Бахт ҳаммага ярашар



Қишлоқнинг чеккасидаги ўн йилдан бери тирноқча ўзгариш кирмаган уйнинг деворига таппи ёпаётган, озғин, сочларига оқ оралаган, ёзда қуёш куйдириб, қишда изғирин кўкартириб, асл рангидан ном-нишон қолмаган хотинни тасаввур қилинг. У қаватига тушиб молнинг тезагини юмалатаётган жужуқларига ачиниб қарайди, ич-чидан эзилиб “манглайинг шўр бўлмаса, менинг этагимдан тушармидинг” деб, томоғига бир неча йилдан буён тиқилиб қолган, ёнғоққа ўхшаган бир нимани ютиб-ютолмай тикилади. Шаҳардаги докторларнинг айтишича, бу  ёнғоқ ҳам, данак ҳам эмас, бу туюлиб қолган нервми... хуллас шунақа дард эмиш.
Ундан қутулса бўлади дейди. Фақат асабийлашмаслик, курортга бориб дам олиш, қон симирадиган шиллиққурт қў­йиш, кумушдан ишланган игна санчиш, қанақадир шифобахш сувларда чўмилиш керак эмиш. Аёл бечора “Ўзимизнинг дамариқнинг суви ҳам яхши, болаларимиз шунда чўмилиб катта бўляпти, бало ҳам ургани йўқ. Қайтанга сузишни ҳам уддасидан чиқади. Агар шу чўмилиш билан битадиган бўлса, кечалари ҳамма ухлагач бориб чўмилиб келай”, деганди. Шифокор бош чайқаб, “сизнинг дамариғингиз инфекцияга тўла” деди. Кейин у озроқ укол ёзиб берди-да, кузатиб қўйди.
Аммо эри зап иш қилди. Кўча  кўрганда занғар, чўнтагидан иккита қоғоз пул олиб, шифокорнинг чўнтагига солиб юборди. Шифокор ўзини сал орқага тортиб жилмайди-ю, керакмас демади.
Аёл шу аснода ҳалигача ишдан қайтмаган эрини ўйлаб кетди. Эри ҳам тақдирга тан берди шекилли, кўп ичадиган бўлиб қолди. Аёл қонига ташна бўлиб кетган вақтларда, “болаларингиз юпунликда яшагани камдай, энди алкашнинг боласи деган гапни олсинми”, деб ғингшийди. Бироқ тупугини қўли билан узиб, гиламга улоқтирган эри “Эҳ, энангни... сен ҳам алкашни боласийдинг, нима эрсиз ўтяпсанми...?” дея, тўйида синфдошлари совға қилган телевизорни қўяди. Телевизор чайқалиб-чайқалиб, ўзига келади. Олифта сухандон ҳалолликдан матал ўқийди. Кўзлари чўкиб кетган эр яна “Эҳ, онанг­ни... Қора ишчини кетига шаппатлаб, пойтахтда давронингни сурасан ҳамманг...” дейди-ю ке­йинги гаплар тобора ичига тушиб кетади.
Этак қизаради. Шом тушиб, болалар кўчага югуради. Шу бола дегани кеч бўлганда кўчада ўйнашни ёқтиради-да. Пайпоқни бир-бирига ўраб бўлса ҳам тўп тепади. Шундан севинади, шундан шодланади. Болаларнинг бу қилиғи, шоирнинг ҳаётига ўхшайди. Болалар ҳам ўша пайпоқдан ясалган коптокни профессионал футбол қоидалари билан ўйнайди. Ўзича “угол”, “ўнбир”, “штраф” ва ҳоказоларни чулдирайди. Шоир ҳам умри давомида, ўзига тегишли бўлган ҳиссиётларини дунёнинг таянчи деб билади. Қорни оч бўлатуриб Навоий, Бобур деб ёқавайрон бўлади. Оиласининг тинчини бузган заҳар-заққумни ютиб олади-да “Ҳайёмнинг издошиман!” деб жар солади. Пайпоқтўп тепган болаларку бир кун катта бўлади. Бу шоир дегани эса улғайиши даргумон.
Хуллас, ҳар тарафдан оналарнинг овози келади: “Соби-и-ир, кел чойинг тайёр бўлди...”, “Шербек, болам, кўчада туғилмагансанку, келда энди.”, “Ҳомитбой, болам, сениям уйин­г борми”... шундан сўнг қиш­лоққа оғир тун чўкади. Кўча футболидан кўтарилган чанг, онда-сонда ўтган машиналар чироғи нурида муаллақ чизиқ ҳосил қилади. 
Телевизорга термулиб, оғзида носи билан ухлаб қолган сармаст эр, болалар чойини ичиб бўла бошлаганда қаттиқ йўталиб, бўғилиб, ўрнидан турадида, ташқарига югуради. Аёл эса “ичганда товуқнинг ахлатини емасангиз бўлмайдими, — деб жаврайди. — Манов болалар ҳам сиздан ўрнак оляпти...”.
