Саҳифалар
Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Декабрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Халқ


Яқин ўтмиш кунларининг бирида.

Орқаси очиқ юк машинаси кўприкдан ўтди-ю чийиллаб тўхтади. Орқа тарафдан аввал сумканинг ерга тушгани, сўнг эса хром этикнинг тапиллаган товуши қулоққа чалинди. Ва дароздан келган, қисиқ кўзли, қотма йигит ҳайдовчига чуқур миннатдорлик билдириб, йўлни кесиб ўта бошлади. Аскарча кийинган йигитнинг ҳозирги ҳолатига тушуниб бўлмас эди - устидаги кийимига ҳамда соғинчдан энтикиб турган кўзларига қараб туриб, узоқ йиллардан бери уйни кўрмаган одамни; оқ-оппоқ оқариб турган ангорига, юрганда сал-сал чайқалиб, асабий қадам ташлашига қараб бирор фалокат туфайли уйга шошаётган одамнинг ифодасини ҳам туйиш мумкин эди. 
Иккинчи бир тахминимиз ҳам ҳақиқатга яқин эканлиги унинг сой йўлига бурилганида ўз тасдиғини топди. Чор-атрофдан куйинди ҳиди анқир, ҳаво тутунга тўла эди. Бу эса йигитни хавотирга солиб қўйди шекилли қадамини тезлатди. Марғилоннинг энг катта йўлида ҳеч ким кўринмас, кўчалар бўм-бўш эди. Қани одамлар?
Аскар сойнинг кўпригидан ўтиб чапга бурилди ва ўтириб...йиғлаб юборди. Ўнг қўлдаги хонадон уларники эди. Аммо эшикнинг бири қийшайиб ётар, кўчага қараган деразаларнинг кўзи синиб тушганди. Шамолда чор-атрофга ёлғизликнинг маҳзун куйи тарқалади: "ғийит-ғийит", "ғийит-ғийит"...
Йигит ҳиққилаб йиғлар, сумкасини ерга қўйиб қўйганча ўксиб-ўксиб йиғларди. Сал нарида илк одам сиёқи кўзга ташланди: беш-олти яшар қиз сал кичкина укаси билан тешилиб қолган велосипедини судраб чиқди. Болакайни велога ўтирғизди-ю бу ёққа қараб еталаб кела бошлади ва йигитга яқинлашганда тўхтаб қолди. Балким, аскар одамнинг ўксиб турганига ажаблангандир, балки аскардан қўрқиб кетгандир.
Ҳайтовур, тезгина иккалови ҳам уйга кириб гумдони чиқди. Аскар ҳам бу пайтда ўзини тутиб олган, ўрнидан туриб сумкасини қўлига олаётган эди. Даставвал, ҳалиги эшикдан бир аёлнинг боши кўриниб, яна йўқолди. Бироз ўтиб эса ўзи чиқиб кела бошлади.
-Асқарбек, сизми?
Аскар унга қараб туриб, юзи ёришди.
-Ҳа, мен, - деди хурсанд бўлиб. - Ҳамро хола омонмисиз?
-Ҳа яхшиман, - деди Ҳамро холанинг юзи ёришиб. - Киринг уйимизга...
-Олдин ўзимизникига кириб чиқай, - деди аскар ва тилини тишлаб қолди.
Холанинг юзида билинар-билинмас ҳавотир урчиди.
-Олдин бизникига киравермадиз... Ҳар ҳолда ўзимизни боламиздайсиз... - У шунчалар ишончсиз гапирдики, бу ўзига ҳам яққол сезилди.
Асқар ҳам ниманингдир ўйида уларникига қараб юрди.
Ҳамро хола атрофида гирдикапалак бўлиб уйга олиб кирди. Армиядаги шароитни, қийинчиликларни суриштирди. Яхши гап эшитса "Ҳа, яхши" дер, агар жавоб кўнгилдагидай бўлмаса рўмолини учини тишлар "вой, бечорагина" дер эди.
Уни меҳмонхонага киргизиб юборгач, хола ташқарилади. Узоқдан эрини чақиргани эшитиларди.
-Дадаси, ҳой дадаси?
-Ҳа, нима дейсан?!
-Асқарбек келди. Олдига киринг.
-Қайси Асқар? Анави қўшнимизни ўғлими?!. 
