Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Декабрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Камолиддин Шукур



ЭНГ СЎНГГИ ЯПРОҚ

Дарахтдан узилди энг сўнгги япроқ, 
Бир силкинди хазон тўшалган тупроқ.
Руҳим қат-қатига кўчди бир титроқ
Дарахтдан узилди энг сўнгги япроқ...
Дарахтдан узилди энг сўнгги япроқ, 
Узилди юракнинг узун толаси.
Демак самолардан ўчди бир чироқ, 
Хазонрезги бўлди, ернинг боласи.
Узилди бечора, чидолмай охир, 
Чек қўйди, покиза хаёлларига.
Совуган жасади учди бир оғир, 
Совуқ декабрнинг шамолларига.
Дарахтдан узилган япроқмас, соғинч, 
Шамолларда учган энг сўнгги умид; 
Олисга термулиб, ўйчан, беилинж, 
Юрагин тилади бир шоир йигит.
Дарахтдан узилди, энг сўнгги япроқ , 
Ҳувиллаб қолдику, сағир бу дарахт.
Кечалар тупроққа тутиб шамчироқ , 
Нимадир ахтарар, вужуди карахт.
Кўксимни тебратди
Айтилмаган сир, 
Юрагим оғритди бир оғир титроқ.
Мен йиғламай кимлар йиғласин ахир:
Дарахтдан узилди энг сўнгги япроқ...

*** *** ***

ЭРКАК

Ризқу-рўз ишқида бир жони ҳалак,
Мағрибу, Машриқни кезар жонсарак.
Оила шаънини тутиб тургувчи,
Тош ўтмас қўрғони бўларкан Эркак.

Умиди узилса қоши ҳилолдан,
Меҳр кўрмаса гар,  соҳибжамолдан.
Худо қисган бўлса жуфти ҳалолдан,
Сарғайиб-сарғайиб сўларкан Эркак.

Яшаркан, – бир умр кутиб туриб ҳам,
Рўзғорин омочин тутиб туриб ҳам.
Дардини ичига ютиб туриб ҳам,
Ҳеч кимга билдирмай юраркан Эркак.

Юрагин қонини тупроққа қориб,
Иморат соларкан, ёғочлар ёриб.
Узун кечаларда Ҳаққа ёлвориб,
Фарзандига иқбол тиларкан Эркак.

Бечора тинмайди, қишми, ёз, баҳор,
Кўкламда ғишт терар, қишда курар қор.
Қачон тўлар экан, рўзғор деган ғор?
Эй Худо, – айт қачон тинаркан Эркак?!

Умр ўтар, келар турналар қайтиб,
Эски дардлар қалбин тирналар қайтиб.
Аёли йиғласа, дардини айтиб,
Қон йиғлаб, ёлғондан куларкан Эркак.

Эркак ҳам бировнинг битта ёлғизи,
Сочидаги оқмас, ғамларнинг изи.
Бемеҳр чиққанда ўғли ё қизи,
Ўртаниб, бағрини тиларкан Эркак.

Эркакка не керак? – Эркакка не зеб?
Яшаб юраверар, бир бурда нон еб.
Эй ғаним, қарғама жувонмарг бўл деб,
Қачон қайтмоқлигин биларкан Эркак.

Умр ўтаверар, бағрингни ўйиб,
Мусибат қийнайди, бепичоқ сўйиб.
Аёлин кўксига бошини қўйиб,
Гоҳо тик оёқда ўларкан Эркак.

Аёлнинг пойида Жаннатдир бор гап,
“Ризолик олинган, уч бора сўраб.”
Ҳали бу дунёдан ўтмай во ажаб,
Тириклай Жаннатий бўларкан Эркак,
Тириклай Жаннатий бўларкан Эркак!!!

*** *** ***

МУҲАББАТ ҲАҚИДА ҲАММАСИ

Тўзғир кичик тамаддихона, 
Ихчам стол, – қадаҳлар лим - лим.
Безовтамиз иккимиз яна, 
Мен чекаман – сиз боқасиз жим! 
Тутун учар, бўшлиқлар аро, 
Иккимиз ҳам недандир диққат.
Сиз гўёки қилмайсиз парво, 
Менга ҳам қўл келар, сукунат.
Ғурур ва кек давранинг кўрки, 
Ўтиб борар, висол палласи.
Тингламайсиз сўзимни чунки:
МУҲАББАТ ҲАҚИДА ҲАММАСИ !!!

