Жавоҳир Осмон шеърлари



СЕН

Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен!
Яна қайтиб келди гул, баҳорларим.
Бинафша лабида ҳанда, табассум,
Дилимдан тўкилди дилғуборларим.

Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен,
Осмоним безатди рангин камалак.
Изтироб соп бўлди ғамдай эзилиб,
Қўшиғин бошлади ошиқ капалак.

Мен яна шеър битдим номингга талай,
Ишона бошладим кунлар тонгига.
Дақиқалар сайин гуллайди умрим,
Қулоғим тутаман ҳаёт бонгига!

Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен!
Ўзгара бошлади бутун коинот.
Кўнгил кишанлардан қутилар, энди
жонсиз туйғуларим қаддин тутар шод!

Рангсиз тушларимга кириб келдинг сен!

*** *** ***

КАПАЛАКЛАР ЙИҒЛАЙДИ...

Вужуд қайнаб, руҳ тортиниб бормоқда,
Ғалат ҳислар қон дилимни тиғлайди.
Ўлсам керак, бу дардимга йўқ даво,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди.

Ўксиб-ўксиб кўз ёш тўкар гулбаҳор,
Жазирама ёз ўзини қийнайди.
Боғлар хазон тўшаб, бемор бўлгайдир,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди.

Кун қисқарар: йил ўтади лаҳзадай,
Ой осмонда юлдузларин излайди.
Томир ёйиб, қиш қишлайди айвонда,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди.

Қалдирғочлар қўшиқ айтар эзилиб,
Ҳижрон эса висолларни сизлайди.
Нур толиқар бу дунёни кезиниб,
Мен ўлганда капалаклар йиғлайди...

*** *** ***

ДЕНГИЗ ВА УММОН

Юрагим денгизни кўрмади ҳали,
Тушимга киради ҳайқириб уммон.
Икки орзу ила яшамоқдадир,
Икки умид билан озурда бу жон...

Қандай туйғуларни қилдим сабабкор,
Ё истак бўлмади, ёинки, қистов.
Тушимда ранжиди бепаён уммон,
Денгиз тўлқинлари – хаёлий синов.

Эҳтимол кўникдим барига бугун,
Тушларга киритмайҳаёт рангини.
Яшашга ўргатди мени денгизлар,
Уммонлар кўрсатди ҳаёт жангини.

Ҳануз туш кўраман уларни тинмай,
Шовуллайверади тушларимда жим.
Денгиз, ранжимагил, уммон, ранжима,
Бизни тушунмайди дунёда ҳеч ким...

*** *** ***

ЭНДИ КУНЛАРИМДА...

Мен яшай олмадим орзулар билан,
Сояси томонга тортаварди дард.
Энг маъюс гулларга суянди дилим,
Энг мунгли йўлларга чорлайверди бахт.

Қандайдир туйғулар жонлар талашди,
Икки ўт ичинда озурда жоним.
Дунёни англашга етмади кучим,
Қора булутларга тўлди осмоним.

Ҳаётнинг маъноси рангсиздир балки,
Изтироб аланга олар танамда.
Бир ҳовуч тупроқман аслида, кўксим – 
узра қалққан жоним ғариб оламда.

Аммо шукуҳларга етказди ХУДО,
Сабрнинг остида бор экан роҳат.
Қадрсиз қийматинйўқотди дунё,
Энди кунларимда бордир фароғат!

*** *** ***

Ит топмас йўлларда изғийди умрим,
Кун қаро, тун қаро, наволар қаро.
Бир чимдим нур излаб тентийди кўнглим,
Зулумот дунёда руҳимдир яро.

Қачондир тантана қилади кўнгил,
Қачондир ошиён топар ўзига.
Булутдай оқарар кунларим бир кун,
Тик боқиб яшайман тақдир кўзига.

Аммо ҳар тарафда кезинар хатар,
Ўзимни чўчитар ўзимнинг соям.
Бир нажот ўтинган девона каби,
Ўртага чиқади қалб деган қоям.

Дўст дедим, дўст бўлди аҳли изтироб, 
Тун каби кўзимга чўкди залвори.
Ишониб яшайман, қаршимда бир кун,
Қулайди бу метин ғамлар девори!

*** *** ***

КЕЧИРГИЛ...
 
Кечиб кетолмадим муҳаббатингдан,
Ноҳақ камситишлар учун кечиргил.
Сени фаришта деб, шайтон мен бўлдим,
Ё ишқи ҳалолим, бахтни ичиргил.

