Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Ноябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Санобар Меҳмон



Қайдадир маҳзун тун шамоли эсди,
Мен ўзим тун бўлиб,сени соғиндим.
Ахир борлигингни юрагим сезди-
Сенга мафтун бўлиб,сени соғиндим.
Келдим,дунёимни сенга бағишлаб,
Сен чорла,мен борай,дунёни ташлаб,
Ҳузурингга оппоқ тонгларни бошлаб-
Энтиккан кун бўлиб,сени соғиндим.
Шеър нима,сўз нима,Ҳайрат нима у
Бу қандай оташин,сеҳрли туйғу,
Келгин,Лайли бўлай бағрингда мангу-
Ахир,Мажнун бўлиб,сени соғиндим.
Қандай гулламоқни боғлар ўргатди,
Осмоний ғурурни тоғлар ўргатди,
Булбуллик илмини зоғлар ўргатди-
Куйга тутқун бўлиб,сени соғиндим.
Бирам жонбахшдир бу Ишқнинг куйлари,
Бинафша атрию,райҳон бўйлари,
Эй,сиз худо урган художўйларим-
Илоҳий ун бўлиб сизни соғиндим.
Соғинч оғир ботар,гар енгил бўлар,
Бир соғиниб кўринг,кўнгил гул бўлар,
Ваҳ гўзал йиғилар,хира кулгулар-
Пойида хун бўлиб,сени соғиндим.
Умримни ёритар бу илоҳий чўғ,
Мен ахир ошиқман,ишқдан кўнглим тўқ,
Гарчанд соғинасан,соғинмассан йўқ-
Барбир маҳзун бўлиб сени соғиндим....
Дил ёққан тун бўлиб,сени соғиндим...
Ишққа мафтун бўлиб сени соғиндим.....
Сенга тутқун бўлиб-СЕНИ соғиндим!!!

*** *** ***
Энг одилона таҳдид

Барбир кетолмайсан,
йўлларимизга
Муқаррар бир дийдор қўйиб ёзилган.
Сен кетар йўлларнинг ҳар бир тошига-
Менинг гўзал исмим ўйиб ёзилган.
Барбир кетолмайсан
кетмоғинг учун
Йўл топиб бермайди «қадрдон»фироқ.
«Кетма!»,-деб мунғаяр оёқларингга-
Менинг кўзларимдай қорайган тупроқ.
Бари бир,бари бир,кета олмассан,
Висол лашкарлари чиққайку енгиб.
Осмоннинг бағридан тўкилган ашкдай
Кетсанг кетадирсан кўзимга сингиб.

*** *** ***
«Ошиғ бўлибсан,эй дил савдо Муборакбод»
Лойиқ Шерали.


Ҳаргиз ўчмас,дилингдаги қўрдир ишқ
Худо бирдир,бирдир бу ишқ,бирдир ишқ.
Келиб,келиб танлагани мен бўлдим-
Айтмадимми,кўрдир,бу ишқ,кўрдир ишқ!!!
Чароғ ёнгач,зулмат буткул абасдир,
Жонинг ичра,жондай ширин нафасдир,
Ошиғларга у илоҳий қафасдир-
Енголмайсан зўрдир бу ишқ,зўрдир ишқ.
Муллойи-Рум Румиёна шарҳ қилган,
Шайхи Санъон ўз руҳини ғарқ қилган,
Гўл ғаввослар,заргарларга нарх қилган-
Чиғаноқнинг тубиндаги дурдир ишқ.
Гаҳи бебок,гаҳи дилхун бок қилиб,
Ёндирсада қақнус мисол ҳок қилиб,
Гарду-гардинг,зарранггача пок қилиб-
Яратганга суйдиргувчи пирдир ишқ!!!
Кимгадир бор,ким учун йўқ на илож,
Асли удир яшамоққа эҳтиёж,
Кел,Санобар жон дея,умрингни оч-
Сир ичинда жилваланган нурдир ишқ...

Яратганга суйдиргувчи пирдир ишқ!!!

