Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Ноябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






“Дуэл”да рақибларни руҳи билан ҳисоблашиш керак



“Дуэл” лойиҳаси кўпгина тадбирлардан фарқли ўлароқ, ўз зиммасидаги вазифани оқламоқда. Навбатдаги беллашувни очиб берган Нодира Афоқованинг ингичка шеърлари-ю, Дилором Эргашеванинг замонавий ғазаллари шеърият оламига қадам қўяётган кўпгина ёшларга дарс бўлди. Айниқса, Нодира опанинг “бепушт оғушлар...”, “бу итлар айшини сурса...” иборалари  инсониятга тутилган кўзгу каби янгради.
Кейинги жуфтлик Мажнуна билан Шоҳсанам Нишонова. Тўғриси, уларнинг шеърларида фарқ катта. Аввало, шуни айтишим керакки, бундан кейин рақибларни руҳи билан ҳисоблашиб танлаш керак. Бири тоғдан келиб, бири боғдан келиб турса, одам анча қийналади. Ва даврага чиққан рақиблар бир-бирини тўлдириб кетиши, фақат ўзини эмас томошабинни ҳам тушиниши, аудитория муҳит  билан ишлаши керак. Шоҳсанамнинг “кўйлагингни дазмол қилаётган пайт” шеъри Ҳалима Худойбердиеванинг “силаб, кўйлагига урдими дазмол, аёлнинг эркакка садоқати шул” деган байтини ёдга солди. Мажнунада эса “кўнглимда нима бор билмайсан” деган сатр бор. Бу Иқбол Мирзонинг шеъри бўлибди. 
Умуман олганда, Мажнунада сўзларни қўллашда кўпгина нуқсонлар, ҳатто, одамни ҳайиқтириб юборадиган иборалар бор. Баъзи топилмалар гўзал, аммо шунча нуқсоннинг ичидан битта гўзал куплетни илғаш Эшқобил Шукургагина насиб этди. Шоҳсанам эса анча пишиқ, сўз танлаш қобиляти ривожланган. Бунинг тагида меҳнат борлиги кўриниб турибди.
Мажнунага айтадиган гапим, менда ҳам китоб ўқимай қўйган пайтларимда сўзларни палапартиш қўллаш бошланади, фикрлар чалкашади ва бир пулга қиммат ғоямни улуғлашга ўтиб қоламан. Аммо мутолаа бошлангач, орада ёзилган машқларим устида тошбағир муҳаррирдай иш бошлайман. Сизга истеъдод берилган, энди меҳнатини қилиб, уни ривожлантиришга вақт топинг!
Очиғи даврада қандайдир зерикиш бошланганда Нажмиддин Эрматов билан Жалолиддин Сайид ҳаммани уйғотди. Энди ҳайрат товушлари бир-бирига урила бошлади. Нажмиддиннинг шеърлари кўнгли бўш қизларни йиғлатади. Нега дейсизми, у шундай дағал эркакнинг ичида ғорга яширинган сўфини кўрсатади. Шоирнинг “Ёмғир бўлсам керак аслида” деган сатри яхши эътироф этилди ва шунга лойиқ эди. 
Жалолиддин эса йигитларни шижоатга чорлайди. Анъанавий фалсафани дўндиради.  “Денгизни кўрсат!”, “Ҳамманинг бир бўлак ҳақиқати бор” каби сатрларда катта шоирни ҳис қилган бўлсам, айрим шеърларга нафосат етишмаслигини ҳам англадим. “Кафтим шишиб чиқди тошбақа бўлиб” деган сатр муҳокамаларга сабаб бўлди, аммо бу Жалолиддиннинг ўзига хос имзоси. Мен бундай тўпори ташбеҳни рад этолмайман. Хуллас, тадбир давомида Жалолиддин Сайид деган янги шоирни кашф этдим.
Яна бир гап, устозлардан илтимосим, аниқ ва равшан фикр билдириш керак. Пўпалаб гапиришлар, эҳтиёткорлик бу даврага хос эмас. Улар ўзларининг баҳосини билмоқчи, демак, юзига шартта-шартта айтиш лозим. Азиз Сайид узоқ гапирди, шеърларни таҳлил қилди, бироқ шоирларни баҳоламади. Нутқига хулоса қилмади.
Шуҳрат Дарёга алоҳида миннатдорлик билдириш керак. Доим шоирларнинг даврасида бўлади ва ўзи ҳам шоиртабиат одам. Қўшиқ тинглаш давомида “Шуҳрат ака касал бўлмаса керак, чунки ичидаги ҳамма дардни нола билан чиқариб юборади-да, кейин енгил бўлиб, уйига қайтади. Мен эса куни билан йиғиб-териб, кечқурун хонамнинг қаерига қўйишни билмай юраман” деб ўйладим. Индалло, ҳақиқий қўшиқ тингладик. Мақомчиларга ҳам раҳмат!
Устоз Эшқобил Шукур, Румийнинг “Дард келмаса, Исо туғилмасди” деган ҳикматини айтиб ўтди, дарҳақиқат “Дуэл”нинг дардини қўзғаган ташкилотчилар Меҳриноз Аббосова ҳамда унинг кўмакчиларига ташккур. Бундан кейин ҳам шижоатингиз сусаймасин. Келгуси беллашадиган шоир ва шоираларга омад тилаймиз!

2020 йил. Ноябрь.
Тошкент.