Кўзингга термулиб ҳадиксирадим,
Ўксиган дилингга нур бўлолмадим.
Хаста юрагингга кирган онимда,
Сенинг кулгинг учун бииир ўлолмадим...

Кечиргил, кечиргил, кечириб қўйгил,
Гуноҳга ботган ул изтиробларни.
Аслида дард учун туғилган юрак,
Ҳали кўп ёзамиз бахткитобларни.

Кечиб кетолмадим муҳаббатингдан,
Ранжитган эсам-да, йўлларим тўсдинг.
Барини унутиб яшамоқ учун,
Юрагим тўрида гул бўлиб ўсдинг!

*** *** ***

ДАРЁГА...!

Дарёжон, исмингдан айланай, гулим,
Кўксига қуёшни яширган малак.
Жонинга жон тўшаб яшамоқ ҳузур,
Сенингҳар томчингдан кўкарсам керак!

Дарёжон, кипригинг қуюқдан қуюқ,
Қўрғошин томчилар томоқларимга.
Юлдузга айланиб чорлайсан бугун,
Йўлчи юлдуз бўлдинг сўроқларимга...

Дарёжон, хотиринг жам бўлган онда,
Мени ҳам ёд айла, шудир илтимос.
Кўксимни гуллатар хотираларинг,
Ёдинг-ла яшашга маҳкумман, холос.

Дарёжон, кўзларинг кўзмунчоғингдир,
Хоразм томонлар юрт эрур сенга.
Сен учун Ватвн у. Мангу, барҳаёт –
юрагинг азизам, ВАТАНДИР менга!

Дарёжон, исмингдан айланай, гулим...!

*** *** ***

Яшашни ўргандим сиздан кейин ҳам,
Севгимсиз сафолар муборак бўлсин!
Кўксимда исинган ҳисларим ёлғон,
Ёмғирдай тўкилган туйғулар... ўлсин! 

Барига чидадим. Тугади дардлар,
Якунга етгани ростдир йўлларни.
Мана, мен излайман бугундан бошлаб,
Бахтимга кафолат қўлларни...!

*** *** ***

...ЁМҒИРНИ...

Сен ёмғирни яхши кўрардинг,
Худди сени севганим каби.
Хотирамдан ўчмайди сира,
Кулгуларинг кўнгил матлаби.

Ёмғир сенга ўхшайди жуда,
Ёдга солар ширин дамларни.
Бугун яна деразам чертиб,
Унуттирди чексиз ғамларни...

Ҳалигача хотирамдасан,
Ҳалигача ўртайди армон.
Ёмғир сенинг овозинг каби,
Жаранглайди қулоқда ҳамон.

Сен ёмғирни яхши кўрардинг...!

*** *** ***

СЕН КУЗНИ СЕВАСАН...

Д.га

Сен кузни севасан, мен эса сени,
Куз каби орзулар дилимда маҳзун.
Бунчалар рутубат бўлмаса дунё,
Бунчалар рангларин йўқотмоқда кун...?

Зирқираб оғрийди қовурғаларим,
Сен ҳам ўша ерда. Бўлгин эҳтиёт.
Дунёда бормикан мендайин сени,
Авайлаб, асровчи, ёзгувчи баёт...?

Сен кузни севасан, мен эса сени,
Изҳорга сўз очсам, келар қуйилиб.
Озгина тинглагил, озгина,   холос.
Қошларинг кетмасин сира уйилиб.

Сен кузга ошиқсан, севасан уни,
Мен эса куз каби сарғарган ошиқ.
Фақат фарқимиз бор: куз табиатга,
Мен эса сен учун жон этгум тортиқ.

Сен кузни севасан...

*** *** ***

ИШҚИЙ ЗЕРИКИШ...

Биламан, юрагинг соғинаётир,
Ичикиб боряпсан, худди менингдек.
Кўксингга қўрғошин қуйилаётир,
Томчилаб боряпман мен ҳам сенингдек.

Хотиранг дилимда қолган асотир,
Руҳимни кемириб боради тинмай,
Юракни ғижимлаб ўтар йилларим,
Синиқиб боради ҳисларим синмай.

Негадир саросар тентийман тунлар,
Кезаман хаёлнинг жин кўчаларин.
Ҳижрон қуёшида қовжираган қалб,
Унута олмайдибахт кечаларин.

Оҳ. Яна ўсмоқлаб кетаётир дард,
Тиғсиз тилкалайди бағрин висолнинг.
Мен каби ишқ дея ўксиган беҳол,
Кўнгли ҳам, бағри ҳам ярим ҳилолнинг.

