ҳўл, қуритилмаган, бинобарин, зил-замбил эди, ҳўкизлар аранг аравани тортиб келарди. Ғилдираги тошга тиқилиб, арава тўхтаб қолди.
– Эҳ, итвачча, – деди у менга ва ҳўкизларни хивич билан солди, – сен ҳали ўртоғингни ярим йўлда ташлаб кетиб, яна менга қишлоққа элтиб қўйинг, деяпсанми, номард!
Ҳўкизлар бир кучанганди, тош устидан ўтиб кетди. Арава узоқлашди, йўл очилди ҳамки, мен қоққан қозиқдек туравердим. Юрагим тез-тез ура бошлади, хаёлим қочди. Теварак-атрофда дов-дарахтлар, буталар қотиб турар, шохлардаги момиқ қор ялтирар, борлиқни сукунат қоплаган эди, гўё бир пайтлари қалин қор ёққанда эман пўстлоғи териб келишга чиққанимдек баайни таниш бир манзара ястаниб ётар эди. Мен ўзим ҳам қор остида хаёлчан қотиб турардим. Қулоғимга узоқ йўлнинг аллақаерида ҳўкизни қамчин билан чарсиллатиб савалашаётгани эшитилар, демак, қаердадир арава ботиб қолган, демак, ғилдирак лойда бекордан-бекорга айланар, лекин олдинга бир қарич ҳам силжимаётган бўларди. Дунёда нималар бўлаяпти дейсиз, мен эса, мана шу қор босган, кимсасиз даланинг ўртасида нима қилишни билмай турибман. Мен яна йўл ўртасидаман, лекин қарасам анча вақт қимир этмай тураверибман. Эҳтимол, Авак бобонинг гаплари таъсир қилгандир, балки хотирамда эман пўстлоғи теришга борган пайтларим жонланиб, ўша беғубор болалигимдан мерос бўлиб қолган бир нимани йўқотиб қўйган каби хаёлга чўмгандирман. Мен яна йўлга тушдим, лекин қаёққа бораётганимни дастлаб ўзим ҳам тушунмадим. Ҳолбуки, оёқларим ўз-ўзидан мени тахта заводи томон элтаётган эди. Гарчи оёқларим мени тахта заводи томон элтаётган бўлса ҳам, назаримда, худди қишлоқ томонга югуриб кетаётгандекману, йўлда йиқилиб ётган Артавазд бошини зўрға кўтариб хира кўзлари билан менга тикилаётгандек бўларди. Йўқ, мен қишлоқ томон эмас, бир ҳовуч қипиқ келтиргани тахта заводига югурардим. Тахта заводи ёнидаги йўлда болаларнинг шарпаси кўзга чалинди. Мен қор кечиб, сайҳонлик ва музлаган дарё орқали ўтиб, болалардан илгарироқ тахта заводига етиб боришим мумкин эди, бироқ шу дамда мен уларни қувиб етишни, уларга қўшилиб, улардан бирига айланиб қолишни истардим. Тахта заводининг дарвозаси ёнида уларга етиб олдим-да, у ёғига болалар билан бирга кетдик.
– Бегона қани, чополмадими? – дея сўрашди мендан.
– Йўқ, чополмади, – дедим мен; “сен ўзинг бегонасан” дейишга ботинолмай, ўрнига “чополмади”, дедим, холос.
Мен энгашиб тўлдириб-тўлдириб икки ҳовуч қипиқ олдим – биттаси Артавазд учун, бошқаси ўзим учун. Ўнг қўлимдагини Артаваздга бераман, гўё саломлашгани қўл узатаётгандек бўламану, унга тутқазаман: мана, сен учун келтирдим, сеники бу.
– Сен неччи ҳовуч олдинг? – деб сўрадим болаларнинг биридан.
– Бир ҳовуч, нимайди?
– Артавазд учун ҳам олдингми?
– Артавазд учунми?
– У келолмади, ярим йўлда қолиб кетди, унгаям қипиқ олмадингми?
– Нега оларканман?
– Ахир, у қолиб кетди-ку, – дедим мен.
– Йўқ, олганим йўқ!
– Мен эса олдим, мана, қара, шуни бериб қўйгин унга.
– Ўзинг олдингми, ўзинг беравер.
