Шоҳрух Усмонов тақризи



Мартин Иден фожеаси

“Далли туғён,
Аламкор бир ҳис
Сиғдирмади уни заминга”
(Анвар Обиджон)


Буюк инглиз ёзувчиси Жек Лондоннинг “Мартин Иден”  романи асосан автобиографик асар ҳисобланади. Роман худдики муаллифнинг иқрори янглиғ ёхуд воқеалар марказида турувчи бош қахрамон тақдири орқали ўз келажагини башорат қилишга урингандай таассурот қолдиради. 

Асарда ўқирман жамиятнинг қуйи қатламидан чиққан, шунга қарамай киборлар дунёсида ҳам ўз ўрнини топишнинг уддасидан чиқа олган, аммо бир вақтнинг ўзида гўёки ҳаёт жаноби олийлари томонидан калака қилингандек кетма-кет, қуюқдан-қуюқ синовлар силсиласига дуч келавергани сабаб умуман бошқа манзилга рўбарў келганини туйқус фаҳмлаган кишининг фожеасига гувоҳ бўлади. 

Мартин Иден қиёфасида биз қашшоқликда, жамиятнинг энг қуйи қатламига мансуб бўлган кишилар орасида вояга етган, “энг кучлилар жон сақлайди, энг кучлилар энг яхшиларига – ўзиқ-овқат, аёллар ва қудратга эга чиқади” каби шафқатсиз ҳайвоний қонунлар устувор кўрилган муҳитда суяги қотган кишига дуч келамиз. Ўз ижтимоий қобиғида қолишни хушламаганидан Мартин юқори “пиллапояга” кўтарилиш истагида жон-жаҳди баилан тиришади. Шунда ҳам қаҳрмоннинг бу уринишида моддиятга бўлган ҳирси эмас, аксинча, билимга чанқоқлик, маданиятли кишилардек бўлиш истаги, гўзаллик орзуси ва одамлар ўртасидаги муносабатлар софлигига бўган ташналиги яққол устун эканлиги намоён бўлади. 

Бу ҳол Мартинни обрўли ва бадавлат банкир – жаноб Мурз оиласи билан яқинлаштиради. Натижада далли йигитча кимсан жаноб Мурзнинг оқбилак қизи Руфга кўнгил қўяди. Жаноб Иденга таққосланганда (уни илк бор шу тарзда чақиришганида нақадар ҳаяжонга тушганини эсланг) буткул ўзгача муҳитда тарбия топган бу сулув йигитга беғуборлик ва покизалик тимсоли бўлиб кўринади. Қизнинг севгисини қозониш, унга муносиб бўлиш илинжида куйиб-пишар экан, йигитча зўр иштиёқ ва сўнгсиз матонат билан аслзодаларнинг сўлим оламидан ўз ўрнини ишғол этиш йўлидаги меҳнатларини давом эттиради.

Ўзининг сержило  ва ёрқин келажаги орзусида Мартин кўп ўқишга тутинади, китобхонликка муккасидан кетади. У қатъиян ёзувчи бўлишга қасд қилади. Шу орқали шуҳратга эришиб жаноб Мурз ва шу кабиларнинг қаторида ўзини кўргиси келади. Бахтга қарши – гарчи аслзодалар давраси Мартиннинг юксалиш сўқмоғидаги барча заҳматларини ҳурмат қилсалар-да – йигитчанинг ёзувчи бўлиш орзуси уларга қандайдир ахмоқгарчиликдай кўринарди. Ҳатто, энг ачинарлиси, Руфга ҳам...

Мартин ўз мақсади йўлида ҳар қандай қийинчиликка ва ҳар қандай йўқотишларга рози. Аммо афсуски, у ёзган ҳикоялар, шеърлар, романлар барчаси турли хил нашриёт, таҳририят ва адабиё агентликларга жўнатилса ҳамки, келадиган жавоб хати бир хил: “рад этилди”. Шунда ҳам етишмовчиликдан ҳар қанча азият чекмасин, Мартин таслим бўлишни хоҳламайди. Ахир унинг ёзанлари рўзномаларда босилаётган асарлардан пеш экани шундоққина кўриниб тургани унига далда берарди-да. Табиат қонунларига кўра, қилиншан меҳнат самарасиз кетмайди. Алмисёқдан қолган адабий қоидаларни рад этиш, ўзгаларга тақлидни хушламаслик ортидан қаҳрамонимиз ҳам бора-бора ўз услубига эга бўлади, ёзганларининг бетакрорлиги сабаб ҳурмат ва обрў топади. Энди у ростакамига жаноб Иден!

Алал оқибат романнинг марказидаги персонаж жон чекиб интилгани – киборлар оламиннг асл моҳиятини кашф этади, бу оламни ҳаракатга келтирадиган механизмларнинг тагига етади. Мартин эндиликда фақатгина жамиятнинг жилвакор устунлари ортидаги жирканчлик, манҳус моддиятга қуллик ва деярли чириб битган маънавий эҳтиёжлар қаршисида донг қотади.

Тўғри, кутилмаган ва ҳайратланарли шуҳрат кўп ўтмай тиришқоқ йигитчага насиб этди, аммо эндиликда унинг учун буларнинг барчаси бип пул бўлиб улгурган эди. Мартин шак-шубҳасиз англардики, меҳнати ёки туғма истеъдоди сабаб эмас, тақдирнинг ўйинлари сабаб орттирилган машҳурлик билан бирга дилсиёҳлик эш бўлиб келиши аниқ эди. Илгари унинг кўзига мукаммалдай кўринган дунёда қудрат пул ва обрўда эди, бу ерда ҳатто кўнгилни ҳам пуллар эдилар. Аслида эса, пул ҳеч қачон Мартин учун улуғлик белгиси бўлмаган. Унинг фожеаси шундан иборатки, айни ҳолатда у интиладиган нарсанинг ўзи абас, афсуски, ортга ҳам қайтини ўзига эп кўрмайди. Чексиз машаққат бадалига босиб ўтган йўли беҳудага босилган бўлиб чиқади. Нақадар адолатсизлик?!

Ёлғиз ва мадорсиз Мартин учун ҳаёт ўз маънисини туйқус йўқотди. Унингча олдида биргина тўғри йўл қолади – барча орзулари, қилган меҳнатларию чеккан заҳматлари устидан заҳарханда билан кулганча ўз умрига нуқта қўйиш.

... Мартинни ўзи каби улуғвор денгиз бағрига олди.
  • Яндекс.Метрика