Биламан, юрагинг соғинаётир...

*** *** ***

СЕНИ БАҲОРЛАРГА...

Бир куни сен чиздинг кузнинг суратин,
Унда жон йўқ эди, шамол елмасди.
Аслида кўнглимнинг эрка малаги,
Сени баҳорларга бергим келмасди.

Кузнинг боғларига кирардим маҳзун,
Аммо хазонларин тергим келмасди.
Мендан ўтинарди ҳар йили, ҳар кун,
Сени баҳорларга бергим келмасди.

Билардим, билардинг қизғонишимни,
Кўзимдан оққани – армон. Селмасди.
Карами кенг эрур Яратганимнинг,
Сени баҳорларга бергим келмасди.

*** *** ***

СЕНСИЗЛИК...
1.
Совуқ. Жуда совуқ. Дилдирайди дил,
Қаҳратон қиш каби музлайди қалбим.
Негадир кундузлар тундайин қаро,
Юкиниб боряпман. Юксалар дардим.

Бешавқат тақдирнинг синовими бу?
Бахтимни бойладим эҳтимол ўзим.
Эрксиз қуш сингари потирар юрак,
Қаҳраболар измида қақради сўзим.

Ҳаловат излайман. Нажотим Ўзинг,
Сўнгида келмоғинг лозим, севгилим.
Қандоқ яшаш мумкин, тингламай сўзинг,
Кимларга ёраман зориққан дилим...?
2.
Ўсмоқлаб кетмоқда дард вужудимда,
Елкандай ёйилди СЕНсиз ғамларим.
Ваҳима тилкалар жисму-жонимни,
Сочила бошлайди жамул-жамларим.

Рангсиз туйғуларнинг кўланкасида.
Сарғариб бораман йўқликлар аро.
Дийдамни қовурар ёввойи ғашлик,
Аламлар келади гоҳ мотамсаро...

Кўксимда ҳижроннинг тоғлари улкан,
Емириб боради мавжудлигимни.
Шошилиб яшайман, негадир, билмам,
Кўролмас кўзларинг масъудлигимни...
3.
Қайтма изларингдан, тилсимларингдан,
Ғолибо, мақсадинг мустаҳкам бўлсин.
Сўнгсиз курашларда мағлубинг бўлай,
Мудом юраккинанг бахтларга тўлсин.

Яшайвер, гуллайвер баҳор сингари,
Оғриқлар яралсин фақат мен учун.
Бахт учун кўксингда гулласин шодлик,
Ҳар недан борлигинг, соқиё, устун.

Мен эса яшайман, ҳамиша бордай,
Ғамларнинг устига чизиқлар тортиб.
Сенсизлик бағрига чўкаман мангу,
Елкамга айрилиқ юкини ортиб...

*** *** ***

АЯ...!
(Онамга).

Бугун болалигим ёдимга тушди,
Меҳрингиз бошига эди ҳамсоя.
Мени катталикнинг ғамлари қучди,
Сизни ёш боладай соғиндим, Ая...!

Йиллар бу елкамга ғамларни илди,
Зирқирар вужудим, йўқдай ҳимоя.
Улкан юрагимни нелардир тилди,
Сизни ёш боладай соғиндим, Ая...!

Бу ёлғиз дунёда ёлғиз боғимсиз,
Менинг вужудимга ўзингиз доя.
Умримнинг мазмуни. Дилардоғимсиз,
Сизни ёш боладай соғиндим, Ая...!

Боролмай доғдаман бу йўллар аро,
Меҳрингиз ортимдан юради: соя.
Билмадим, негадир юрагим яро,
Сизни ёш боладай соғиндим, Ая...!

*** *** ***

ДАДА...

Дада, мендан шоир чиқмаса керак,
Бугун кузги боғлар мен каби маҳзун.
Фикримга келган сўз тилга келмайди,
Шоирнинг тунлари бўлармиш узун...

Яна юрагимга қулоқ солмадим,
Тўнимни кийдимми тағин тескари?
Ҳозирча сочилмай турар жамларим,
Яшашдан зерикдим яшаган сари...

Дада, сизга эмас, ғамга ўғилман,
Бунчалар суймаса, мени Худойим...?
Ичимни кемириб, битирди алам,
Кучим йўқ дардларга ҳамиша, доим.

Маслакдош қидирдим. Бир дўст изладим,
Пойимга гул сочди қадрдонларим.
Негадир юрагим яна ҳам оғир,
Йилларни қаритиб қўйди онларим.

Дада, мендан шоир чиқмаса керак...
  • Яндекс.Метрика