Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Ноябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Бир кишилик икки суҳбат



1.
Тўкилмиш киприклар ҳар куни бир-бир
Ихтиёр этмишлар кетмоқни бадар.
Киприклар меники, аммо билмайман
Уларнинг дарди не?
Кўзларим ҳайрон.
Аммо аниқ биламанки,
Аммо умид қиламанки,
Асло соғинч эмас!
Асло соғинч эмас!
Уларнинг узилмиш умид томири,
Улар ранжимишдир бу икки -
қуриб бораётган мавжсиз ҳовуздан.
Кў-ў-п янглиш йўлларга ҳақ деб боққан-у
Кўп янглиш кўзларга ишонганини
Ҳамон инкор этар,
ҳамон тик боқмас
у олчоқ мунчоқлардан кетмишлар нари.
Она, биласанми,
Сен бир ёлғончининг онасисан.
Мен нени рост десам ёлғони бўлмиш.
Ва бутун қурдатим
гўзал хатоларга сарф бўлмиш такрору такрор.
Масалан, соғиндим
соғинишни истамаганим одамларни.
Севиб бўлмайдиганларни севдим негадир.
Чидаб бўлмасларга чидадим мудом.
Арзонга энг қиммат нақдни тўладим.
Ашъор деб аламни ёзаман ҳамон…
Шамоллар қаърида чангга дўниб ҳам
Яна қолмоқдаман ҳайронлигимча
Не дейин ўзимга?!
Яна не дейин?!
Ҳеч!..
Сўзламаган сўзларимни эшитган
кўрсатмаган кўзларимни кўрган,
сўрмаганларимга жавоб келтирган,
бир Инсонни севмоқчи эдим мен,
соғинмоқчи эдим аслида.
Чир айланиб теграмни ўн йил
Фарқ этмас юзлардан, кўзлардан, сўзлардан
оҳанглар изламишдим овозимга мос.
Ўзимга ўз-ўзим кўрганим раво
Қўшиқлар яралмиш хатодан хато.
Мен бу қўшиқларни узоқ наволаб
Рафторим измимдан адашгунича 
Яккаш рақс этгандим 
ер ўқининг устида туриб.
Қандай кулгили эдим, қандай аянчли. 
Аммо ҳеч ким кулмасди,
Ҳеч кимса кулиб тўхтатмасди мени. 
Тўхта!
Телбаланма!
Шошма! 
-демасди ҳеч ким.
(Эшитмасдим ҳеч кимни зотан.)
Фақат сен йиғлардинг узоқ- узоқда
Болангнинг шайтоний ирғишларини
Уйқусиз тунлари тушингда кўриб.
Ва яна шу киприкларим қўрқарди,
пирпираб-пирпираб сезарди бир кун
чиқиб кетишини еримнинг ўқи.
Кўзёш тўфонлари пишқириб мени
Ҳаётдан энг узоқ, шавқдан энг олис
Дўстларнинг чўзилган қўллари етмас,
Боқса кўрмайдиган - кўзлари етмас
Юракдан ташқари  юракдан кетмас
Шўрхок бир қирғоққа отишларини...
Мен минг йил ўтиб англадим, она
Бу қирғоқнинг номи Пешоналигини.
Гуноҳи ўзидай гўзал Ҳаввонинг
қувғиндаги илк кунларидек
карахт ва лоллигим этмоқда давом.
Ернинг нелигини фарқ этаётгандай
Жаннатни унутаётгандай
Секин... Секин...
Лекин, она,
Лекин, киприкларимга денгизлар керак.
Жавоҳирлар тўла, инжуларга лиқ.
Мавжи оз кўлмакдай бу ҳовузларни
Севгисиз асрашга йўқ сабаб зотан.
Хайр, гўзалларим!
Хайр, гўзалларим!
Фақат бу гал кетишларингиз
Менга ҳадя этсайди жасур кўзёшлар 
Тўфонлари энди мени
 бошқа қирғоқларга улоқтириб ташласайди.
Масалан, бир буюк орзунинг ичига.

2.
Хаёлларсиз инсон бўлмайди,
Инсон бордир ўйлар у билан.
