Эсмерой ижоди





1949 йилнинг 25 феврал санасида Истанбулда сут каби оппоқ ва кечадайин қоп-қора отанинг бир қизи дунёга келди. Бола отасига тортганди жуда — бадани шоколад ранг, юзларидан эса ойдек нур сочиларди. Она унга қараб деди: — Бу қиз исмини ҳам ўзи билан келтирибди — Эсмер Ой, яъни, Эсмерой.

Эсмеройнинг диққатни тортадиган жуда ажойиб бир хусусияти бор эди: “инга” (йиғи) лари ҳам куйдек одамга хуш ёқар ва гўзал. Мусиқачи бўлганлари учун ота-онаси унинг “инга”ларини магнитафонга ёзиб олдилар. У болалигидан бошлаб машҳурлик пиллапояларидан юқори кўтарила бошлайди. Халқ орасида уни кимдир “Шоколад қиз”, кимдир “Бешинчи океан”, яна кимдир эса “Олтинчи қитъа” дея танирди. Эсмерай кўп умр кўрмаган, бор-йўғи 53 йил. Ўлимидан аввал магнитафонга ёзилган “инга”ларини тинглар экан, юзларида табассум уйғонганича шундай дейди: — Булар мен куйлаган энг гўзал қўшиқлардир...

Қуйида сизга Эсмеройнинг “Турку” (халқ қўшиқ) лари учун ёзилган шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Яман туркуси

Самода булуд йўқ,   
        бу не тумандир, 
Ва бунда ўлган йўқ, 
        бу не фиғондир, 
Оҳ, Яман шамоли
          ёмон, ёмондир. 

Онам, Ямандир, 
Йўли чамандир, 
Кетганлар қайтмас, 
Билмам, недандир,
Э-воҳ, недандир? 

Қишлоқнинг олдида
      аскар саси бор, 
Қаранг елкасида, 
      қаранг неси бор, 
Бир жуфт чакмони ва 
       ҳамда фаси бор... 

Бу ерлар Мушдир, 
Йўли зил тушдир, 
Кетганлар қайтмас, 
Оҳ, бу не ишдир, 
Э-воҳ, не ишдир? 

Бонглар чалинажак, 
куларми билдинг,
Оқ-яшил байроқни, 
келинми билдинг, 
Яманга кетганлар
        келарми билдинг... 

Яман, Яман, шонли Яман, 
Яман, Яман, қонли Яман, 
Бизга йигит қўймадинг, 
Единг, единг, тўймадинг...

*** *** ***
Унутма мени туркуси

Бўғзингдаги майдаланган
        ҳайқириқ бўлайин,
Унутма мени, унутолма мени. 
Кўзларингдан оқолмаган
         кўзёшинг бўлайин,
Унутма мени, унутолма мени. 

Соянг каби одим-одим, 
Ҳар нафасда менинг отим... 
Мен қандайдир, унутмадим, 
Сен ҳам
Унутма мени, унутолма мени. 

Охир билмас 
      қоронғу кечалар бўйинча,
Унутма мени, унутолма мени. 
Айрилиқнинг азобини 
         қалбингда туйгунча,
Унутма мени, унутолма мени. 

Севишганда, ўпишганда,
Бирга кезиб юришганда,
Унутмоққа урунганда,
Сен ҳам
Унутма мени, унутолма мени.

*** *** ***

Бу қадар юракдан чорлама мени

Бу қадар юракдан чорлама мени, 
Бир кеча тўсатдан кела биларман. 
Қарагум, ётмаган, ухламагансан, 
Бахтдан эшигингда ўла биларман. 

Эҳтимол, ҳаётни янгидан бошлаб, 
Ичимда кул бўлган қорлар ўт олар. 
Истасанг кетмайман, соянг бўларман, 
Балки севадирсан мени, ким билар. 

Қол десанг, тоғларча севаман сени, 
Денгиздек чайқалгум оёқларингда. 
Ишқ — бу, ҳасрат — бу, ҳечам битмагай, 
Қалқиб тинмагайман дудоқларингда. 

Ёҳуд унутаман ким бўлганимни, 
Ёдимга солмайман исмингни сира. 
Эҳтимол, телбариб, дайдиб кетаман,
Сенга қовушмоқнинг ҳаяжонила.

Ишқ — бу, ҳасратингда ўла биларман,
На асрар бу йўлдан, сўйла, севганни.
Бир кеча тўсатдан кела биларман,
Бу қадар юракдан чорлама мени.

*** *** ***

Йўллар туркуси

Йўллар олис, олис кетар,
Йўлга тушган дайди не дер, 
Бу йўл, билмам, қайда битар, 
О Лайли, о Лайли... 

Севганим хаёлдан кетмас, 
Бу ҳасратга кучим етмас, 
Умр битар, йўллар битмас, 
О Лайли, о Лайли... 

Йўл бор, чечакланган юзи, 
Йўл бор, қори ёпар тизни,
Йўллар айирдими бизни, 
О Лайли, о Лайли... 

Йўллар ошар уфқлардан, 
Яқинлардан, узоқлардан, 
Бирон хабар йўқдир ёрдан, 
О Лайли, о Лайли... 

Қараб-қараб бу йўлларга, 
Номим тушди ул дилларга, 
Кетарман ғурбат элларга,
О Лайли, о Лайли...

*** *** ***

Ишқ туркуси

Мен сени севгандим ҳув илк баҳорда, 
Сен мени тарк этдинг бўронда, қорда, 
Ҳар яра тузалар унутилганда, 
Тузалмас яраси илк муҳаббатнинг. 

Мен сени ҳар дамда ахтараман, ёр, 
Ишқингда ҳам куйиб, ҳам ёнаман, ёр, 
Очдинг юрагимда чуқур яралар, 
Ёмонмиш жафоси илк муҳаббатнинг. 

Чалди эшигимиз хижроннинг қўли, 
Тегмади қўлимга жононнинг қўли, 
Бу дардни найласин ҳар оннинг қўли, 
Шуми, айт, вафоси илк муҳаббатнинг.

*** *** ***

Видо туркуси

Унутилмас дема, дема, 
Унутилар, унутилар. 
Битажак энг чуқур яра, 
Оғриғи ҳам унутилар. 

Бир тушдир у, келар кетар, 
Ҳар ишқ битар, хаёл бўлар.
Унутилмас дема кунлар, 
Унутилар, унутилар. 

Бу ҳаёт шундайдир, дўстим, 
Яшалган кун ўтмиш бўлар. 
Энг қимматли хотиралар,
Бир кун келар, унутилар.

Энг аччиқ дармондир йиллар,
Сен тўхтасанг, дунё дўнар.
Қалбингни ёндирган ёнғин
Секин-аста кулга дўнар.

Бир тушдир у, келар кетар, 
Ҳар ишқ битар, хаёл бўлар.
Унутилмас дема кунлар, 
Унутилар, унутилар. 

Қанчалик севгандим сени,
Ўлардим «ўл» деганинг жойда.
Кўзларимдан булоқ каби
Оқиб кетган ёшлар қайда?

Бир тушдир у, келар кетар, 
Ҳар ишқ битар, хаёл бўлар.
Унутилмас дема кунлар, 
Унутилар, унутилар. 

Бу ҳаёт шундайдир, дўстим, 
Яшалган кун ўтмиш бўлар. 
Энг қимматли хотиралар,
Бир кун келар, унутилар.

Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси
  • Яндекс.Метрика