Қуддус Асад



КЕЧ

Мендан кеч, азизам, мендан кеч,
Қалбимиз бўлсада таносиб.
Мен сени севаман телбадек
Лек сира эмасман муносиб.

Билмайсан, кимлигим, о, дилдор,
Ёзиғи ўқилмас битикман.
Севгингга арзимам, мен - ғаддор,       
Қўл силтаб кетавер... энтикма(!)
Интиқма...

Сен ахир бокира, мен эса...
Шайтонга қўл тутган малайман.
Гар иблис бир авраб “суф“ деса, 
Виждоним ит каби талайман.

Осийман, 
        осийман, 
                осийман...
Юким бор елкамга ёпишган.
Йўқ энди ёнингга йўлатма,
Азалдан тенг-тенгин топишган.

Кеч мендан....

*** *** ***

Ҳушларим азобдир,
Тушларим - роҳат.
Одамдай яшайман тушда ҳарқалай.
Ё Худо, тушларга улоқтир, ҳайҳооот...
Ўнгимда чарчадим гуноҳ орқалаб.

Қонимда кезади малъун туйғулар,
Юракни қистовга оларлар қуршаб.
Танимга чўкдилар жирканч қуйқумлар,
Руҳим тўлғонади озодлик истаб.

Иблис кун кўради бу ,,оҳʼʼ лар билан,
Андуҳларим боши кўкка тегадир...
Ичимда шайтондек маддоҳлар билан
Ибодат қилгани қўрқдим негадир.

Мен - ёруғ дунёда манглайи қора,
Ҳаётдан кўзикдим: кирди суқ, кини.
Барча-барчасидан қутулсам зора,
Ё Худо, тушларга улоқтир мени...

Ё Худо, тушларга улоқтир мени...

*** *** ***

Чорак умрим ўтди йўлларингда зор,
Ҳамон учрамадинг қаршимда ногоҳ.
Ҳатто кимлигингни билмасдан туриб,
Сен учун худодан сўрадим паноҳ.

Юрардим, тушларим анҳорга айтиб,
Уйқу ҳам йўқламай қўйди тунларим.
Келақол, қайларда юрибсан дайдиб?
Мени адо этди сенсиз кунларим.

Қачондир келасан... ишончим комил,
Мендан сени ҳеч ким этолмас жудо.
Сўзларимга ишон... тақдир деб сени,
Пешонамга битиб қўйибди Худо.

Бир кун ёниб кетар кўксимда учқун,
Келасан, бахтимиз кўргаймиз баҳам.
Азизам, ўзингни асра мен учун,
Сен учун ўзимни асрайман мен ҳам.

*** *** ***

АПРЕЛЬ

Қиш бизнинг севгига бўлганди доя,
Фалакда бор эди, на юлдуз, на ой.
Фасллар бахтимга солганда соя,
Қиш бизга бағридан ажратарди жой.

Одамлар ўт ёқиб қиш палласида,
Жон сақлаб чиқишса қиш-ла олишиб.
Аёзнинг қаҳратон қоқ чилласида
Бизлар ёнар эдик ишққа қоришиб.

Яшардик кундан кун висолга ташна,
Севгига фараҳли изҳорлар айтиб.
Ногаҳон кетди қиш бизларни ташлаб,
Бир неча йил аро келмади қайтиб.

Гўё устимиздан куларди йиллар,
Биз қишни кутардик ҳар йил интизор.
Соғиниб чарчади ўксиган диллар,
Қиш йўқлаб келмади бизларни бир бор.

Бу йиллар ортида йиғдик қанча ғам,
Бизнинг севгимизга кўз тегди чоғи.
Сени тортиб олди яратган эгам,
Хазонга айланди муҳаббат боғи...

Сени қорсизликдан излаб чарчадим,
Тўкилиб бормоқда вужудим бир-бир.
Наҳот энди бизнинг севгимиз - қадим,
Ўтинаман, жоним, тушларимга кир..!

Апрель...
Ва ниҳоят... тушимга кирдинг!
Сени соғингандим жуда интизор...
Ўйғониб далага боқдим: Ё Оллоҳ...
«Ташқарида қордир... ташқарида қор.»*

*Усмон Асим мисраси

*** *** ***

ОНА ТИЛИМ
(Ҳар хил тилдан аралаштириб сўзловчилар тилидан)
 
Она тилим, авф этгин мени
Мени кечир, ношуд болангман.
Гулу райҳон унган кўчангда,
Кўнгли юпун, оёқялангман.    
 
Бўлолмадим сенга муносиб,
Сен учун ҳеч курашолмадим.
Ўзга тилни бағримга босиб,
Ўз тилимда сўзлашолмадим.

«Превет пап» дея сўз қотсам,
 Маҳзун эгар бошини отам.
Ўз тилимни қилдим беқадр,
Ахир “Ўзлик“ учун бу - мотам.

На мақтолдим, на қилдим кўз-кўз,
Айтолганим ажнабий сўзлар.
Мени қарғаб минг-минг увол сўз,
Кўзин ёшлаб ортимдан бўзлар.