Масалан,
 ҳар тонг бизларни
хаёл уйғотди.
 Қуёш эмас!
Нималарни ўйлаймиз бизлар
Ишними?
Ишқними?
Қорнимизними?
Боламизними?
Хуллас, нимани ўйласак ҳам!
Ўшаларнинг ўзини эмас,
Улардан келар-қолар
Туйғуларни хаёл сурамиз.
Ёмонидан қочамиз,
Чунки аччиқ бўлар  мазаси.
Аммо у хаёллар қатъий бўлади
Тотмагунингча қўймайди.
Масалан, 
мен бугун уйғониб,
Деразани очиб оламга боқдим.
Яхши деб ўйладим совуқ ҳавони
Атай!
Хазонларни супура туриб
Хаёл қилдим уларнинг 
бир неч ой аввал куртак ёзганини.
Газга сув қўйганимда 
Эътироф этдим -
Менда сув ва ўт борлигини!
Кўчага чиққанимда
Бошқалардан кам эмаслигимни
Бўйим кимлардандир баландлигини
Ишхонада мени севишларини
Ўйим кимлардандир баланд эканини 
ўйлайман атай!
Одамларга "салом" дейман, 
Яна "хайр" дейман яхшилик билан
Уларнинг хаёлларини хаёл қиламан ўзимча.
Нималарни ўйларкан улар?
Йўлларнинг узунлигини ўйлайман,
Нега ёмғир кўп ёғмаганини,
Бир чеккада куз гулларининг
Юзидаги томчиларни илғаб қолиб
Ҳис этаман гуллар ўрнидан
"Қандай мазза қиляпти улар!"
Кезарканман шаҳарни ёлғиз
На бир истак бор, 
на бир масъулият...
Ўтган-кетган милён одамнинг
Орасига шўнғийди жисмим.
Мен бўлмайман,
Ҳамма бўламан!
Ҳаммаликка ғарқ бўлганимда
Тўхтатади елкамдан бир қўл,
Бирдан баланд айтилар исмим.
Эски таниш қучоқлар мени
Эсланади эски туйғулар
Эски гаплар тилга олинар
Янгиси йўқ на унда, менда!
"Хайр" дейди юзда табассум
Қўл силкийман мен ҳам жилмайиб.
Хайрлашмоқ яхшими шундай?
Нега кулди?
Нега жилмайдим?
Кулдирдими кетиш қувончи?
Юрагимда тушуниксиз ҳис...
Кўзларимга бераман рухсат!
Бу оламга тўйиб боқинглар!
Ҳақиқатни излаб топинглар!
Осмонга учаман маъно қидириб
 Ботаётган қуёш.
Қизил булут.
Кўринмас сайёралар.
Охири йўқ мовий чексизлик...
Бутун борлиқ айлана зиндон
Эрк ичида мангу эрксизлик...
Айланада айланар ҳамма -
Ярми зулмат, ярми ёруғлик
Айланада айланар ҳамма -
Маҳкумликда бутун мавжудлик!
Айланада айланар замин,
Айланада айланади вақт.
Айланада айланар Тошкент,
Айланада бошим айланар
карахт...
Айланада...
Айланиш...
Соққа...
 Ҳа, мен бир соққа каби
гирррр-гиррр...
...ва чарчайман яхши ўйлардан
Қайтиб келар кечаги тушим
У. 
Хиёнат. 
Ёлғон. 
Кўзёшлар.
Бир юракнинг аянчли ўлими.
Руҳ судралар оёқ остида
Чўккалайман ҳолсиз тупроққа
Ёмон хаёлларга бўларман таслим...
Дунёга қарайман хира нигоҳлар
Аниқ илғаб турар бор ҳақиқатни.
Титраётган танам ишонар
Йўқлик ичида айланаётганига.
Қуёш ботиб бўлди...
Яна ишонч йўқ.
Ширин хаёлларни тутолмам ортиқ!
Хазон- хазон дейман,
Куз ҳам муқаррар!
Ҳаёт ҳам оғриқдир, Хаёл ҳам оғриқ.