Мен Артаваздга қўлимни узатишга қийналишим сабабини тушунтириб ўтирмадим, ҳолбуки, буни ўзим ҳам тушунмасдим. Мен ҳали нима сабабли унга, ўз дўстимга узатгандек қўл узатишга ҳаққим йўқлигини англаб етмаган эдим.
– Мадат ўз командаси билан ҳозир қаердайкан? – дея сўрадим.
– Келишаётган бўлса керак улар ҳам.
– Самбиттол ёнида бўлса керак. Менга қара, Артаваздга қипиқни сен бериб қўёлмайсанми?
– Ўзинг олдингми, ўзинг беравер.
– Ўлиб қоласанми бериб қўйсанг!
– Ўзинг ўлиб қоласанми?
– Секинроқ югурайлик, улар энди самбиттоллар олдига етиб боришди, шекилли.
– Улар боя қайтиб кетишаётганди, етиб келишгандирам.
– Бўлиши мумкин. Уларнинг гуруҳида Артавазд йўқ-да, – дедим хомушгина.
– Бизнинг гуруҳда ҳам йўқ.
– Балки Горький бобо олиб кетгандир, – дедим мен. – Секинроқ югур.
– Югуролмасанг югурма, – дейишди улар менга.
Улар менга қарата шундай дейишганини дабдурустдан тушунмадим.
– Кимни айтаяпсан югуролмайди деб? Қани, бир ўзингни кўрайлик-чи…
Мен шиддат билан олдинга отилдим ва қани, етиб олинглар-чи, демоқчи ҳам бўлдим. Мен минг уринганим билан улардан ўтиб кетолмас, негадир оёқларим чалишар, нималар бўлаётганини, худди аллақандай санскрит грамматикаси ҳақида биров савол бериб қолгану, шуни тушунолмаётгандек эдим. Нимадир шамолдек елишимга халал берарди.
– Артаваздни деб ким сиздан бир соатча орқада қолса ҳам кейин етиб олди? – деб сўрадим болалардан аччиғим келиб.
– Сен.
Кўнглим жойига тушди.
– Ростини айтганда, – дейишди улар менга, – Артаваздни деб орқада қолдинг. Тахта заводи олдида етиб олдинг. Артавазд эмас, сен қувиб етдинг бизни.
– Ана, мен етиб келдиму сиз билан баравар тахта заводига.
– Сиз икковингиз қолгандингиз, сен етиб келдинг, Артавазд қолиб кетди.
– У югура олмаса, нима қилай, менда нима айб?
– Ким айтди сени айбдор деб?
– Мен айбдор эмасман.
– Ҳа, сен айбдор эмассан.
– Қайтанга мен унинг учун қипиқ олиб кетаяпман.
– Буни нима қиласан?
– Унга бераман.
– Нимага?
– Мен унинг учун олдим.
– Нимани олдинг?
– Қипиқ олдим, қипиқ, қипиқ!.. – деб бақириб юбордим ўзимни тутолмай. – Унинг учун қипиқ олдим, секинроқ югуринглар… Тишлонғич бобо деб, ким ушланиб орқада қолиб кетди, кейин яна ким етиб олди сизларга? Ким?
Улар жавоб беришмади.
– Аввал Тишлонғич бобони деб…
Болалар менинг гапларимни эшитмасди. Улар мендан анча узоқлашиб кетишди. Назаримда, улар югуришмас, бир ерда депсиниб туришарди ёки устимдан, йўқ, менинг устимдан эмас, югуришнинг устидан кулишарди гўё, яна озгина, озгина ҳаракат қилсам, уларга етиб оладигандек туюларди… Ўзимга нима бўлаётганини сира тушунолмасдим, нега юрагим сиқилиб бораётгани, нимадандир қутулолмай, ҳарчанд қилсам-да, ўксиб бораётганимни ҳис қилган сари баттар эзилардим, улар эса бемалол югуришар ва… тобора мендан узоқлашар, уларга қўшилиб ҳаёт мени ташлаб кетаётгандек, қувонч, югуриш бахш этувчи завқ-шавқ, ранг-баранг қизларнинг кўзларида акс этган ҳаваслар, табассум ва орзиққан кўнгиллар инъикоси – тобора узоқлашиб бораётгандек эди. Менинг уларга ҳавасим келар эди-ю, лекин айни чоқда уларни беҳад ёмон кўраётгандим. Мени шу дақиқаларда фақат ҳасадгина бу кучли, серғайрат, абжир болаларга боғлаб турарди.