Тонгда эр фақат сувни кўтаради. Томоғидан овқат ўтмайди. Эшитилар-эшитилмас бирнималар деб фотиҳа тортади-да “силар чой ичаверинглар, мен ишга кетдим” дейди. Аёл “шу кетмонни бошқа фермерни жерида урсангиз, икки баробар ойлиқ тўлайди. Сиз эса Ҳотам хасисни икки пияла арағига учасиз” деб нолийди.
Кетмонни елкасига қўйган эр бўлса “эй бепарасат, Ҳотам менинг овулимдан чиққан, қолаверса, қариндошлик жойи бор. Сен хотиннинг кўзингга фақат пул кўринади. Сен билан мени шу қишлоқни одами кўмади. Энди минғирламай таппини тугат бугун. Аччиқ ичакка ўхшаб чўзилаверсанг, қишнинг ярмида ҳам таппинг қуримайди, уккағар...” деб, ўйдим-чуқур, чанг-тўзон кўчада кичра­йиб-кичрайиб, кўринмай қолади.
Яна мол, яна таппи, яна минг хил ташвишлар...
Ҳикоянинг шу ерига келганда, сочлари ўрилган, яноқларига қизғиш тус берган, юзидаги грим гўзаллаштириш учун эмас, аксинча, уни суқланишдан ҳимоя қилиш учун сурилгандек, баланд бўйли раққосани саҳнага чақириб қолишди. У узр сўрагандек тавозе билан парвозга шайланган оққуш каби бадиий майдонга йўл олди.
Унинг рақси, аввал сокин ҳаракатлар билан бошланиб, мукаммалликка чиқиб борди. Сўнг юзидаги ним табассумни заррача бузмай, қўл ва кўз ҳаракатлари билан сўзлай бошлади. Худди у ҳеч қачон одамлар орасида бўлмагандек, уларнинг ташвиш­ли ва серҳаракат ҳаёти ётдек оёқ учида булутлар устида кеза бошлади.
Баъзилар бу роҳатнинг нималигини бир умр тушунмайди. Улар фақат одамларнинг наздида ким эканини таҳлил қилиш ва ўзининг наздида уларга ўрнак бўлиш билан оввора. Улар кўнгилларига қулоқ тутмаганлари учун ўзларини енгил ҳис қилади. Лекин кўнгилнинг тўрида шундай авлиё борки, у дунёнинг моҳиятини оҳангга солиб, сизни маст этиши мумкин. Ҳозир саҳнада ҳам кўнгил авлиёсининг жомидан май ичган раққоса бир зал одамни унутиб, фақат оҳанг билан машғул.
У парда ортига қайтганда, мен қораламани кўздан кечириб, ўзимнинг фикрларимни ҳам илдириб қўяётгандим.
—    ... Хуллас ўша ўхшар-ўхшамас таппи юмалатган жужуқларнинг бири мен эдим, — дея гапида давом этди ўз латофатини унутиб қўйган раққоса. — Мактабда иккинчи синфда ўқирдим. Онам ҳар куни эринмай сочимни иккита қилиб ўриб қўяр, аммо дарс тайёрлашимга ёрдам беролмасди. Бир-икки ёрдам сўрадиму, онамнинг қизариб кетишини, сўзларни айтганда тутилиб қолишини кўриб бошқа уялтирмадим. Бешинчи синфга чиққанимда устозимиз, бир ўғил, бир қиз ўтиришимизни айтди. Шунда жуда қаттиқ мулзам бўлдим. Чунки, менинг икки акамдан ҳам, мендан ҳам доим тезакнинг ҳиди келарди. Партадошим буни юзимга солганда эса икки ҳафта мактабга бормадим. Назаримда таппи қилмаган одам бахтли эди. Моли йўқ одам эса минг карра бахтли туюлган менга.
Шундай кунларнинг бирида, телевизорда раққоса ўйнаётганини кўриб қолдим. Ҳаммамиз чой ичиб ўтиргандик. Мен ҳам катта бўлсам раққоса бўламан дедим, худди, Америка кашф қилгандек. Отам онамга “сен бесавод тарбия берсанг бўлмайдими?” деб, тилининг остига нос ташлади. Онам ерга қаради. Акаларим миқ этмади. 
Мен туни билан ухлолмадим, раққосанинг ўйин тушиши эмас, кўпроқ, унинг гўзал кейиниши, сочларининг чиройли ўрилгани, юзидаги доимий табассуми ёқиб қолган эди. Айниқса эгнидаги байрамона либос — мен учун шубҳасиз бахт эди.
Улғайиб борганим сари, ҳеч ким йўқ пайтларда қўшиқ қў­йиб, ўзимча рақс тушардим. Ойнаи жаҳондагига ўхшатишга уруниб, баъзида йиқилиб тушар, кейин бир икки кун оқсаб ҳам қолардим. Онам буни гоҳ кўриб қолар ва нимадандир хавфсирагандек таппи қилишни қойиллатиш кераклигини уқтирарди.
