Қорлар ёғар, сен кутган қорлар



ҚОРЛАР ЁҒАР...

Қорлар ёғар, сен кутган қорлар,
Деразангга гулдаста тутиб.
Сенсизлигим унутган қорлар
Эслатдилар яна йил ўтиб.

Ҳа, ўшанда майин овозинг,
Кулгуларинг тингловдим дастлаб.
Дединг - менга атаб шеър ёзинг, -
Ва исмимга қовуштирдинг лаб.

Шундай гўзал янгради исмим,
Ёғаётган қорлардан-да пок.
Сўнгра... сени қайта кўрмадим,
Яшайвердим шеъримдек ғамнок.

Қоғозларга кўмилдим унсиз,
Илҳоминг-ла шеър ёздим юз бор.
Ўшал қишдан бери мен сенсиз - 
Интизоринг бўлдим, Интизор!

*** *** ***

ҚОР

Куралмаган қорли йўлакдан
Одимлайсан аста-асталаб.
Бошинг узра сахий фалакдан
Бахт ёғилар даста-дасталаб.

Сенга жуда хуш ёқар қорлар,
Мен ҳақимда бу сўз ножоиз.
Хаёл қурғур сен ёққа чорлар
Мени эмас, қорни суйган қиз.

Ишон, сени севаман чиндан,
Шу беғубор парчалар ҳаққи.
Қор бўлиб ҳар босган изингда
Эримоқлик мен учун бахтдир..

*** *** ***

ҚОРШЕЪР

Олам оққа беланди бугун,
Қор ўрнига ёғди хотира.
Парчаланган мактублар ёғди,
Ҳислар ёғди сендай бокира.

Висол ёғди - шошқалоқ, бетин
Қўлга олсанг эриб кетгулик.
Армон ёғди биринма-кетин
Бутун умрим учун етгулик.

Таскин ёғди балки сен учун,
Алам ёғди мен томонларда.
Байрам эди қор қўнса бурун
Биз бахтиёр бўлган онларда...
  • Яндекс.Метрика