Сўнг юрасиз, эшик томон шаҳд, 
Мен қоламан, термулиб сокин.
Сўз қотасиз: "Етмаса ҳам вақт, 
Шеърларингиз ўқидим лекин.."
Мен ичаман, – сиз қайта келиб, 
Ваъз ўқийсиз, Ой кўк тоқида..
Кўксингизга муштингиз уриб, 
Гап сотасиз, – шеърим ҳақида.
Жим сезаман, – кўзларим хира, 
Санчаверар, манави ерим..
Сизга менинг ўзимдан кўра, 
Кўпроқ ёқар, асарим, шеърим ...
Тўғри – мен ким? 
Мен битта фақир, 
Сизга ҳамроҳ ҳаёт ялласи..
Йўқ – ўқиманг, шеърларим ахир:
МУҲАББАТ ҲАҚИДА ҲАММАСИ !!! 

*** *** ***

ОНАМГА...

Гоҳида шеър ишқи тутганда хумор,
Шўнғиб кетсам завқу, оҳу ноламга.
Вайрон кулбасида нималарки бор,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Жовдирайди, – сарфлаб барча имконин,
Қўйиб берсанг тутар,  кафтида жонин.
Супрасини қоқиб энг сўнгги нонин,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Мен ҳалакман, ўғил-қизим эркалаб,
Қувонаман, ҳар бир ютуғин санаб.
Бечора тин билмас, кечми, эрталаб,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Оғринаман, мен чун тўрт томон чопса,
Қани бир дам уйқу кўзларин ёпса?
Беш кунли дунёда нимадир топса,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Бир кунгина кетса қадри билинган,
Бемор ётсам ширин жони тилинган.
Нима топса шуни менга илинган,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Қайда юрса мақтар, мен дилбандини,
Элга кўрк бўлар дер, шу фарзандини.
Тўйдан ният қилиб олган қандини,
Онам менга тутар,-менчи боламга.

Ишдан кеч қайтсаму, турмай эрталаб,
Ухласам бошимда сочларим силаб.
Нимадир кафтида, қўли қалтираб,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Ўғлим вижирлайди, мисоли булбул,
Қизимнинг қўлида ўйнар даста гул.
Нафақасин олса, ғижим-ғижим пул,
Онам менга тутар, – менчи боламга.

Беш кунли дунёдан излайман малҳам,
Йиқилсам,  ёнимда ҳамдамим Онам.
Қанийди,-Онамдек мард бўлиб мен ҳам,
Бутун топганимни Онамга тутсам,
Бутун топганимни Онамга тутсам...

*** *** ***

ҲАЛОВАТ ЭМАСМИКАН? 

Умр бу табаррук – эҳсон беминнат, 
Ким қадрлар, кимдир совурар фақат.
Бани одам учун энг улуғ неъмат, 
Ҳаловат эмасмикан?! 

Дунёни титратиб тебратган туйғу, 
Мангулик ичинда бир ўзи мангу.
Ўша қиз кўзидан порлаган ёғду:
Муҳаббат эмасмикан?! 

Хоналар тўридан бахтни учирган, 
Диллардан меҳрни буткул ўчирган.
Ойнинг юзларига доғлар туширган, 
Хусумат эмасмикан?! 

Минглаб юракларни тиғсиз тилган дард, 
Қалбларни йиғлатиб, – шодон  кулган дард.
Отани ўғилдан айро қилган дард, 
Жаҳолат эмасмикан?! 

Ўзи емай сочган ҳалол ошини, 
Силаб кетаётган етим бошини.
Бетиним таратган бахт қуёшини,
Саҳоват эмасмикан?! 

Қаранг – Ҳақ томонга элтмиш бу йўллар, 
Мурувватга очиқ қанчалаб қўллар.
Бу ҳолатни кўриб, баъзи тош диллар, 
Хижолат эмасмикан?! 