– Бир ўзимни ташлаб кетяпсиз-а, майли… – деб шивирлаб қолдим уларнинг ортидан алам билан. Орқаларидан хомуш ва умидсиз қараб туриш аламли эди. Улар атай қилгандек енгил ва бир маромда югуриб боришар, шовқин солмай, кулмай, жимгина узоқлаб кетишарди, яна хўрлигим келиб қараганимда улар бутунлай кўздан йўқолганди. Ёлғиз кимсасиз йўл ва оппоқ қор кўзга ташланарди. Мен тўхтаб қолдим. Демак, кетишди. Мени улар билан боғлаб турадиган ҳеч қандай ришта қолмаганини шундагина сездим, боягина уларга сардор бўлиш шукуҳидан қувонган одам, ҳозир шу қисматимга рози эдим – мана мен, мана йўл. Сукунат ва қор босган далалар! Мана шу кимсасиз кўчалардаги сокин қор уюмлари аро бир ўзим, ихтиёрим ва хаёлларим ҳамда истакларим билан яккаю ёлғиз турардим. Айни чоғда хоҳласам ётаман, хоҳласам, ортимга ўгирилиб, бошим оққан ёққа кетишим мумкин. Бу қандай юз берди, билмайману,­ лекин бир маҳал қарасам, яна югуриб кетаяпман. Оёқларим остида, шохларда, олисдаги тоғлар чўққисида қор, шунчалик ярақлаган бу замин узра ёлғиз югуриб кетаётгандек ҳис қиламан ўзимни ёки шундай туюлади менга. Вақти-вақти билан ўзимни қўлга олиб атрофга қарар ва ҳеч нимани тушунмас, ҳатто ухлаяпманми ёки бир ерда депсиниб турибманми, билолмасдим. Баайни уфқ, ғира-шира оқшом сингари югурмоқ, бир-бирига қоришиб, бир-биридан узоқлашиб бораётган қор уюмлари. Қор, қор, бутун атроф ҳамон қор, мана шу қор ичра яна қор кўзга ташланарди. Бу ярақлаган оппоқ ҳовур ҳаммаёқни эгаллаган, зиғирча кўланка, дарахт шохими, қушларми қорайиб кўринмас, биронта буюм кўзга ташланмас эдики, мен ҳозиргина мана шу ерда эдим, энди ортда қолди, деб белгилаб олсаму, яна…
Ўшанда биз югургандик, рост… аввал икки гуруҳга ажралиб, олисдаги тоғлар қўйнида юқори синф ўқувчилари “а-а…”, “ура-а” дея қичқиришади, лўппи юзлари қип-қизил аёллар ўтириб олганча бизга тикилади… сўнг биз қайноқ қипиқ уюмига қўлимизни тиқдик… Буларнинг ҳаммаси воқе бўлган, лекин қачонлардир бўлиб ўтган… ўтмишга айланган… Бегона келиб, менинг рўпарамда туриб олди, назаримда, бу ҳам қачонлардир рўй бергану, шуларни тушимда кўраётгандек бўлардим.
– Ойингга айт, кўйлагингни тозалаб ювиб берсин, – дедим мен ва қаршимда чиндан ҳам у турганига ишонч ҳосил қилдим. У тупугини ютиб, ҳарс-ҳарс нафас оларди.
– Сенга қипиқ келтирдим, – дедим унга.
– Қипиқ? – дея шивирлади у.
– Мен айтдим-ку боя, сенга қипиқ олиб келаман, деб.
– Менгами… қипиқ олиб келаман дедингми…
У қўлимдаги бир ҳовуч қипиқни олди-да, тахта заводи томон кета бошлади. Мен уни қучоқлаб, юзини қишлоқ томонга бурдим ва ким кимни бошлаб кетаяпти, икковимиз ҳам тушунмай бирга югуриб кетдик.
– Нега мен билан югураяпсан? – дея шивирлади у. Мен жавоб бермадим. Чунки менга ҳам биз гўё тахта заводи томон югураётгандек туюларди. – Нега югуряпсан? Мен билан ёнма-ён югуришни хоҳламасдинг-ку…
– Гапиравермай, бурун билан нафас ол.
