Жаҳонгир Номозов шеърлари



Оғирлашиб борар қадамлар, 
Борган сарим оғирдир йўллар.
Билолмадим менга худойим, 
Синовларни қўйганми йўллаб? 
 
Қора тортиб кетар тонгларим, 
Армон билан бирга уйғонсам. 
Умидларим тўкилиб бир-бир, 
Хазонларга қўшилиб ёнсам... 
 
Ёлғиз қолиб ёлғизлик билан, 
Қадаҳ тутиб қайғулар ичсам. 
Кўзим очдим қулаб тушаман, 
Тушларимда кўкларга учсам... 
 
Ҳаётимга айланинг, тушлар, 
Бахтсиз кунлар шунчаки тушсан. 
Тангрим, мени ўнгимдан уйғот, 
Уйғотмагин ҳеч қачон тушдан...
 
Уйғотмагин ҳеч қачон тушдан... 
 
*** *** ***

Тугатмасам бўлмайди энди, 
Жонга тегди эҳ, бу ўйинлар. 
Ахир сизга қандай ярашай, 
Менга ярашмаган кийимлар?
 
Оғриқлари ҳали ҳам кетмас, 
Оёғимни сиққан ковушлар. 
Чиқмай туриб бўғзимда синди, 
Юрагимдан чиққан товушлар. 

О, бунчалар жонкуяр сабр, 
Умиднинг ҳам даргоҳлари кенг. 
Не бўлса ҳам, менга барибир,
Армонлар ҳам бир чақага тенг. 
 
Ўзгармасам бўлмайди энди, 
Енгилиш йўқ, фақат енгаман. 
Бу майдонга ўрнимни излаб, 
Ғалабалар учун келганман! 
 
*** *** ***

ЎЗИНГГА КЕЛ,
ЎЗИМ 

Шабнамлар тўкилиб ёшимга келди, 
Қайғулар тизилиб қошимга келди, 
Ҳамма савдо менинг бошимга келди, 
Ўзингга кел, ўзим!
 
Куз ўтди, қиш ўтди, офтоб сочди нур, 
Чечаклар барг ёзди, ғунча очди гул, 
Бўғзимни куйдириб куйлаган булбул, 
Ўзингга кел, ўзим!
 
Шонсиз шукуҳимга шон келди ахир, 
Томиримга олов – қон келди ахир. 
Жонсиз жонимга ҳам жон келди ахир, 
Ўзингга кел, ўзим! 
 
Тушимга дунёнинг бозори кирди, 
Не-не авлиёлар мозори кирди,
Жонимга тушларнинг озори кирди, 
Ўзингга кел, ўзим!

Босган йўлларимда изим йўқ, қара, 
Китобларда бирор сўзим йўқ, қара, 
Кўкнинг кўзгусида кўзим йўқ, қара, 
Ўзингга кел, ўзим!
 
*** *** ***

Хаёлимнинг гўзал боғчаларини, 
Кезаман нурафшон ой шаъбларида. 
Бахтларга беланиб ётаман сархуш, 
Осмоннинг юлдузли чойшабларида. 
 
Фаришталар менга алла айтади, 
Ухлайман бемалол ором қўйнида. 
Эртанги кунимдан ёруғ умидлар, 
Ишончлар улғайиб борар кўнглимда.
 
Қўлларимни бутун кўкларга чўзсам,
Юлдузларга етар, ойга етади. 
Бир лаҳза қуёшга тик боқсам агар, 
Қуёшнинг кўзлари тиниб кетади. 

*** *** ***

Ҳамма сўзлар айтиб бўлинди, 
Ўрин йўқдир бирор изоҳга. 
Ўтмишингдан сўз очма энди, 
Эсламагил ботиб гуноҳга ... 
 
Унут ... фақат ҳаммасин унут, 
Золимларнинг зардаларини. 
Беркитиб қўй бегоналарга, 
Нигоҳингнинг пардаларини... 
 
Янгилама яраларингни
Бахтсиз ишқнинг мактубин ўқиб. 
Бўлди, фақат бошқа йиғлама, 
Қайғуларга кетасан чўкиб... 
 
Бахтни изла, шодликни изла, 
Нурдек тоза сатрларингга. 
Ишқ нафаси турсин уфуриб, 
Соғинчингнинг сатрларидан... 
 
Уйғон, уйғон, бу рўёлардан, 
Тушларингнинг дарчасини ёп. 
Ишонч бизни йўқотмасидан, 
Эй, юрагим, сен ўзингни топ! 

*** *** ***

Бир оғир хўрсиниқ келар ичимдан,
Шиддат-у исёнлар қайнайди қонда.
Мени озод айла, Парвардигорим, 
Ўзинг солиб қўйган зиндондан! 

Ҳаммаси ўткинчи, ҳаммаси ёлғон, 
Барчаси лаҳзалик ёнгувчи шамлар. 
Нафас етмай руҳим сиқилиб кетар, 
Зиндонда бахтиёр яшар одамлар! 

Минг шукр дилимни сенга боғладим,
Ва шунда англадим чин ишқнинг кучин.
Тангрим бу зиндонга чидадим фақат –
Сенга ошиқлигим, қуллигим учун!

*** *** ***

Сени кўрган эди рангсиз кўзларим, 
Кўзларинг кўзимни рангга белади.
Ҳаётимдан кетма, кетма илтимос, 
Сендан бахтнинг иси келади...

Кетмагил, баҳорим бўлиб қол мени, 
Гуллатиб дилда ишқ чечакларини...
Рози бўл сен билан бирга ёзайлик,
Муҳаббатнинг ширин эртакларини...
  • Яндекс.Метрика