Сўнмаган ой қиссаси


Русчадан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

Эрта тонгда шаҳар бўйлаб завод гудокларининг чинқириғи янгради. Кўчаларни тун бўйи босиб ётган кулранг туман судралиб борар, ёмғир майдалаб ёғар эди. Секин-аста тарқала бошлаган бу тонгги совуқ туман ҳавонинг очиқ бўлишидан эмас, аксинча, бугун ҳам диққинафас, оғир, ёмғирли кун келишидан дарак берарди. Гудоклар анча вақтгача қичқириб турди, дастлаб секин, битта, иккита, учта, сўнг кўплаган чинқириқлар тонг олдидан ҳордиқ олаётган шаҳарнинг кулранг осмонига сингиб кетди. Завод гудоклари янграр, шаҳар чеккасидан тинимсиз келиб-кетиб турган поэздларни тортувчи паровозларнинг бўғиқ вишиллаб чийиллаган товуши тўхтовсиз эшитилиб турарди.
  • Яндекс.Метрика