– Мени тинч қўй. Ўзинг боравер.
Назаримда, бу сафар у чинданам мен билан ёнма-ён югуришни истамасди. Мен билан, вафосиз, садоқат нималигини билмайдиган нокас билан.
– Бир ўзим югуриб бориб келавераман, – дея шивирлади у, – қурбим етади.
– Сен югуриб бориб, югуриб кела оласанми? – дея сўрадим мен.
– Ҳа, бориб кела оламан.
– Оғзингни очма.
У йиқилди. Сўнг қўлларига таяниб, тиззалаб олди-ю, яна думалаб тушди.
– Югуриб бориб келасанми? – дедим. – Кўриб турибман қанақа қилиб бориб келишингни.
Мен уни кўтариб, туришга ёрдам беролмадим, кучим етмади, лекин турғазиб қўяман, деб қийналганимни ўйласам, кўнглим бироз ёришгандек бўлади. Унинг туролмаётгани, кафтида мен келтирган қипиқни сиқимлаб олгани, унинг жуссаси кичкина, ўзи нимжон эканини ҳис қилганим сари ёрдам бергим келарди.
– Ҳаммаёқ жимжит, – дея шивирлади у, – бунчалар жимжит бўлмаса!..
– Тахта заводи ташвишини қилиб юрма яна, – дедим мен, – у ерга борган-бормаганимизни биров текшириб ўтирибдими?
– Сен у ерга бориб келдинг, бўлди, мени ўз ҳолимга қўй, – дея шивирлади у, – мен бир ўзим бориб келаман.
– Оғзим тахир бўлиб кетяпти, секинроқ югур.
– Сен югурма мен билан, – деди у яна шивирлаб, – мен тезда қайтиб келаман. – Бирдан у қичқириб юборди: – Сен мени алдаяпсан, мени тахта заводига эмас, қишлоққа олиб бормоқчи бўляпсан!
Мен унинг йўлини тўсдим:
– Сен тахта заводига бормайсан, бормайсан, қўйвориб бўпман!
– Сизлар ҳаммангиз бордингиз, битта мен борганим йўқ!.. – у йиғлаб юборди. У тахта заводига боролмаслигига кўзи етганидан йиғларди. Охир-оқибат мен берган бир ҳовуч қипиқ билан қишлоққа қайтишга рози бўлди. У мен билан қишлоққа елкама-елка чопиб борар экан, башараси бужмайиб такрорларди: – Лекин ҳеч кимга айтмайсан-а, қипиқни мен учун олиб келганингни ҳеч кимга айтмайман, деб сўз бер.
Бироздан сўнг яна шу гапни қайтарди:
– Айтмайсан-а, менинг тахта заводига бормаганимни, тўғрими?
– Сен тахта заводига бординг, бирга бординг биз билан, – деб жавоб бердим унга.
У чидаб туролмади, ўкраб юборди.
– Айтмайсан-а, у ерга бормаганимни, тўғрими?!
– Ўзинг бориб олган қипиқ ҳовучингда-ку, ўзинг олдинг, мен ёнингда эдим, – дердим унга, лекин бунақа ёлғон гапиролмаслиги унинг бутун вужудидан сезилиб турарди ва у ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча қайта ва қайта сўрарди:
– Қаердан олдинг, деб сўрашса-чи?
– Тахта заводидан, дейсан.
– Лекин мен у ерга бормадим-ку, – дерди у кўз ёшлари селоб бўлиб, – мен тахта заводига бормаган бўлсам, қипиқни қаердан олдим?
Олдинда қишлоқ кўринди. Мен қаддимни ростлаб унга:
– Сен мендан яхшироқ чопар экансан, – дедим ва кўз қисиб қўйдим.
Қишлоқ тепаликлар узра бизни кутиб тургандек эди, уйларнинг черепица билан ёпилган томлари офтоб нурида ярқираб кўринар, қишлоқ аллақаердан бир-бирининг елкаларидан дўстона қучиб, ёнма-ён, бир биридан ўзиб кетмай, шошилмасдан келаётган икки нафар фарзанди – Арсен бобо ва Аветик бобонинг невараларини кутишга чоғлангандек туюларди. Барча уйлар орасидан ботаётган қуёш нурлари деразаларини ёритган мактаб биноси ажралиб турарди. Мактабнинг соябонли пиллапоясида тўпланганлар, эҳтимол, бир тўда яшил-қизғиш либослардаги қизларимиз бизни қизиқсиниб кузатишарди… Улар қўлларида самбиттол новдаларини байроқчадек кўтариб олишганча ҳорғин, тинкаси қуриган икки синфдошининг имиллаб келаётганидан кўз узмай туришарди.