Мактабни битирар чоғларим, кўпроқ, холамникида қолиб кетардим. Чунки уларнинг моли йўқ эди. Поччам ҳокимиятда қанақадир ҳужжатлар билан ишлар, тинимсиз катталарнинг машинаси уйига олиб келар, олиб кетар эди. Уларникига йилда бир марта кўмир келарди. Ўғли йўқлиги боис кучга тўлган уч-тўрт йигитни олиб келиб, кўмирни ташитарди.
Бир-икки кун ўтиб уйга борсам, ҳовлига киришим билан тезакнинг ҳидини сезардим (энди бу ҳид менга болалагимни эслатади, аммо у пайтлар хўрлигим келган). 
Отам раққоса бўлишимга тиш-тирноғи билан қарши эди. Акаларим эса мен билан гап­лашмай қўйди. Онам бечора ҳар куни йиғлашдан бўшамади. Менга  “қанақа қиз чиқдинг”, деб нолиса, отамга “шу бечора ҳам менга ўхшаб молнинг тагида ўтмасин”, деб ўтинарди.
Охири отам рози бўлди. Майли бор, топшириб кўр, кейин ўзингдан ўпкалаб қишлоққа қайтавер. Сарф-харажатларим учун болалигимни тезагига кўмган молларнинг бири сотилди. Кейин акаларим паноҳида шаҳарга келдим... Мени севинтирган ҳар қандай хурсандчилик, отамни хафа қиларди. Онам эса отамнинг олдида ёлғондан қовоқ солиб, ич-ичидан шодланиб ўтирарди.
Ўқишга киргач, биринчи марта ҳақиқий рақс кўйлагини кийганимда, шаҳарга келишим учун сотилган қора новоснинг ҳам пешонасидан ўпгим келди. Мен шунчалар бахтиёр эдимки, буни сўз билан таърифлаб беролмасдим.
Деворнинг бор бўйича келадиган кўзгу олдида туриб, ўзимга ўзим мафтун бўлардим. Ҳаракатларимни янада нафис бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилардим. Биринчи марта телевизорда рақсимни кўрган отам кўзига ёш олганмиш. Яна “кесакдан чўғ чиқди дегани шу бўлса керак, кампир” деб онамнинг елкасига қоқиб қўйибди.
Энг қизиғини айтай. Қиш­лоққа қараб йўлга отланаётиб, хаёлимга бир фикр келиб қолди. Буни албатта амалга ошириш шарт дедим-да, рақс кўйлагимни ҳам олволдим. 
Ҳовлига кириб боришим билан мол ҳидидан бошим айланиб кетди. Аммо бу сафар, мен ундан жирканмасдим, болалигимни, онамнинг “бошқа жойда кўпроқ ҳақ оласиз” дейишига қарамай, ҳозиргача Ҳотам хасиснинг ерида тер тўкаётган “ватанпарвар” отамнинг қатъиятини эслатди. 
Узоқ суҳбат қурдик. Отам янги телевизор олганини айтиб роса мақтанди. Янги телевизорни қизини кўриш учун олибди. Ҳатто қачон, қанақа рангли кўйлакда чиққанимгача айтиб берди, отам бечора. Акамни уйлаганига бир йил бўлган, янгамнинг озроқ рашки келиб, гапининг орасига шаҳарнинг нуқсонлари ҳақида қистириб, қишлоғимизнинг тоза ҳавосини, одамларининг соддалигини, меваларининг тотлилигини роса ошириб-тоширди.
Онам иккимиз ёлғиз қолгач, ўйлаб қўйган тадбиримни амалга оширишга киришдим. Онам аввалгидан ҳам анча озиб қолибди, аммо суяги йирик аёл, менинг рақс куйлагим озгина узунлигини айтмаганда, лойиқ келди. Кейин, онамнинг сепида келган шкафнинг узун кўзгуси ёнига бордик. Онам ўзини кўриб йиғлаб юборди. Аммо менимча онамга рақс либоси кўринишидаги бахт жуда ярашган эди. У боши айланиб йиқилиб тушмаслик учун, эҳтиёткорлик билан айланиб кўрарди. Лунжини йиғиштиролмай кулар, шу билан бирга кўзёши қилишни ҳам уддаларди. Бечора онам, бир умр нураган деворга таппи ёпган онам, бахт фақат қизимга ярашади деб ўйлаган, соддагина онам!
Раққосанинг кимлиги-ю қаердалигини сўраб оввора бўлманг. Барибир айтмайман. У ўзининг оламида, мусиқалар оғушида, замонавий аппаратлар пуркаган булутлар устида парвоз этмоқда. У билан хайрлашарканман, ундан осмоннинг бўйи келди. Фақат буни хотиним билиб қолмасин.

П/с: Қандай кўринишда, қандай рангда ва қаерда бўлишидан қатъий назар, Бахт сизга ҳам, менга ҳам, уларга ҳам ярашади. Ўзингизнинг дидингизга қараб, қисқартириб, кенгайтириб олаверасиз!

“Жамият” газетасидан олинди
  • Яндекс.Метрика