*** *** ***
«Ўзим томошабин,ўзим томоша»
Одил Икром


Дор тикдим,зор тикдим, қуръа ташладим,
Дунё,
Кел эй сенинг кўнглинг хушладим,
Ишқ деган хатарли ўйин бошладим-
Ўзим томошабин,ўзим томоша.
Вужудни боғига дилимни экдим,
Фано тупроғига йўлимни экдим,
Кўзим қирғоғига ўлимни экдим-
Кўзим томошабин,кўзим томоша.
Қайғудан-қайғуга ўтиб борарман,
Бош олиб,бошимга етиб борарман,
Жоним,
Кўзларингга кетиб борарман-
Изим томошабин,изим томоша.
Баҳорман!!!
Оҳингни чанглаб берарман,
Ранги йўқ дилингни ранглаб берарман,
Келтир,юрагингни англаб берарман-
Бўзим томошабин,бўзим томоша.
«Ютганим»шеър бўлди,
«ютқизганим»ҳам
Дўстлар,омон бўлинг,магар қайтмасам,
Манам шоирманми бир сўз айтмасам-
Сўзим томошабин,сўзим томоша!
Магар бир хатарнок ўйин бошладим......

*** *** ***
Изҳор

Ахир, шу соғинчга тўла дунёда
Айтгин, сандан бўлак кимим бор мани?
Кел, жоним, кетайлик пойи-пиёда
Висолга етгани, бахтга етгани.
Билмайсан, ёмғирдай маҳзунлигимни,
Сезмадинг, шабнамдай бокиралигим.
Бир кун кўзларингга шеър битиб кетсам –
Балки эслармисан, шоиралигим.
Буям бир зор бўлди, буям бир фиғон,
Боқдинг, кўзим ёши сочилиб кетди.
Айбга буюрмайсан, энди ёрижон –
Дилнинг қулфи сенга очилиб кетди.
Наҳот изтироблар ёлғон бўлсалар,
Ростмасми, Тангримга арз этмаганим.
Уммондай қаҳрини сочиб туриб ҳам –
Бир томчи соғинчга арзитмаганим.
Ахир шу видога тўлган дунёда
Айтгин, сандан бўлак кимим бор мани.
Шу
Гўзал
Ҳавода
Оппоқ
Ҳавода
Кетайлик, дил қадар ишққа етгани.
Кетайлик, кетайлик қалбга етгани...

*** *** ***
Ўкинч

Гоҳида беҳудман, валек гоҳида –
Ҳушёрлиғ ўтида қоврилар дилим.
Қисматнинг бу янглиғ ўйинларида –
Андак таассуф бор, андак табассум.
Гоҳ дўст иғво этар, гоҳ фалак ғавғо –
Гоҳ кўзни куйдириб, гоҳ сўнар шамим.
Корингдан ўргилдим, эй маккор дунё –
Андак таассуф бор, андак табассум.
Билмам нима қолар, Севгидан кейин,
Балким пушаймонлиғ: «Негаям севдим?»
Нима бўлганда ҳам қолмишлар аро –
Андак таассуф бор, андак табассум.
Манам анча йўлни босдим, чамамда,
Юр, энди кетмасак бўлмайди, Ўлим.
Ҳеч нарса қолмади.
Фақат дилимда –
Андак таассуф бор, андак табассум…

*** *** ***
Биламан…

Биламан, биламан –
Бир куни келиб,
Шамоллардай эсиб, қайтажакман боз.
Маъюс кўзларингга, маъюс тикилиб –
Кўзларим тубида йиғлайди бир ноз –
Ўша мен бўламан,
Буни биламан.
Биламан қайғунинг қайғучил ёди
Юрагимни ўртаб, қилади найранг.
Аммо ҳаётимнинг барча буржидан
Қор каби ёғади дилбар қиёфанг –
Мен унга термулиб, сенга тўламан,
Буни-да биламан.
Биламан,ошиқлар вақтдай бевафо,
Хушторлар тилида ўйиндир видо.
Севги деганлари оний кайфият –
Биламан, сен мангу ёрдирсан, Худо!
Бошимда абадий бордирсан, Худо!
Биламан, ошиғлик бандага эса
Исёнли бир ҳолдир, Ҳақнинг ҳукмига.
Нечун, юрагимга етмайди кучим –
Билсам ҳам ошиғман не учун, нега?!?
Гоҳ кулиб йиғлайман,
Гоҳ тўлиб йиғлайман.
Пушаймон бўлмайман
Эҳ, буни билмайман,
Билмайман!