-Ҳа-а, секинроқ меҳмонхонада ўтирибди!.. Жон дадаси, шу бола бечорагина икки йил Берлин чегарасида иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай туриб келди. Энди қўшни бўлиб оқибат қилинг-да. Боринг, олдига киринг...
Холанинг овози жуда мулойим бўлиб етиб келарди Асқарга.
Бироз ўтиб, эшик очилиб Урайим тоға кўринди.
-Келинг, ўғлим, эсон-омон етиб келдингизми? Қийинчиликлар бўлмадими?
Асқар ўрнидан туриб кўришди.
-Ассалому алайкум, амаки, яхшимисиз? Йўўқ, сиздай тувғанларим бор экан-у менда қийинчилик бўлармиди? - Аскар гапни кулиб гапирди-ю мум тишлаб қолди. 
Аммо Урайим тоғада ўзгариш сезилмади.
Ҳамро хола қўлида қанд-қурс билан киргач, дуо қилдилар. Тан-жонларини соғ қилишини, юртнинг тинч бўлишини сўраб дуо қилдилар...
Ешик озгина очилиб, бизга таниш кичкинтойлар кўринди.
-Ке, Карима, Асқар аканг экан, сўрашинглар, - деди хола уларни чақириб. - Акаси буларни эсласангиз керага, Абдусатторжон ўғлимни болалари. Сиз кетаётганизда зумрашалар  кичкина эди, манави Ўткир(қоп-қорагина болани кўрсатди) бешикда ётарди. Мана энди вақти етиб кап-каттагина бўлиб қолишди. Ҳадемай, эс ҳам кириб қолар-а?
Хола секингина кулиб қўйди. Асқарбек ҳам ўзини анча эркин ҳис қила бошлади.
-Вой, эсим қурсин, боринглар жон болларим, қўшниларни чақиринглар! Ҳа шундай жойдан акаларинг келади-ю қўшнилар чиқмайдими? Бизникидалар дегин... Ҳамма чиқсин. Бўла қолинглар.
Йигитнинг меҳри товланиб кетиб, қандайдир юрагидан ички бир орзиқиш сезди. 
Шунда Урайим тоға сўроққа тутди.
-Қани, солдат қайларда бўлдингиз, неларни кўрдингиз, ўзларинг айтмоқчи, бир баштан сўзланг-чи?
Йигит бир кулимсираб қўйганча бироз ўзбекчада қийналганнамо сўзлай бошлади.
-Асосан, Берлинда бўлдим...икки йил ичинде. Хат-хабарда ёзиб ҳам турардим-ку. Чегарада турардик. Ажаб! Берлин деганлари Ташкандан сал каттароқ шаҳар. Аммо шуни бир қисмини бизнинг давлат, иккинчисини эса ғарбликлар бўлиб олишган экан. Шу бир миллат бўла туриб, улар бу томонга ўта олишмайди, булар у томонга. Агар ўтиш мумкин зонада бўлмаса... Оилалар пароканда бўлиб кетган. Ҳукуматлар чегарани бузган одамларни орқасидан ғижиллашади. Миллатчилик кучли...
Гап қаёққа қараб кетаётганини сезиб, аскар учинчи маротаба жим қолди. Урайим тоғанинг қошлари чимирилди.
Орага маънолик сукут чўкди. Шу лаҳзада жондош қўшнилар чиқиша бошладилар. Ҳаммалари қўлларида ҳар хил нарсалар, атаб қўйилган кўйлак, яп-янги этик, хипча бел қизнинг сурати туширилган ош товоқ... Уларнинг барчаси йигит билан жуда илиқ сўзлашар, гўё орада ҳеч нимарса йўқдай... 
Хола югуриб - ётиб эркаклар учун меҳмонхонани, аёллар учун қўшни уйни тайёрлади. Кичикроқ қозон осдилар. Кечга яқин ош тараддуди бошланди... 
Ҳамма икки йилда бағирларга қайтган ўғилларининг атрофида гирдикапалак бўлар, унинг эсон-омон келгани учун шукрлар кетирардилар. 
Аскар ҳам ўзида йўқ хурсандлигидан, эртадан кейин нима қилиши кераклигини, бошини қайси деворларга уриши кераклигини, ота-онасини қай томонлардан излаши кераклиги ҳақидаги ўйларни бир-неча кунга унутиб, хандон-хушон чаҳчаҳлик қиларди.