“Қўрқма”ни ўқиб Жавлондан камроқ, қўйлардан кўпроқ севиндим


Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романини ўқишга киришиб, асар оҳангини ҳис қила бошлаганимда, кундалигимга “Биз Тошкентга келишни қаҳрамонликка менгзаган бир пайтда “Қўрқма” романи ёзилишининг ўзи жасорат!” деб ёзган эканман ва ўқиб бўлганимда қўшимча қилсам қилдимки, афсусланмадим.

Бу асар виждонни қийнайди, бўғади, юзингга тупуради, бир сўз билан айтганда, бугунги жамиятнинг кўзгуси бўлиб хизмат қилади. Тўғри, кўп мақтасам “Жавлонни арағини ичган экан” деб ўйлашингиз мумкин. Аммо сиз араққа мендан камроқ, Эшонқул бободан кўпроқ қизиқасиз*, шу сабаб мени ҳаяжонини яширолмаган ўқувчи сифатида, айбситмайсиз.

Бошқа ўқиган асарларимдан фарқли тарафи шуки, мен доим бош қаҳрамонда ўзимни кўриб, ўзимга урғу бериб, ўзимни авлиё билиб, ғурурланиб ўқиб келганман. Бироқ “Қўрқма”даги Қизтака ҳам, Телефончи ҳам менман, десам ишонасизми (албатта ишонасиз!)? Чунки биз давримиз қурбонлари ўлароқ, ҳар бир босқични босиб ўтдик. Балки бизга фақат шу эшикларгина очиқ бўлгани ва шу тарафдан чорловчи қўнғироқлар овози келгани учундир.

Ҳамма айбни зиммасига оладиган аҳмоқ йўқ — Қоравой мен эмас! Турқим совуқ бўлишига қарамай, кўринишимни ўзгартиришга уринмадим, чунки вақтим бўлмаган. Олди қочди гапни қўяйлик, китоб одамни анча эсанкиратиб қўйди. Кўп гапиришга ва мулоҳаза қилишга мажбур этди.

Энди асарнинг биринчи ғояси ва вазифасига келадиган бўлсак, бизнинг бир аср ортда шундай қаҳрамонларимиз бор экану, биз билмаган эканмиз, дегинг келади Абдулла Қодирий таъбири билан. Узун қулоқ эшитмай қолмайди, аммо айтадиган оғизда ҳам кўп гап бор экан. Жавлоннинг тили билан айтилган бу тарих, одамни ўртантириб, Абдуваҳоб Муродийга маслакдош қилмасдан қўймайди.
Туркистондан учган етмишта соф орзу-истакларга, ватанпарварлик туйғуларига йўғрилган қушлар — етмишта талабанинг қора қисмати етмиш жойингни ўйиб кетади. Аммо қаҳрамонлар саросимага тушмаслиги, ўзга сайёраликлар ҳақидаги фильмни кўраётгандек тасаввур пайдо қилади (ўзининг соясидан ҳам қарз олиб, манфаат кутадиган авлод учун худди шундай).

Кечиринг, мен кўп эҳтиросга берилиб кетяпман!

Буни қаранг, муаллиф учун чегара ҳам, чегара нозирлари ҳам, вақт ва масофа тушунчаси ҳам йўқ. Асарнинг бошидан адоғигача, у хоҳласа Германияга, хоҳласа ижара уйига, хоҳласа ўлган бобоси ва момосининг олдига боради-ю ўқувчи савол бермай эргашиб кетаверади. Кейин миллат қаҳрамонлари билан бир сафда туриб суратга тушади-да бизнинг асрга олиб келади. Ўқувчи ҳам ҳеч қандай эътироз билдиролмайди, лаққа ишонади. Чунки муаллиф ишончни олаяптида.

Асар бир қарасанг ривоят, бир қарасанг жараён, бир қарасанг жиддий тарихга айланади. Зерикишга вақт топмайсан киши.

Мутолаа давомида баъзи айтолмаган гапларимни топгандек бўлдим. Масалан: “Қишлоққа, энг ёмони, қуланса, ачитқи ҳид тарқалди, худди кўйлагингнинг кўринмас бир чеккаси балчиққа ботгандай сасий бошлади — бузуқ кўпайди.” Дейди ёзувчи.



Келинг шу мавзуга тўхталмаймиз. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди. Китобни ўқиганда ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Асар сўнггида Лолани сақлаб қолишга кўп уриндим. Ҳатто ҳаётда кўрмаган меҳримизни ҳеч бўлмаса китобларда кўришга умид боғлагандим. Лола эса ҳамма боғичларни ечиб ташлади, ҳатто иштонининг ҳам. Худди биз улуғлаган, интилган, хаёл сурган ва шу ишқ учун қишлоқдан сургун қилинишимизга сабаб бўлган “Лола”лар каби. 
Ҳа, азага борган ўз дардини айтиб йиғлайди. Лекин ҳар доим аёлнинг дарди эр, эрларнинг дарди ватан бўлса эди. Шу ҳам ўзини оқлаган бўларди. Шунинг ўзи ҳам ҳозир матбуотларда айтаётган баландпарвоз гапларимизнинг исботи бўларди.

Китобни енгил ўқидим, шеърдай шариллатиб, қўшиқдай ўйнаб ўқидиму юрагим тўкилиб тушди. 

Романни якунлагач, бир савол пайдо бўлди ва шуни хулоса ўрнида айтаман: Улар (яъни етмишта талаба) доим биздан юз йил олдин ё юз йил кийин туғиладими, Кенжам?* 

P/S: Бизга мутолаа завқи ва тарихнинг кўмилиб қолган бўлагини китоб шаклида ҳадя этгани учун Жавлон Жовлиевга ташаккур. Бундан кейин ҳам унинг садоқатли ўқувчилари қаторида бўламиз ва янги асарлар кутиб қоламиз!

*Лола, сен тарихга бобомдан сал камроқ, қўйлардан сал кўпроқ қизиқасан (романдан).

*Кенжа амаки (роман қаҳрамонларидан).

2021 йил. Март
  • Яндекс.Метрика