Сен эй дўст, – ҳақман деб керилма жуда, 
Кибрга, гуноҳга берилма жуда.
Сен ҳақ деб юрганинг амал аслида, 
Жиноят эмасмикан?!

Севгилим – ёнимга келгин яқинроқ , 
Биздан йироқ бўлсин, айрилиқ , фироқ.
Ҳаёт йўлларимни ёритган чироқ , 
Садоқат эмасмикан?! 

*** *** ***

ОҒИР ЮМУШ

Азалдан озорга тўла муҳаббат, 
Севгининг азоби оғир ўлимдан.
Ва лек не сўрасанг сўрагил фақат, 
Севмай яшамоқлик келмас қўлимдан.
Дил бермоқ ҳадисин олиб ё олмай, 
Буюк юрак билан севганман сени.
Тирикман, ёнмоқдан ғафлатда қолмай, 
Ўлдирса муҳаббат ўлдирсин мени.
Ўлдирса муҳаббат ўлдирсин бизни, 
Муҳаббатдан ўзга не бор азизроқ? 
Ишқ ипи боғласин дилларимизни, 
Уйғонган қалбларни босмасин мудроқ.
Тоғларни қулат де, – қилмайман шафқат, 
Қулатаман, неки чиқса йўлимдан.
Сен учун – не иш бор, қиламан фақат:
Севмай яшамоқлик келмас қўлимдан...

*** *** ***

ТУШЛАРИМДА ЙИҒЛАЙМАН УНСИЗ

Тушларимда йиғлайман унсиз, 
Кўз ёшларим томар басма-бас.
Қулоғимга шивирлар бир қиз:
“Дунё керак – муҳаббат эмас.

Тушларимда ёприлар зулмат, 
Ич-этимни ейди хавотир.
Нега менга қилмайсиз шафқат, 
Мен одамман, – инсонман ахир.

Тушларимда кезаман замин, 
Машриқдан то мағрибга қадар.
Назаримда мен гадо, мискин, 
Тарки дунё қилган қаландар.

Тарки дунё қилганман гўё, 
Ўз-ўзини йўқотиб қўйган.
Дайдираган тутунлар аро, 
Ўзи ёққан оловда куйган?! 

Оловларга сочиб заримни, 
Сувга айтиб, орзу, тилагим.
Пайпаслайман кўкракларимни, 
Қайда эди, менинг юрагим?

Сўнг кўзларинг ўзига чорлар, 
Киприкларинг, кўкарган майса.
Ўтмишимдан сўйлайди хабар, 
Курагимга санчилган найза. 

Мен яна донг қотаман ҳорғин, 
Таралади ўша эски сас.
“Ҳаммасини сотволиш мумкин, 
Дунё керак, – муҳаббат эмас”! 

Уйғонаман, – юрагим хира, 
Томоғимга ботиб ҳаяжон.
Тушунмайман дунёга сира, 
Тушунтириб беринг онажон! 

Мен ҳаётни гул каби билдим,
Дуч келганга қилдим мурувват.
Ёмонга ҳам яхшилик қилдим, 
Нима топдим, алал оқибат?! 

Тушимда ҳам, ўксийман бетин, 
Излаб-излаб бир парча тумор.
Қоғозлардан топаман таскин, 
Шеър қоралаб ёзаман хумор.

Безовтаман, юрагим оғрир, 
Таскин беринг, чарчадим она.
Тақдир юки бунчалар оғир, 
Дунё нечун менга бегона? 

Улоқтирдим, бир қоп риёни, 
Ташлагайман, ғамни ағдариб.
Оёқяланг кездим дунёни, 
Бир меҳрибон одам ахтариб...

*** *** ***

СОҒИНЧ

Йиллар узун, – йиллар дайди ўқ,
Учаяпман, ортда қолмайман.
Мен шунчаки соғинганим йўқ,
Мен шунчаки соғинолмайман!

Умр сочга индирмиш қиров,
Кунлар оқар бамисли дарё.
Атрофимда ловуллар олов,
Сенсизликда тор келар дунё.