Бўлди. Энди она тилимга,
Ёт сўз билан бермайман оро.
Хизмат қилай, 
             халққа, 
                    элимга
Йўқса бўлай чин бахтиқаро!

Сўзимни мен оқлайман, албат,
Деб гўзал ўй ўтди дилимдан.
Дўстлар олинг тилимдан тилхат:
Оқлолмасам осинг тилимдан.

Она тилим кечиргин мени!

*** *** ***

ҚОРА ТУПРОҚ

Шу қора тупроқдир сўнгги бекатим,
Қолган манзилларнинг барчаси фоний.
Қандай ҳаволанай кериб  савлатим
Бир кун бўламанку мангу зиндоний.

Гоҳида югурдим, гоҳи олдим тин
Гоҳ қоқилдим тақдир йўл чокларига.
Бевафо дунёни севиб яшадим,
Лабларимни босиб яноқларига.

Ҳаётнинг зоҳири қанчалар гўзал,
Ботини дилларга солгайдир ваҳим.
Ҳаёт - чўнг бағритош, бешафқат азал,
Кўзёшларга сира қилмайди раҳим.

Кўксимга тош бўлиб урилар шамол,
Қалбимда армонлар ўсар қалашиб.
Сўрасак, орзуга келмаску малол,
Қанийди бахт бизни қолса талашиб.

Руҳимга зил бўлиб борадир танам...
Гарчи мовий само кўринсин хўброқ.
Рангин дунёлари сиғдирмаса ҳам
Бағрига оларку шу қора тупроқ.

*** *** ***

Висол оғушига талпиниб ҳар кун,
Йўлнинг қоматини эгиблар қўйдим.
Юракка санчилган муҳаббат аро,
Тентираб ўзимни телбага йўйдим.

Ким кўрса қилади қўлларин бигиз:
У-телба, у-мажнун, ақли ноқис, кам.
Бахт-орзу, аслида мен ғамга эгиз,
Дардим тинглаб хуноб бўлдику ой ҳам.

Айтинг ким билади, кўнгил шевасин?
Кимлар ўз қалбига бўлолган қози?
Билганимда эди, балки ишқ мендан,
Мен ишқдан, эҳтимол, бўлардик рози?!

Армон тўлдиражак менинг камимни,
Ҳижрон дардларимга ҳамдарддир гўё,
Муштдек қалб орқалаб олган ғамимни,
Кўтара олмайди баҳайбат дунё!

*** *** ***

Шамоллар ўйнаган тупроқ зарраси
Ёки ёниб битган дарахт кулиман.
Қадамим етган жой - гуноҳ дараси
Иблисдан ранг олган зулмат қулиман.

Ҳеч бўйин эгмадим кўнгил амрига,
Гарчи қалбим ақл ўргатгани рост.
Гоҳи қўл силтадим баъри-барига
Кўксимда вулқондек тўлғонар қасос.

Оёқ боссам майса тикондек ботар,
Бўғзимга тиқилар олган нафасим.
Тунлари қўйнимда илонлар ётар
Қўрқувдан ҳайқирсам, чиқмайди сасим.

Қуёш нелигини унутиб қўйдим
Тирикжон ачинмас менинг қадримга.
Онамнинг бағрига армонлар уйдим
Дунёга келтириб қолди жабримга.

Падарим қадрини туйдим жуда кеч,
Таскин бераолмас менга ҳеч мужда.
Фарзандлик бурчимни оқламадим ҳеч,
Отам ҳалигача юрар хорижда.

Ҳаётдан топганим фақат пушаймон,
Фарзимнинг ҳеч бирин этмадим адо.
Доим шайтон айтган юмушга шайман,
Менинг яшамоққа ҳаққим йўқ, Худо!

Тақдир найрангларин бир бор кўрмайин,
Қабримга кириб жим ётгим келяпти.
Бир куни абадий ботмоғим тайин,
Бир бора ТОНГ бўлиб отгим келяпти.

*** *** ***

ҲЕЧ КИММАН...

Оёқ боссам ерга малол,
Нафас олсам ҳавога.
Яшолмайман о, бемалол
Сиғмайман ҳеч маъвога.

Қаҳр билан савар ёмғир,
Қон қуйилар кўзимдан.
Шамол ранжиб эсар дилгир 
Раҳмим келар ўзимга.

Қушлар сайрар бошим узра,
Қўшиқ эмас, ул қарғиш.
Ватан дея кўкрак кериб,
Қилмабман бирор бир иш.

Кўкда қуёш нурин эмас,
Найза санчар кўнглимга.
Тўлин ой ҳам шўла эмас,
Андуҳ сочар йўлимга.

Дўстлар, бу кун менинг оҳим
Сайёралар ошади.
Ҳатто мендан кўз ёшларим,
Қутилмоққа шошади.

Қофиядан қувиб юрдим
Увол кетди сўзларим.
Шеърларимни эркалашга
Уялади кўзларим.

Айтолмадим бир шонли сўз,
Мен тилсизман, мен жимман.
Ватан, сени куйлолмасам
Бу оламда ҳеч кимман!
  • Яндекс.Метрика