– Мактаб ҳовлисидан биз кўринамиз, – деди у шивирлаб.
– Сен мендан яхшироқ чопар экансан, тезроқ ҳаракат қилиб кўр яна.
У кучанди, лекин мендан ўзиб кетолмади. Иккинча марта зўр берганди, бир лаҳзагина мендан олдинга ўтиб олди-ю, яна ортда қола бошлади. Буни ўзиям тушунди, шекилли, мағлуб бўлганини бўйнига олган ёки шунга тан берган одамнинг юзида пайдо бўлгувчи аянчли табассум лабларидан пирпираб учди. У пичирлаб деди:
– Бир ўзинг боравер.
– Қара, хачкарнинг туришини, – дедим мен.
– Бир нима дедингми? – сўради у шивирлаб.
– Ёлғиз хачкар турибди, қарагин.
Мен яна нима дейишим мумкин? Индамай, худди ёнингда ҳеч ким йўқдек, охирги кучини сарфлашга ҳам ҳоли келмай қўйган шеригини ташлаб, қизларнинг нигоҳлари остида мактаб ҳовлисидан ўтиб, муаллиманинг ёнига бориш яхшими?
Мактабнинг ёнгинасида, муюлишда ўгирилиб қарадим – у судралгудек келар, деярли мен қолдириб келган ердан – қор орасидан хачкар билан унинг мўъжазгина қомати қорайиб кўзга ташланарди. Худди ўша томонда қимирлаган жон йўқдек эди. Мен нафасимни ростлаб мактаб ҳовлисига отилиб кирдим. Жимжит, мактаб ҳовлисида ҳеч ким кўринмасди. Мен синфга қараб югурдим. Синфдаги қора тахтани кимдир қуруқ латта билан ярақлатиб артиб қўйган. Ўқитувчилар хонасида ҳам ҳеч ким йўқ. Шу сукунат қўйнида соат капгири бир маромда тебранар, столда самбиттол новдаси аста-секин сўлиб борарди. Ҳовлида ҳам ҳеч ким йўқ, ўқитувчилар хонаси олдида қипиқ тўкилиб ётарди.
– Йўқ, – деб шивирладим мен, – йўқ, йўқ…
Мен кафтимни очдим. Бир ҳовуч қипиқ коптокдек думалоқ бўлиб ёпишиб қолганди. Худди ҳаво етишмаётгандек бўғилиб кетдим, назаримда, бу ҳам қадим замонларда бўлиб ўтгандек туюларди… Мен қипиқ коптокчани ерга улоқтирдим. У кукундек сочилиб кетди. Энгашиб қипиқни кафтим билан сидириб-сидириб тўпладим. Сўнг муаллиманинг уйига қараб учдим. У мол-ҳол учун хашак тайёрлаётган экан. Молхона олдида эса то аммаси охурни тўлдириб бўлгунча сигир кириб кетмасин, деб қўлида самбиттол новдасини тутган Мадат турарди. У қошларини чимириб, менга хўмрайиб қараб қўйди ва зарда қилгандек тупурди, бу билан менга, мана шунақа, оғайни, бопладимми сени, ҳали кўп боплайман демоқчи бўлди, шекилли. Муаллима мени кўриб жим қараб қолди. У мендан кўзини узмасди. Қипиқ кафтимдан тўкилиб кетди. Муаллиманинг кўзлари меҳрданми, илтифотданми ёришди ва у мулойимлик билан сўради:
– Артавазд қани, уям келдими?
У менинг айни чоғда “Шу ерда, мактабда”, дейишимни илҳақ бўлиб кутаётганини сезардим. Бироқ Артавазд ғорда, ёлғиз қад ростлаб турган хачкар ёнидаги ғорда қолганди.
– У ана, ҳозир келиб қолади, – дедим мен.
Муаллиманинг кўзлари совуқ йилтиллади.
– Ростдан-а? – деди у ва ўгирилиб бир қучоқ хашакни кўтарганча молхонага кириб кетди.