Қон бағримдан унмиш бойчечак,
Лолалардек товланмиш дилим.
Соғинишдан толмайди юрак,
Нетай сенга етмайди қўлим.

Кунлар маҳзун, тунлар беором,
Сен томонга судрар хаёллар.
Олислардан сочинг исини,
Олиб келар, дайди шамоллар.

Йиллар узун, узундан узун,
Учиб кетар, тўхтатолмайман.
Мен шунчаки соғинганим йўқ,
Мен шунчаки соғинолмайман!

*** *** ***

ИЗТИРОБ

Севгимни қирларга кўчиролмайман,
Энди мен ўзимни кечиролмайман.
Ҳануз соғинаман, ҳануз ёнаман,
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Йиллар ўтиб борар, бир текис, равон,
Хотиралар мени ўртайди ёмон.
Баҳор кузлар сени эслатар ҳамон,
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Мен унсиз ёнаман, кимсалар билмас,
Кўзим кулиб турар, юрагим кулмас.
 Наҳотки, – унутмоқ қўлимдан келмас?
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Бу оғир муаммо, қанчалар қийин,
Оғириғи ортмоқда йил ўтган сайин.
Шамоллар номингни шивирлар майин,
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Ошиққа берилган бир дунё бардош,
Беҳуда томмагай, кўзлардаги ёш.
Ўйиб ёзганмикан, ишқ деган наққош?
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Хаёл дарёсида оқиб турасан,
Кунда юрагимни ёқиб турасан.
Расмингдан жилмайиб, боқиб турасан,
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Тегса кетмас экан, севги деган из,
Шунчалар дилимга отдингми илдиз?
Беғубор қалбимни ўғирлаган қиз,
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

Кун сайин дилимнинг хуммори сенсан,
Бир умр кўнглимнинг озори сенсан.
Йигитлик давримнинг ёдгори сенсан,
Исмингни қалбимдан ўчиролмайман.

*** *** ***

ЎКИНЧ
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига...

Дилда ҳасрат эди, бир издош бўлиб,
Буюклар ҳолини сўролмаганим.
Тағин армон бўлди, Тошкентга келиб,
Абдулла Орифни кўролмаганим.

Қалбдаги туйғулар қолдилар тиниб,
Ёритолмай дилнинг кечаларини.
Минг бир ҳасрат билан маъюс хўрсиниб,
Кездим, Тош шаҳарнинг кўчаларини.

Умр фоний экан, инсон ғанимат,
Лаҳзалар ҳисобли деганлар ҳақдир.
Наҳотки, – шунчалар даҳо, серҳиммат,
Шоирни тупроққа алишди тақдир?

Мен буюк эмасман, эмасман даҳо,
Мен битта издошман, мен бир хокисор.
Бугун кўзларимга тор бўлиб дунё,
Қабрингиз бошида йиғладим такрор.

Келдим, дуо беринг, издош бўлайин,
Изингизни беринг, Абдулла ака.
Ҳақ сўз жарангидан завққа тўлайин,
Сўзингизни беринг, Абдулла ака!

Из беринг, интизор қанчалаб издош,
Шеър дарсин дўстлар шул издан ўргансин.
Токи, юрагига тугиб эрк, бардош,
Ҳақиқат айтмоқни сиздан ўргансин.

Устоз, – кўзингизни элитмас уйқу,
Қалбга нур тўшайсиз, Абдулла ака.
Йўқ, – сиз ўлмагансиз, ўлмайсиз мангу,
Сиз минг йил яшайсиз Абдулла ака!

*** *** ***

ИККИ ХИЛҚАТ

Ер Кўк аро тиним билмаган,
Манфаатга назар қилмаган.
Қанча даврон, суронлар аро,
Эгилган-у, – вале синмаган.
Минг асрким, боқий синоат,
Ҳақиқат!!!

Момо Ҳаво меҳридан бунёд,
Риштасидан бардавом ҳаёт.
Қалбни қалбга боғлаган туйғу,
Меҳри билан одамзод обод.
Тангри берган энг буюк неъмат,
Муҳаббат!!!

Дунё бутун, – олам бир бутун,
Шу иккала устун бор учун!