Рухсора Нур



Нигоҳимдан чарчаб юкини қуёш,
Уфққа ташлаб кетди, кечди ва ютди.
Сени қўмсаб турган қарочиқларим,
Қуёшга осилган тунни йиқитди.

Ёшларим тасбеҳдай кафтимга тушар,
Санайман:
ўттиз уч марота Субҳаноллоҳни
Юкиндим:
Энг сўнгги Aлҳамдулиллоҳ
Кўзимдан кўтарсин сендай суллоҳни!

Умрингни асрадинг Ишқдан ўзингча,
Ёнингда тургани сен учун ҳавас.
Aммо муҳаббат - чун на сенинг умринг
Ва на менинг умрим етарли эмас...

*** *** ***

Кутиш

Aйланиб,айланиб минг томон бўлдик,
Яхши деганларга энг ёмон бўлдик,
Сен-у мен инжитган бир замон бўлса,
Шу замон қўлида оломон бўлдик,
Aйланиб, айланиб минг томон бўлдик.

Бахтимиз чирмашиб кетди қуёшга,
Уфқ қизарган сари тун келди қошга,
Сарак-сарак жоним қолди талошда,
Тун давом етади бизни аврашда,
Бахтимиз чирмашиб кетди қуёшга.

Шамолнинг ёдига ёзаман сатр,
Сенга елиб борар, қулоқ тут ахир-
Қатида ёр учун аталган такбир,
Қайтгин, деб шивирлар энг сўнгги сабр,
Шамолнинг ёдига ёзаман сатр.

Узоқсан, айросан кўзим - бетоқат,
Кўнглим кўзларимга қилмайди шафқат,
Минг томон сен келар томонга - бекат,
Тилимда тиловат, дилимда тоқат,
Узоқсан, айросан, кўзим - бетоқат.

Қўлингдан этаклаб келар муҳаббат!

*** *** ***

Менинг бор-йўқлигим битта сир каби,
Қишлоғим шаҳарга қўймайди гуллаб.
Шаҳар-чи? Қонимдан узган гулларни,
Турфа саболарга тутади пуллаб.

Ёрижон, ўртада бир рўё қолар-
Сен, менинг учрашмас нигоҳларимиз.
Ва яна йўлларда изғиб йўқолар-
Бизнинг тўрт йил қилган гуноҳларимиз.

Такси ойнасидан кўриб тураман,
Неча қабристонга чўккан руҳларни.
Қўлимни кўтармай дуо қиламан,
Ишқилиб, юмшаcин андуҳларини!

От тепкисин от кўтарар минг йил,
Aммо икки шоир дарди оғирдир.
Сенга бағишладим умримни буткул,
Менинг ғам-ташвишим энди сағирдир.

Ҳар гал қовоғимни уйиб келганда,
Қишлоқ кўчалари ортга қайтар жим.
Чанглар ҳуркигандай босилар, фақат
Итлар ибо қилмай ҳурар бетиним.

Мен шаҳар нонини чўқиган чумчуқ,
Қайтиб кетадирман ортга беқўним.
Қишлоқни фош қилиб пул топсам ҳамки,
Қишлоқ шаҳарларга сотмайди сирим!

*** *** ***

Ота

Ота, сизсиз  кўп яшадим, сиз бор бўлиб, тирик бўлиб,
Ўзимни кўўўп алдаганман, ўзимга кўўўп ишон дедим.
Биласизми? Оч қолганда нонмас меҳр керак бўлиб --
Топган миннат нонларимни кўз ёшимга эзиб едим.
Шу тун  эслааааб туш кўрибман, ишонмайсиз, айтсам , ота,
Тушларимда чеккангизда қистирилган райҳонмишман.

Тошлар билан тўлдирибди тақдир менинг дошларимни
Чанқадимку далаларда пешонамнинг терин ютиб.
Сўрасангиз май ўрнига пиёлангизга ёшларимни,
Қуяр эдим, қанча кутдим қўлларимда жомлар тутиб.
Шу тун  эслааааб туш кўрибман, ишонмайсиз, айтсам, ота,
Аламларни бирга ичдик, сизга шерик майхонмишман.

Мен қарғадим, мен қақшадим, қуруқшади ич-ичларим,
Юзингизга қарамайман деб қасамлар ичдим ҳатто!
Бу дунёни ўлчаш учун торлик қилган қаричларим
Ўлчолмади феълингизни, йўл кўрсатмай қўйди худо.
Шу тун  эслааааб туш кўрибман, ишонмайсиз ,айтсам , ота,
Қучоғингиз замин эмиш, мен гулмишман--хазонмишман.

Сизни ёмон кўриб кетдим, ўзимданчи қилдим ҳазар,
Сизни яхши кўрай десам ҳалқумимни сиқар недир.
Ўзим яхши эмасманда, бир  яхшига қолганда дар,
Яхши ота ясаш учун кўнглим бўлолмади қодир.
Шу тун  эслааааб туш кўрибман, ишонмайсиз,айтсам, ота,
Кўксингиздан қон оқармиш, оқаётган мен-қонмишман!

Тиззангизга бошим қўйиб тарк этарман бир умрга,
Фақат онам гир айланар теграмда ва хаёлимда.
Мен онамни сизга эмас топшираман ҳу сабрга,
Энди  ёлғиз кетиш эмас келиш ҳам бор малолимда.
Шу тун эслааааб туш кўрибман, ишонмайсиз, айтсам, ота,
Ёшим сепган - чанги чиқмас ҳовлимизда меҳмонмишман!
  • Яндекс.Метрика